Ўзбекистон: "Қонунсиз" метро, калтакланган депутат ва пойтахтдаги тошқиннинг сабаби нима? – Янгиликлар O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Kun.uz веб сайти сурати

Сурат манбаси, KUN.UZ

  • Тошкентни сув босиши сабаби нимада?
  • Kun.uz ходимлари Telegram аккаунтлари ҳужумга учради
  • Метрода юриш хавфсиз эмасми?
  • Бойсунда калтакланган депутат иши "чўзилмоқда"

Кибер-ҳужумга учраган Kun.uz'чилар

Kun.uz нашри сўнгги бир ой мобайнида ўзининг яна 3 нафар ходимига тегишли бўлган Telegram аккаунтларига бузиб киришга уриниш кузатилгани ҳақида хабар берган.

Хабарда икки ходимнинг аккаунтига киришга уринишлардан бири муваффақиятли якунлангани борасида сўз боради.

Нашр номаълум шахслар ходимнинг шахсий ёзишмаларини уч соатдан ошиқроқ вақт мобайнида кўздан кечиришга улгурганини қўшимча қилган.

Kun.uz Telegram аккаунтига киришга уриниш чоғида ходимнинг телефон рақамига тасдиқлаш коди етиб келмаганини савол остига олган.

"Ушбу ходим телефон рақамига тасдиқлаш коди келмагани бўйича изоҳ олиш учун мобил алоқа операторига қўнғироқ қилган, аммо компания ходимлари вазиятни изоҳлай олишмаган", дейилади хабарда.

Апрель ойида ҳам Kun.uz ходимларидан бирининг Telegram аккаунти кибер-ҳужумга учраганини хабар қилган эди.

"Kun.uz суҳбатлашган ИТ соҳаси мутахассисларининг таъкидлашича, "взломчилар" бунга номаълум дастур ёрдамида ўта мураккаб ёки алоқа операторлари воситачилигидаги ўта "оддий" усуллардан бирини қўллаган ҳолда эришган бўлишлари мумкин", дейилади апрель ойидаги хабарда.

Йўловчилар хавфсизлиги

Тошкент метроси

Сурат манбаси, Screenshot

"Пойтахт метрополитенида йўловчи ташиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солувчи норматив ҳужжатлар амалда мавжуд эмас".

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги сўнгги вақтларда Тошкент метросида фаолиятида кузатилаётган нохуш ҳолатлар бўйича ўрганишлари натижаларини эълон қилган.

Март ойидан буён пойтахт метросида ўнга яқин кўнгилсиз ҳодисалар кузатилган.

Хусусан, 18 март куни метро туннелида икки поезд тўқнашган, 8 апрель куни ерусти метросида поезд тўхтаб қолиб, йўловчилар темирйўл рельслари бўйлаб пиёда юришга мажбур бўлган, 7 май куни эса метро бекатларининг бирида қарийб бир соат вақт давомида электр энергияси ўчиб қолган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бу ҳолатлардан келиб чиқиб, Транспорт вазирлигига истеъмолчилар ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлашни кўзловчи қатор таклифлар киритилганини маълум қилган.

Улар орасида авария ва техник носозликлар юзага келганда амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлар, авария ва техник носозлик сабабли хизмат кўрсатиш тўхтатилганда йўловчига етказилган зарарларни қоплаб беришнинг аниқ тартиби ва механизмлари ишлаб чиқиш каби таклифларни кўриш мумкин.

Калтакланган депутат

Депутатнинг калтакланиши

Сурат манбаси, official

Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Кенгаши депутати Ўктам Жабборов 14 апрель куни бир гуруҳ шахслар томонидан калтакланган.

Бу ҳақда Халқ демократик партияси хабар бермоқда.

Хабарда депутатнинг калтакланиш сабаблари очиқланмаган бўлса-да, ҳолат юзасидан бир ярим ой аввал бошланган тергов ҳаракатлари чўзиб юборилгани билдирилади.

Блогер Зафарбек Солижоновнинг ёзишича эса, депутат "акасининг еридан қўйларини олиб чиқишни талаб қилганда" бир гуруҳ шахслар томонидан дўппосланган.

Блогер илова қилган видеода калтакланиш жараёни акс этган.

Видеода Жабборов далада уни кутиб турган шахслар томонига яқинлашиб бораётгани ва улардан бирининг "Нима гап?" деган саволига "Мен сизлардан сўрай нима гаплигини", дея жавоб қайтаргани, шундан сўнг шахслар унга ташлангани кўринади.

Халқ демократик партияси ўз баёнотида Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигидан "жиноят ишини назоратга олиш ва айбдорларга нисбатан қонуний чора кўрилиши"ни сўраган.

Сув босган Тошкент

Пойтахт Тошкент

Сурат манбаси, official

23 май куни ёққан ёмғир туфайли пойтахтнинг айрим кўчаларини сув босишига чиқиндилар сабаб бўлган.

Шаҳар ҳокимлиги ўтган якшанба куни кузатилган ҳолатга шундай изоҳ берган.

23 май куни кечга томон ёққан кучли ёмғир ортидан шаҳарнинг бир қанча қисмларида ариқлар оқова сувни тортиб кета олмаган.

Оқибатда, кўчаларни сув босган, ҳатто, ҳаракатланаётган автобуслар ичига қадар сув кириб борган.

Шаҳар ҳокимлигининг маълум қилишича, бунга ариқларнинг полиетилен пакетлар, бир марталик қоғоз стаканлар ва баклажкалар билан тўсилиб қолгани сабаб бўлган.

Ўтган яқин йиллар давомида пойтахт дохил мамлакатнинг бир неча йирик шаҳарларида кучли ёмғир ортидан сув тошиши кузатилиб келинади.

Кузатувчилар бунинг сабабини, асосан, оқова сувларни тортиб кетиш тизимларининг соз ҳолатда эмаслиги билан боғлайдилар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek