Ўзбекистон: Саккиз бурчакли масжид, фуқаролик олиш соддалаштирилади ва яна "шапка" пайдо бўлдими? – Янгиликлар O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Мирзиёев Сурхондарёда;
- Фуқаролик олиш нормалари соддалаштирилади;
- Ўзбекистон Ҳиротда масжид қуради;
- UzAutoMotors "шапка" масаласи бўйича баёнот берди;
- Расман - йўлларда болалар ўлими кўпайган;
Президент Сурхондарёда
Президент Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни Сурхондарёга жўнаб кетган.
Хабар берилишича, президент ҳудуд иқтисодиёти ва аҳоли турмуш шароитлари билан яқиндан танишишни мақсад қилган.
Сурхондарёда экан, президент Мирзиёев Шеробод қуёш электр станцияси қурилишига тамал тоши қўйган.
Шавкат Мирзиёев тумандаги замонавий иссиқхонани ҳам кўздан кечирган.
Вилоятда қишлоқ хўжалигини инновацион йўналтириш бўйича институт ташкил этиш, анор билан бирга лимон, хурмо етиштиришни кўпайтириш юзасидан кўрсатмалар берган.
"Ўтиш даври - кураш даври. Ҳаётимизни ўзгартириш, дунё бозорида ўрнимизни топиш учун курашишимиз, манфаат берадиган ишни қилишимиз керак", - деб айтган Ўзбекистон президенти.
Президент вилоятда икки кун давомида бўлиб, энергетика, агросаноат ва савдо бўйича лойиҳаларни ҳам кўздан кечириши маълум қилинган.
Фуқаролик олиш соддалаштирилади

Сурат манбаси, kun.uz
Сенаторлар фуқаролик олиш нормаларини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини маъқуллаганлар.
Эндиликда, 2005 йил 1 январга қадар мамлакат ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ва муқаддам чет давлат фуқаролигига эга бўлмаган шахсларни Ўзбекистон фуқаролигига тан олиш механизмлари яратилади.
Шунингдек, 15 йил давомида Ўзбекистон ҳудудида фуқаролиги бўлмаган шахс мақомида яшаб келаётган инсонлар ҳам бундай имкониятга эга бўлади.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда 15 йил давомида истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар учун тўғридан-тўғри фуқаролик олишнинг ҳуқуқий асослари яратилади.
Уларнинг мамлакат фуқаролигини умумий тартибда қабул қилиш учун илтимоснома билан мурожаат қилишига зарурият қолмайди.
Ўзбекистон Ҳиротда масжид қуради

Сурат манбаси, official
Ўзбекистонлик мутахассислар Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги Алишер Навоий мақбарасида таъмирлаш ва тиклаш ишларини олиб боради.
Президент Шавкат Мирзиёев 31 май куни бу ва бошқа лойиҳалар тақдимоти билан танишган.
Мирзиёевга тақдим этилган лойиҳага кўра, мақбаранинг кириш ва қолган йўлакларига Навоийнинг ҳикматли сўзлари битилган китоб кўринишидаги белгилар қўйилади.
Ҳовлида ёпиқ услубда айвонлар қурилади.
Шунингдек, кириш қисмида саккиз бурчакли масжид бунёд этилади.
Мажмуа ҳудуди кўкаламзорлаштирилади.
Расмий хабарда қурилиш ва тиклаш ишлари қачондан бошланишига ойдинлик киритилмаган.
Яна "шапка" муаммоси

Сурат манбаси, official
Ижтимоий тармоқда UzAutoMotors автомобилларини сотиб олишда "турнақатор навбатлар" пайдо бўлгани ва яна "шапка" тизими қайта тиклангани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган.
Хабарларда айрим дилерлар автомобилларни тезроқ олиб бериш учун бир неча минг долларга қадар "ҳақ" олаётгани қўшимча қилинган.
Бундай хабарларга муносабат билдирган UzAutoMotors, ҳақиқатан, автомашиналарни харидорларга етказиб беришда муаммолар юзага келганини тан олган.
Компаниянинг изоҳига кўра, яримўтказгичларнинг глобал танқислиги ортидан автомобилсозлик саноати оғир даврни бошдан кечирмоқда ва бу ҳолат автомобилларни етказиб бериш муддатининг узайишига олиб келмоқда.
"Юзага келган ҳолатдан фойдаланиб, баъзи бир виждонсиз бўлган субъектлар томонидан спекулятив вазиятлар ва ноқонуний ҳаракатлар содир этилмоқда ҳамда бунга қарши "Ўзавтосаноат" АЖ фаол кураш олиб бормоқда", дейилади компания расмий баёнотида.
UzAutoMotors ўз баёнотида фуқаролардан автомобиль харид қилишдаги коррупция ҳолатлари тўғрисида хабар беришни сўраган.
Йўлларда ҳалок бўлган болалар

Сурат манбаси, official
Ўзбекистонда 2021 йилнинг илк 4 ойи давомида йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлган болалар сони 64,5 фоизга ошган.
Улар иштирокидаги авариялар сони эса 25,3 фоизга ортган.
Расмийлар бундай кўнгилсиз ҳодисалар камайишини таъминлаш йўлида мактаблар йўлларидаги пиёдалар светофорларини чақирув мосламасига ўтказиш ва йўлларни етарли даражада сунъий ёритиш зарурлигини таъкидлаганлар.
Шунингдек, мактабларда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш талаб даражасида йўлга қўйилмагани борасида ҳам сўз борган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














