Криптовалюта хавфлими? Эстонияда йирик фирибгарлик фош қилинди Crypto Дунё Янгиликлар

Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Эстония полицияси 575 миллион долларлик фирибни юритган ва минглаб одамларнинг пулини ўмарган икки эркакни ҳибсга олди.

Эстониялик Сергей Потапенко ва Иван Турогин ишини Эстония ва АҚШ полицияси биргаликда тергов қилган, АҚШ уларнинг экстрадициясини сўрамоқда.

Даъво қилинишича, 37 яшар икковлон одамларни HashFlare криптовалюта кончилик хизмати ва Polybius сохта онлайн банкка сармоя киритишга кўндирган.

АҚШга топширилса, улар молиявий жиноятлар учун 20 йиллик қамоқ жазосига юз тутадилар. Айбланувчилар Таллинда судга тортилган ва ҳозирда экстрадиция жавобини кутишмоқда.

АҚШ Адлия вазирлигига кўра, икковлон одамларни HashFlare криптовалюта кончилик хизмати хиссаларини сотиб олишга кўндирганлар. Криптокончилик даромад учун компютерлар ёрдамида виртуал тангаларни ишлаб чиқаради - бу катта ҳажмдаги компютер кучига муҳтож бўлган жараёндир.

FTX ўтган ҳафта касодга учради.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, FTX ўтган ҳафта касодга учради.

Дунёнинг турли бурчакларидан бўлган харидорлар 2015 ва 2019 йиллар орасида HashFlareнинг ярим миллиард долларга тенг контрактларини сотиб олганлар.

Шунингдек, уларга Потапенко ва Тургин тузгани айтилган Polybius виртуал банкига сармоя қилиш эвазига фойда ваъда қилинган. Бу йўл билан айбланувчилар 25 миллион доллар йиққанлари айтилади, аммо банк барибир тузилмай қолган.

Улар бу жиноий пулларни ювиш учун офшор компанияларидан фойдаланганлар, ҳамда камида 75та кўчмас мулк ва қимматбаҳо автомобиллар сотиб олганлар.

Мазкур жиноий иш дунёнинг иккинчи энг йирик крипто биржаси бўлмиш FTX қулаши ортидан криптобозорда юзага келган хавотирлар манзарасида ўтмоқда.

FTX ўтган ҳафта АҚШда касодга учради. Маҳкама ҳужжатларига кўра, у ўзининг 50та энг катта кредиторларидан 3,1 миллиард доллар қарздор бўлиб қоляпти.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek