Суд бошланди: Фарғонада блогер Олимжон Ҳайдаров судида Қўқон ҳокими жабрланувчи ўлароқ иштирок этгани айтилди - Янгиликлар Yangiliklar

Сурат манбаси, Olimjon Haydarov
Фарғона туманида таниқли блогер Олимжон Ҳайдаров устидан маҳкама жараёни бошланди. Би-би-сига маълум бўлишича, прокурор ва жабрланувчиларнинг қаршилиги асосида суд залида ёзиб олувчи қурилмалардан фойдаланишга рухсат берилмаган.
31 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона тумани судида блогер Олимжон Ҳайдаровга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бошланган.
"Адвокатларимиз судда журналист-блогерлар иштирок этишини сўраб илтимоснома киритишган эди. Суд бунга розилик берди, лекин жабрланувчилар ва прокурор қаршилиги билан видео-аудио ёзувлар бўлмаслигини айтди", - дея Би-би-сига хабар қилди блогернинг укаси Салимжон Ҳайдаров.
Унинг маълум қилишича, судда аввалига жабрланувчиларнинг кўрсатмалари тингланган, сўнг Олимжон Ҳайдаровга сўз берилган.
"Ҳамма айбловлар нотўғри, ҳаммаси уюштирилган, деди. Бор гапиргани шу".
Олимжон Ҳайдаров шу йилнинг 29 июль куни ҳибсга олинган эди.
Ҳибс ортидан Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ёйинлаган хабарда блогер товламачилик устида қўлга олингани маълум қилинган.
Расмий хабарда Олимжон Ҳайдаров Қўқондаги савдо комплекси расмийларидан салбий мазмундаги мақолани интернетда тарқатмаслик эвазига $10 минг талаб қилгани айтилган.
"…умумий қийматда 7,5 минг АҚШ долларини қўлга киритиб, қўшимча 2.500 АҚШ долларини олаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган", дейилганди Фарғона вилоят ИИБнинг 29 июлдаги хабарида.

Сурат манбаси, Social media
Янги айбловлар
Аввалроқ блогер устидан тергов 10 октябрь куни тугаллангани маълум бўлганди.
Маҳаллий сайтларнинг расмийларга таяниб ёзишича, тергов органи Олимжон Ҳайдаровга нисбатан товламачилик билан бир қаторда қуйидаги янги айбловларни илгари сурган:
Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми (Оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш), 139-моддаси 3-қисми "а" банди (Оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш), 140-моддаси 3-қисми "а" банди (Жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш), 165-моддаси 2-қисми "а" "б" бандлари (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, кўп миқдорда товламачилик қилиш).
Олий суднинг очиқ порталидаги маълумотларда Ҳайдаровга оид жиноят ишида беш нафар шахс жабрланувчилар рўйхатида экани, улар орасида Қўқон шаҳри ҳокими Маъруф Усмонов ҳам борлигини кўриш мумкин.
Салимжон Ҳайдаровнинг сўзларига кўра, суд маҳкамасида сўз олган ҳоким блогер унга нисбатан туҳмат уюштирганини даъво қилган.
"Усмонов шаҳардаги бекатларни $2-3 мингга сотиб юборган, деб акам унга нисбатан туҳмат қилганини важ қиляпти", сўзлайди Ҳайдаровнинг укаси.

Салимжон Ҳайдаров, шунингдек, акаси ҳибсга олинганидан буён расмийларнинг турли важлари ортидан у билан кўриша олмагани, суд залида эса унинг соғлиги жойида экандек кўрингани ҳақида гапирди.
Бир вақтнинг ўзида, Олимжон Ҳайдаров ишида гувоҳ ўлароқ иштирок этаётганини билдирган маҳаллий блогер Би-би-сига суд маҳкамаси жабрланувчилар илтимоси билан "ёпиқ ўтаётганидан таажжубда" эканини таъкидлади.
"Жабрланувчилар суддаги маълумотларни оммадан яширишга уринишяпти, ҳеч ким билмасин, деб ҳаракат қилишяпти. Ҳаммаси халқ хизматидаги одамлар. Нимани яширишяпти ҳайронман".
Асосан Фарғона водийсидаги муҳим аҳамиятга молик ҳолатларни ёритиб келиши ортидан охирги йилларда жамоатчиликка яхши танилган блогернинг ҳибсга олиниши ижтимоий тармоқни жунбишга келтирган.
Ўшанда кўплаб тармоқ фаоллари Ҳайдаровни яқиндан таниши, расмийлар унга нисбатан келтирган айбловларга ишонмаслигини таъкидлашганди.
Ҳибсхонадан мактуб
Қамоққа олинганидан буён блогернинг аҳволи ёки унинг ишига доир тафсилотлар жамоатчиликка ошкор этилмаган бўлса-да, август ойида АОКАда ўтган микрофонсиз учрашувда Би-би-сига гўё Ҳайдаровнинг "товламачилик қилганини далилловчи оператив тасвирлар" намойиш этилди.
Давомийлиги беш дақиқадан кўпроқ бўлган тасвирларда блогернинг жиноят ишида жабрланувчи ўлароқ кўрсатилган шахслар билан ўзаро мулоқоти ҳамда қўлга олиниш жараёни муҳрланган.
Видео якунида юзи кўрсатилмаган шахс Ҳайдаровнинг шахсий автомобили олд ўриндиғига оқ рангдаги конверт ташлагани кўринади, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, тезкор ходимлар блогер қўлига кишан тақади.
Блогер устидан суд бошланишидан бир неча кун аввал қатор фаоллар бу оператив тасвирлар тор доирада бошқа маҳаллий журналистларга ҳам намойиш этилгани ҳақида ёзган.
"Чинданам, нега Ҳайдаровнинг қўлга олиниши операциясидан тайёрланган видео фақат 3-4 журналистга қўйиб берилди, нега ҳаммага эмас? Тергов сири дейилса, нега тор доирада қўйиб берилди, сирлилиги қани ишни, қани бу ерда айбсизлик презумпцияси? Ўнгигаям, тескарисигаям на мантиқ, на қонунларга тўғри келмаяптику", дея Фейсбукдаги ўз саҳифасида сўраган журналист Илёс Сафаров.
Би-би-сида мазкур тасвирлар қандай шароитда олинганини мустақил текшириш имконияти бўлмади.

Сурат манбаси, Olimjon Haydarov
12 октябрь куни Озодлик Радиоси Олимжон Ҳайдаров тергов хибсхонасидан мактуб чиқаргани ва унда ўзининг қўлга олиниш жараёнини тасвирлаб бергани ҳақида хабар берган.
"Менга нисбатан очилган иш оддий товламачилик иши эмас. ДХХ, ИИБ менинг телефон қўнғироқларимни эшитиш орқали мен билан шартнома қилмоқчи бўлган, ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилган тадбиркордан катта эҳтимол билан "ихтиёрий" ариза ёзиши "илтимос" қилинган. Нормал товламачилик ишларида бундай бўлмайди, тадбиркор ўзи келиб , ўзи шартнома таклиф қилиб келишувдаги пулни ярмини бериб, кейин ариза ёзмайди. Бу иш тўлиқ сиёсий характерда бўлиб, охирги кунларда Қўқондаги айрим амалдорлар фаолиятини кескин танқид қилишим натижасида буюртма тадбири деб ҳисоблайман", дея Ҳайдаровдан иқтибос келтирган ушбу хат нусхаси таҳририят ихтиёрида мавжудлигини билдирган Озодлик Радиоси.
Озодлик Радиоси эълон қилган мактубдан парчаларда блогер қўлга олиш вақтида ўз ҳуқуқлари бузилганини ҳам таъкидлаган.
"Аввалдан одам йиғилишини олдини олиш мақсадида ГАИ ходимлари ҳам тадбирга жалб қилинган бўлиб, тадбир давомида табиий холис гувоҳларни воқеа жойидан қасддан кетишга мажбурлашди, ИИБ ходимлари ўзлари билан олиб келган махсус гувоҳларгина ўша ерда қолишди. Мен тадбир вақтида улар олиб келган адвокатдан фойдаланишдан бош тортиб ўзимга таниш адвокатга алоқага чиқишни сўрадим, лекин ИИБ ходимлари алоқа воситаларимни тортиб олиб, мени тадбир вақтида холис адвокат хизматидан фойдаланиш хуқуқимдан махрум қилишди".
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













