Уруш вақтидаги муҳаббат: Украиналик аёллар фронт яқинидаги шаҳар ва қишлоқларга қандай қилиб учрашувга бормоқда?

harbiy

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Украин ҳарбийлари рафиқалари билан Краматорск вокзалида кўришмоқда, 2024 йил 3 ноябрь.
Ўқилиш вақти: 8 дақ

Эри ҳарбий бўлиб, йилига атиги 10-20 кун таътилга келадиган аёл қандай қилиб оилавий ҳаёт кечириши мумкин? Баъзи украиналик аёллар бунинг ечимини топган – фронтга яқин ҳудудларга бориб, жуфти билан кўришиш.

Краматорск, Славянск, Константиновка – Донбассдаги бу шаҳарларнинг вокзаллари ойлаб айрилиқдан сўнг кўз ёшлар билан учрашаётган кўплаб жуфтликларни кўрган.

Бундай жуфтликларга онлайн мулоқот етарли эмас, баъзилари эса узоқ масофали муносабатларга ишонмайди.

Украинада ҳамон демобилизация кўзда тутилмаган бўлсада, уруш давом этган сари мамлакатларда ажралишлар сони ортиб бормоқда.

Шу сабабли, баъзи аёллар бу усул орқали оиласини сақлаб қолишга ҳаракат қилаётганини айтишади.

Бошқалар эса бу йўл билан жуфтларининг фақат уруш ҳақида ўйламаслигига ёрдам беришмоқчи.

Хўш, бундай хавфли учрашувлар қандай ўтади?

"Биз фарзанд кўришни орзу қиламиз"

Россия Украинага кенг қамровли ҳужум бошлаган пайтда, Оқ Черковлик Артём ва Оксана эндигина ярим йил турмуш қуришган эди.

Эри фронтга кетди, аёл эса уйда ёлғиз қолди.

Бу ҳолат унга чидаб бўлмас даражада оғир эди.

"Эрталаб уйғонасиз ва тўрт девор ичида ёлғиз қолганингизни ҳис қиласиз," дейди Оксана Би-би-сининг Украина хизматига.

"Урушгача майда-чуйда нарсалар деб тортишардик, у кетгандан кейин эса, гўё оёғим остидаги замин йўқолгандек бўлди."

У биринчи марта 2022 йил апрелида учрашувга борган – бу пайтда Артём машғулотларда бўлгани учун эътироз билдирмаган.

Аммо кейинчалик маълум бўлишича, ҳарбийлар камдан-кам ҳолларда таътил олишар экан. Боз устига, Артём танкчи сифатида Харкив вилоятидаги қарши ҳужумда қатнашган.

Кейинги учрашув ноябрга белгиланган эди, бироқ вазият мураккаблашди.

Артём яраланди, Оксананинг ҳомиласи тушиб қолди, бир неча кундан сўнг эса бувиси вафот этди. Артём дафн маросимига қўлтиқтаёқда келди ва уларнинг иккинчи учрашуви поезд вагонида, Оксана уни Харкивдаги касалхонага кузатиб қўяётганида бўлди.

Шундан сўнг Оксана эрининг олдига мунтазам борадиган бўлди.

oksana

Сурат манбаси, Oksana

Сурат тагсўзи, Оксана ва Артем учрашувлардан бирида.

Эри бунга қарши чиқиб, чет элга кетишга ундарди.

"Аммо мен уни кўрмай қандай яшайман, тасаввур қилолмайман. Мен учун бу кунлар шунчаки тириклик эмас, балки чинакам ҳаёт кечиришдир," дейди аёл.

Улар уч ойдан ортиқ кўришмаса, Оксана ундан бир-икки кунга бўлса ҳам учрашиш учун командирига мурожаат қилишини сўрайди.

Раҳбарият вазиятни тушуниб, ёрдам беради, дейди аёл.

"Харкив ва Донеск вилоятларидаги барча учрашувларимиз тартибини эслай олмайман. Лекин қўрқув йўқолгани ёдимда. 2022 йилда Харкивга боришдан қўрқардим, кейин эса чегарадаги бомбаланган қишлоқлар ҳам мени қўрқитмай қўйди," дейди аёл.

Учрашувни режалаштириш осон эмас.

Эр-хотин фарзанд кўришни орзу қилгани учун ҳамма нарсани шундай мослаш керакки, эрининг бўш вақти бўлсин, Оксанага ишхонасидан дам олиш куни берилсин, поезд чиптаси топилсин ва учрашув ҳомиладор бўлиш мумкин бўлган кунларга тўғри келсин, дейди аёл.

Сафарлардан унинг хотирасида "эрининг нигоҳи ва дастлабки дақиқалардаги қучоқлашуви" қолган. Шунингдек, тунаш жойлари ҳам эсида.

Кўпинча бу маҳаллий аҳоли бепул тунашга рухсат берган ташландиқ, совуқ уйлар бўларди.

"Бир томондан учрашувдан хурсанд бўласан, бошқа томондан эса хафа, чунки ухлаётганингда атрофингда уруш вайрон қилган бегона ҳаётлар ва фотосуратларни кўрасан."

Ҳозирда Оксана эрининг олдига бормаяпти – у ҳомиладор ва туғиш арафасида.

Бу унинг учинчи ҳомиладорлиги – уруш пайтида кўп қийинчиликларни бошдан кечирган ва икки марта бола туширган, шунинг учун бу сафар у эҳтиёткорроқ.

Оксананинг айтишича, эри баъзан хавфли ҳудудларга кетаётганини яширади ва фақат қайтиб келгандагина борганини тан олади.

Баъзан у ҳеч бўлмаса ярим кунга бўлса ҳам хотини ҳузурига Оқ Черковга бориб келади.

oksana

Сурат манбаси, Oksana

Сурат тагсўзи, Оксана ва Артем ота-она бўлишга тайёрланишмоқда. Бу суратга тушиш учун Артем анча машаққатларни бошдан кечирган.

Лекин у туғруқ пайтида бориб келолармикан – бу катта савол.

Ҳарбийларга оилавий вазиятлар туфайли таътил берилади, дейди аёл. Аммо ҳамма нарса фронтдаги вазиятга боғлиқ, туғруқ кунини ҳам режалаштира олмайсан.

"Албатта, ҳар бир аёл бундай пайтда эри ёнида бўлишини хоҳлайди, лекин мен бу ерда фарзандимизни кўтариб юрганимда, эрим тўғри жойда эканлигини биламан."

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Икки кунлик йўл, 50 дақиқалик учрашув

Фронт олди ҳудудига бориш қийин.

Кўпинча аёллар поездда катта шаҳарларга боришади, кейин эса автобус ёки таксида эрлари яшайдиган қишлоққа йўл олишади.

Поезд чипталарини топиш осон эмас.

"Укрзализныся" ҳарбийларнинг қариндошлари учун бир нечта ўринни банд қилган, аммо шарққа етиб бориш барибир қийин.

Учрашувга фронтга яқинроқ жойга борадиган йўловчи аёллар баъзан ғайриодатий ташқи кўриниши билан ажралиб туради. Краматорск перронларидан олинган суратда баланд пошнали аёлларни кўриш мумкин.

"Мен билан бирга бир нечта аёл бор эди – жуда чарчаган кўринишда, лекин чиройли кийинган, йўлга мослаб кийинмаган. Эрлари олдига бориб, иложи борича яхшироқ кўринишни хоҳлашган, шунинг учун баъзилари тонг палласида жуда совқотиб қолишган," дейди Черновсидан келган Лилия Би-би-си Украина хизматига.

"Бир аёл шунчалик қалтираб кетдики, мен унга исиниш учун курткамни бердим," деб қўшиб қўйди у.

Баъзан шундай бўладики, аёллар учрашувга қараганда кўпроқ вақтни йўлда ўтказади, ахир ҳарбийлар бундай пайтларда таътилда эмас, шунчаки қисқа танаффусда, ва бу тўсатдан тугаши мумкин.

Яқинда, 12 ноябрда, Лвовдан келган Наталя Осидачнинг сафари чоғида шундай бўлди.

У Игор Приходага ва унинг қуролдош биродарларига озиқ-овқат олиб келаётган эди, аммо ўша куни даҳшатли отишма бўлди.

"Биз Славянскда эдик, келганимизда эса бир вақтнинг ўзида 5 та чегара аҳоли пункти ўққа тутилгани маълум бўлди. Эрим билан платформада 50 дақиқа бўлдик ва у мени яна ўша поездга ўтқазди."

"Барибир бу 50 дақиқа энг яхшиси бўлди," дейди Наталя кўз ёшларини тия олмай.

natalya

Сурат манбаси, Natalya Osidach

Сурат тагсўзи, Наталя бу суратга турмуш ўртоғи билан сўнгги учрашувлардан бирига борганда, Краматорск вокзалида тушган.

Аёл ҳар икки-уч ойда эрининг олдига боришга ҳаракат қилади, гарчи саёҳат қиммат бўлса ҳам – ҳар икки томонга тахминан 5 минг гривна.

Яна бир кеча-кундузга квартира ижарага олиш керак.

Фронт яқинидаги шаҳарларда нархлар ҳамёнбоп, лекин ҳар хил ҳолат бўлади. Наталя Янги йилга эрининг олдига бормоқчи эди ва эълонда кунига 800 гривна деб ёзилган эди, аммо "байрамлар" учун 2,5 минг гривна сўрашди.

"Мен курортга бораётганим йўқку?" дейди аёл.

Наталянинг эри хотинининг у билан кўришиш учун таваккал қилаётганидан унчалик хурсанд эмас.

Natalya

Сурат манбаси, Natalya Osidach

Сурат тагсўзи, Наталя ва Игор.

"У менга "яна асабимни бузяпсан" дейди, лекин мен барибир бораман," дейди Наталя.

У Игор билан 22 йилдан бери бирга, уларнинг иккита вояга етган фарзанди бор. Аёл эрининг "бутун умр ёнида бўлишига кўникиб қолган, бу ерда эса у йўқ."

Бундай сафарлар – бу яна "оила бўлиб" вақт ўтказиш имкониятидир, дейди аёл.

Славянск ёки Покровскда қаерга бориш мумкин?

Диана ва Юрий Лисовларнинг ёши 40 дан ошган, бу уларнинг биринчи никоҳи эмас.

Улар кенг кўламли уруш пайтида турмуш қуришган. Ўшандан бери хотини Краматорскда, Славянскда, Покровскда, Запороже вилоятида у билан учрашиб юрарди.

У эрининг олдига уч кунга ҳам, ўн кунга ҳам келарди.

Юрий ҳужум бригадаларида зарба берувчи дронлар оператори бўлиб, асосан тунда ишлайди ва шунинг учун кундузи рафиқаси билан вақт ўтказиши мумкин.

Баъзан кундузи у банд бўлади, Диана эса ижарага олинган квартирада овқат пиширади ёки кучукчаси билан сайр қилиб, уни танийдиган маҳаллий одамлар билан суҳбатлашади.

diana

Сурат манбаси, Diana Lesnaya

Сурат тагсўзи, Диана турмуш ўртоғини ҳар томонлама дастаклашга интилади. Айрилиқ кунларида эрига гуллар юборади, онлайнда бирга инглиз тилида ўрганадилар. Учрашган вақтда эса, ит билан бирга сайр қиладилар. Диана ҳатто оддий сайрлар ҳам эркакни фронтдаги мушкулликлардан чалғитишига ишонади.

"Балки бу бироз жиддий эмасдек кўринар, лекин биз тақдирга ишонамиз ва ҳеч ким Киевга ёки фронтга яқинроқ жойга нима келиб тушишини билмайди, деган қарорга келдик," дейди аёл.

Баъзида ёнгинасига КАБлар тушарди, дейди Диана, бир куни у Украина Қуролли Кучлари Авдиивкадан чиқаётган пайтда келган, "осмон доим қизил эди, бомбалар портлаганда у ерда зилзила бўлгандек туюларди."

"Билмадим, балки менда шундайдир, лекин мен учун Покровскда, доимий ўқлар остида севган одамим билан бўлиш, нима учундир, Киевда деразадан "шаҳед"лар овози эшитилгандан ёки уйим устида иккита қанотли ракета учгандан кўра хотиржамроқдир."

Учрашувлар кўпинча оддий ўтади – "чекмаймиз, ичмаймиз, шунинг учун бизда шарбат, гуллар, мевалар бор. Бу ўсмирлар романтикаси эмас, балки жуда илиқ ва ажойиб муносабат".

Би-би-си Украина хизматига гапирган аёлларнинг деярли барчаси илгари Украинанинг шарқий ҳудудларида бўлмаган экан.

Улар Донбассда ва умуман шарқда шунчалик гўзал жойлар борлигини ҳайрат билан таъкидлашди. Диана билан Юрий Запорожедаги Хортитса оролини шу қадар яхши кўриб қолишдики, ҳатто бир сафар Покровскдан у ерга атайлаб боришган.

"Мен ҳеч қачон Украина бўйлаб бунчалик кўп саёҳат қилмаган эдим," дейди аёл.

diana

Сурат манбаси, Diana Lesnaya

Сурат тагсўзи, Биринчи суратда Диана ва Юрий Донбасс ҳудудида, иккинчиси эса уларнинг Запорожедаги севимли Хортица оролида туширилган.

Сумидан келган Елизавета ҳам худди шундай фикрда.

Унинг эри Игор – миномёт батареяси взводи командири.

"У билан бирга мен Славянскни кўрдим – у ерда ажойиб парк бор экан. Шунингдек, Тузли кўлларга ҳам бордик, у ер менга ёқди," деб ҳикоя қилади у.

igor

Сурат манбаси, Yelizaveta

Сурат тагсўзи, Елизавета ва Игор. Ўнг томонда Тузли кўллар бўйидаги пляж тасвири.

Кўпчилик аёллар бу саёҳатлар улар учун кичик бир ҳаёт эканлигини тан олишади.

"Улардан сўнг бўш квартирага қайтиш жуда оғир. Бир ҳафта ётиб йиғлайман, чунки кундалик ҳаёт ритмига мослашиш мен учун қийин," дейди Елизавета.

Учрашувлар муносабатларни сақлаб қоладими?

Кўплаб аёллар фронт яқинидаги ҳудудларда ўтказилган учрашувлар жуфтлари билан муносабатларини мустаҳкамлаганини таъкидламоқда.

Бироқ, бошқача воқеалар ҳам бор.

Ижтимоий тармоқларда аёллар севгилисига қандай қийинчилик билан етиб борганларини, кейин эса эркакнинг фронт яқинидаги қишлоқда ўзига ўйнаш ёки "дала хотини" топиб олгани ҳақида гапирмоқда.

Худди шундай воқеа Мария (исми ўзгартирилган) билан ҳам содир бўлган.

"Мен турмуш қурган пайтимизда собиқ эримнинг олдига борар эдим. Аммо у бу фидокорликни қадрига етмади," дейди аёл Би-би-си Украина хизматига.

Бу 2015 йилда, жанглар фақат Донбассда кетаётган пайтда содир бўлган.

Унинг эри, профессионал ҳарбий, урушга кетган, ўзи эса болалари билан қолган.

Соғлиғидаги муаммоларга қарамай, у баъзан уч кун давомида Киевдан поезд ва автобусларда катта сумкаларни кўтариб, учрашувга борарди.

"Бир бекатда полициячилар мени таниб қолишди, ачиниб, поездгача кузатиб қўйишди," деб эслайди Мария.

Улар эри билан бирга фронт яқинидаги қаҳвахоналарга боришган ва меҳмонхоналардан хона олишган.

Лекин "Дебалсево даҳшатидан кейин" ҳамма нарса ўзгара бошлади.

Ўша воқеалардан сўнг эри "бутунлай бошқа одамга" айланди ва армиядан истеъфога чиқди. Травмадан кейинги руҳий бузилиш туфайли болалари ва хотини ундан қўрқа бошлади, жисмоний зўравонлик содир бўлган, дейди аёл, ва охир-оқибат эркак четда муносабатлар ўрнатиб, қўл остидаги аёлга уйланди.

Нохуш тажрибага қарамай, бир неча йил ўтгач, Мария ҳам турмушга чиқди – яна бир ҳарбийга.

perron

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Фронт яқинидаги шаҳарлар перронларида қўлида гул тутиб турган ҳарбийларни кўп учратиш мумкин.

Лекин бу сафар ҳаммаси бошқача, дейди у.

"У жуда ҳалол, яхши инсон. У барибир пулинг борми, деб сўрайди. Иссиқ пайпоқларинг борми? Болаларимнинг ейишга овқати борми?"

Янги эри Мариянинг учрашув келишига боришига рухсат бермайди.

Бошида у борарди, кейинчалик тўхтатди.

Аслида бу катта хавф, дейди аёл, чунки йўлда ҳар нарса бўлиши мумкин.

Бир куни у Bla Bla Car хизмати машинасида келаётганда, ҳайдовчи унга тегажоғлик қила бошлади – аёл машинадан "совуқда очиқ далага" тушиб, бир неча километр пиёда юришга мажбур бўлди.

"Ҳозир Харкивга, ота-онамнинг олдига боришим кераклигини айтганимда, эрим хавотирланади," дейди у.

Фронтдаги учрашув оилани сақлаб қолиш кафолати эмас, дейди Мария.

"Биргаликда мақсадларни муҳокама қилиб, вазиятга умумий қарай бошлаганингизда муносабатларни сақлаб қолиш мумкин. Аслида, муносабатларни турли йўллар билан сақлаш мумкин."