Фаол Қобул Дусов қамоққа ташланди, ўзбек шахматчиси аёл рақибининг қўлини нега сиқмади, Садир Жапаров Шавкат Мирзиёевни "Амирсой" учун мақтади

Қобул Дусов ижтимоий фаоллиги билан танилганди

Сурат манбаси, Facebook/Kobul Dusov

Сурат тагсўзи, Қобул Дусов ижтимоий фаоллиги билан танилганди
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Жамоат фаоли Қобул Дусов қамоққа олинди. Ўзбек шахматчиси эътиқоди сабаб рақиб қизнинг қўлини сиқмаганини айтди. "Амирсой"га келган Садир Жапаров Шавкат Мирзиёевни мақтади.

Жамоат фаоли, Бўстонлиқ шаҳар кенгашининг собиқ депутати Қобул Дусов интернетдан фойдалангани учун жазонинг қолган қисмини манзил колониясида ўтайди.

Алоқадор мавзулар:

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг хабар беришича, 4 январдан 11 январгача у ўзининг Kobul Dusov/RASMIY KANAL Telegram каналида ҳар хил мазмундаги материалларни жойлаштирган. 11 январь куни у пробация бўлимига чақирилиб, огоҳлантириш тарзидаги интизомий жазоси қўлланган.

"24 январь куни ИИВ Тезкор қидирув департаментининг Киберхавфсизлик маркази Дусовга огоҳлантириш интизомий жазоси эълон қилинган вақтида хам, ундан кейинги кунларда ҳам интернетдан фаол фойдаланиб келганини аниқлаган", деб ёзади Обидов.

2024 йилинг ноябрида Қобул Дусов Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиевни ҳақорат қилгани учун 1 йилга озодлиги чекланган эди.

Суд қарорига кўра, сутканинг муайян вақти, яъни кеч соат 21:00 дан эрталабки соат 07:00 га қадар яшаш жойидан чиқиши, интернетдан фойдаланиши, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этиши тақиқланган.

Фаол энди жазонинг қолган қисмини манзил колониясида ўтайди.

Жамоат фаоллари Қобул Дусов фаолияти сабаб қамалган, деган фикрни билдирмоқда.

"Йўқ, ҳақорат бир баҳона, холос! Агар ҳақорат учун уйидан босиб кетиб, ҳибсланиши керак бўлганида, бир қанча курсилар ҳозир "вакансия" бўлиб турарди. «ҚОБУЛ ДЎСОВНИНГ ЖИНОЯТИ НИМАДА?..» деган савол жавобини ижтимоий тармоқдаги Ҳақ талаб қилган чиқишларидан, фаолиятидан излаш керак", деб ёзади журналист Дилмурод Саййид.

Эътиқоди сабаб қўлини сиқмади

Президент фармони билан Нодирбек Яқуббоев “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирланган

Сурат манбаси, president.uz

Сурат тагсўзи, Президент фармони билан Нодирбек Яқуббоев "Ўзбекистон ифтихори" фахрий унвони билан тақдирланган

Ўзбекистонлик шахмат устаси Нодирбек Яқуббоев Tata Steel Chess мусобақасидаги ўйин давомида ҳиндистонлик шахматчи Рамешбабу Ваишалининг қўлини сиқишни рад қилиши иэтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Видео тасвирда ҳиндистонлик Рамешбабу Ваишали Нодирбекка қўлини узатганини, аммо у рақибининг қўлини жавобсиз қолдириб, партияни бошлганани кўриш мумкин.

Ўйинда ўзбекистонлик шахматчи ютқизган. Кейинчалик у содир бўлган ҳолат учун X тармоғида узр сўради.

Ўзбекистонлик гроссмейстр ўз қарорини диний эътиқод билан изоҳлади.

"Ваишали билан ўйинда бўлган вазиятни тушунтирмоқчиман. Аёллар ва ҳинд шахматчиларига чуқур ҳурмат билан шуни маълум қилмоқчиманки, мен диний сабабларга кўра бошқа аёлларга тегмайман. Мен Ваишали ва унинг укасини Ҳиндистоннинг энг кучли шахматчилари сифатида ҳурмат қиламан. Агар менинг хатти-ҳаракатим уни хафа қилган бўлса, узр сўрайман", деган у.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган 2023 йил Абу-Дабидаги мусобақада шахматчи Дивйе Дешмукҳ билан қўл сиқишганига оид тасвирларни шундай изоҳлади.

"Олдин шундай қилган ҳолатларимни, мен ўзим учун нотўғри деб биламан. Нимани лозим топсам, шуни қиламан. Мен бошқалар ҳам қарши жинснинг қўлини қисмаслиги керак ёки аёллар ҳижоб ёки бурқа тақсин демайман. Бу уларнинг шахсий иши", деган Яқуббоев.

Садир Жапаров: "Шавкат Мирзиёевга гап йўқ"

президентлар

Сурат манбаси, president.uz

25 январ куни президент Шавкат Мирзиёев билан Тошкент вилоятидаги "Амирсой" курорт мажмуасида норасмий учрашув ўтказган Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Facebookда ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

У "Амирсой"да яратилган шарт-шароитлар билан Қирғизистонни солиштирган.

"Мамлакатимиз ҳудудининг 94 фоизини тоғлар эгаллайди. Етти вилоятимизнинг ҳар бирида шундай тоғ-чанғи курортлари бўлиши мумкин эди. Аммо бизда улар деярли йўқ. Нима учун? Чунки мустақилликка эришганимиздан бери оддий халқдан тортиб, президентларгача фақат сиёсат билан шуғулланиб келдик.

Ҳар куни митинг, ҳар куни тўй бўлди. Иқтисодиёт, туризм ва бошқа муҳим соҳалар эътибордан четда қолди", деган у.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
president.uz
Amirsoy" tog‘-chang‘i kurortini ko‘rib, hayratda qoldim. Hamkasbim Shavkat Mirziyoyev yuqori darajadagi bu bazani noldan boshlab qurdi. Gap yo‘q, barakalla.
Sadir Japarov
Qirg'iziston przidenti (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Садир Жапаров ҳайратини яширмаган ва Ўзбекистон президентини мақтаган.

"Амирсой" тоғ-чанғи курортини кўриб, ҳайратда қолдим. Ҳамкасбим Шавкат Мирзиёев юқори даражадаги бу базани нолдан бошлаб қурди. Гап йўқ, баракалла", деган у.

Қирғизистон президенти "Амирсой"даги хизмат кўрсатиш даражаси Европаникидан кам эмаслигини таъкидлаган.

Ўзбекистон президенти веб сайти икки давлат етакчилари "икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, шунингдек, халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорлик юзасидан фикр алмашдилар", деб ёзганди.