Ўзбекистон: "Шубҳали" АҚШ ҳарбий лабораторияси, "Сатторий ишига алоқамиз йўқ" ва Мўйноқдаги яланғоч рақс? – Янгиликлар O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Геннадий Онишенко

Сурат манбаси, Screenshot/sputnik/youtube

  • Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий биологик лабораторияси борми?;
  • Яна Отабек Сатторий иши ҳақида;
  • Мўйноқда қизлар яланғоч рақс тушдими?;
  • Тошкент метроси Зангиотага қадар боради;

"Хатарли" лабораториялар

"Ўзбекистонда АҚШнинг ҳарбий биологик лабораторияси фаолият юритиб келмоқда".

Россия Госдумаси депутати, Роспотребнадзор собиқ бошлиғи Геннадий Онишенко Спутник нашри билан суҳбатда шундай даъвони илгари сурган.

Таниқли врач-эпидемиолог бундай лабораториялар Ўзбекистондан ташқари Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Молдова ва Украинада мавжудлигини иддао қилган.

Унинг сўзларига кўра, биологик лабораториялар АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан молиялаштирилади.

"Ушбу лабораторияларда юқори малакали ҳарбий микробиологлар ишлайдилар. Албатта, улар грузин ёки озари болаларни ҳимоя қилишга қаратилган нарсалар устида ишламайдилар.

Улар табиий вирус ўчоқларини ўрганиш ва штаммларни олиш билан шуғулланадилар. Уларнинг вазифаси оддий - маҳаллий аҳолига осон юқа оладиган вирулент штаммларни яратиш", дея Онишенко сўзларини келтирмоқда Спутник.

Россиялик мулозим жиддий назоратнинг йўқлиги ортидан айрим Собиқ Иттифоқ давлатлари ҳудудида америкаликларнинг лабораториялари пайдо бўлганини таъкидлаган.

Онишенко расмий Москва Қозоғистондаги "энг юқори ҳимоя даражасига эга, ҳарбий биологик рецептуралар ишлаб чиқариладиган" лаборатория фаолиятидан жиддий ташвишда эканини билдирган.

Бироқ у Ўзбекистондаги "АҚШ ҳарбий биологик лабораторияси" борасидаги тафсилотларга тўхталмаган.

Бу Россия расмийларининг Собиқ Иттифоқ давлатлари ҳудудида АҚШ ҳарбий лабораториялари фаолияти тўғрисида илк бор бонг уриши эмас.

Ўтган йилнинг апрель ойида Россия Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Мария Захарова бундай лабораторияларда "турли хатарли касалликлар қўзғатувчиларини яратиш ва уларни такомиллаштириш" ишлари олиб борилаётгани мумкинлигини даъво қилган эди.

Ҳозирча, расмий Тошкент Геннадий Онишенко илгари сурган иддаоларга муносабат билдиргани кўзга ташланмаган.

"Сатторий ишига алоқамиз йўқ"

Блогер Отабек Сатторий

Сурат манбаси, kun.uz

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги блогер Отабек Сатторий ишига алоқаси бўлмагани тўғрисида баёнот берган.

Баёнотда таъкидланишича, ҳокимлик томонидан блогерга қарши ҳеч қандай ҳаракат амалга оширилмаган.

Ҳокимлик баёноти депутат Расул Кушербаевнинг 6,6 йилга озодликдан маҳрум этилган Отабек Сатторий тақдири борасида айтганлари ортидан чиққан.

Бундан аввал депутат Кушербаев Human.uz нашридаги чиқишида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовга "алангали салом" йўллаб, "у кишининг ҳам худди шундай яқинлари бор, қайтар дунё бу", деган сўзларни тилга олган эди.

Ҳокимлик баёнотида бу сўзлар депутат томонидан "вилоят ҳокимига нисбатан қўйилган асоссиз айблов" ўлароқ талқин этилган.

Вилоят ҳокимлиги Кушербаевдан "депутатлик одоби қоидалари"га қатъий амал қилишни сўраган.

Оролбўйидаги "ножўя видеолар"

Оролбўйи

Сурат манбаси, Screenshot/socialmedia

Ижтимоий тармоқда Мўйноқда ўтган "Стихия" электрон мусиқий фестивали меҳмонлари яланғоч ҳолда рақсга тушгани таъкидланган видеолар тарқалган.

Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва спорт бош бошқармасининг маълум қилишича эса, ушбу видеолар фестивалдан олинмаган.

Ўтган дам олиш кунлари Оролбўйида анъанавий "Стихия" мусиқий фестивали бўлиб ўтган эди.

Фестивалда турли давлатлардан келган мусиқачилар, диджейлар ва 300 нафарга яқин сайёҳ иштирок этгани хабар қилинган.

Тошкент метроси кенгайтирилади

Ўзбекистондаги метро хизмати

Сурат манбаси, official

2021 йилда пойтахт метросининг яна 9 бекати фойдаланишга топширилади.

Бундан аввал умумий узунлиги 15 километр бўлган ерусти метросининг ушбу йўналиши Зангиота туманига қадар етиб бориши хабар қилинган эди.

Бир вақтнинг ўзида, 21 майдан бошлаб метрополитеннинг Чилонзор ва Ўзбекистон йўналишлари иш тартиби бир соатга қисқартирилиб, 23.00 га қадар ишлаши маълум этилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek