Ўзбекистон: Масжиддаги сўроқ, Тошкент осмонидаги шовқин ва Жаҳонгир Отажонов хонадонига ким "бостириб кирди"? Янгиликлар O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot
- Жаҳонгир Отажонов номзоди президент сайловида илгари суриладими?
- Самарқанддаги масжидда ёш бола сўроққа тутилди;
- "Участковий"лар уй-жой билан таъминланади;
- Тошкентликлар осмондан келган кучли шовқин ҳақида хабар бердилар;
"Эрк" номзоди
Мухолифатдаги "Эрк" партияси собиқ қўшиқчи Жаҳонгир Отажоновни яқинлашиб келаётган президент сайловида иштирок этувчи ўз номзоди этиб кўрсатишга қарор қилган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
26 май куни Тошкент шаҳридаги Отажоновга тегишли хонадонда партия қурултойи бўлиб ўтгани хабар қилинган.
Тармоқда қурултой бошланиши арафасида хонадонга номаълум шахслар кириб келиб, жанжал кўтараётгани тасвирланган видеолар тарқалган.
Видеоларда шахслар Отажоновни турли саволлар билан сўроққа тутаётгани, қурултой иштирокчиларини ҳақоратлаб, шовқин кўтараётгани кўзга ташланади.
Жараённи ёритган журналист Абдуқодир Мўминов камераси номаълум шахслар томонидан синдирилгани ҳақида хабар берган.
Ҳолат юзасидан баёнот тарқатган "Эрк" партияси хонадон куч ишлатар тизимлар томонидан қуршаб олингани ва қурултойга бостириб келган шахслар махсус хизматлар тарафидан ёлланган, деб иддао қилган.
Партия, шунга қарамай, собиқ қўшиқчи номзодини президент сайловида илгари суриш бўйича қарор олишга муваффақ бўлинганини маълум қилган.
Шу йил аввалида президентликка номзодини қўяжагини эълон қилган Жаҳонгир Отажонов кейинроқ Туркияга кетиб, у ерда "Эрк" партиясига қўшилгани ҳақида хабар берган эди.
Ўзбекистондаги амалдаги қонунчиликка кўра, президентликка номзодлар фақат сиёсий партиялардан кўрсатилиши мумкин.
"Эрк" партияси мамлакатда узоқ йиллар тақиқ остида бўлиб келган.
2020 йилнинг январида партия фаоллари ушбу тақиқни олдириб ташлаш мақсадида адлия вазири Русланбек Давлетов билан учрашган.
"Эрк" марказий кенгаши аъзоси Аъзам Турғунов вазир уларни қабул қилган бўлса-да, партия фаолиятини тиклаш сўровига рад жавобини бергани тўғрисида хабар қилган.
Бундан аввал президент Шавкат Мирзиёев мухолифат Ўзбекистоннинг ичкарисидан етишиб чиқишини айтганди.
Ким билан келдинг?

Сурат манбаси, Screenshot
Ижтимоий тармоқда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари масжидда ёш болани сўроққа тутаётгани тасвирланган видео тарқалди.
Видеода ходим вояга етмаган боладан масжидга ким билан келгани ва бу ерда нималарни ўрганаётганини сўрайди.
Жараённи тасвирга олаётган эркак эса болага ходимнинг саволларига жавоб бермаслигини айтади.
Тасвирларда, шунингдек, ушбу эркакнинг ходимлар билан тортишуви ҳам акс этган.
Маълум бўлишича, ҳолат Самарқанднинг Пахтачи тумани Зиёвуддин шаҳарчасидаги "Хўжа-Зиёвуддин" жомеъ масжидида рўй берган.
Вилоят ички ишлар бошқармаси 25 май куни масжидда махсус диний таълимга эга бўлмаган шахс 11 нафар инсон, жумладан, 5 нафар вояга етмаган болага рухсатсиз диний сабоқ бериб келаётгани аниқланганини маълум қилган.
Хабарда ушбу шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилгани қўшимча қилинган.
"Ички ишлар органлари ҳеч кимни диний билим олишини чекламайди. Юртимизда диний билим олиш учун барча зарурий шароитлар яратилган. Фақатгина қонунчиликка асосан, белгиланган меъёрларга амал қилиш сўралади", дейилади бошқарма изоҳида.
"Участковий"лар учун уй

Сурат манбаси, official
Профилактика инспекторларини уй-жой билан таъминлашга қаратилган Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган.
Қарорга мувофиқ, 2021-2023 йиллар давомида профилактика инспекторларини бевосита хизмат ўталадиган ҳудудда хизмат уй-жойлари билан таъминлаш дастури тасдиқланган.
Ҳужжатда 2023 йилга қадар жами 2,965 та уй-жойни янгидан қуриш, 223 та янги хонадон харид қилиш ва 161 та хонадонни тўлиқ таъмирлаш кўзланмоқда.
Маълум этилишича, профилактика инспекторлари учун ажратиладиган уйлар 2 сотих майдонда бир қаватли ҳамда 2 ва 3 хонали қилиб қурилади.
Хавфли бурилиш

Сурат манбаси, Screenshot
Хавфли бурилиш
26 май куни Тошкент яшовчилар шаҳар осмонида ноодатий кучли овоз эшитганликлари ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар берганлар.
Ҳозирча тасдиқланмаган хабарларга кўра, Миср авиакомпаниясига қарашли самолёт Тошкент узра кескин бурилишни амалга оширган.
Фуқаролик учоқлари ҳаракатланишини кузатувчи Telegramʼдаги AviaSpotter каналининг ёзишича, FlyEgypt авиакомпаниясининг самолёти қоидага зид равишда шаҳар устидан қайрилиб олиш ҳаракатини амалга оширган.
"Учувчининг бу хатоси ҳаво маконидан фойдаланишнинг жиддий бузилиши саналади", дейилади каналда қолдирилган хабарда.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ушбу хабарни кейинчалик тасдиқлаган.
Вазирлик авиакомпанияга қарашли учоқ "Тошкент" аэропортидан парвозни амалга ошириш чоғида нотўғри манёврни амалга оширганини маълум қилган.
Расмий хабарда авиаҳодиса юзасидан комиссия тузилгани борасида сўз боради.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














