Ўзбекистон ташқи қарзи ортиб, янги лойиҳаларга хорижий сармоя кириши кескин камайди

Бозор

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистоннинг давлат ва хусусий қарзни ўз ичига олувчи ташқи қарзи 9 ой якунларига кўра 60 миллиард доллардан ошди. Янги лойиҳаларга хориж сармоясини киритиш эса кескин, қарийб 50 фоизга камайди. Бу кўрсатгич Ўзбекистон қўшниларида ортган.

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 60 млрд доллардан ошди.

Ўзбекистоннинг давлат ва хусусий қарзни қамраб олувчи ташқи қарзи 9 ой якунларига кўра 60,2 миллиард долларга етди. Йил бошидан буён бу кўрсаткич 7,2 миллиард долларга кўпайган.

Марказий банкнинг тўққиз ойлик якунлари бўйича ҳисботидан шу маълумотни олиш мумкин, деб ёзади gazeta.uz.

"Ташқи қарз давлат қарзи ва хусусий қарзлардан иборат ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, «хусусий» секторда қайд этилганлар орасида асосан давлат улушдор бўлган компаниялар ва банклар бор (давлат банк секторининг 68 фоизга яқин улушига эгалик қилади, шунингдек, 2019−2021 йилларда жами млрдлаб долларлик қарз қоғозларини муомалага чиқарган UzAuto Motors ва «Ўзбекнефтгаз», Ўзбекистон Миллий банки, «Ўзсаноатқурилишбанк» каби ташкилотлар эгаси ёки улушдорларидан бири ҳисобланади)", дея хулоса қилади нашр.

Алоқадор мавзулар:

Gazeta.uz га кўра, охирги икки йилда хусусий ташқи қарз умумий ташқи қарз ўсишининг тезлашишига сабаб бўлаётган асосий компонентга айланди.

Давлат ташқи қарзи қарийб 32,5 миллиард долларни, корпоратив (хусусий) ташқи қарз 27,7 миллиард долларни ташкил этди.

Йил бошидан буён бу кўрсаткич 7,2 миллиард долларга кўпайди.

Янги лойиҳаларга хориждан сармоя кириш оқими кескин камайди

бозор

Сурат манбаси, Getty Images

Айни дамда 2023 йил Ўзбекистонга янги лойиҳаларга хориждан сармоя кириш оқими 49 фоизга камайиб 4 миллиард долларни ташкил қилган.

Daryo.uz нашрининг ёзишича, Шимолий ва Марказий Осиёга 2023 йилда Гринфилд инвестициялари (нолдан ривожлантириш керак бўлган лойиҳалар) оқими 27 фоизга ошиб, 24,8 миллиард долларга етди. Бироқ Ўзбекистонга 49 фоизга камайиб, 4 миллиард долларни ташкил қилди.

БМТнинг Осиё ва Тинч океани иқтисодий ҳамда ижтимоий комиссияси тегишли ҳисоботини эълон қилди.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Минтақада тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг асосий қисмини қабул қилган мамлакатлар қуйидагилар:

  • Қозоғистон — инвестициялар 88 фоизга кўпайиб, 15,7 миллиард долларга етди;
  • Ўзбекистон — 49 фоизга камайиб, 4 миллиард долларни ташкил этди;
  • Қирғизистон — 310 фоизга ошиб, 2,1 миллиард долларга етди;
  • Озарбайжон — 1 фоизга кўпайиб, 1,2 миллиард долларни ташкил қилди.

Нашрнинг ёзишича, Гринфилд инвестициялари — бу нолдан бошлаб ривожлантирилиши керак бўлган лойиҳалардир. Инвестор саноат иншоотларини қуриш учун бўш ер майдонини қўлга киритади. Одатда, бундай ерлар саноат паркларида жойлашган бўлади. Лойиҳанинг юқори харажатларини ҳисобга олган ҳолда, бу соҳага кўпинча йирик бизнес вакиллари қизиқиш билдиради.

Шу билан бирга Ўзбекистон Марказий банки хабарига кўра, 9 ой давомида хорижий сармоянинг кириб келиши 7% га ортган ва 1,9 миллиард долларни ташкил қилган.