Ўзбекистон: Ҳаводан олинаётган сув, президент Тожикистонга боради ва давлатдан қандай бепул уй олиш мумкин? Янгиликлар O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари

Сурат манбаси, official

Кутилаётган расмий ташриф. Янги ихтиро Ўзбекистонда сув тақчиллиги муаммосининг ечими бўла оладими? Текин уй қандай бўлади ва у кимларга берилади - bbcuzbek.com дайжести.

Мирзиёев Тожикистонга боради

Президент Шавкат Мирзиёев 10-11 июнь кунлари расмий ташриф билан қўшни мамлакатда бўлади.

Расмий хабарда президентлар Мирзиёев ва Раҳмон халқаро сиёсат ҳамда минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашиши тўғрисида сўз боради.

Шунингдек, Сўғд вилоятида жамоатчилик вакиллари билан учрашув ўтказилиши ҳам хабар қилинган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг ёзишича, ташриф давомида икки мамлакат ўртасида муҳим соҳаларга дахлдор 30 дан зиёд ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги энг асосий ютуқларидан бири Шавкат Мирзиёевнинг қудратга келиши билан боғлиқ.

Тожикистонда Ўзбекистон президентини кутиб олиш маросими

Сурат манбаси, official

Расмий Тошкент ўтган тўрт йилнинг ўзида Ўзбекистоннинг қолган минтақа давлатлари билан ишончли ҳамкорлигини тиклашга муваффақ бўлган.

Ўзбекистонда Ислом Каримов бошқаруви билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида минтақада шаклланган ва айримлари уруш эҳтимоли билан огоҳлантириш даражасига ўсиб етган сув, чегара, энергетика, йўл ва виза муаммолари деярли тўлиғича ўзининг ечимини топгани юқори минбарлардан баён этиб бўлинган.

Президент Мирзиёевнинг янгича минтақавий сиёсати халқаро миқёсда ҳам эътирофларга сабаб бўлган.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни ташқи дунёга очиш, минтақавий интеграцияни кучайтириш саъй-ҳаракатида.

Ўзбекистон ва Тожикистон стратегик шерик давлатлар саналишади.

Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг март ойида Тожикистонга ўзининг илк давлат ташрифини амалга оширган.

Тожикистон президенти эса, худди ўша йилнинг август ойида Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган.

Иссиқхонаси бор бепул уйлар

Янгича уйлар

Сурат манбаси, xalqso'zi nashri

Ҳукумат ҳосилдорлиги паст ва яроқсиз, деб топилган бўш ер майдонларида талабгор аҳоли учун турар жой-мажмуасидан иборат иссиқхоналар қурмоқчи.

Президент Мирзиёев имзолаган янги қарорга биноан, замонавий ва энергия тежамкор ускуна-жиҳозлардан фойдаланган ҳолда иссиқхонага эга бўлиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш истагида бўлган инсонлар учун майдони камида 20 сотих бўлган уй-иссиқхона мажмуалари қуриб берилади.

Давлат-хусусий шериклик асосида бу мажмуаларни қурган инвесторлар эса шартномада келишилган муддат давомида аҳоли етиштирган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорда сотади.

Инвесторга, шунингдек, уй-иссиқхона мажмуасини давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим муддати тугагандан сўнг давлат шеригига ўтказилган ҳолда бепул тарзда ташаббускор аҳолига белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминлаш вазифаси ҳам юклатилган.

Бу ерни ижара ҳуқуқи асосида бепул қабул қилиб олган аҳоли эса келгусида ундан мақсадли ва самарали фойдаланиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Қарорда ташаббускор аҳоли танлаш инвесторлар ва туман ҳокимликлари томонидан амалга оширилиши кўрсатилган.

Ҳаводан сув

Қорақалпоғистон

Сурат манбаси, official

Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманида атмосфера ҳавосидан ичимлик суви ишлаб чиқариш синовдан ўтказилмоқда.

Маълум қилинишича, синов ўтказилаётган "атмосфера сув генератори" қурилмаси сув етиб бормаган ва етказиб бериш иқтисодий жиҳатдан қимматга тушадиган ҳудудларга мослаштирилган.

"Атмосфера ҳавоси намликларнинг улкан резервуари экани ҳисобга олинса, атмосфера сув генераторини ўрнатиш атмосфера сувини ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг самарали қурилма дейиш мумкин. Шуни таъкидлаш лозимки, ушбу мослама дистилланган сувдан ҳам тозароқ сув олиш имконини беради", дея ёзган "Ўзсувтаъминот".

Билдирилишича, қурилма атмосфера ҳавоси намлигига ва ҳароратга қараб кунига, тахминан, 12 литрдан 30 литргача ичимлик суви етказиб бериш имконини беради.

Сув ресурсларини муҳофаза қилиш масалалари аксарият минтақа давлатлари учун ўта долзарб экани айтилади.

Худди шу манзарада янгича замонавий технологияларнинг Марказий Осиёдаги сув муаммосини бартараф этиши мумкинлигига оид умидлар ҳам йўқ эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek