Мубашшир Аҳмад қамоқ жазосига ҳукм этилди

Айбланувчининг ҳимоячилари суд жараёнини ёритиш учун KUN.uz ва Азон Глобал нашрларига рухсат берилиши юзасидан судяга илтимос киритди.
Сурат тагсўзи, Айбланувчининг ҳимоячилари суд жараёнини ёритиш учун KUN.uz ва Азон Глобал нашрларига рухсат берилиши юзасидан судяга илтимос киритди.
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани судида чоршанба куни таниқли диний олим Мубашшир Аҳмадга ҳукм ўқилди. Асл исми Алишер Турсунов бўлган фаол 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Турсунов Жиноят кодексининг 156-моддаси (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш); 244−1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244−3-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор топилди.

У жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.

Шунингдек, Турсуновнинг Facebook, Instagram саҳифалари, Telegram канали, ҳамда YouTube даги Mubaşşir Ahmad ва Azon Global — Муқобил ахборот-таҳлилий канали номли саҳифалари блокланиши буюрилди.

19 август - Тошкентда Мубашшир Аҳмад маҳкамаси бошланди

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистон пойтахтининг Учтепа тумани Жиноят ишлари бўйича судида диний блогер ва уламо Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов) устидан кутилган маҳкама жараёни бошланган.

Судланувчи ўзига қўйилган айбловлардан бири, яъни 243.1 моддаси бўйича ифодаланадиган ва диний материаллар тарқатишга оид айбловни тан олган.

У сўнгги икки йил давомида Туркияда яшагани ва бу давр давомида Ўзбекистондаги Диний Қўмита тасдиқламаган диний материалларни тарқатганини айтган.

Айни пайтда, унга нисбатан 243.1 моддаси қаторида 244.1 ва 156.2 моддалари бўйича ҳам айбловлар илгари сурилмоқда.

Унинг ҳимоячилари ушбу айбловлар бўйича гувоҳларнинг фикрларини талаб қилишган.

Бироқ айни суд мажлисига сўралган гувоҳлар келмаган ва шу боис жараён келаси 8 Сентябрга қолдирилган.

Мубашшир Аҳмаднинг ҳимоячиси Абдуллоҳ Содиққа кўра, Азон Глобал Туркияда фаолият юритувчи ОАВ сифатида Ўзбекистон Диний қўмитасидан диний мазмундаги материаллари учун рухсат олишга мажбур эмас.

Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов) Азон вақфи кенгаши раиси ва Азон Глобал таҳлилий ахборот портали асосчиси ҳамдир.

Судни кузатган Би-би-си мухбирига кўра, 19 августда бошланган маҳкама жараёни очиқ ўтган. Унда судланувчининг яқинлари, фаоллар, кузатувчилар ва журналистлар дохил 50 чоғли одам қатнашган.

Ҳакам жараён давомида эслатмалар ёзишга рухста берган, бироқ видеокамера, телефон ва овоз ёзиш мосламалари тақиқланган.

Суд мажлисига тахминан 50га яқин кузатувчи ва фаоллар ташриф буюрган эди.
Сурат тагсўзи, Суд мажлисига тахминан 50га яқин кузатувчи ва фаоллар ташриф буюрган эди.

Мубашшир Аҳмад ким?

Мубашшир Аҳмад Ўзбекистонда диний воиз сифатида танилган. У ислом диний таълимоти, Қуръон тафсири, ханафий мазхаби фиқҳи ва нақшбандия тасаввуфи бўйича чуқур билимларга эга олим сифатида билинади.

Турли қатламлар орасида замонавий медиа воситалари орқали диний таълимни халқ орасида тарқатишни ёқлаши билан машҳур. Диний жамоатчилик орасида эса, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг шогирди сифатида эътироф этилган.

Ёшлар орасида диний билимлар улашадиган Azon ТВ орқали машҳур.

Алишер Турсунов (Мубашшир Аҳмад) жорий йил 8 май куни Истанбулдаги ўз уйидан гумонланувчи сифатида олиб кетилганди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ 13 май куни - Туркияда 8 май куни қўлга олингандан кейин10 май куни Ўзбекистонга депортация қилинганини маълум қилганди. Шундан кейин у бир қатор айбловлар билан ҳибсга олинган эди.

18 июль - Мубашшир Аҳмад тергови якунланиб, унга янги айблов қўшилгани айтилмоқда

Mubashshir Ahmad

Сурат манбаси, Azon Global

Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний олим Алишер Турсунов тергов иши якунланди. Тергов сўнггида Мубашшир Аҳмадга янги модда қўшилгани айтилмоқда.

У асос солган Azon Global жамоасининг BBCга юборган баёнотида айтилишича, Мубашшир Аҳмаднинг тергов иши якунланиб, Тергов идораси ишни кўриб чиқиш учун Бош прокуратурага юборди.

"Бош прокуратурадаги манбамизга кўра, Турсуновнинг ишига ЖКнинг 156-моддаси – Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш бўйича янги айблов қўшилган. Бунга эса, Мубашшир Аҳмаднинг сўнгги вақтларда Хитойнинг Ўзбекистонда сезиларли фаоллашгани ва Миллий боғда ўз байроқлари билан намойиш ўтказганидан норози бўлиб Facebook тармоғида ёзган пости далил қилиб кўрсатилган", дейилади баёнотда.

Azon Global лойиҳалари бош директори Нўъмон Абдулмажид Алишер Турсуновнинг адвокати ҳам ушбу модда қўшилганини тасдиқлаганини айтди.

Алоқадор мавзулар:

Бунгача ИИВ берган расмий хабарда Алишер Турсуновга "нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244 прим 1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244 прим 3-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди", дейилганди.

BBC ҳолатга изоҳ беришни сўраб, Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматига мурожаат қилди.

Azon Global ДХХдаги бошқа бир манбасига таяниб, Турсуновга янги модда қўшилгани юқоридан келган "таълимот" асосида бўлганини айтган.

"10 кунлар аввал Алишер Турсуновни ўзи сақланаётган Давлат хавфсизлик хизмати марказий тергов ҳибсхонаси (Гвардейский)даги тергов давомида унинг фаолиятида ҳеч қандай жиноят аломатлари топилмагани учун ишни якунлаб, озод этишмоқчи бўлган, бироқ юқоридан келган қатъий таълимот асосида янги 156-модда қўшилган, Турсуновга аввал қўйилган моддалар бўйича айблов ҳам ўз кучида қолдирилган", дейилади хабарда.

Azon Global Турсуновни Туркиядан "олиб келган кучларнинг нияти жиддийлигини, уни узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш режаси борлигини" тахмин қилган.

Дорилар Туркиядан юборилмоқда

Azon Global лойиҳалари бош директори Нўъмон Абдулмажиднинг BBC га айтишича, Мубашшир Аҳмаднинг соғлиғи яхши эмас.

"Биз охирги мурожаатда айтдик, домлани олдин бизга айтишганидек, алоҳида шароитли жойда эмас, умумий камерада сақлашяпти. Умумий камерада атайин ҳамма чекувчилар билан бирга сақлашяпти. Дорилар вақтида етказилаётганига шубҳа бор", дейди у.

Нўъмон Абдулмажиднинг айтишича, Мубашшир Аҳмад учун дориларни яқинлари Туркиядан олиб келтирмоқда.

Баёнотда айтилишича, 51 яшарли диний уламо Алишер Турсунов қандли диабетнинг оғир туридан азият чекади. Муттасил юқори қон босими, буйрак етишмовчилиги унга ёндош касалликлар билан юради.

Туркиядан депортация

Azon вақфи кенгаши раиси ва Azon Global ахборот-таҳлилий портали асосчиси диний уламо Алишер Турсунов (Мубашшир Аҳмад) жорий йил 8 май куни Истанбулдаги ўз уйидан гумонланувчи сифатида олиб кетилганди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ 13 май куни Туркияда 8 май куни қўлга олингандан бери хабари чиқмаган Алишер Турсуновнинг 10 май куни Ўзбекистонга депортация қилинганини маълум қилганди.

Хабарда Алишер Турсуновнинг нисбатан жиноий иш очилгани ва ҳозир у Ўзбекистонда қамоққа олингани айтилди.

Расмий хабардан Турсуновга очилган жиноий иш унинг журналистик фаолиятига бевосита боғлиқлигини англаш мумкин.

"А.Турсуновнинг таъсислигидаги ахборот платформалари орқали ижтимоий тармоқларда тарқатилган маълумотларда, тегишли экспертиза хулосаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид ахборот мавжуд бўлганлиги сабабли, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244 прим 1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244 прим 3-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди", дейилади ИИВ хабарида.

Расмийлар бир муддат унинг қаерда сақланаётгани ҳақида яқинларига хабар бермаган.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Ўшанда айрим ҳуқуқшунослар, Мубашшир Аҳмадга қарши қўзғатилган жиноят ишини тергов қилаётган орган ходимларининг Ўзбекистон Конституцияси ва қонунчилик талабларини бузаётганлари аниқлаганди.

Ҳуқуқшунослар бундай кескин баёнот билан чиқишга Ўзбекистон Жиноят-Процессуал кодексининг 48-бандининг ўзи етарли дейишган.

Гап қандайдир жиноят содир этишда гумон қилиниб ўз ихтиёрига зид равишда тутқунликда ушлаб турилган шахснинг мамлакат бош қонуни ва бошқа қонунчиликда аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари ҳақида бўлиб, фуқаро Алишер Турсуновнинг Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Шайҳонтоҳур туман судининг қамоққа олиш ҳақидаги қароридан кейиноқ тергов органи унинг қариндошларини қаерда сақлаб турилганлигидан огоҳ этиши шарт эди.

Аммо Мубашшир Аҳмад Туркиядаги уйидан олиб кетилганидан кейинги 11 кун давомида на Туркиядаги адвокати, на Ўзбекистондаги қариндошлари ва "Gulyamov, Sadikov and Partners" адвокатлик фирмасининг адвокатлари "Мубашшир Аҳмад қаерда?" деган саволга жавоб бериша оляпти.

Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси тизими собиқ ходими

Мубашшир Аҳмад 2023 йилнинг 21 декабрида Туркия полицияси томонидан ўзи яшаб турган уйидан жамоат хавфсизлигига таҳдид гумони билан олиб кетилганди.

У 55 кун давомида депортация марказида ушлаб турилган, унга қўйилган айбловлар исботини топмаганидан сўнг, 2024 йил феврал ойида қўйиб юборилган.

Кейинчалик унинг адвокатлари 2023 йил ноябр ойида Алишер Турсуновга нисбатан Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман прокурорининг сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш ҳақидаги илтимосномаси ЖИБ Шайхонтоҳур туман суди томонидан рад қилингани ҳақида хабар берди.

Мубашшир Аҳмад ўз вақтида 20 йилдан ортиқ Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси тизимида ишлагани айтилади. Аввал у Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом Институтида ўқитувчи, кейинроқ ўша вақтдаги муфтий Усмонхон Алимовнинг матбуот котиби бўлган.