Би-би-си меҳмони-Шароф Бошбеков

BBCUzbek.com ўқувчиларининг саволларига таниқли ўзбек драматурги Шароф Бошбеков жавоб беради.
Шароф Бошбеков 1951 йил 4 январда Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида таваллуд топган.
Булунғурдаги Пушкин номли 60-ўрта мактабни битириб, Островский (ҳозирги Маннон Уйғур) номли Тошкент театр ва рассомчилик институтининг мусиқали драма актёри бўлимига ўқишга киради.
Институтни тамомлагач, Муқимий номидаги мусиқали комедия театрида 10 йил актёр бўлиб ишлаган.
1980 йилда илк пъесаси -"Тақдир эшиги" "Ёш гвардия" театрида саҳнага қўйилади.
Шундан сўнг "Тикансиз типратиконлар" , "Тушов узган тулпорлар" сингари пъесалари бирин-кетин республика театрларида томошабинлар ҳукмига ҳавола этилган.
1989 йилда аввалига Тошкентдаги сатира театри, кейин эса бошқа театрларда саҳнага қўйилган "Темир хотин" асари катта шуҳрат қозонган.
Адиб Ўзбекистон пахта далаларидаги қулларча меҳнат тасвирланган ушбу асари учун 1990 йилда Ҳамза номидаги давлат мукофоти ва Бишкекда ўтган Бутуниттифоқ театр танловининг гран приси билан тақдирланган.
Шу йили "Темир хотин" Фарғона вилоят театри актёрлари ижросида Москвадаги "Халқлар дўстлиги" театрида уч кун намойиш этилган ва 1991 йилда кино экранларига чиққан.
Шароф Бошбеков 20га яқин пъеса ва киносценарийлар ҳамда "Чархпапак" телевизион сериали муаллифи.
3 фарзанди, 9 набираси бор.
Би-би-си: Самарқанддан Фотима ёзибдилар: "Ассалому алайкум Шароф ака, ижодингизни қаттиқ ҳурмат қиламан, менинг саволим куйидагича: нега охирги вақтларда Ўзбек киноси учун кам ижод қилаяпсиз, сизга нима халақит беряпти?". Марҳамат.
Шароф Бошбеков: "Яхши от кейин чопади" деган гап бор. Агар жиддий гапирадиган бўлсам, нега энди, ёзаяпман, кейинги йилларда "Ўйин", "Сирли сиртмоқ" деган филмларга сценарийлар ёздим ва бу филмлар экран юзини кўрди. Ижодим бир кун ҳам тўхтагани йўқ. Вақтли матбуотда чиқишлар қиляпман. "Янги авлод" нашриётида 6 та киносценарийдан иборат сценарийлар тўпламим чиқаяпти. Бунинг ҳаммаси иш-да!.
Би-би-си: Исмини қўймаган тингловчимиз "Темир хотин" жуда долзарб эди, ҳозирда "Темир миллат" филмига пъеса режалаштираяпсизми?" деб сўрабди.
Шароф Бошбеков: Йўқ. Лекин "Темир ватанфуруш" ҳақида пъеса ёзмоқчиман, кўпдан бери ўйлаб юрибман. Ватанни онага қиёс қиламиз-да. "Бўйингиз пакана экан, юзингиз чўтир экан" деб онангизни ташлаб кетмайсиз-ку?!. Жамият ҳам одамга ўхшаган гап. Хаста бўлиши мумкин, қийин аҳволга тушиб қолиши мумкин. Шунга дарров онасини ташлаб кетиши керакми?. Қарашиш керак, фарзандлик бурчини адо этиш керак, қийин аҳволга тушиб қолганда қочиб кетиш керак эмас. Онаси бир кун соғаяр, қайси юз билан келади, қайси юз билан онасини бағрига босади?. Ана шу ҳақда сценарий, пъеса бу. Нега темир, деган саволга, жони қаттиқ бўлади-да.
Би-би-си: Тоҳир исмли тингловчимиз:"Ассалому алайкум Шароф ака, сизга саволим шуки, ҳозирда кўпчилик тижорат филмларига берилиб кетган пайтда умрибоқий филмлар деярли яратилмаяпти.Ўша биз севган "Тўйлар муборак", "Суюнчи","Маҳаллада дув-дув гап" каби филмлар каби ҳаммани ўзига тортадиган филмлар кейинги пайтларда яратилмаяпти. Бу филмлар комедия жанрида ва ўша пайтларда ҳам тўсиқ бўлмаган, ҳозир ҳам бундай филмларни бемалол суратга олиш мумкин. Сизнингча, нима учун бундай филмлар яратилмаяпти?".
Шароф Бошбеков: Сиз санаб ўтган филмлар яратилганига 30 йил, 40 йил бўлди. Замон ўзгарди, томошабинларнинг онги ўзгарди. Санъатни тушуниш эстетикаси ўзгарди. Имоним комилки, яна 30 йилдан кейин "нега "Улфатлар", "Бойвачча"га ўхшаган филмлар яратилмаяпти?" деган савол туғилади. Бу филмлар ҳам кейинги авлодга ардоқли бўлиб қолади-да.
Би-би-си:Россия, Новосибирдан профессор Неъматжон Раҳимов Сизни 60 йиллик юбилейингиз билан табриклаб, сизга узоқ умр, мустаҳкам соғлик тилабдилар ва "қайта қуриш даврида яратган асарларингиз даражасидаги асарларни яна қачон қайта ўқиймиз ёки томоша қиламиз?", деб сўраяптилар. Марҳамат.
Шароф Бошбеков: Худо хоҳласа, Худо хоҳласа. Мен бу саволга қисман жавоб бердим.
Би-би-си: Яна Британиядан Озодий "охирги марта сизни UZTV1 каналида 198 йилда кўрганман, шундан кейин негадир кўринмай қолдингиз, ҳозирги ижодингиз ҳақида сўзлаб берсангиз", деяптилар. Қисман жавоб бердингиз, яна нималар билан машғулсиз Шароф ака, гапириб берсангиз.
Шароф Бошбеков: Энди 1997 йилда инсульт бўп қолдим. Ўшанда кўпчилик мени вафот қилганга чиқариб қўйишибди. Кейин "Ёшлар" телеканали раҳбарлари ўринсиз гап-сўзларга чек қўйиш мақсадида мендан илтимос қилишди. Мен "Ҳаёт давом этади" деган кўрсатувда чиқдим. Бундай гап-сўзлар барҳам топди. Кейин яна кўп таклифлар бўлди, гапиролмаганим учун рад қилдим-да. Ҳозир ҳам муҳтарам тингловчилар пайқаган бўлса керак, ҳозир ҳам қийналиб гапиряпман.
Би-би-си: Амстердамдан Элдор исмли тингловчимиз сизнинг "Темир хотин" асарингиз билан бугунги воқеълик ҳақида паралел ўтказибди: "Сиз бу асарни собиқ совет тузумини танқид қилиб яратганмисиз ёки қачонлардир бугунги кунни кўролганмисиз?".
Шароф Бошбеков: Мен бу асарни ҳеч қанақа тузум ҳақида ёзмаганман. Мен асосан шахсий кечинмаларим ҳақида ёзганман. Оналарим, опаларим, кеннойиларим бир умр пахтазорда ишлаган. Ҳатто битта кеннойим шундоқ эгатда кўз ёриган. Ўшалар тимсолида ўзбек аёлининг дардини, орзулари, қувончу аламларини қаламга олганман. Мақсад шу, у ёки бу тузумни танқид қилиш эмас мақсад.
Би-би-си: Жамшид ҳам шу маънода савол йўллаган: "Ассалому алайкум Шароф ака. Сиз СССР даврида "Темир хотин" киносини жуда ажойиб ишладингиз. Лекин мустақилликка чиққанимиздан кейин кўп аёллар мардикорчилик билан шуғулланаяпти. Ҳаттоки ёш болаларни мактабдан қолдириб, пахта тердираяпти. Нега ҳозир шунда кино олмайсиз, бунинг сабаби нима? Ҳозир СССР давридагидан баттар бўлиб ётибди-ку?!".
Шароф Бошбеков: Бу акамиз аламзада кўринади. Иши юришмаяпти шекилли, ёрдам бериш керак.
Би-би-си: Навбатдаги саволни Чикагодан Олим Шарипов йўллаган: "Сизнинг асарларингиз жуда ҳаётийлиги, халқ руҳига яқинлиги билан мени қойил қолдирган. Айтингчи, ҳозир ҳам ўзбек ёшлари орасида сизнинг даражангизда ёза оладиган драматурглар борми?".
Шароф Бошбеков: Нега, бор, бор. Театрда Эркин Ҳушвақтов деган драматург бор, телесериаллар бобида Равшан Қуддиевни мисол келтиришм мумкин. Ҳамма гап шундаки, мен ўзимнинг даражамни билмайман, буларнинг даражасини томошанбинлар белгилайди-да. Мен ўзимдан юқорими, пастми, буни бир нарса деёлмайман.
Би-би-си: Мадинадан Муттақий: "Темир хотин" ҳақиқатда ажойиб, тақдирлашга лойиқ асар. Айтингчи, мана шу асарингиз учун Сизга тазйиқлар бўлмаганми ҳеч?. Негаки, Ўзбекистонда хали - ҳозир далаларда мактаб болалари мажбуран ишлатиляпти!".
Шароф Бошбеков: Йў--ў-қ. Бунақа информацияни қаердан олган, билмайман, лекин менда бундай информация йўқ. Тазйиқ масаласида, Москвада бўлган. Москвада пахтага чиқарилган мактаб ўқувчилари бошига салафан ёпиниб, "самолёт, самолёт, қанотингни пастлаб ўт, қанотингга хат ёзай, Кремлга ташлаб ўт" деган жойини оп ташлаган, Москвадан. Ўзбекистонда халқимиз ҳам жуда илиқ кутиб олди, ҳукуматимиз ҳам. Ҳатто Президентнинг ўзлари ўз қўллари билан Ҳамза номидаги мукофотни топширганлар.
Би-би-си: Шароф ака, Сиз ҳозир болалар пахта далаларида мажбуран ишлатилмаяпти, демоқчимисиз?
Шароф Бошбеков: Ишлатмайди. Колхоз-совхоз деган нарсалар йўқ бўп кетди хабарингиз бўлса. Энди фермер хўжаликлари бор, фермер хўжаликлари оиласи билан далада эрта-ю кеч, бола-чақаси билан. Улар ўрта мактабнинг ўқувчилари бўлиши мумкин. Мен ҳам қишлоқда ўсганман, қишлоққа хали ҳам кўп бораман. Ундай фактлар йўқ. Мактаб болалари ота-онасига ёрдамлашяпти. Шунақа фактлар бор.
Би-би-си: Аммо ўтган йили ҳам вилоятларда талабалар 100 фоиз, мактаб ўқувчилари, айрим ерларда 5-синфдан юқориси пахтада эди.
Шароф Бошбеков: Менда унақа информация йўқ.
Би-би-си: Тушунарли. Ҳўжандлик тингловчитмиз Шамс Сизни жуда-.жуда ҳурмат қиламиз ва қадрлаймиз, деб ёзибдилар ва "Шимолий Тожикистон, Сўғд вилояти ўзбеклари маънавият ва маърифат Маркази бошқаруви ва фаоллари ўзбек элининг бу севимли драматургига Аллоҳ марҳамати ва муҳаббати зиёда бўлишлигини истаб қолади", деб тилак билдирибдилар. Савол: "Тожикистон ва Ўзбекистон орасидаги ўзбек ижодкорлари мулоқотида кейинги йилларда худди сиёсий мулоқотда кузатилгани сингари катта узилиш кўринади. Ўзбекистон драматургларининг асарлари Тожикистон Спитамен ноҳия театрида қўйилмоқда.Аммо ижодкорларнинг икки республика орасидаги қайноқ учрашувлари наҳот тарихда қолиб кетаверса?". Марҳамат.
Шароф Бошбеков: Шахсий борди-келдилар узилгани йўқ. Энди давлат миқёсида, бир замонлар декадалар бўларди, Ўзбекистонда Тожикистон декадаси, санъати ва адабиёти кунлари, Тожикистонда Ўзбекистон санъати ва адабиёти кунлари бўларди. Афсуски, бу кейинги пайтларда сусайиб қолди. Энди бу ижодкорларга боғлиқ нарсамас-да. Бу масала раҳбарият даражасида ҳал қилинадиган масала-да.
Би-би-си: Тингловчиларимиз ҳамда веб саҳифамиз ўқувчиларига тилакларингиз бўлса, марҳамат.
Шароф Бошбеков: Мен ўзини яхши кўрадиган одамман-да. Ўзини яхши кўрадиган одам ўзига нимани тиласа, мен ҳам муҳтарам тингловчиларга ўшани тилайман.
Би-би-си: Жавобларингиз учун ташаккур.































