Ўзбекистон: Жимиб қолган Kun.uz, мамлакатда биологик қурол ишлаб чиқарилмоқдами ва газ сотувчидан сотиб олувчига айланган Ўзбекистон - Янгиликлар O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot
- Kun.uz'га нима бўлди?
- Ўзбекистонда биологик қурол ишлаб чиқариляптими?
- Ўзбекистон "Газпромдан" газ сотиб ола бошлаган;
- Афғонистон билан чегара нега ёпилмоқда?
- Фуқароликсиз ўтган 9 йил
Жаримага тортилган нашр
21 июнь куни Kun.uz нашри диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатишга оид иш юзасидан очилган маъмурий иш бўйича жаримага тортилган.
Нашрнинг маълум қилишича, маъмурий иш очилишига сайтда эълон қилинган туркум материаллар диншунослик экспертизасидан ўтказилмагани сабаб бўлган.
Суд нашрни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-2 моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган, дея топган.
Нашрнинг ойдинлик киритишича, экспертиза сайтда эълон қилинган Янги Зеландия полицияси ҳижоб услубидаги формани намойиш қилгани тўғрисидаги хабарда тарқатилиши тақиқланган маълумот мавжуд, деган хулосага келган.
Оқибатда, Kun.uz раҳбарига 12 миллион 250 минг сўм миқдорида жарима солинган.
Нашр келгусида диний мазмундаги ҳар қандай материал ва хабарларни "Дин ишлари бўйича қўмитанинг диншунослик экспертизасидан ўтказибгина бериб борилиши"ни маълум қилган.
Бироқ нашр томонидан 21 июнь соат 20.42 да эълон қилинган ушбу хабардан сўнг 22 июнь кунининг биринчи ярмигача ҳам сайтда бирор янгиланиш кўзга ташланмаган.
Мамлакатдаги энг тезкор ахборот сайтларидан бири бўлмиш Кун.узънинг "жимиб қолгани" эса одамлар эътиборини тортмай қўймаган.
"Kun.uz суд қарори туфайли норозилик акцияси эълон қилган кўринади… Улар кечадан бери янгиликлар бермаяпти", дея ёзган журналист Шуҳрат Латипов ўзининг Телеграм каналида.
Биологик қурол овозаси

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатдаги мавжуд лабораторияларда биологик қурол ишлаб чиқарилаётгани тўғрисидаги маълумотларни рад этиб чиққан.
Вазирлик мамлакатнинг Ғарб давлатлари билан биохавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлиги яқин жойлашган давлат учун хавф туғдираётгани борасидаги баёнотларни "асоссиз" дея атаган.
Расмий хабарда ушбу лабораториялар фақат диагностик тадқиқотлар ўтказиш ва тинчлик мақсадларидагина фойдаланиш учун мўлжаллангани таъкидланади.
ТИВ Ўзбекистонга нисбатан билдирилган ҳар қандай "асоссиз баёнотлар икки томонлама муносабатларда муайян кескинликни келтириб чиқаради" ва "ўзаро ишончга асосланган давлатлараро мулоқотга зарар етказади" дея ҳисобланишини қўшимча қилган.
Бундан аввал Россия Давлат Думаси депутати Геннадий Онишенко қатор МДҲ давлатлари, жумладан, Ўзбекистонда АҚШ назорати остидаги ҳарбий-илмий лабораториялар фаолият юритаётгани ва расмий Москва мазкур лабораториялар мавжудиятидан жиддий ташвишга тушганини иддао қилган эди.
Газ сотувчидан сотиб олувчига

Сурат манбаси, official
Россиянинг "Газпром" компаниясига газ сотиб келган Ўзбекистон энди унинг харидорига айланди, дея хабар бермоқда Интерфакс агентлиги.
Агентлик концерн Ўзбекистонга туркман газини етказиб бера бошлагани ҳақида ёзган.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон "Газпром"га 2018 ва 2019 йиллар давомида, мос равишда, 3,8 ва 4,9 миллиард куб метр газ сотган.
2020 йилга келиб, табиий етказиб бериш тўхтатилган.
Шу йилдан эса Ўзбекистон "Газпром" орқали турман газини сотиб ола бошлаб, концерннинг харидорига айланган.
Интерфакс хабарида Ўзбекистон 2021 йилнинг илк уч ойи давомида Россия компаниясидан 1,5 миллиард куб метр газ сотиб олгани тўғрисида сўз боради.
"Эътиборлиси, Ўзбекистон 2021 йилнинг биринчи чорагида "Газрпром"/Туркманистондан ўзи Хитойга экспорт қилиши мумкин бўлгандан уч баробар кўпроқ газ сотиб олган", дейилади агентлик хабарида.
Диққат: Чегара ёпилмоқда

Сурат манбаси, Screenshot/arxiv
Ўзбекистон Афғонистон билан чегарани вақтинчалик ёпишга қарор қилган.
Фуқаролар ҳаракатланиши вақтинча тўхтатилган.
Бундай қарор олинишига жанубий мамлакатдаги коронавирус вазияти жиддийлашиб бораётгани сабаб бўлгани маълум қилинган.
Афғонистон фуқароларига туристик визалар бериш ҳамда туристик фирмалардан виза талабномаларини қабул қилиш ҳам вақтинча тўхтатилган.
Чегарадан фақат дипломатик ваколатхона, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ходимлари, халқаро юк ташувчи ҳайдовчилар ҳамда ўз юртига қайтаётган фуқаролар ўтишига рухсат берилган.
Расмий хабар чегарадаги чекловлар қачонгача ушлаб турилишига изоҳ берилмаган.
Фуқароликсиз ўтган йиллар

Сурат манбаси, kun.uz
2007 йилдан 2016 йилнинг сўнггига қадар фуқаролиги бўлмаган бирор шахсга Ўзбекистон фуқаролиги берилмаган.
Бу ҳақда ИИВ мутасаддилари 21 июнь куни маълум қилганлар.
Қайд этилишича, 1991 йилдан 2007 йилга қадар мамлакатдаги 482 нафар фуқаролиги бўлмаган инсон Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган.
Аммо келгуси тўққиз йил мобайнида бу масалада бўшлиқ кузатилган.
2016 йилдан эса фуқаролик бериш жараёни қайта тикланган.
"2016 йил декабрь ойидан 2021 йил май ойига қадар президентнинг 87 та фармони асосида 22,269 нафар шахс мамлакатимиз фуқаролигига қабул қилинган", маълум қилган вазирлик вакиллари.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














