Украина мустақиллиги: ўзбекистонлик дўстларимизга раҳмат

Сурат манбаси, X/Yusuf Kurkchi
Президент Зеленский Президент Мирзиёев табригидан мамнун бўлди.
24 августда Украина ўз мустақиллигининг 34 йиллигини нишонлади.
Шу муносабат билан қилган нутқида Президент Володимир Зеленский, "тинчликка чақириққа қулоқ солинмас экан", Украина ўз озодлиги учун жанг қилишни давом эттираверади, деди.
"Бизга тинчлик керак. Ўзимизнинг келажагимиз борасида фақат ўзимиз қарор қабул қиладиган тинчлик. Украина ҳали ғалаба қилмади, аммо мағлуб бўлмагани ҳам аниқ", деди Украина президенти.
Украина мустақиллиги куни Киевга Канада Бош вазири Марк Карни ташриф буюрди.
Байрам тантаналарида қатнашиб сўзга чиққан Канада бош вазири шундай деди:
"Мен жуда содда ва муҳим нарсани айтмоқчиман: Канада доим Украина билан елкама-елка туради".
Бош вазир Марк Карни Канада Украинага 1 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакетини ажратганини, бу ёрдамлар шу яқин кунларда етиб келишини хабар қилди.
Аксар ўзбекистонликлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг Президент Зеленскийни Украина мустақиллиги байрами билан табриклаганини олқишладилар.
Президент Зеленский Ўзбекистоннинг Украина ҳудудий яхлитлиги борасида эгаллаган мавқеъи учун ҳамда украиналик болаларнинг Ўзбекистонда ҳордиқ чиқаришлари учун ташкил қилинган инсонпарварлик ташаббуслари учун миннатдорлик изҳор этди.

Сурат манбаси, X/ZelenskyyUa
Шу куни Ўзбекистоннинг Киевдаги элчилиги Украина халқини мустақиллик байрами билан табриклади.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмар Тоқаев Президент Зеленскийга табрик телеграммаси юборгани ҳақида хабар қилди Қозоғистон президенти саройи Оқ Ўрда.
Қозоғистон нашрлари ва блоггерлар Марказий Осиё бўйича таниқли россиялик сиёсий таҳлилчи Аркадий Дубновнинг Тоқаев табриги таҳлилига эътибор қаратдилар.
Дубнов МДҲдаги ҳамма давлат раҳбарлари ҳам шахсан Украина президентини табриклашга журъат қилолмадилар деб ёзди.

Сурат манбаси, .
"Бугун лидерлар Украинани ҳар хил табриклаяпти: Ғарб бир овоздан, МДҲда кўпчилик "халққа" нома билан чекланаяпти. Беларус Президенти Александр Лукашенко, мисол учун, Владимиру Зеленскийга шахсан мурожаат этишдан воз кечишни маъқул кўрди", деб ёзди Аркадий Дубнов.
У Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Президент Зеленскийга табрик йўллаганини хабар қилди.
Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Юсуф Куркчи ўзининг Х(собиқ Твиттер)даги саҳифасида Ўзбек тилида "Раҳмат Тошкент. Ўзбекистонлик дўстларимизга раҳмат" деб пост қолдирди.












