Мубашшир Аҳмад иши: Ўзбекистон Конституциясини ДХХ бузаяптими ё ИИВ?

Мубашшир Аҳмад

Сурат манбаси, Facebook/Mubashshir Ahmad

Ўқилиш вақти: 7 дақ

Туркиядан Ўзбекистонга ноқонуний депортация қилингани Туркия матбуотида танқидларга сабаб бўлаётган таниқли уламо Мубашшир Аҳмаднинг аҳволи қандайлиги ҳақида Ўзбек расмийлари мамлакат қонунчилигига зид ҳолда ахборот бермаяптилар, беш кундан буён қаердалиги на адвокатлари, на қариндошларига маълум қилинаяпти. Шу муносабат билан Мубашшир Аҳмад асос солган Azon Global жамоаси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилди.

Ушбу мурожаатда шундай дейилади:

"Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Миромонович Мирзиёевга,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - Омбудсманга

Ўзбекистон Республикаси

Бош прокуратурасига

Ўзбекистон Республикаси

Aдлия вазирлигига

АРИЗА

Биз, қуйида имзо чекувчи фуқаролар, 2025-йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси фуқароси Турсунов Aлишер Ахмадович (тахаллуси Мубашшир Аҳмад)га нисбатан бўлаётган муносабатдан чуқур хавотирдамиз.

Aлишер Турсунов йиллар давомида халқимизга ўзининг диний-маърифий чуқур билими билан хизмат қилиб келган, диний экстремизм ва зўравонликни рад этиб, миллатни диний-миллий қадриятларимизга асосланган соғлом мафкурага эга бўлиши йўлида ўз ҳиссасини қўшиб келаётган шахс сифатида танилган.

Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244 прим 3-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида унга нисбатан қўшимча модда, яъни ушбу кодекснинг 244 прим 1-моддаси билан сиртдан гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этиш учун жалб қилиш ҳақида қарор қабул қилиниб, қидирув эълон қилинган.

Жорий йилнинг 8-май куни фуқаро А.Турсунов Туркия Республикасида ушланиб, 10-май куни Ўзбекистон Республикасига депортация қилиниб, сўнгра Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Унинг Туркиядан олиб келиниши ҳамда Жиноят кодексининг 244 прим 1-моддаси ва 244 прим 3-моддалари бўйича айбланиб, қамоққа олиниб, тергов ҳаракатлари олиб борилишида Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги талаблари бузилмоқда деб ҳисоблаймиз.

Хусусан, ИИВ томонидан берилган маълумотга кўра, ватандошимиз Aлишер Турсунов жорий йилнинг 10-май куни Ўзбекистонга депортация қилиб олиб келинган бўлсада, бугунги кунга қадар унинг ҳимоя ҳуқуқи таъминланмаган.

Ҳуқуқий ҳимоя билан шуғулланаётган адвокатларга ватандошимиз Aлишер Турсуновнинг қаерда эканлиги ҳақида маълумот тақдим этилмай, ҳимоячиларга у билан учрашиб малакали ҳуқуқий ёрдам берилишига тўсқинлик қилинмоқда.

Хусусан, А.Турсуновнинг ҳимоячилари "Gulyamov, Sadikov and Partners" адвокатлик фирмаси адвокатлари А.Ғ.Содиқ, Ф.Ш.Абраевларга, қолаверса, муқаддам адвокатлик ордери тақдим этган А.Даминов ва Ж.Муталибовларга ҳам иш ҳужжатлари билан танишиш, гумон қилинувчини ушлаш жараёнида ҳимоя билан таъминлаш, эҳтиёт чора танлашда суд мажлисида қатнашиш, ҳимоя остидаги шахс билан холи учрашиш имконияти берилмаган.

Адвокатлар томонидан Тошкент шаҳар ИИББга мурожаат қилинганда, тергов органи адвокатларга гумон қилинувчи А.Турсуновнинг қайси тергов ҳибсхонасида вақтинча сақланаётганлигини билмаслигини, эҳтимол Давлат хавфсизлик хизмати марказий тергов ҳибсхонаси (Гвардейский)да сақланаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот беришган.

Шу ўринда асосли савол туғилади, нима учун Тошкент шаҳар ИИББ тергов қилаётган жиноят иши бўйича гумон қилинувчи шахс ДХХ тергов ҳибсхонасида сақланмоқда?

Бундан ташқари, адвокатлар томонидан 14.05.2025 йилда ДХХ марказий тергов ҳибсхонасига борилганда дастлаб А.Турсуновнинг шу ерда сақланаётганлигини маълум қилишиб, икки соатдан сўнг учрашувга рухсат беришларини айтишган. Бироқ, орадан бироз вақт ўтиб, ДХХ ходимлари адвокатларга қўнғироқ қилишиб, А.Турсуновнинг ДХХ тергов ҳибсхонасида йўқлигини, улар бошқа шахс билан адаштириб юборишганлигини маълум қилишган.

Қизиқарли томони шуки, қандай қилиб ижтимоий тармоқларда шов-шувларга сабаб бўлаётган шахсни бошқа бир одам билан адаштиришлари мумкин?

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Мазкур ҳолатлар бугунги кунда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, қонун устуворлигини рўёбга чиқариш лозим даражада эмаслигини кўрсатмоқда. Чунки, А.Турсунов 10 май куни Ўзбекистон Республикасига олиб келиниб, орадан қарийб 96 соат вақт ўтган бўлсада, унинг қаерда сақланаётганлиги, соғлигининг аҳволи қандайлиги номаълумлигича қолмоқда.

Ушбу холат бугунги кунда Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари қонунга риоя қилган ҳолда амалга ошираётганлигини шубҳа остига олмоқда.

Албатта, жиноят процесси тамойилларини бузган ҳолда, тергов органи давлат ҳимоячисини ишда иштирок этишга жалб қилган бўлиши мумкин, бироқ, бунинг учун қонуний асослар мавжуд бўлмаган, чунки:

1) гумон қилинувчи ўзи танлаган ҳимоячилар хизматидан воз кечмаган;

2) келишув бўйича адвокатларнинг ишда иштирок этишига объектив имконсизлик бўлмаган;

3) ҳимоячини алмаштириш учун бошқа қонуний асослар бўлмаган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасида "Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас. Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак" деган императив норма белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 18-моддасида "Жиноят ишини юритиш учун масъулиятли барча давлат органлари ва мансабдор шахслар жиноят процессида қатнашаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишлари шарт. Суд ва прокурор қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум этилган ёки қонун ёхуд суд ҳукмида назарда тутилганидан ортиқ муддат ҳибсда ушлаб турилган ёки қамоқда сақланган ёхуд уй қамоғида бўлган ҳар қандай шахсни дарҳол озод қилиши шарт" деб белгилаб қўйилган.

Қолаверса, мазкур кодекснинг 23-моддасида "Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланиши" кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 48-моддасида гумон қилинувчининг қуйидаги асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган:

• Ушлаб турилганлиги ва турган жойи тўғрисида адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёхуд хабар бериш;

• У амалда ушланган ёки жиноят жойида ушлаш билан боғлиқ тезкор-қидирув тадбири амалда якунланган ёхуд унинг гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда у билан холи учрашиш.

Бироқ, кўришимиз мумкинки, юқорида кўрсатиб ўтилган ҳуқуқларнинг биронтаси таъминланмасдан, қонун нормалари қўпол равишда бузилган.

Тергов органининг ушбу ноқонуний ҳаракатлари натижасида гумон қилинувчи А.Турсунов жиноий таъқибнинг ўта муҳим пайтида – озодликдан маҳрум қилиш масаласи ҳал қилинаётганда ўзи танлаган адвокатлар томонидан ҳимояланиш каби конституциявий ҳуқуқидан амалда маҳрум этилган, қолаверса, адвокатлар ишда иштирок этишга ўз вақтида киришиш ва қамоқда сақлаш учун асосларнинг йўқлигини исботловчи далилларни судга тақдим этиш имкониятидан маҳрум этилган.

Бу ўз навбатида суд томонидан қарор қабул қилинишига таъсир кўрсатмасдан қолмаган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Сиздан:

1. Фуқаро Турсунов Алишер Ахмадович (Мубашшир Аҳмад)нинг қонунда белгиланган ҳимоя ҳуқуқи таъминланишини, давлат томонидан бериладиган адвокатлар эмас, унинг ўзи ва яқинлари томонидан ёлланган адвокатлар томонидан ҳимоя қилинишини таъминлашингизни;

2. Унинг диний фаолияти сиёсий ёки ноаниқ "экстремизм" тамғаси билан нотўғри талқин қилинишининг олдини олишингизни;

3. Тергов ҳаракатлари давомида унга ва унинг оиласига нисбатан инсоний муомала, ҳуқуқий кафолатларни таъминлашингизни;

4. Мустақил оммавий ахборот воситаларига ушбу жараённи ёритиш имконини яратишингизни;

5. Туркиядан депортация жараёнига оид расмий ва ҳуқуқий ҳужжатларни очиқ эълон қилинишини таъминлашингизни;

6. Ушбу мурожаатни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий тамойиллари – қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва диний эркинликларга ҳурмат руҳида кўриб чиқишингизни сўраймиз.

Ҳурмат билан, Azon Global жамоаси".

Туркия газетаси бош саҳифаси

Сурат манбаси, Milli Gazete

Сурат тагсўзи, Мубашшир Аҳмаднинг Ўзбекистонга депортация этилиши Туркия газеталарининг бош сарлавҳаларига айланди

Айни пайтда Мубашшир Аҳмаднинг Ўзбекистонга топширилиши Туркия матбуотидаги асосий мавзулардан бирига айланди.

"Туркиядаги йирик Milli Gazete, Yeni Akit ва DoğruHaber каби мухолифат нашрлари ушбу масалани биринчи саҳифаларда ёритиб, ҳукуматни танқид қилди. Уларда "олимни золимга топширдилар" каби оғир сўзлар билан воқеа тафсилотлари кенг ёритилди", деб ёзди Azon Global веб-нашри.

14 май. Мубашшир Аҳмад иши сиёсийми?

Мубашшир Аҳмад

Сурат манбаси, Facebook/Mubashshir Ahmad

Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний уламо Алишер Турсуновнинг жамоат хавфсизлиги ва диний мазмундаги материалларни тарқатиш айбловлари билан қамоққа олиниши Ўзбекистоннинг сўз эркинлиги бўйича халқаро рейтинги янада ёмонлашгани ҳақидаги хабарлар чиққан кунларга тўғри келмоқда.

Бош қароргоҳи Парижда жойлашган "Чегара билмас мухбирлар" халқаро ташкилоти, анъанага кўра, 3 май куни дунёдаги сўз эркинлиги аҳволига бағишланган ўзининг йиллик ҳисоботини эълон қилди.

Янги рўйхатда Ўзбекистон 180 мамлакат орасидан 148-ўринни эгаллаган, бу жой 2024 йилдаги рўйхатдаги ўрин бўлса-да, мамлакатдаги сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият бир йил олдинги 37,27 дан 35,24 га пасайган, деб топилди.

Ўзбекистондаги сўз эркинлиги аҳволи 2023 йилдаги рейтингдаги ўрни 137-да эди, бу охирги икки йилда мамлакатдаги матбуот эркинлиги аҳволи тобора ёмонлашаётганини англатади.

Ўзбекистон терговчилари 51 ёшли Мубашшир Аҳмадга нисбатан қонунга зид ахборот тарқатишга оид айбловларни илгари сурмоқдалар.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги талқинига кўра, диний уламо Мубашшир Аҳмад ўз фаолияти билан Ўзбекистонга хавф туғдирган.

"... у юридик тизимдан четлаб ўтилган ва ноқонуний тарзда Ўзбекистонга топширилган", – деб ёзди Мубашшир Аҳмаднинг Туркиядаги адвокати Иброҳим Эргин ўзининг Х(собиқ Твиттер) тармоғидаги саҳифасида.

Ички ишлар вазирлиги Мубашшир Аҳмадни жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган ва диний мазмундаги материалларни ноқонуний тарқатишда айбламоқда.

Вазирлик расман тасдиқлашича, бундай ноқонуний материаллар Мубашшир Аҳмад "таъсислигидаги ахборот платформалари орқали ижтимоий тармоқларда тарқатилган".

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, диний уламонинг жиноят содир этишда гумонланаётгани "тегишли экспертиза хулосаларига кўра" тасдиқланган, деб ҳисоблайди.

Шу йил февралида Ички ишлар вазирлиги Мубашшир Аҳмадни ноқонуний диний ташкилот тузишда айблагани, лекин бу ҳақдаги хабар "техник хато" туфайли Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалиб кетгани маълум бўлганди.

Ўшанда бу хабарларга Мубашшир Аҳмад, "ватанимга қора чапланиб қолишини хоҳламайман", деб муносабат билдирган.

Айни пайтда охирги йилларда у ёки бу жиноят ишига экспертиза хулосасини бераётган экспертларнинг савия ва малакаси нақадар талабга жавоб бериши масаласи ҳам айрим фаоллар томонидан савол остига олинаяпти.

Хусусан, 1991 йилдаги Ислом Каримов ва Тоҳир Йўлдошнинг Намангандаги видеоси учун судга тортиш, "Эзгулик" Инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов устидан судга мурожаат қилиш ҳолатлари охирги мисоллардан айримлари.

Қўзғатилган жиноят ишидаги айбловлар қанчалар ўз исботини топиши судда аниқ бўлади ва суд қарорида ушбу жиноят ишининг қанчалар маҳаллий ва хориж матбуотида ёритилгани акс этиши аён.

Мубашшир Аҳмад марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг шогирди, Ўзбекистонда Azon.uz веб-сайти ва Azon TV телеканалига асос солган, бир неча диний китоблар муаллифи ҳисобланади.

У 2023 йил ёзида Azon.uz ва Azon TV ўз фаолиятларини тўхтатаётганини хабар берган, нега ёпилаётгани сабаби ҳақида "мавриди келса", хабар берилиши ҳақида ёзган эди.

Ўша йил охирида Azon Global онлайн платформаси иш бошлади, "Ўзбекнинг "ўгай" аждоди – Муҳаммад Шайбонийхон" деб сарлавҳа қўйилган мақолага ўхшаш, мамлакатнинг ичида ёзиш қалтис ҳисобланадиган қатор мавзуларга бағишланган мақолалар эълон қилди.

Azon Global Яқин Шарқ, хусусан, Ғазодаги ҳодисаларни мунтазам фаол ёритиб келаяпти.

Мубашшир Аҳмад Ўзбекистонга депортация қилинганини расмийлар 13 май куни тасдиқладилар.

Шундан сўнг унинг ҳуқуқ ва эркинликлари нақадар таъминланаётгани, яқинлари ёки адвокатлари билан кўришишларига рухсат берилдими ёки йўқ, бу ҳақда ҳозирча хабар берилмади.

Айни пайтда унинг ҳибсга олингани Ўзбекистон ижтимоий тармоқларида кенг муҳокама қилинмоқда.

Мубашшир Аҳмаднинг дин ва жамиятга доир фикрлари авваллари ҳам турфа баҳсу мунозараларга сабаб бўлган.

Тарафдорлари томонидан "мўътадил диний маърифатпарвар" деб таърифланадиган Мубашшир Аҳмаднинг қарашларига танқидий ёндашадиганлар ҳам оз эмас.

Бу қарама-қарши фикрлар оқими айниқса сўнгги кунлар кўпайганини кўриш мумкин.

Айни пайтда, Ўзбекистон парламенти блогерлик фаолияти ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда.

Ўзбекистонлик қатор журналист ва фаоллар эса ушбу қонун лойиҳаси шу ҳолатида қабул қилинса, у мамлакатдаги блогерлик фаолияти ва сўз эркинлигини янада чеклаши мумкинлиги борасида хавотир билдиришмоқда.

Кузатувчиларга кўра, сўнгги қадамлар келаси йилда ҳам Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги обрўсига таъсир этиши мумкин.