ИИВ криптобозорда 34 миллиард сўм ишлагани айтилган йигитни "виртуал валютчик" деб атади. Рақамли валюта ўзбекистонликлар орасида нега оммалашмоқда ўзи?

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/Shutterstock
ИИВ криптоактивлар савдоси орқали 34 миллиард сўм "ишлаб топган"и айтилган бухоролик йигит иши борасида баёнот билан чиқди. Аввалроқ фаоллар расмийларни "янгиликка интилувчан ёшлар оёғига болта уриш"да айблаган эди.
Декабрь ойи ўртасида Бухоро вилояти ИИБ ходимлари Жондор туманида яшовчи 17 ёшли йигитни криптоактивларни ноқонуний равишда айлантиришда гумонлаб қўлга олгани ҳақидаги хабар Ўзбекистонда шов-шувга айланган.
Бу хабар мамлакатда криптоактивларга бўлган қизиқиш шиддат билан ортиб бораётган бир вақтда чиққан.
Миллий телеканалида эфирга узатилган репортажда йигит "белгиланган тартибда лицензия олмасдан" 34 миллиард сўм ($2,6 миллиондан зиёдроқ) миқдоридаги маблағни ишлаб топгани ҳақида айтилган.
Ушбу хабар эса ўзбекистонлик айрим фаоллар ва кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан жиддий танқидлар ила қарши олинган.
Қолдирилган аксар пост ва фикрларда расмийлар "замонавий йўллар билан пул ишлаб топаётган иқтидорли ёшлар йўлини тўсиш"да айбланган.
Бундай танқидлар ортидан ИИВ мазкур иш бўйича батафсил баёнот бериб, йигитнинг 34 миллиард сўм миқдорида пул ишлаб топганини рад этган ва уни "оддий виртуал валютчик" дея атаган.
"Виртуал валютчик"
ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг маълум қилишича, қўлга олинган бухоролик йигит, кўпчилик ўйлагандек, трейдинг билан эмас, балки рақамли валюталар айирбошлови, блокчейн ва бошқа онлайн хизматларни таклиф этувчи Binance компаниясининг криптоактивлар олди-сотдиси амалга ошириладиган платформасида "шубҳали воситачилик операциялари" билан шуғулланиб келган.
"17 ёшли З.М. 7 ой давомида "Бинанс" платформасида 4 мингдан ортиқ 34 млрд сўмлик шубҳали воситачилик ("виртуал валютчик"лик) операцияларини амалга оширган ҳамда воситачилик ҳақи ундириб келган. Бу ҳолатда аёнки, 34 млрд сўм ишлаб топилган "иқтидорли" йигитнинг даромади эмас, балки тизимдан ўтказилган бошқа бир инсонларнинг пули суммасидир", дейилади Ғиёсов 19 декабрь куни тарқатган баёнотда.
ИИВ матбуот котибининг ёзишича, "бугун телеграмдаги ёпиқ (аноним) каналлар, гуруҳларда криптовалютани сотишга, сотиб олишга чақирадиган ресурслар кўпайган".
"Ушбу каналларда "сотувчи" ва "харидор"лар ўзаро танишади ва электрон пулларини криптовалютага ёки криптовалютани пулга айлантириб берган ҳолда "виртуал валютчик"лик билан шуғулланишади.
Шу кўрсатган хизматлари учун улар ўтказиб берган пуллари миқдорининг 0,1-2 фоизи миқдорида воситачилик ҳақи олишади (ўтказиб берган пулининг анонимлиги қанча юқори бўлса, олиб қолинадиган фоиз тўлови ҳам шунга мос бўлади)", тушунтиради у.
Ғиёсов бундай платформалардан фойдаланиш анчайин содда экани, улардан "ахборот технологиялари, ҳатто криптовалюта соҳасида чуқур билимга эга бўлмаган кишилар ҳам бемалол фойдалана олиши"ни таъкидлаган.
У бундай фаолият тури билан шуғулланиш хавфини уюшган жиноий гуруҳлар ҳисоб-китобларни асосан аноним криптоактивлар орқали амалга ошираётгани билан изоҳлаган.
"Шунингдек, террорчи гуруҳлар ўзларини молиялаштириш учун криптовалюта орқали маблағ йиғмоқда. Бунинг сабаби шундаки, унинг ёрдамидан фойдаланиб пул маблағларини қисқа вақт ичида, дунёнинг исталган нуқтасига, аноним тарзда ўтказиш мумкин".
ИИВ матбуот котиби, шунингдек, бухоролик йигит амалга оширган операциялар таҳлилларидан маблағларнинг "аксарият қисми пенсия, ойлик, онлайн кредит карталаридан келиб тушганлиги аниқланган"ини ҳам маълум қилган.
"…яъни ушбу маблағлар фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилган пулларни легализация қилишга ва уларни изини йўқотишга қаратилган ҳаракат эканлиги гумон қилинмоқда. Бунга жавобни эса тергов ва суд органлари беради. Айбсизлик презумпциясига ҳам тўлиқ амал қилинади", қўшимча қилган у.
Криптоактивлар нега оммалашмоқда?

Сурат манбаси, Screenshot/Binance
Юқоридаги расмий баёнотдан бухоролик йигит P2P (Peer-to-peer) айирбошлов фаолияти билан шуғуллангани англашилади.
P2P бирор актив, масалан, рақамли валюталарни марказий назорат қилувчи институт иштирокисиз бозор иштирокчилари орасида мустақил айирбошлашни англади.
Бундай айирбошлов назорат қилинувчи P2P ўтказмалари (масалан, бир банк картасидан бошқасига пул юбориш)дан фарқли ўлароқ анонимликни юқори даражада сақлашга имкон беради.
Ўзи умуман олганда, бугун энг машҳур криптовалюта бўлмиш Bitcoin ҳам марказий регулятор назоратидан халос бўлиш мақсадида яратилган.
ИИВ баёнотида таъкидлангандек, P2P тақдим этувчи анонимликдан жиноий гуруҳлар ҳам кенг фойдалансада, бу соҳани яқиндан билувчилар ушбу усулда амалга оширилган барча ўтказмалар ортида ғараз мақсад ётади, деган фикрга бориш нотўғри эканини айтади.
Охирги йилларда P2P Ўзбекистон каби молия соҳасида давлат таъсири юқори, глобал молия тизимларига у қадар боғланмаган мамлакатларда, айниқса, ёшлар орасида шиддат билан оммалашиб бораётгани кузатилмоқда.
Ижтимоий тармоқдаги мавзуга алоқадор гуруҳлар ва турли форумлардаги муҳокамаларга назар ташланса, ўзбекистонликларнинг P2P усулига қизиқиши қатор сабаблар орқали ортиб бораётгани кўринади.
Аввало, бу усул орқали ўтказмалар юқори тезликда амалга оширилади. Шунингдек, иштирокчилар активлар нархлари бўйича савдолашиш имконига эга. Бу эса уларга регуляция қилинадиган платформалардаги нархлардан арзонроқ таклифларни излаб топиш имконини беради.
Шунингдек, глобал банкинг хизматларидан фойдаланиш имкониятлари чекланган Ўзбекистонда криптовалюта орқали халқаро тўловларни амалга ошириш оммалашиб бораётгани айтилади.
Мамлакатдаги банкларнинг юқори комиссиялари ва улар таклиф этадиган хизматлар чеклангани туфайли хорижий бозор билан боғлиқ ўз бизнесида криптовалютадан фойдаланаётган ҳамда айни сабаб туфайли фриланслик хизматлари эвазига чет эл компанияларидан ҳақини криптовалюта кўринишида олишни маъқул кўраётган ўзбекистонликлар сони ҳам ошиб бораётгани кузатилади.
Бир вақтнинг ўзида, хорижда ишлаётган ўзбекистонлик мигрантлар орасида ҳам уйига P2P усулида пул жўнатиш одатга кираётгани кўзга ташланади – бу усул уларга анъанавий хизматлардан кўра тезроқ ва арзонроқ йўлда пул юбориш имконини беради.
Бухоролик йигит иши ортидан ижтимоий тармоқда кузатилган муҳокамаларда ўзбекистонликлар, шунингдек, фақатгина регуляция қилинадиган биржалар орқали айирбошловни амалга оширишни кўзда тутувчи қонунчилик талабини четлаб ўтиш мақсадида ҳам P2P усулидан фойдаланишни маъқул кўришини ёзгани кўзга ташланган – уларнинг билдиришича, Uznex каби Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган биржалардаги таклифлар эркин бозордагидек жозибадор эмас.
Шунингдек, айрим фикр билдирувчилар ўзбек сўмининг инфляцияга мойиллиги юқорилиги сабаб ҳам маблағини криптовалюта каби замонавий активлар кўринишида сақлашни афзал билиши ҳақида ёзган.
Шунга қарамай, криптоактивлар айирбошловида фирибгарлик ҳолатлари ҳам тез-тез содир бўлиб туриши ҳақидаги хабарлар мунтазам чиқиб туради.
Ўтган йил 1 январидан кучга кирган тартибга кўра, Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахслари крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш бўйича операцияларни фақат миллий хизматлар провайдерлари орқали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширишлари мумкин.
Ўзбекистон ҳудудида крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун тегишли лицензия олмаган хорижий платформаларда крипто-активлар билан ҳар қандай операцияларни амалга ошириш маъмурий, жиноий ва бошқа турдаги жавобгарлик чораларини қўллашга мажбурловчи қоидабузарлик ҳисобланади.
Бу соҳада лицензияловчи ваколатга эга орган – Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги юритадиган электрон реестрда лиценцияга эга провайдерларни текшириб кўриш мумкин.












