Ўзбекистон, Туризм: Алоҳида мақом Бўстонлиқни жозибадор қиладими? O'zbekiston, Turizm

Сув омбори

Сурат манбаси, Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси

Ўқилиш вақти: 6 дақ

Президент Мирзиёев Бўстонлиқ туманини бевосита республика бошқарувидаги туманга айлантирди.

Бу СССР даврида қўлланган "иттифоқ аҳамиятидаги" ёки "Москва таъминотидаги"га ўхшаш амалиёт эканини кўпчилик яхши эслайди.

Хўш, нега бундай қарорга келинди?

Бошқаруви алоҳида Бўстонлиқ

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Шўролар замонида 15 та республика ҳудудида бутун СССР учун стратегик аҳамиятга эга объектлар бўлар, мисол учун, уран ёки олтин ишлаб чиқариш ва уларни қайта ишлаш билан боғлиқ саноат корхоналари атрофида барча зарур инфратузилма барпо этиларди.

Масалан, Ўзбекистоннинг Навоий шаҳри, Тожикистондаги Чкалов шаҳарчалари ана шундай мақсадда тузилган, оддий одамлар уларни оғзаки тилда "город Союзного значения" ёки "Московского обеспечения" деб аташар эди.

Оддий одамлар бу шаҳарлардаги тартиб-қоида ён биқинидаги туман ёки шаҳарлардагидан фарқ қилишини кўришган, у ерлардаги тозалик, дўконларидаги мўл-кўлчиликка ҳавас қилишарди.

Бу шаҳарларнинг обком ёки республика раҳбариятига эмас, тўғридан-тўғри Москвага бўйсуниши бир кўчага асфалт ётқизиш ёки кўприкча қуриш каби масалаларни пайсалга солмай дарҳол ҳал этиш имконини берар эди.

Молияланиш иттифоқ бюджетидан ажратилган.

Бўстонлиқ

Сурат манбаси, Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси

Мустақил Ўзбекистон тарихида бир туманнинг вилоят эмас, бевосита республика Вазирлар Маҳкамасига бўйсуниши тартиби жорий этилиши биринчи марта кузатилмоқда.

Бўстонлиқнинг туризм салоҳиятидан фойдаланиш мақсади ана шундай ёндашувни тақозо этган.

Нега?

Чунки Бўстонлиқнинг биргина Чимёни ёки Чорвоғи ҳали Шўролар замониданоқ ҳам қонуний бўлсин ва ҳам криминал ақлларни ўзига жалб қилиб келган, "ёғли канатная дорога" ёки "фиръавн эҳроми" билан мўмай пул ишлаб олишни хоҳлаганлар ўша замонлар ҳам бўлган, бугун ҳам қўлга киритишни кўзлаб турганлар кўплиги аён.

Бундай шароитда фақат қонунга асосланган, узоқни кўзлаган ва айни пайтда шаффоф қарорлар қабул қилиш талаб этилади, токи бошбошдоқлик замонларида мисол учун 10 та абитуриентни ўқишга киргизиб, тоғнинг баҳаво сўлим гўшасида данғиллама дача қуришни уддалаган "бўйни йўғон" одамга унинг ерни ноқонуний қўлга киритгани ва бу жойни энди давлатга қайтариш шартлиги ҳақидаги гапга кўндириш осон бўлсин.

Туман бошқарувини тўғридан-тўғри республика раҳбариятига бўйсундириш кўплаб бюрократия ишларини осонлаштиради деб умид қилинмоқда.

Шахсий мулк дахлсизлиги

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Афсуски, нафақат Бўстонлиқ туманида, балки бутун республикада сўлим кўл соҳилида, бетакрор тоғ манзараси қаршисида, давлат ўрмон хўжалигининг ичкарисида, деҳқончиликка мўлжалланган фермер хўжалиги ерида ноқонуний шахсий уй, дала ҳовли қуриш узоқ йиллар давом этди.

Бугунга келиб эса ҳатто туман ҳокимлиги ва давлат кадастр идораси тақдим этган эгалик ҳуқуқи ҳужжатларининг қонуний-ноқонунийлигини исботлаш бошоғриққа айланди, давлатни хусусий мулкни вайрон этишда айблашлар кўпайди.

Президент Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин 2019 йил апрелигача ана шундай хусусий мулк объектларига амнистия эълон қилди, фуқаролардан талаб қилинган ҳужжатларни расмийлаштириб олишлари учун фурсат берилди.

Аммо Бўстонлиқдаги сўнгги бузилишлар Ўзбекистонда яна мулк дахлсизлиги масаласи долзарблигини кўрсатди.

Телергам каналида машҳур "Iqtisodchi Kundaligi" блоггери шундай ёзди:

Бўстонлиқ

Сурат манбаси, Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси

Бу видеода, 7.20 минутда Олий Суд судьяси айтяпти: "ҳокимиятнинг 2019 йил, 18 июлдаги қарори билан шу ноқонуний қурилмага эгалик ҳуқуқи белгиланган".

"Тушунишим бўйича, одамлар уйни ўзбошимчалик билан қуриб, кейин эса ҳокимиятдан эгалик ҳуқуқи ҳақида қарорларни олишган. Шу ҳодиса ҳақиқатдан ҳам шундай бўлган тақдирда ҳам, мамлакатдаги эгалик ҳақидаги барча қарорларни шубҳа остига оляпти. Чунки бу ерда эгалик қарори бор одамларни уйларини бузишяпти. Балки ўша ҳокимлар инсофсизлик билан беришгандир бу қарорларни, балки беришда қонун бузишгандир, лекин мулк нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, қайси мулкни ҳақиқатдан дахлсизлиги ҳақида ишонч ҳосил қилса бўлади? Яъни мулк қурилишидан олдин қарор чиқиши керакми? Ундай бўлса, Собиқ Иттифоқ қулаганидан кейин, давлат фуқароларга эгалик ҳақида қарорлар чиқариб мулк ва уйларни ўзларини номига ўтказишга йўл берган. Ўшанда ҳам одамлар яшаб турган уйларига эгалик қилиш ҳақида қарор чиққан. Уларни ҳам уйларини бузса бўладими? Агар йўқ бўлса, нечанчи йилдан кейинги қарорларга тааллуқли бу амалиёт, 1994 йилми 2014 йилми? Бундан ташқари, ҳоким қарори бор дегани, мулкни бузишмайди дегани эмас экан, агар одам ҳақиқатдан мулки бузилмаслигини хоҳласа унда нима қилиши керак? Яъни масалан, бу "ноқонуний" қурилган дала ҳовлини сотиб олган бўлсангиз-чи? Яъни сотиб олганда сиз эгалик қарорига қарайсиз, бўлса - оласиз, кейин бир неча йилдан кейин, ҳокимнинг порахўр бўлгани учун сиз сотиб олган мулкни ҳам бузишлиги мумкин бўладими? Саволлар жуда кўп...", деб ёзди "Iqtisodchi Kundaligi".

Бугун давлатнинг балки 20, балки 30 йил давомида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этишига тўғри келаяпти, ўзини тўлиқ ҳақ ҳисоблайдиган одамларнинг шахсий мулкини бузишда бинонинг юқори қувватли электр линияси остида ёки ер кўчиши хавфи бор жойда қурилгани сингари ўта ишончли важларни келтиришга тўғри келаяпти. Аммо шунда ҳам қўлида барча талаб қилинадиган ҳужжати бор инсонларни бу важларга кўндириш осон кечмайди.

Ўз ҳолига ташлаб қўйилган ҳордиқ

Бўстонлиқ

Сурат манбаси, Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси

Бўстонлиқ нафақат Тошкент вилоятининг, балки бутун Ўзбекистоннинг улкан тоғ тизмалари, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, бепоён қир-адирлари, шифобахш гиёҳлари ва бетакрор иқлимига эга ноёб гўшаси ҳисобланади. Туманнинг жами 493435 гектар майдонининг 380 минг гектардан зиёдини тоғли ҳудудлар ташкил этади. Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитасига кўра, Бўстонлиқда туризм учун ривожланган мамлакатлар даражасидаги салоҳият мавжуд, аммо бу салоҳиятдан шу вақтгача етарли фойдаланилмаган.

"Бўстонлиқ тумани ўзининг ноёб табиий шароити туфайли дунёнинг энг яхши тоғ-чанғи курортлари даражасида хорижий ва маҳаллий туристларга хизмат кўрсатиш салоҳиятига эга маскан. Бу ерда тоғ чанғи курортларидан ташқари альпинизм учун мослаштирилган лагерлар, туман соф ҳавоси ва шифобахш булоқларидан фойдаланувчи санаторийлар, табиий диққатга сазовор жойларга саёҳат, асаларичилик фермалари ва боғларида агротуризмни ривожлантириш имконияти мавжуд. Бундан ташқари Чорвоқ сув омборида мамлакатда кам сонли пляжлардан бири жойлашган", дея маълумот беради Туризмни ривожлантириш қўмитаси Ахборот хизмати.

Аммо бутун Ўзбекистонда 20 йилдан ортиқ Самарқанд ва Бухоронинг муҳташам меҳмонхоналари ўз ҳолига ташлаб қўйилгани сингари Бўстонлиқдаги туризм имкониятларини ишга солиш ҳақида ҳам ўйлаб кўрилмади, ёзда салқин, қишда эса қорли ҳудуд излаган сайёҳ учун ҳордиқ учун шароит яратиш, айтиш мумкинки, "ёввойи капитализм" қўлига топшириб қўйилди. Бўстонлиқдаги ёзги таътил ҳақида таниқли блоггер Bakiroo шундай ёзди:

"Айни таътил мавсуми даврида, ёзнинг жазирамасида оилангиз билан Чорвоққа, масалан бир ҳафтага дам олгани бормоқчисиз. Дарров ҳисоблашни бошлайсиз, Чорвоқ, Чимёндаги дачалар, дам олиш масканлари бўйича таклифларни телеграм каналларидан, танишлардан олиш мумкин. Ҳисоблаб, солиштириб кўзларингиз чиқиб кетади. Чорвоқда бир ҳафта дам олиш Анталия соҳиллари ё Шарм-аш-Шейхда 10 кунлик турпакетдан қиммат тушади. Шу билан бирга Чорвоқда сизга Туркия ё Мисрдагидак на сервис, на бепул нонушта, на суғурта ва на транспортировка кафолатланган.

Нега шундай, ўйлаб кўрганмисиз?

Ҳамма гап мулк ҳуқуқида. Чорвоқ ва Чимёндаги дачалар, дам олиш масканлари мулк ҳуқуқи кафолатсиз, ҳатто мавсумий десаям бўлади. Шунингчун унинг эгаси эгаллаган, сотиб олган ё совға қилинган дача пулини бир мавсумдаёқ чиқариш ҳаракатида бўлади. Чорвоққа кўп борувчи дўстларимиз билса керак, масалан, кейинги мавсумда дачанинг окахони бутунлай бошқага айланган бўлади (аввалгиси ишдан кетган, қамалган, чангга айланган вҳк). Айтайлик, 50 минг долларлик дача эгаси кунлик тўловга дача амортизацияси ва рентасини эмас, дача қийматини бир йилдаги мавсум кунларига, масалан, 250 кунга бўлиб белгилайди ва демак дачанинг кунлик ижараси унинг наздида 200 доллардан кам бўлмаслиги лозим.

Талаб ва таклиф- чи дейишингиз мумкин. Тўғри, лекин Тошкент ва Тошкент вилоятида яшовчи 7 млн аҳоли учун бошқа муқобил вариантнинг ўзи йўқлиги бу ерда талаб эластиклигини деярли йўққа чиқаради.

Бу билан нима демоқчимисиз, бизда сервис, хусусан дам олиш билан боғлиқ сервиснинг ўта қимматлиги шу жумладан мулк ҳуқуқининг ҳимояланмаганлигига бориб тақалади.

Бўстонлиқ

Сурат манбаси, Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси

Дарвоқе, бу йилги ўта фаол снос (бузилиш) мавсумидан кейин тадбиркорлар йўқотган, йўқотиши мумкин бўлган пули қийматини сотаётган товар-хизматлари нархига ҳар доимгидан кўпроқ қўшишни бошлаган.

Охирги тўловни барибир сиз ва биз тўлаймиз", деб ёзади bakiroo.

Тартибга солинадиган нарса кўп

Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитасига кўра, 2018 йили Бўстонлиқда ҳордиқ чиқарган сайёҳларнинг сони қарийб 420 мингни ташкил этган, шундан 106 минги хорижликлар бўлганлар.

Мамлакат раҳбарияти туманда "Чорвоқ" эркин туристик зонасини ташкил қилиш, "Чорвоқ", "Чимён" ва Белдерсой" соғломлаштириш марказларини ишини янада яхшилаш, "Амирсой" қишки тоғ-чанғи курортини барпо этиш билан янада кўпроқ сайёҳларни жалб қилиш ишларини бошлаган, аммо бу йўлда ечилиши кўп бўлган муаммолар ҳаддан зиёд кўплиги маълум бўлган.

Ўзбекистон президентининг 27 августда имзолаган "Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бу йўлдаги муаммоларни ҳал этишга ёрдам беради деб умид қилинмоқда.

Айрим кузатувчилар назарида аввал Бўстонлиқнинг алоҳида мақоми белгиланган фармон чиқарилиб, сўнг туризмни ривожлантириш амалларига қўл урилганида, ер, мулк, бизнес, экология ва қонунчиликка оид кўп масалаларни ечиш осон бўларди.

Аммо ҳозир ҳам президент фармонининг ижроси осон бўлмайди, дейишади маҳаллий мутахассислар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek