Блогер Олимжон Ҳайдаров қаттиқ тартибли колонияга жойлаштирилгани айтилди. Расмийлар аниқ маълумот бермаётир Янгиликлар O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Oliy sud
Оила аъзоларининг Би-би-сига хабар қилишича, товламачиликда айбланиб 8 йилга қамалган блогер Олимжон Ҳайдаров Қашқадарёдаги қаттиқ тартибли колонияга жойлаштирилган. Бу суд ҳукмига зид бўлиши мумкин.
Маълум бўлишича, декабрь сўнггида аппеляция шикояти қаноатлантирилмаган блогер Олимжон Ҳайдаров 11 январь куни оила аъзолари билан телефон орқали боғланган.
Укаси Салимжон Ҳайдаровнинг Би-би-сига билдиришича, пайшанба тонггида оила аъзоларига қўнғироқ қилган блогер ўзининг Косон туманидаги 10-сонли "қаттиқ тартибли колония"да эканини айтган.
Ваҳоланки, Би-би-си ихтиёридаги суд ҳукмида блогер Ҳайдаров жазо муддатини умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланган.
"Ўтган ҳафта Фарғонадан Тошкентга жўнатилган эди, бошқа турмаларга юбориш учун 15 кун ўша ерда бўлади, дейишганди. Лекин чоршанба куни адвокатимиз Тоштурмага кирганда, "бу ерга келмади, энди келади", деб айтган экан. Кейин қидиришни бошладик, интернетга постлар қўйилди. Бугун эрталаб эса Олимжон дадамга қўнғироқ қилди ва Косондаги 10-сонли қамоқхонада қаттиқ тартибда ушлаб турибди, деб айтди", деди Салимжон Ҳайдаров Би-би-си билан суҳбатда.
11 январь куни эрталаб икки дақиқача давом этган қўнғироқ тафсилотлари ҳақида сўзлаган кенжа Ҳайдаровнинг маълум қилишича, блогер ўзининг аҳволи яхши экани ҳақида гапирган.
Алоқадор мавзулар:
- Суд бошланди: Фарғонада блогер Олимжон Ҳайдаров судида Қўқон ҳокими жабрланувчи ўлароқ иштирок этгани айтилди - Янгиликлар
- Ўзбекистон. #Фикр_полицияси: Блогер Олимжон Ҳайдаровнинг жаримага тортилиши нега хавотирланарли?
- ‘Блогерлар ишлариʼ умумий статистикада бир фоиз ҳам эмас – махфийликда сақланаётган Олимжон Ҳайдаров ҳибсхонадан қандай мактуб чиқарди? Янгиликлар - Ўзбекистон Видео
Қаттиқ тартиблидами ё умумий?
1 декабрь куни Фарғона туман суди Ҳайдаровни туҳмат, ҳақорат ва товламачиликда айбдор деб топиб, узил-кесил 8 йилга озодликдан маҳрум этган эди.
Би-би-си ихтиёрида мавжуд суд ҳукмида мазкур жазо муддати умумий тартибли колонияларда ўталиши белгилаб қўйилган.

Сурат манбаси, Screenshot/Courtesy
Би-би-си вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати билан боғланди.
Хизмат раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов блогер Олимжон Ҳайдаров Косон туманидаги 10-сонли жазони ижро этиш колониясига жойлаштирилгани тўғрисидаги хабарни на тасдиқлади, на инкор этди.
"Бизда мавжуд маълумотларга кўра, жазони ижро этишга қаратилган ҳаракатлар қонун доирасида ҳамда белгиланган тартибда амалга оширилмоқда. Ваколатли органларнинг ҳаракатларидан норози томон ўрнатилган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга", деб ёзди Ғиёсов Би-би-си саволига жавобан.
ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти вакили ҳам Би-би-си йўллаган саволга қисқа жавоб бериш билан чекланди.
Вакилнинг таъкидлашича, маҳкум суд ҳукмида қандай белгиланган бўлса, шу тартибда жазо муддатини ўтайди.
"Жазони ижро этиш муассасаларининг барчасида инсон ҳуқуқлари таъминланган, хавотирга ўрин йўқ. Мунтазам равишда Омбудсман мониторинги ўтказиб борилади", қўшимча қилди у.
"Бу - қаттиқ тартибли колония"

Расмийлардан мазкур масалада аниқ маълумот олишнинг имкони бўлмагани ортидан Би-би-си Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси, ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташановга юзланди.
Ташанов блогер Олимжон Ҳайдаров билан юзага келган мубҳам вазиятга мустақил равишда ойдинлик киритишга ҳаракат қилганини билдирди.
Ҳуқуқ фаоли ўз ихтиёрида Ҳайдаров жазо муддатини, ҳақиқатан ҳам, Косон туманидаги 10-сонли жазони ижро этиш колониясида ўтаётганига доир маълумотлар мавжудлигини тилга олди.
Ташановнинг сўзлашича, мазкур колония қаттиқ тартибли ҳисобланади.
"Аммо биздаги маълумотларга кўра, бу ерда умумий тартибли сектор ҳам мавжуд. Эҳтимол, шу секторга жойлаштирилгандир. Шундай бўлсада, суд ҳукмида умумий тартибли колония, дейилишига қарамай, бундай қилингани тушунарсиз", деди ҳуқуқ фаоли Би-би-сига.
Эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистонда фаолият юритаётган жазони ижро этиш муассасалари тўғрисида очиқ маълумотлар йўқ ҳамда улардаги тартиб ва шароитларни мустақил ўрганишнинг имкони мавжуд эмас.
Умумий ва қаттиқ тартибли - фарқи нимада?
Ўзбекистонда, асосан, беш турдаги жазони ижро этиш колониялари мавжуд: манзил-колониялар, умумий тартибли колониялар, қаттиқ тартибли колониялар, махсус тартибли колониялар ва тарбия колониялари.
Озодликдан маҳрум этилган шахслар жиноят содир этилишига қараб, ўз жазо муддатини муайян тартибли колонияда ўтайди.
Колонияларда жазони ўташ шартлари "Жиноят-ижроия кодекси" билан тартибга солинади.
Ушбу кодексга кўра, умумий тартибли колонияларда жазони ижро этиш шартлари қуйидагича:
- Маҳкумлар умумий турар жойларда яшайдилар;
- Маҳкумлар белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 70,3 фоизигача бўлган суммага озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олишлари мумкин;
- Маҳкумлар йил мобайнида:
Қаттиқ тартибли колониялар эса умумий тартибли колониялардан жазони ижро этишнинг қуйидаги шартлари билан фарқ қилади:
- Маҳкумлар умумий турар жойларда яшайдилар;
- Маҳкумлар белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 52,7 фоизигача бўлган суммага озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олишлари мумкин;
- Маҳкумлар йил мобайнида:
Асосан, Фарғона водийсидаги ижтимоий-иқтисодий мавзуларни ёритиши билан танилган блогер Олимжон Ҳайдаров ўтган йилнинг июль ойида товламачиликда гумонланиб қўлга олинган эди.
1 декабрь куни суд блогерни Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат) 2-қисми, 3-қисми "а" банди, 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) 3-қисми "а" банди ва 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисми "б" бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди.
Мазкур айбловлар асосида 8 йилга озодликдан маҳрум этилган Ҳайдаров суд қарори устидан аппеляция шикояти киритган.
Бироқ ўтган йилнинг декабри охирида унинг аппеляция шикояти қаноатлантирилмаган.
Кўплаб жамоатчи фаоллар Ҳайдаровга нисбатан илгари сурилган расмий айбловларга ишончсизлик билдирган, унинг қамалишини мамлакатда матбуот вакиллари эркинлиги билан боғлиқ вазият абгорлашаётгани даракчиси ўлароқ кўришини билдирганлар.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














