Ўзбекистон: Жамоат жойларида чекишга қарши кураш кучайтирилади ва вазир нима учун "виждонини сотишга тайёрлиги"ни айтди? O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Ўзбекистон
  • Вазир нега "виждонини сотишга тайёрлиги"ни айтди?
  • Янги электрон тизим ишга туширилади - энди бозорларда нарх арзонлайдими?
  • Депутатлар чекиш ва ичишга қарши курашни кучайтирмоқчи;
  • Тошкент вилоятида аҳолига бепул ерлар ажратиб берилмоқда;

"Виждонимни сотишга тайёрман"

Адлия вазири Русланбек Давлетов давлат ҳуқуқбузарликларни тўхтатиш учун ҳар қандай чоралардан фойдаланиши зарурлигини таъкидлаган.

9 июнь куни ўтган брифингда журналистлардан бири вазирдан йўл ҳаракати қоидаларини бузаётганларни суратга олиб, бунинг ортидан пул ишлаётганлар борасида фикрини сўраган.

Адлия вазири ушбу тартибни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Давлетов йўллардаги қоидабузарликлар тўғрисида хабар бераётганларни танқидга тутувчи шахсларни "қонун устуворлигини ҳурмат қилмайдиган инсонлар", дея билишини таъкидлаган.

"Агар бу мақсад қонунчиликни тартибга солиш, шу соҳада одам ўлимининг олдини олиш… охирги 3 йилда ичида йўлда беш минг одам ўлиб кетяптику. Бунга қанақа жавоб берасиз?", деган вазир Давлетов.

У жамоат жойида ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар бериш бировнинг шахсий ҳаётига дахл қилиш ҳисобланмаслиги ҳақида гапирган.

"Биз айтмаяпмиз "ҳуқуқбузармас шахснинг ҳаётига аралаш"… «бориб туриб, бировнинг ойнасига мўрала", деётгани йўқ давлат.

Кўчада, жамоат жойида ноқонуний хатти-ҳаракат билан шуғулланаётган бўлса, керак бўлса, мен виждонимни сотишга тайёрман. Яъни давлат ҳуқуқбузарликни тўхтатиш учун ҳар қандай йўлдан фойдаланиши керак", деган вазир.

Бундан аввал жорий йилнинг илк тўрт ойи давомида мамлакатда 557 нафар инсон йўл транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.

Бозорларга мева-сабазвот ва гўшт маҳсулотлари етказиб бериш ва уларнинг нархи барқарорлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди

Нархлар энди арзонлайдими?

Ўзбекистондаги бозор

Бозорлардаги озиқ-овқат нархларини барқарорлаштириш йўлида маҳсулотларнинг энг қуйи ва юқори нархларини ўз ичига олган электрон тизим ишлаб чиқилади.

Бу ҳақида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги хабар бермоқда.

Вазирликнинг маълум қилишича, бозорлардаги мева-сабзавот ва гўшт нархларини барқарор сақлаш йўлидаги энг асосий муаммо - бу ишлаб чиқарувчилар ва харидорлар ўртасида онлайн маълумот алмашинувининг мавжуд эмаслиги.

Шу сабабдан пойтахтдаги икки бозорда тажриба тариқасида нархлар барқарорлигини таъминловчи электрон тизим ишга туширилади.

Ушбу тизим бозорга кунлик келтириладиган маҳсулотларнинг тури, миқдори, энг қуйи ва юқори нархларини кўрсатиб туради.

Бундан ташқари бундай маълумотларни ОАВда ҳам доимий эълон қилиб бориш режалаштирилаётгани хабар қилинган.

Чекиш ва ичишга қарши кураш

Ўзбекистон

Ўзбекистонда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш мумкин бўлмаган жамоат жойларининг аниқ рўйхати ишлаб чиқилади.

Шунингдек, чекиш учун ажратилган махсус жойларга минимал талаблар белгиланади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги "Адолат" социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида шу масала кўриб чиқилган.

Йиғилишда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши бўйича белгиланган қоида-чекловларга риоя этиш даражаси паст экани ҳақида сўз борган.

Хусусан, қонунчиликда тамаки маҳсулотларини сотиш юридик шахслар томонидан амалга оширилиши белгиланганига қарамай, ушбу маҳсулотнинг чакана савдоси билан якка тартибдаги тадбиркорлар ноқонуний шуғулланиб келаётгани масаласи муҳокама қилинган.

Халқ вакилларининг фикрича, тамаки айланмасини тартибга солиш масалалари ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топмагани натижасида аҳоли, айниқса, ёшлар орасида чекиш одати тез суръатларда ошиб кетмоқда.

10 йилга бепул ер

Ўзбекистон

Сурат манбаси, official

Тошкент вилояти туманларида истовчи аҳоли учун ғалладан бўшаган ер майдонлари ажратиб берилади.

Ерлар "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"да рўйхатда турган оилаларга берилади.

Расмийлар бундай оилаларга ўртача 20-25 сотихдан ер ажратиб бериш орқали вилоятдаги 270 минг аҳолини иш билан таъминлашдан умид қилмоқда.

Қайд қилинишича, Тошкент вилоятида такрорий экин экиладиган 90 минг гектар майдоннинг 50 минг гектари рўйхат асосида аҳолига ажратиб берилган.

Шундан 40 минг гектарини аҳолига бириктириш ишлари туманларда давом этмоқда.

Ажратиладиган ер майдонларидан самарали фойдаланиш, аҳолига сабзавот ва дуккакли экинлар экиш, парваришлаш, йиғиб олиш учун қулайлик яратиш мақсадида агрокластерлар, экспортёр корхоналар ва "Томорқа хизмати" МЧЖлар бириктирилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek