Ўзбекистон: Мубашшир Аҳмад қамоқда, у қонунга зид ахборот тарқатишда айбланмоқда

Сурат манбаси, Facebook/Mubashshir Ahmad
Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний уламо Алишер Турсунов Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилингани расман таcдиқланди. Унга нисбатан жиноий иш очилган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Туркияда 8 май куни қўлга олингандан бери хабари чиқмаётган Алишер Турсуновнинг 10 май куни Ўзбекистонга депортация қилинганини маълум қилди.
Хабарда Алишер Турсуновнинг нисбатан жиноий иш очилгани ва ҳозир у Ўзбекистонда қамоққа олингани айтилади.
Расмий хабардан Турсуновга очилган жиноий иш унинг журналистик фаолиятига бевосита боғлиқлигини англаш мумкин.
"А.Турсуновнинг таъсислигидаги ахборот платформалари орқали ижтимоий тармоқларда тарқатилган маълумотларда, тегишли экспертиза хулосаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид ахборот мавжуд бўлганлиги сабабли, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244 прим 1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244 прим 3-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди", дейилади ИИВ хабарида.
Айни дамда жиноят иши доирасида тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.
Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсунов Ўзбекистонда azon.uz сайтига асос солганди.
Бироқ Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Диний қўмита томонидан босимлар бўлгандан кўп ўтмай сайт ва унинг ижтимоий тармоқлардаги каналлари фаолиятини тўхтатганди.
Шундан сўнг Алишер Турсунов Туркияга кетган ва у ерда Azon Global ахборот-таҳлилий порталига асос солганди.
12 май: Адвокат Мубашшир Аҳмад Ўзбекистонга депортация қилинганини айтди, аммо Ўзбекистон расман тасдиқлагани йўқ

Сурат манбаси, Facebook/Mubashshir Ahmad
Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний уламо Алишер Турсунов Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинган бўлиши мумкин. Унинг Туркиядаги адвокати айтган бу даъволарига Ўзбекистон томони ҳозирча муносабат билдирмаяпти.
Azon вақфи кенгаши раиси ва Azon Global ахборот-таҳлилий портали асосчиси диний уламо Алишер Турсунов (Мубашшир Аҳмад) жорий йил 8 май куни Истанбулдаги ўз уйидан гумонланувчи сифатида олиб кетилгани ҳақида Azon Global нашри хабар берди.
Айтилишича, шу куннинг ўзида адвокатлар иштирокида дастлабки суриштирув ўтказилган. Адвокатларга билдирилган охирги маълумотга кўра, суриштирувдан сўнг Мубашшир Аҳмад Истанбулдаги Депортация марказига ўтказилиши, эртасига – 9 май куни у ердан қўйиб юборилиши керак эди.
Бироқ бу ҳолат содир бўлмаган ва яқинлари унинг қаердалигини билишга қилган ҳаракатлари бесамар кетган.
Туркиялик адвокат Иброҳим Эргин X тармоғида ёзишича, Мубашшир Аҳмад Ўзбекистонга депорт қилинган бўлиши мумкин. Уни 9 май куниёқ шошилинч тарзда депортация қилишмоқчи бўлишган, лекин жамоатчилик аралашуви туфайли Эдирнега жўнатилган.
"Эдирнедаги Миграция идорасида разведка назорати остида сақланган, кейинчалик шанба куни яна Истанбулга қайтарилган. Бу орада у юридик тизимдан четлаб ўтилган ва ноқонуний тарзда Ўзбекистонга топширилган", – дейилади ҳуқуқ ҳимоячисининг баёнотида.
Ҳозирча Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ва Истанбулдаги Бош консулхона ҳолат юзасидан муносабат бермади.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Kun.uz'га берган изоҳида ҳолатга аниқлик киритиб, маълумот беришини билдирган.
BBC Ўзбек бу борада расмийларга қилган мурожаатига ҳозирча жавоб ололмади.
Мубашшир Аҳмад 2023 йилнинг 21 декабрида Туркия полицияси томонидан ўзи яшаб турган уйидан жамоат хавфсизлигига таҳдид гумони билан олиб кетилганди.
У 55 кун давомида депортация марказида ушлаб турилган, унга қўйилган айбловлар исботини топмаганидан сўнг, 2024 йил феврал ойида қўйиб юборилган.
Кейинчалик унинг адвокатлари 2023 йил ноябр ойида Алишер Турсуновга нисбатан Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман прокурорининг сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш ҳақидаги илтимосномаси ЖИБ Шайхонтоҳур туман суди томонидан рад қилингани ҳақида хабар берди.
Мубашшир Аҳмад ўз вақтида 20 йилдан ортиқ Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси тизимида ишлагани айтилади. Аввал у Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом Институтида ўқитувчи, кейинроқ ўша вақтдаги муфтий Усмонхон Алимовнинг матбуот котиби бўлган.












