ИИВ kun.uz ва azon.uzни суд орқали жаримага тортди, журналистлар норозилик билдирди - video, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 4 дақ

ИИВ kun.uz ва azon.uz сайтларини судга бериб, жаримага торттирган.

Икки сайт ходимлари бу ҳолатни куч тизимларининг нашриёт ишига аралашуви, деб баҳолашмоқда.

Уларнинг норозилик сифатида сайтга мақола чоп қилишни тўхтатишгани айтилди.

Ижтимоий тармоқларда эса, журналистларни қўллаш акцияси бошлангани кўрилди.

Kun.uz ва azon.uz сайтлари диний мазмундаги мақолалари диншунослик экспертизасидан ўтказилмасдан чоп қилингани сабаб жавобгарликка тортилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиши бош бошқармаси ходими Нуриддин, фамилияларини билмайман, деган ходим бизни чақириб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг эксперт гуруҳи томонидан Азон.уз сайтида чиққан мақолаларни мониторинги хулосаси билан таништирди. Ва унда жуда кўплаб шубҳаларга нисбатан бундай асос йўқ, деган жавоб ва охирида мазкур мақолалар Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан муносабатларига салбий таъсир кўрсатади, деган айбловни қўйган.

Шунингдек, диний мазмундаги мақолалар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг эксперт гуруҳининг хулосасини олмасдан берилган, деган айбловлар қўйилди", дейди Азон.уз сайти Бош муҳаррири Абдулазиз Раимов.

Ички ишлар вазирлиги терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси Kun.uz сайтида чоп қилинган диний мазмундаги 7 та мақоладан гумон қилиб, уларни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага экспертиза ўтказиш учун юборган.

Қўмита 6 мақолада Ўзбекистон қонунчилигига зид нарса топмаган.

Кун.уз сайти

Сурат манбаси, Screenshot

Аммо қўмита эксперти мақолаларнинг ичида "Янги Зеландия полицияси ҳижоб услубидаги формани таништирди" сарлавҳали хабарни Ўзбекистон ҳудудида тарқатишни тақиқлаган.

Экспертга кўра, хабардаги иқтибос ҳижоб формасидаги полициячилар ҳатто мусулмон бўлмаган ўлкаларда ҳам борлигини мақсадли кўрсатиш аҳоли орасида бу мавзулардаги бўлаётган ихтилофли масалаларни зимдан қўзғатишга олиб келиши мумкин.

Экспертиза хулосаси асосида kun.uz нашри Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184-2-моддасида (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топилди ва 12 млн. 250 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.

Нашр яна шундай мақолалар чоп қилса, қонун бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

ИИВ ва суд хатти-ҳаракатларидан норози бўлган кун.уз ва азон.уз нашри журналистлари норозилик сифатида сайтга хабар қўйишни тўхтатишган.

Кун.уз нинг Би-би-сига аноним тарзда гапирган ходимлари ушбу ҳолат вақтинча эканлигини билдиришган.

Cайтнинг яна бир ходими куч тизимларининг айни хатти-ҳаракати журналистларнинг ҳафсаласини пир қилгани, бу нарсани цензура сифатида қабул қилишганини айтди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси кун.уз раҳбарияти билан боғлангани ва уларнинг гапига таяниб, ходимларнинг иш ташлаш эълон қилгани ҳақидаги хабарларда асос йўқлигини ёзди.

"Айни пайтда жамоа қисқа муддатли танаффусда", дейилди хабарда.

Бир нечта манбалар Би-би-сига бу каби маҳкама ва огоҳлантириш ишлари Ўзбекистондаги бошқа нашрларга нисбатан ҳам бўлганини билдиришди.

Ушбу ҳолатни ИИВда тасдиқлатишнинг имкони бўлмади.

Би-би-си вазирликка бу борада мурожаат қилди.

"Қонунчилик доирасидан четга чиқиш аломатлари мавжуд бўлса, судга даъво аризасини киритиш лозим", - дея жавоб берди Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов.

Kun.uz нашрига қўйилган айни модда билан azon.uz нинг тўрт масъулига ҳам жарима белгиланди.

Азон.уз сайти

Сурат манбаси, Screenshot

Azon.uz сайти бош муҳаррири Абдулазиз Раимов (ёки Абдулазиз Муборак)нинг фикрича, айнан икки сайтнинг маҳкамага тортилиши уларнинг шу йил февраль ойида Диний қўмитани танқид қилиб ёзган мақола ва норозилиги сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Azon.uz бош муҳаррири Ички ишлар вазирлигининг бу талабини ноқонуний, деб ҳисоблашини айтади.

"ИИВ талабини ноқонуний, деб ҳисоблайман. Сабаби, бу журналистнинг конституцион ҳуқуқига бўлган қаршилик. Чунки Ўзбекистон Республикаси конституциясида журналистикада цензурага йўл қўйилмаслиги алоҳида белгилаб қўйилган. Иккинчидан, диний мазмундаги мақолаларни қўмитанинг эксперт гуруҳи хулосасини олмасдан чиқарилганилигига келадиган бўлсак. Айни ушбу қўмита билан раҳбаримизнинг оғзаки келишуви бўлган. Яъни сайтимизда уларни хавотирга соладиган мақолалар чоп этилмаганлигига ўзлари амин бўлганлигидан эҳтимол шундай рухсат беришган. Шунинг учун шу усулда ишлаб турган эдик", дейди Абдулазиз Раимов.

Сайтларнинг маҳкамага тортилиши ижтимоий тармоқларда акс-садоларга сабаб бўлмоқда.

Икки сайт фаолиятини вақтинча тўхтатгач, ижтимоий тармоқларда "яша, кун.уз" ва "яша, азон.уз" баннерлари пайдо бўлди.

Айримлар икки сайт номини ёзиб, #конституцион ҳуқуқни чекламанг хэштеги битилган расмни ҳам олиб чиқди.

Журналист, блогер Муҳаммад Темур Аъзам 21 июнь куни ўтган икки маҳкама Ўзбекистонда сўз эркинлиги бўйича жиддий хавотирларни уйғотадиган воқеа бўлганини айтади.

"Давлат мувофиқлаштирувчи бўлиши керак. Давлат ҳамма нарсанинг тепасида туриб, ҳар бир нарсани назорат қилишга интилиши кучни нотўғри сарфлаш бўлади. Мувофиқлаштириш билан жуда кўп нарсаларни ҳал қилиш мумкин, деб ўйлайман", дейди журналист.

Блогер Муҳаммад Шакур бу ҳолатни матбуотни цензура қилиш деб билишини айтади ва уни куч ишлатар тизимлари қўлидан олиш керак, деб ўйлайди.

"Ўзига хос "Х" моментга етиб келдик. Бундан буёғига кескин қарорга келиш керак раҳбарият. Қайси маънода, ОАВни цензура қилишни куч ишлатар тизимлари қўлидан олиш керак. Журналистларнинг ўзи, қандайдир коллегия тузиб, қайси масалани қандай тарзда ёритиш керагу, қандай тарзда ёритишдан чекланиш керак, маълум бир салбий оқибатларга олиб бориб қўймаслиги учун, деган маънони ўзлари ҳал қилиши керак. Лекин ҳозир шу нарса қилинмаса, бу аниқ кўриниб қолдики, эртага сўз эркинлиги барҳам топади. Буни кўриб турибмиз. Нафақат пойтахтда чекка жойларда ҳам маҳаллий ҳокимиятдагилар ўрганишяпти. Чунки қўлида маъмурий ресурс бор, ўша маъмурий ресурсдан фойдаланиб, ўзларига ёқмаган блогер, журналистларга қарши нарсалар ўйлаб топишяпти. Шунинг учун ҳозир қатъий қарорга келиш керак, бизга керакми сўз эркинлиги ёки биз батамом ортга қайтамизми? Шу саволни ўртага қўйиш пайти келиб қолди"- дейди у.

Айни пайтда охирги 5 йилда жамиятдаги кўплаб муаммоларни гапириш ва баҳс қилиш имконияти ҳам пайдо бўлган.

Президент Мирзиёев бир неча бор сўз эркинлиги борасида ортга қайтилмаслигини айтган.

Аммо, Ўзбекистонда журналист ва блогерларнинг жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилиши, айрим ҳолатларда амалдор ва ҳокимлар таҳдидига учраши ҳоллари ҳам бор. Ҳатто журналистларга нафақат руҳан, балки жисмонан дахл қилинган ҳолатлар ҳам хабар қилинган.

Kun.uz жамоаси кеча, маҳаллий вақт билан кечки соатларда баёнот билан чиққан.

Ўз баёноти сўнггида "сайт ўз ўқувчилари манфаатларини ҳурмат қилган ҳолда ўз фаолиятини одатий режимда давом эттириши"ни маълум қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek