Украина лазер қуроли яратганини айтмоқда, у нималарга қодир?

Британиянинг DragonFire лазер тизими синов жараёнида, 2024 йилб апрел

Сурат манбаси, UK MoD

Сурат тагсўзи, Британиянинг DragonFire лазер тизими синов жараёнида, 2024 йилб апрел
    • Author, Олег Черниш
    • Role, BBC, Украин хизмати
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Украина Қуролли кучлари учувчисиз тизим кучлари қўмондони Вадим Сухаревский Укарина ўзининг лазер қуролига эга бўлганини маълум қилди. Шу вақтгача ушбу қурилма борасида ҳеч нарса маълум эмасди, жангавор лазерларга эга бир неча давлат бор. "Тризуб" лазер қуроли ўзи нима?

"Бугун Украина, адашмаётган бўлсам, (жангавор) лазерга эга бўлган бешинчи давлатга айланди. Биз осмонда икки чақиримдан ортиқ масофадаги самолётларни уриб туширишимиз мумкин", дея Сухаревскийдан иқтибос келтиради Інтерфакс-Україна нашри.

Сухаревский бу ҳақда 16 декабр куни гапирган. Унга кўра, Украина ишлаб чиқараётган қурол "Тризуб" дейилади. Ҳозир уни лойиҳани кенгайтириш ва мустаҳкамлаш устида ишлар олиб борилмоқда.

Сухаревскийнинг қисқа баёнотидан ушбу қурол қандай кўринишда бўлиши, унинг характеристикаси ва уни ҳарбий шароитларда синаб кўришганини англаб бўлмади.

Лазерли қурол нима?

rafael.co.il
Ko‘pgina mamlakatlarda sinov bosqichida lazer qurollari mavjud. Ammo ehtiyot bo‘lish uchun bir qator sabablar bor, jumladan, hali hech kim uni haqiqiy sharoitda sinab ko‘rmagan.
Oleg Katkov
Qurollar bo'yicha mutaxassis (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Кучли давлатлар жангавор лазерларни устида ишлашни 60-70 йилларда бошлаганди. Нисбатан арзон, тўхтовсиз, универсал, кўп марта қўлланиладиган ва самарали қурол яратиш ғояси ўша вақтдаги қудратли СССР ва АҚШ ҳарбий раҳбариятига ўта қизиқ эди.

Назарий жиҳатдан, кучли лазер нурлари бир неча сония ичида душман техникасини ёқиб юбориши керак эди. Бундай қуроллардан ҳам мудофаа, ҳам ҳужумда фойдаланиш мумкин эди. Бу йўқ қилишнинг идеал воситаси бўлиб туюлди. Аммо амалда ҳаммаси мураккаброқ бўлиб чиқди.

Совет ва Америка ҳукуматининг ракеталар ва самолётларни лазер ёрдамида уриб тушириш ҳақидаги баландпарвоз баёнотлари амалда қуруқ сўз бўлиб чиқди. Намуналар ишлаб чиқилди, аммо кейинчалик молиялаштириш ва истиқболи йўқлиги сабабли ишлаб чиқариш тезда тўхтатилди.

DragonFire

Сурат манбаси, UK MoD

Сурат тагсўзи, 60 йил бурун қудратли давлатлар лазер қурол ишлаб чиқариш учун мусобақага киришганди

Асосий тўсиқлар - лазерни қувватлантириш учун кучли энергия манбасига бўлган эҳтиёж ва ишлатилгач уни совутиш, об-ҳавога боғлиқлик, бир вақтнинг ўзида бир нечта ҳаракатланувчи нишонларни уриш билан боғлиқ муаммолар ва компонентларнинг нархи эди.

Ўтган асрнинг охирида қудратли давлатлар ресурсларни мавжуд "оддий" қурол тизимларини, илк навбатда, узоқ масофага учадиган ракеталарни такомиллаштиришга жамлашга қарор қилишди.

Аммо янги чақириқлар, жумладан, Россия-Украина уруши жанговар лазер ҳақида гапиришга туртки берди. Бу ушбу урушда деярли асосий оммавий қуролга айланган арзон дронларга қарши туришнинг арзон ва қайта фойдаланса бўладиган усулини излаш билан боғлиқ.

Уларга қарши қимматбаҳо зенит-ракеталарни қўллаш тежамкор эмас ва дронларни ердан пулемёт ёрдамида уриб туширишга уринишлар кўпинча муваффақиятсиз бўлади.

Дронларни кучли лазер нури билан ёқиш, "арзимаган қиймат" билан отиш, мос ечим сифатида кўринади.

Кимларда лазер қуроли бор?

Лазер қуроли борлигини айтган мамлакатлар сони кўп эмас. Бу каби технология АҚШ ва Россиядан ташқари Хитой, Британия, Жанубий Корея, Япония ва Исроилда бўлиши мумкин.

Америка ҳукумати АҚШда ракетага қарши лазерли модуллар, шунингдек, денгиз кучлари ва ҳаво кучларига тизим ишлаб чиқаётгани ҳақида гапирди.

Хитойга келсак, хитойликларда лазерли зенит қуроллари, шунингдек, хавфсизлик кучлари томонидан қўлланиладиган лазер милтиқлари бўлиб, ғалаён иштирокчиларининг куйишига сабаб бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Россия президенти Владимир Путин бир неча йил олдин "Пересвет" номли "нодир мажмуа" билан мақтанганди. У гўёки ҳатто сунъий ёўлдошни ишдан чиқариши мумкинлигини айтганди.

Исроил армияси шу кузда Iron Beam (Темир нур) лазер тизиминининг илк қисмини буюртма қилди. У 2025 йил охихирига қадар ҳарбийлар қўлига бориб тушиши керак. Ушбу зенит тизими бир неча юз метрдан бир неча километргача бўлган кичик ҳажмдаги нишонни йўқ қилиши мумкин.

Исроилнинг Iron Beam лазер тизимини 2025 йили қуролли кучларга бериш мўлжалланган

Сурат манбаси, rafael.co.il

Сурат тагсўзи, Исроилнинг Iron Beam лазер тизимини 2025 йили қуролли кучларга бериш мўлжалланган

Жанубий Корея ва Япония дрон ҳамда ракеталарга қарши ўзларининг лазер тизимларини аллақачон намойиш қилишган.

Британия ўзининг DragonFire лазер тизимини 2027 йили ҳарбийларга етказиб беришни мақсад қилган. Гап 55 кВТ қувватга эга нурли лазер тизим ҳақида бормоқда. У 37 та алоҳида каналдан мўлжалга олади. У бир чақиримлик масофадаги металлни куйдириши мумкин.

2024 йилнинг баҳорида Британия ҳукумати DragonFire намуналарини жанговар шароитларда синаб кўриш учун Украинага бериш эҳтимоли борлиги ҳақида айтганди.

Украина лазер қуроли нималарга қодир?

Украина жанговар лазерининг тури, хусусияти ва ишлаб чиқарувчиси ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Полковник Сухаревский ўз баёнотида "Тризуб" икки чақирим масофадаги самолётларни уриб тушириши мумкинлигини айтди.

Бу жуда катта кўрсатгич. Британиянинг DragonFire бир километр узоқликдаги нишонни уриши мумкин. Исроилнинг Iron Beam и икки баробар кўпроқ масофадагини уради, лазерининг қуввати 100 киловатт, британияликларники эса 55.

Агар украинларнинг "Тризуб"и ростдан ҳам самолётни уриб тушира олса, унда мўлжалга олиш тизими бор ва ҳаракатланаётган нишонга мослашиши мумкин. DragonFire бир километрлик узоқликдаги нишонни 23 мм.лик аниқлик билан мўлжалга олиши мумкин.

Сухаревскийнинг гапларидан Украина қисқа вақтнинг ичида самарали жангавор лазер қуроли ясагани келиб чиқмоқда. Шу билан бирга уни ахборий жимлик шароитида яратишган.

Қуроллар бўйича украиналик таҳлилчи ва "Украина мудофаа саноати" концернининг собиқ ходими Олег Катков BBC билан суҳбатда шундай бўлиши мумкинлигини айтди.

Катков бир неча далиллар келтиради. Уларнинг энг биринчиси: сўнгги ярим асрда лазер қурол ясаш учун эҳтиёт қисмлар ва технологияни топиш осон ва қўл етадиган бўлиб қолди.

Унинг фикрича, шунинг учун Украина ҳарбийлари, шунингдек, хусусий сектор ҳам жанговар лазер тизими намунасини ишлаб чиққан бўлиш эҳтимоли бор.

"Украина мудофааси 2022 йилгача "

Британия лазер тизими 2024 йил апрелдаги синовда ушбу минанини куйдириб, тешган

Сурат манбаси, UK MoD

Сурат тагсўзи, Британия лазер тизими 2024 йил апрелдаги синовда ушбу минанини куйдириб, тешган

"Украина мудофаа саноати 2022 йилгача ва ҳозир қандай кўринишда бўлганлиги ўртасида тафовут мавжуд. Агар Украинада лазер қуролларини ишлаб чиқиш давлат ижораси эмас, балки қандайдир хусусий стартапнинг ташаббуси ва натижаси эканлиги маълум бўлса, мен ҳайрон бўлмайман", - дейди Катков.

Аммо бу қуроллар қанчалик самарали деган саволга келсак, Катков эслатганидек, бу жуда мураккаб савол ва жавоби кўплаб омилларга боғлиқ. Гап лазер нурини шакллантириш, уни керакли масофага йўналтириш ва ҳаракатланаётган нишонни мўлжалга олиш технологиясини танлаш ҳақида бормоқда. Бундан ташқари, об-ҳаво шароитларига ҳам катта боғлиқлик бор.

"Кўпгина мамлакатларда синов босқичида лазер қуроллари мавжуд. Аммо эҳтиёт бўлиш учун бир қатор сабаблар бор, жумладан, ҳали ҳеч ким уни ҳақиқий шароитда синаб кўрмаган. Энди давлатлар буни амалда қандай қўллаш устида бош қотиришмоқда", — дейди таҳлилчи.

Унинг фикрича, агар "Тризуб" шунчаки экспериментал модел эмас, балки у жанговар шароитларда юқори самарадорликка эга серияли маҳсулотга айланса, бу ҳақиқий инқилоб бўлади.

Аммо ҳозирча бу ҳақда гапиришга эрта.