Сунъий ақл аллақачон онгли бўлиб қолган бўлиши мумкин. Бунга тайёрмизми ўзи?

Робот

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Паллаб Гош
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Кабинага бироз иккиланиб кираман. Мусиқа садолари остида стробоскопик нурларни кутяпман – бу инсонни инсон қиладиган нарсани тушунишга қаратилган тадқиқот лойиҳасининг бир қисмидир.

Бу тажриба "Bladerunner" илмий-фантастик фильмидаги, сунъий, аммо ўзини инсон қилиб кўрсатадиган мавжудотлардан ҳақиқий инсонларни ажратиш учун мўлжалланган тестни эслатади.

Мен келажакдан келган роботману, аммо ўзим буни билмаслигим мумкинми? Синовдан ўта олармикинман?

Тадқиқотчилар бу тажриба аслида бу ҳақида эмаслигига мени ишонтиришди. Улар "Dreamachine" деб атаган қурилма инсон мияси дунёни қандай қилиб онгли идрок этишини ўрганиш учун мўлжалланган.

Стробоскопик нурлар бошланганида, кўзларим ёпиқ бўлса-да, икки ўлчамли геометрик шакллар айланаётганини кўраман. Бу худди калейдоскопга тушиб қолгандек, учбурчаклар, бешбурчаклар ва саккизбурчаклар узлуксиз ўзгариб туради. Ранглар жуда ёрқин, тиниқ ва доимий ўзгарувчан: пушти, тўқ қизил ва мовий ранглар неон чироқлари каби порлайди.

"Dreamachine" миянинг ички фаолиятини ялтироқ чироқлар ёрдамида юзага чиқаради, фикрлаш жараёнларимиз қандай ишлашини ўрганади.

Паллаб "Dreamachine" ни синаб кўрмоқда
Сурат тагсўзи, Паллаб "Dreamachine" ни синаб кўрмоқда

Тадқиқотчилар айтишича, мен кўраётган тасвирлар фақат менинг ички дунёмга ва шахсан ўзимга хос экан. Уларнинг фикрича, бу нақшлар онгнинг моҳиятини тушунишга ёрдам бериши мумкин.

Улар менинг шивирлаган овозимни эшитишади: "Бу жуда ажойиб, ғоят гўзал. Худди ўз онгим бўйлаб парвоз қилаётгандек!"

Сассекс университетининг Онгни ўрганиш марказидаги "Dreamachine" – бутун дунё бўйлаб инсон онгини текшираётган кўплаб янги тадқиқот лойиҳаларидан биридир. У онгимизнинг ўзликни англаш, фикрлаш, ҳис қилиш ва дунё ҳақида мустақил қарор қабул қилиш имконини берадиган қисмини ўрганади.

Онгнинг табиатини ўрганиш орқали тадқиқотчилар сунъий интеллектнинг кремнийли миясида нималар содир бўлаётганини чуқурроқ англашга умид қилмоқда. Баъзилар сунъий интеллект тизимлари тез орада мустақил онгли бўлиб қолишига, ҳатто аллақачон шундай бўлиб қолган бўлиши мумкинлигига ишонишади.

Аммо онг аслида нима ва сунъий интеллект унга эришишга қанчалик яқин? Сунъий интеллект онгли бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тасаввур кейинги бир неча ўн йилликда инсониятни тубдан ўзгартириши мумкинми?

Илмий фантастикадан воқеликка

BBC
Biz bu g‘oyat murakkab narsalarni qurishda g‘alati holatdamiz, chunki ular qanday qilib ajoyib natijalarga erishayotganini tushuntiruvchi ma’qul nazariya yo‘q.
Myurrey Shanahan
Google DeepMind kompaniyasining bosh ilmiy xodimi (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Онгли машиналар ғояси илмий фантастикада узоқ вақтдан бери ўрганиб келинган. Сунъий интеллект ҳақидаги хавотирлар деярли юз йил олдин, робот ҳақиқий аёл қиёфасида тасвирланган "Метрополис" фильмига бориб тақалади.

Машиналарнинг онгли бўлиб қолиши ва инсонларга таҳдид солиши ҳақидаги қўрқув 1968 йилдаги "2001: Космик Одиссей" фильмида HAL 9000 компьютери космик кемадаги астронавтларни ўлдирмоқчи бўлганида кўрсатилган. Яқинда экранларга чиққан сўнгги "Имконсиз топшириқ" фильмида эса дунёга кучли мустақил сунъий интеллект таҳдид солади. Уни бир қаҳрамон "ўзини англайдиган, ўз-ўзини ўргатадиган, ҳақиқатни емирувчи рақамли паразит" деб таърифлайди.

Алоқадор мавзулар:

Бироқ яқинда реал дунёда машина онги ҳақидаги тушунчаларда кескин бурилиш юз берди. Ишончли манбаларда бу энди илмий фантастика эмас, деган хавотирлар пайдо бўлди.

Бу тўсатдан ўзгаришга телефонларимиздаги Gemini ва ChatGPT каби иловалар орқали фойдаланиш мумкин бўлган катта тил моделлари (LLM) деб аталадиган дастурларнинг муваффақияти сабаб бўлди. Сўнгги авлод LLMларнинг ишончли, эркин суҳбатлар олиб бориш қобилияти ҳатто уларнинг яратувчилари ва соҳадаги етакчи мутахассислари учун ҳам кутилмаган бўлди.

Баъзи мутахассислар орасида сунъий интеллект ақллироқ бўлгани сари, машиналар ичида тўсатдан "чироқлар ёнади" ва улар онгли бўлиб қолади, деган фикр тобора кенг тарқалмоқда.

Бошқалар, масалан, Сассекс университети жамоасини бошқарадиган профессор Анил Сет бу фикрга қўшилмайди ва бу қарашни "кўр-кўрона оптимистик ва инсонни мустасно кўришга майл" деб баҳолайди.

"Биз онгни ақл ва тил билан боғлаймиз, чунки улар инсонда бирга намоён бўлади. Аммо уларга биргаликда эга бўлишимиз, улар умуман олганда, масалан, ҳайвонларда ҳам шундай эканлигини англатмайди."

Хўш, онг аслида нима?

Қисқа жавоб: буни ҳеч ким аниқ билмайди. Бу профессор Сетнинг ёш сунъий интеллект мутахассислари, компьютер мутахассислари, нейрологлар ва файласуфлардан иборат жамоасидаги самимий, аммо қизғин баҳслардан яққол кўриниб турибди. Улар фан ва фалсафадаги энг муҳим саволлардан бирига жавоб топишга уринмоқда.

Онгни ўрганиш марказида кўплаб турли қарашлар мавжуд бўлса-да, олимлар бир масалада якдил: бу улкан муаммони "Dreamachine" каби бир қатор тадқиқот лойиҳаларида кўплаб кичикроқ масалаларга бўлиб ўрганиш керак.

XIX асрда жонсиз нарсаларни жонлантирган "ҳаёт учқуни"ни излашдан воз кечиб, тирик тизимларнинг алоҳида қисмларининг ишлаш тарзини ўрганишга ўтилганидек, Сассекс жамоаси ҳам энди онгга худди шундай ёндашмоқда.

мия скани

Улар онгли тажрибаларнинг турли хусусиятларини, масалан, электр сигналларининг ўзгариши ёки миянинг турли қисмларига қон оқимини тушунтирувчи мия фаолияти қонуниятларини аниқлашга умид қилмоқдалар. Мақсад мия фаолияти ва онг ўртасидаги оддий боғлиқликни излашдан ташқари, унинг алоҳида таркибий қисмларини батафсил ўзганишга ҳаракат қилишдир.

Онг ҳақидаги "Being You" китоби муаллифи профессор Сет илм-фан ҳақида етарли билимга эга бўлмасдан ёки оқибатларини ўйламасдан, технологик ўзгаришларнинг шиддатли суръатлари туфайли тез ўзгараётган жамиятга ошиғич кириб бораётганимиздан хавотирда.

"Биз келажакни гўё инсон ўрнини суперинсонлар муқаррар эгаллайдигандек тасаввур қиламиз," дейди у.

"Ижтимоий тармоқлар ривожланиши билан биз бу мавзуларни етарлича муҳокама қилмадик, бу эса жамоавий зараримизга сабаб бўлди. Аммо сунъий интеллект масаласида ҳали кеч эмас. Биз нимани хоҳлашимизни ўзимиз ҳал қила оламиз."

Сунъий ақл аллақачон онглими?

Аммо технология соҳасидаги баъзи мутахассислар компьютер ва телефонларимиздаги сунъий интеллект аллақачон онгли бўлиши мумкин ва биз уларга шундай муносабатда бўлишимиз керак, деб ҳисоблашади.

Google 2022 йилда дастурий таъминот муҳандиси Блейк Лемуанни ишдан четлатди, чунки у сунъий интеллект чатботлари нарсаларни ҳис қилиши ва потенциал азоб чекиши мумкинлигини таъкидлаган эди.

2024 йил ноябрь ойида Anthropic компаниясининг сунъий интеллект фаровонлиги бўйича ходими Кайл Фиш ҳаммуаллифликда сунъий интеллект онги яқин келажакда реал имконият эканлигини кўрсатувчи ҳисобот ёзди. Яқинда у The New York Times газетасига чатботларнинг аллақачон онглилиги эҳтимоли(15%) борлигига ишонишини айтди.

Унинг бунга ишонишининг сабабларидан бири шуки, ҳеч ким, ҳатто бу тизимларни ишлаб чиққан одамлар ҳам уларнинг қандай ишлашини аниқ билишмайди. Бу хавотирли, дейди Google DeepMind компаниясининг бош илмий ходими ва Лондон Империал коллежининг сунъий интеллект бўйича фахрий профессори Мюррей Шанаҳан.

"Биз аслида LLMларнинг ички ишлаш механизмини яхши тушунмаймиз ва бу маълум даражада хавотирга сабаб бўлади," дейди у Би-би-си билан суҳбатда.

Проф. Шанаҳаннинг таъкидлашича, технология компаниялари ўзлари яратаётган тизимларни тўғри тушунишлари муҳим ва тадқиқотчилар бунга долзарб масала сифатида ёндашмоқда.

"Биз бу ғоят мураккаб нарсаларни қуришда ғалати ҳолатдамиз, чунки улар қандай қилиб ажойиб натижаларга эришаётганини тушунтирувчи маъқул назария йўқ, – дейди у. – Уларнинг қандай ишлашини яхшироқ тушуниш эса уларни ўзимиз хоҳлаган йўналишга буриш ва хавфсизлигини таъминлаш имконини беради."

"Инсоният эволюциясининг кейинги босқичи"

Технология соҳасидаги кенг тарқалган қарашга кўра, LLMлар ҳозирда дунёни биз каби ҳис қилмайди ва эҳтимол, умуман англамайди. Аммо Пенсилвания штатининг Питсбург шаҳридаги Карнеги Меллон университети фахрий профессорлари бўлган эр-хотин Леноре ва Мануэл Блумнинг фикрича, бу ҳолат тез орада ўзгариши мумкин.

Блумларнинг сўзларига кўра, бу сунъий интеллект ва LLMлар камера ва сезгир сенсорларни (тегиш билан боғлиқ) сунъий интеллект тизимларига улаш орқали кўриш ва тегиниш каби реал дунёдан кўпроқ жонли маълумотларга эга бўлганда содир бўлиши мумкин. Улар мияда содир бўладиган жараёнларни такрорлашга уриниб, қўшимча сенсор маълумотларни қайта ишлайдиган Brainish деб номланган ўзининг ички тилини яратадиган компьютер моделини ишлаб чиқмоқдалар.

филмдан парча

Сурат манбаси, Getty Images

"Биз Brainish бизга маълум бўлган онг муаммосини ҳал қила олади деб ўйлаймиз," дейди Леноре Би-би-си билан суҳбатда. "Сунъий интеллект онги муқаррар."

Мануэл завқ-шавқ билан жилмайиб, ўзи ҳам пайдо бўлишига қатъий ишонган янги тизимлар "инсоният эволюциясининг кейинги босқичи" бўлишини айтади.

Унинг фикрича, онгли роботлар бизнинг авлодимиз. "Келажакда бундай машиналар Ерда ва эҳтимол, биз йўқ бўлганимизда бошқа сайёраларда мавжуд бўладиган зотлар бўлади."

Нью-Йорк университетининг фалсафа ва неврология фанлари профессори Дэвид Чалмерс 1994 йилда Аризона штатининг Туксон шаҳрида бўлиб ўтган конференцияда ҳақиқий ва зоҳирий онг ўртасидаги фарқни таърифлади. У миянинг ҳар қандай мураккаб операциялари қандай қилиб ва нима учун онгли тажрибани келтириб чиқаришини, масалан, булбул сайрашини эшитганимизда ҳиссий реакциямизни ўрганишнинг "қийин муаммоси"ни ўртага ташлади.

Проф. Чалмерс «қийин муаммо»нинг ҳал бўлиш имконияти борлигини айтади.

"Инсониятга ҳам бундан янги ақл-идрок ютуқлари насиб қилса, ана шу идеал натижа бўларди," дейди у Би-би-си билан суҳбатда. "Эҳтимол, бизнинг миямиз сунъий интеллект тизимлари билан кучайтирилар."

Бунинг илмий-фантастик оқибатлари ҳақида у киноя билан шундай дейди: "Менинг касбимда илмий фантастика ва фалсафа ўртасида нозик чегара бор."

'Этли компьютерлар'

Бироқ, профессор Сет ҳақиқий онг фақат тирик тизимларда бўлиши мумкинлиги ғоясини ўрганмоқда.

"Онг учун ҳисоблаш эмас, балки тирик бўлиш етарли эканлиги ҳақида ишончли далил келтириш мумкин," дейди у.

"Мияларда, компьютерлардан фарқли ўлароқ, уларнинг нима қилиши ва нима эканлиги ўртасидаги чегара ноаниқ." Унинг фикрича, шу ноаниқлик туфайли мияларни "шунчаки этли компьютерлар" деб ҳисоблаш қийин.

Асаб ҳужайралари

Агар профессор Сетнинг ҳаёт муҳимлиги ҳақидаги интуицияси тўғри бўлса, энг эҳтимолий технология компьютер кодида ишлайдиган кремнийдан эмас, балки ҳозирда лабораторияларда ўстирилаётган ясмиқ донаси катталигидаги майда нерв ҳужайралари тўпламидан иборат бўлади.

Оммавий ахборот воситаларида "мини-мия" деб аталаётган бу тизимларни илмий ҳамжамият "мия органоидлари" деб номланайди ва мия қандай ишлашини ўрганиш ҳамда дори-дармонларни синаш учун қўлланади.

Австралиянинг Мелбурндаги Cortical Labs ширкати ҳатто 1972 йилги Pong видео ўйинини ўйнай оладиган идишдаги нерв ҳужайралари тизимини ишлаб чиқди. Гарчи бу онгли тизимдан жуда узоқ бўлса-да, "идишдаги мия" деб аталадиган нарса пикселли тўпни қайтариш учун ракеткани экранда юқорига ва пастга ҳаракатлантиради.

Баъзи мутахассислар фикрича, агар онг пайдо бўлса, у ушбу тирик тўқима тизимларининг каттароқ, ривожланган версияларидан келиб чиқиши мумкин.

Cortical Labs онгнинг пайдо бўлишига ўхшаш ҳар қандай сигнални аниқлаш учун уларнинг электр фаоллигини кузатиб боради.

Ширкатнинг бош илмий ва операцион директори доктор Бретт Каган ҳар қандай пайдо бўлган бошқариб бўлмас интеллектнинг "бизникига мос келмайдиган" истаклари бўлиши мумкин дейди. Бундай ҳолатда, дейди у, ярим ҳазил қилиб, эҳтимолий органоид ҳукмронлигини енгиш осонроқ бўлади, чунки нозик нейронларни йўқ қилиш учун "доим парчаловчи модда" бор.

Жиддийроқ оҳангга қайтиб, у сунъий онгнинг кичик, аммо сезиларли таҳдиди бор экан, бу соҳадаги йирик ўйинчилар кўпроқ эътибор қаратиши керак дейди, лекин "афсуски, биз бу соҳада ҳеч қандай жиддий саъй-ҳаракатларни кўрмаяпмиз".

Онг иллюзияси

Бироқ, энг долзарб муаммо машиналарнинг онгли эканлиги ҳақидаги иллюзиянинг бизга қандай таъсир қилишидир.

Бир неча йилдан сўнг биз онгли бўлиб туюладиган одамсимон роботлар ва сохта тасвирлар дунёсида яшаётган бўлишимиз мумкин, дейди профессор Сет. У сунъий интеллект ҳис-туйғу ва ҳамдардликка эгалигига ишонишдан ўзимизни тия олмаслигимиздан хавотирда. Чунки бу янги хавфларга олиб келиши мумкин.

"Бу шуни англатадики, биз бу нарсаларга кўпроқ ишонамиз, улар билан кўпроқ маълумот алмашамиз ва уларнинг таъсирига кўпроқ бериламиз."

Аммо онг иллюзиясидан келиб чиқадиган катта хавф – "ахлоқий емирилиш," дейди у.

"Бу бизнинг ахлоқий танловларимизни бузиб, ҳаётимиздаги асл нарсалар ҳисобига ушбу тизимларга ғамхўрлик қилишга кўпроқ ресурсларимизни сарфлашга мажбур қилади", яъни биз роботларга раҳм-шафқатли бўлишимиз, лекин бошқа одамларга камроқ эътибор беришимиз мумкин.

Бу бизни тубдан ўзгартириши мумкин, дейди профессор Шанаҳан.

"Инсон муносабатлари сунъий интеллект муносабатларида тобора кўпроқ такрорланмоқда, улар ўқитувчилар, дўстлар, компьютер ўйинларида рақиблар ва ҳатто романтик жуфтлар сифатида ишлатилмоқда. Бу яхшими ёки ёмон, билмайман, лекин бу содир бўлади ва биз бунинг олдини ололмаймиз."