Одамлар гапдан чарчаганми, Мирзиёев нима қилмоқчи ва иссиқ янада кучаяди – янгиликлар O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Президент Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, official

Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга "қарсак учун келмагани"ни айтди. Халқ депутатлари зиммасига янги вазифа юкланди. Халқаро журналист Ўзбекистон қонунчилигини бузгани айтилди. Ҳаво бундан ҳам исийдими - bbcuzbek.com дайжести.

"Одамлар гапдан чарчаган"

Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятининг инфратузилмасини яхшиламоқчи.

Вилоятга қарийб 2 триллион сўм маблағ ажратмоқчи.

Ўзбекистон президентининг Сурхондарёга икки кунлик амалий ташрифи давом этмоқда.

Афғонистонга бевосита чегарадош Сурхондарё Ўзбекистоннинг стратегик жиҳатдан муҳим вилояти бўлади.

Очиқ манбаларда аҳолисининг сони 2 ярим миллионга яқин экани, уларнинг қарийб ярми қишлоқ хўжалигида банд экани айтилади.

Ўзбекистон президентининг баён қилишича, Сурхондарёга "ҳақиқий масъулият"ни ўз зиммасига олиш учун келган.

Мирзиёев Сурхондарёни "иқтисодий берк вилоят", деб атаган.

Ўзбекистон президенти суғориш ва ичимлик суви таъминотини вилоятнинг энг асосий муаммоси сифатида тилга олган.

"Тўпаланг" сув омбори Сурхондарё аҳолисининг сув билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилиши кераклигини таъкидлаган.

Gazeta.uzнинг ёзишича, Ўзбекистон президенти шундай деркан, ушбу лойиҳага масъул этиб Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовни тайинлаган.

Маҳаллий хабарларга таянилса, Мирзиёев "одамлар гаплардан чарчашгани"ни айтган.

"Уларга ҳақиқий лойиҳалар, пул ва инфратузилма керак"лигини таъкидлаган.

Ўзбекистон президенти Сурхондарёдаги тадбиркорларга худди пойтахт Тошкентдагидек шароит яратилиши лозимлигини урғулаган.

"Мозори Шариф-Кобул-Пешовар"темир йўлини лойиҳалашга Жаҳон банки $35 миллион ажратишини маълум қилган.

"Аср" лойиҳасига Россия раҳбарияти ҳам қизиқиш билдирганини айтган.

"Назоратни депутатлар қилади"

Сурхондарё вилояти

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон президенти Сурхондарёга "қарсак эмас, аниқ натижалар учун келгани"ни баён қилган.

Вилоятда амалга оширишни мақсад қилган режаларини очиқлаган.

Маълум бўлишича, Сурхондарёда шу яқин икки йил ичида 1 мингдан ошиқ ҳудудий инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.

Уларнинг умумий қиймати 16 триллион 800 миллиард сўмни ташкил этади.

Бу вилоятда 25 мингта муқим иш ўрни яратишга имкон бериши айтилади.

Қурилиш ва тўқимачилик саноатида амалга ошириш кўзда тутилаётган лойиҳаларнинг сони эса, жами 200 дан ортади.

Уларнинг умумий қиймати қарийб ярим миллиард сўмни ташкил этиши кўрилади.

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси экан катта давлати бўлади.

Ҳозирга келиб сони 35 миллионга яқин кишини ташкил этади.

Ишсизлик ва камбағаллик, йилларки, Ўзбекистон тўқнаш келиб турган асосий муаммолардан бири бўлади.

Бу муаммоларнинг, айниқса, мамлакатнинг чекка ҳудудларида ўткир экани сезилади.

Миллионлаб ўзбекистонликларнинг тирикчилиги, йилларки, четдаги меҳнат муҳожирлиги орқасидан ўтиб келади.

Ўзбекистон президенти Сурхондарёда экан, масъулларга 50 минг нафар ишсизни ишли қилиш вазифасини ҳам юклаган.

Шавкат Мирзиёев бунинг учун Бандликка кўмаклашиш ва Жамоат ишлари жамғармаларидан 32 миллиард сўм ажратишга буйруқ берган.

Ўзбекистон президенти ажратилган пуллар ҳисоб-китобини халқ депутатларига топширган.

"Уларнинг назоратини эртага депутатлардан сўраши"ни айтган.

Коррупция ҳам Ўзбекистонда ҳануз ўзининг долзарблигини йўқотмаган муаммолардан бири бўлади.

"Аккредитация чўзилмайди"

Польшалик журналист аёл

Сурат манбаси, FB.COM/APIKULICKA

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги халқаро журналист Агнешка Пикулицканинг аккредитациясини чўзмасликка қарор қилган.

Вазирлик бунинг сабабини журналист томонидан "Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг бузилиши ҳолатлари қайд этилгани" билан изоҳлаган.

Аммо Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Расмий вакилининг ахборотида бошқа тафсилотлар берилмаган.

Агнешка Пикулицка-Вилчевска Ўзбекистонда расман аккредитациядан ўтган саноқли чет эллик журналистлардан бири бўлади.

У Ғарбнинг қатор нуфузли нашрлари - The Guardian, Al-Jazeera, The Diplomat учун ёзади.

Мақолалари, шунингдек, EuroasiaNet да ҳам чиқади.

Асли польшалик журналист яна қатор инглиз ва польяк тилларидаги халқаро нашрлар учун ҳам ишлайди.

У Аёл Журналистлар Коалициясининг аъзоси ҳам бўлади.

Агнешка Пикулицка-Вилчевска шу йил февраль ойида ҳам Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзига аккредитация беришни рад қилганидан шикоят қилган.

Бунга " ўзининг аккредитация қилинган оммавий ахборот воситасидан бошқаси учун ҳам ишлагани" сабаб қилиб кўрсатилганини ёзиб, твит қилган.

Бунга қўшимча, Ташқи ишлар вазирлиги ходими Ўзбекистон ҳақида ижобий мақолалар ёзишини сўраб, ўзига босим ўтказганини ҳам айтган.

Унинг ўзига тегажоқлик қилгани тарихчасини ҳам очиқлаган.

Журналистнинг айни мазмундаги шикоятлари ҳам мамлакат ичкариси ва ҳам ташқарисида акс-садоларга сабаб бўлган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ундан расман узр сўраган ва аккредитациясини ҳам узайтириб берганди.

Иссиқ янада кучаяди

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Ўзбекистонда шу кунларда кутилаётган об-ҳаво аксарият маҳаллий интернет нашрларининг диққат-эътиборини ўзига тортган мавзулардан бирига айланган.

Ёзнинг илк кунларида иссиқнинг янада кучайиши, мамлакатда ҳаво ҳароратининг +43 даражагача кўтарилиши айтилган.

Чўл ҳудудларида эса, ҳавонинг +46 даражагача исиши кутилаётгани маълум бўлган.

Бундан ташқари, мамлакатнинг айрим минтақаларида шамол, чангли бўрон бўлиши эҳтимоли ҳам назардан соқит қилинмаган.

Мамлакатда ҳавонинг бунчалик исиб кетишига Эрондан иссиқ ҳаво кириб келишининг кучайиши сабаб экани айтилмоқда.

Шу кунларда Урганчда, ҳатто, 88 йил аввал кузатилган об-ҳаво рекорди янгилангани ҳам хабар берилган.

Маълум бўлишича, шаҳарда ҳаво ҳарорати +42.9 даражага чиққан.

Кун қизиши ортидан, Тошкент ерусти метросида ҳаракат тезлиги чекланишига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, куни-кеча эсган кучли шамол аллақачон Жиззах ва Навоийдаги уйларга зарар етказишга улгурган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek