Ўзбекистон: Андижонда депутат иши можароси, янги зирҳли автомобиль синови ва ниқоблардан қачон воз кечилади? - Янгиликлар O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Андижонда депутат иши можароси

Сурат манбаси, kun.uz

  • Андижонда депутатлар нега тинтувдан ўтказилди?
  • Синовдан ўтаётган "Тарлон";
  • Ниқоблардан воз кечишга ҳали борми?
  • Чигирткалар хавфи масъуллар эътиборида;

Андижондаги "оқлаб бўлмас" ҳолат

Андижонда бир гуруҳ депутатларнинг тинтувдан ўтказилгани ва маҳаллий депутатнинг дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этилгани шов-шувларга сабаб бўлган.

17 май куни Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида Миллий гвардия ходимлари депутатларнинг телефонларини олиб қўйган.

Шунингдек, йиғилишда кенгаш депутатларининг бири дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Хабар берилишича, ушбу ҳолат шаҳар прокурорининг тақдимномасига асосан амалга оширилган.

Депутатларнинг тинтувдан ўтказилиши фикр билдирувчилар томонидан "оқлаб бўлмас" ҳолат ўлароқ баҳоланган.

Маҳаллий депутатнинг дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этилиши кўриб чиқилган йиғиннинг бу тарзда қатъий назорат остида ёпиқ ўтказилгани турли саволларни келтириб чиқарган.

Бош прокуратуранинг ойдинлик киритишича, ҳуқуқидан маҳрум этилган депутат раҳбарлигидаги масъулияти чекланган жамиятга нисбатан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда ноқонуний қурилиш ишлари олиб бориш гумони остида жиноят иши очилган бўлган.

Хабарда масъулияти чекланган жамият томонидан ҳоким қарори билан ажратилган 4 гектар ерга қўшимча равишда яна 6 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан ўзлаштирилгани маълум қилинган.

Бош прокуратура ушбу маълумотлар асосида Андижон шаҳар прокуратураси томонидан тадбиркорни депутатлик ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳақида тақдимнома киритилганини билдирган.

Бироқ хабарда халқ депутатларининг тинтувдан ўтказилгани ҳолати қанчалик қонуний асосда олиб борилганига изоҳ берилмаган.

19 май куни баёнот тарқатган Андижон шаҳар ҳокимлиги эса йиғилишдан аввал депутатлар телефони олиб қўйилишини шундай изоҳлаган эди:

"Бундан кўзланган мақсад, айблилиги исботланмасдан туриб, депутатнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ва тасдиқланмаган маълумотларни ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетишини олдини олиш бўлган".

Ниқобдан қутилишга ҳали бор

Юз ниқоблари

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева эмланганларнинг ниқобсиз юришига рухсат берилиши тўғрисида ўз мулоҳазаларини билдирган.

Унинг сўзларига кўра, аҳолининг 60-70 фоизи эмлангач, оммавий иммунитет ҳосил бўлиши мумкин.

Бироқ у эмланган инсонларда шаклланган иммун ҳужайралари танани қанча вақт давомида ҳимоя қилиши ҳозирча аниқ эмаслиги ҳақида гапирган.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, official

Шунга қарамай, мулозим вакцинациянинг тўлиқ босқичларини олган ва иммунитет ҳужайралари мавжуд инсонлар ниқобсиз юриши ва ижтимоий масофани сақламаслиги мумкинлигини қўшимча қилган.

"Баъзи давлатларда вакцинация олганларга ниқобсиз юриш ва ижтимоий масофани сақламасликка рухсат берилиши, шу давлатлар аҳолиси орасида эмланганлар салмоғи 50 фоиз ва ундан ҳам кўпроқ бўлганлиги ҳамда аҳоли орасида оммавий иммунитет ҳосил қилинишига асос мавжудлиги боис бўлиши мумкин.

Лекин бундай давлатлар жуда ҳам саноқли", деган Убайдуллаева.

Чигиртка хавфи

Чигиртка

Сурат манбаси, Screenshot

Ўзбекистон ҳудудида учрайдиган 6-7 турдаги чигирткаларга қарши курашилмаса, улар экинлар ва яйловларга жиддий зарар етказиши мумкин.

19 май куни айни зараркунандалар ва уларга қарши курашга доир матбуот анжумани ўтказилган.

Маълум қилинишича, мамлакатда чигирткаларнинг 200 дан зиёд тури учрайди ва улар орасида "Марокаш", "Италия пруси", "Осиё" каби турлари зарарли ҳисобланади.

Анжуманда 2021 йил мавсумида 593 минг гектар майдонда зарарли чигирткаларга қарши кимёвий ишлов ўтказилиши тахмин қилинаётгани маълум этилган.

Бундан аввал Би-би-си Жиззахнинг Фориш туманидаги айрим фермерлар "Марокаш" чигирткалари хавфи билан юзлашиб, бу йилги ҳосилга катта зиён етишидан хавотирланаётганини хабар қилган эди.

Синовдаги "Тарлон"

Ўзбекистоннинг янги зирҳли автомобили

Сурат манбаси, official

Ўзбекистонда енгил зирҳланган автомобили синовдан ўтказилмоқда.

"Тарлон" номи берилган автомобиль мамлакат Қуролли Кучлари тизимидаги вазирлик ва идоралар буюртмасига мувофиқ лойиҳалаштирилган.

"Тарлон" Мудофаа саноати комплекси корхоналарида лойиҳалаштирилиб, ишлаб чиқарилган.

Хабар берилишича, дастлабки босқичда "Тарлон"нинг баллистик ҳимояси ҳамда юриш ва турли тўсиқлардан ўтиш қобилияти тоғ-адир шароитида синовдан ўтказилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek