Ўзбекистон: Ҳокимликнинг 27 миллион сўмлик зиёфати, матбуотни “ёқтирмайдиган акалар” ва ДХХ собиқ биносини ким сотиб олди? – Янгиликлар O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Тошкентдаги мукофотлаш тадбири

Сурат манбаси, kun.uz

  • ДХХ собиқ биноси хусусий ширкатга сотилди;
  • Kun.uz'чилар раҳбари матбуот билан боғлиқ вазиятдан хавотир билдирди;
  • Тошкент шаҳар ҳокимлиги ким учун 27 миллион сўмлик дастурхон ёзди?
  • Амалдорлар энди қандай харажатларни очиқлашга мажбур бўлади?

"Акалар ёқтирмаса ҳам…"

Kun.uz нашри бош муҳаррири Умид Шермуҳаммедов Ўзбекистонда сўнгги икки йил ичида "матбуот соҳаси ривожланмаётгани, вазият ортга қараб кетишга мойилдек" экани ҳақида ёзган.

Нашр сайтида эълон қилинган мақоласида Шермуҳаммедов ушбу соҳадаги "кўплар қатори" ўзи ҳам "иккиланишлар, қўрқув, илҳом ва ғайратнинг камайиши"ни бошдан кечираётганини маълум қилган.

Шермуҳаммедов ўзининг деярли бир йилдан буён хорижда яшаб, нашрни масофадан бошқариб турганининг сабаби ушбу кайфиятга боғлиқ бўлиши эҳтимолига ишора қилган.

Бош муҳаррир 7 ойлик танаффусдан сўнг яқинларини кўриш учун Ўзбекистонга келганда, чегарада тўхтатилганини билдирган.

"Шу пайтгача бирор марта чегарада мени тўхтатишмаган. Бу сафар эса киришда ҳам, чиқишда ҳам "Тўхтаб туринг, ўтириб туринг, ҳозир, ана ҳозир, мана ҳозир"лар билан 30-40 дақиқа ушлаб қолишди. Тушунаман, шу соҳада эканман, бу ҳали бошланиши", ёзган у.

Шермуҳаммедов президент журналистларни қўллаб-қувватлаётгани, ижро ҳокимияти ОАВ билан ҳисоблашишга мажбур бўлаётгани, аммо матбуотнинг фаоллашаётганини ёқтирмайдиган "акалар" ҳали ҳам кўплигини таъкидлаган.

"Бу - ўтиш даври, ўзгариш даври. Амалдорларнинг аксарияти ҳамон эскича ишлаяпти, қарашлари ҳам эскича, босим билан, пул билан, ёки яна бошқа йўл билан ОАВ овозини ўчираман деб ўйлаб юрганлар бор.

Эскича методлар билан ишлаб, "добро" бўлсаю, бориб адабини бериб келсам", деб турган акахонларимиз кўп. Лекин кундан кунга уларнинг сафи камаяди, ҳозир тўғри иш қиляпман деганлар, эртага ўзгаришга, янгича ишлашга мажбур бўлади", дея умид билдирган бош муҳаррир.

Апрель ойида Kun.uz нашри ДХХнинг ахборот хавфсизлиги бўйича бўлими томонидан хабарларни ўчириш, қайси мавзуларда ёзиш ёки ёзмаслик бўйича босимлар давом этаётгани, талаблар бажарилмаган тақдирда таҳририят вакилларига мунтазам таҳдидлар бўлаётгани тўғрисида хабар берган эди.

ДХХ собиқ биноси сотилди

ДДХ собиқ биноси

Сурат манбаси, Screenshot/googlemap

Давлат хавфсизлик хизматининг пойтахт марказидаги собиқ қароргоҳи 210 миллиард сўмга сотилган.

Март ойининг сўнггида мазкур "Марказий бино" бошқа қатор йирик давлат активлари билан биргаликда оммавий савдоларга қўйилган эди.

Gazeta.uz нашрининг ёзишича, бинони сотиб олган ширкатнинг таъсисчиси сифатида ТИВ раҳбарининг ўғли кўрсатилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги "Газеталар ишлаб чиқариш мажмуаси" ва "Ичан қалъа" меҳмонхона мажмуаси ҳам 78 ва 74,2 миллиард сўмга хусусий ширкатларга сотилган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги оммавий савдолар ғолиблари билан олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш жараёни бошланишини маълум қилган.

27 миллион сўмлик базм

ДДХ биноси

Сурат манбаси, official

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 28 кишидан иборат россиялик делегация учун 27 миллион сўмдан зиёдроққа кечки овқат дастурхонини ёзгани тўғрисида хабарлар тарқалган.

Маълум бўлишича, шоҳона кечки овқат Россия Давлат думасининг мудофаа қўмитаси раиси Владимир Шаманов бошчилик қилган Россия қаҳрамонлари ассоциацияси жамоат ташкилоти делегацияси учун 24 апрель куни пойтахтдаги қимматбаҳо ресторанлардан бирида ташкил этилган.

Базм буюртмачиси бўлмиш Тошкент шаҳар ҳокимлиги аппарати ва зиёфатларни ташкиллаш билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамият ўртасида тузилган шартномада кечки овқат учун қиймати 700 минг сўмдан баландроқ бўлган денгиз маҳсулотларидан тайёрланган таом, қиммат спиртли ичимликларга буюртма берилгани кўринади.

Маҳаллий нашрлар зиёфатда дастурхонга тортилган аксар маҳсулотлар, масалан, салқин ичимликлар бозордагидан бир неча баробар қимматга сотиб олинганини аниқлаганлар.

Расмий маълумотларда зиёфат учун Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан давлат бюджетидан пул ажратилгани кўзга ташланади.

Ушбу хабарни ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари танқидлар билан қабул қилган.

Жамоатчилик фаоллари расмийларни солиқ тўловчиларнинг пулларини сарфлашда камтарроқ бўлишга чақирган.

Очиқлик сари қадам

Учрашув

Сурат манбаси, komilallamjonov/twitter

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташкиллаган зиёфат жамоатчилик эътиборида бўлиб турган бир вақтда президент Шавкат Мирзиёев давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган фармонга имзо чеккан.

Фармонга мувофиқ, 1 июлдан мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатларини расмий вебсайт ва очиқ маълумотлар порталига жойлаштириб бориш тартиби жорий этилмоқда.

Шунингдек, президент, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан берилган солиқ ва божхона имтиёзлари, мансабдорларнинг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси ҳамда объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомашиналар сотиб олиш харажатлари тўғрисидаги маълумотларни ҳам очиқлаш вазифаси қўйилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига эса давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган талабларни мунтазам равишда бузаётган айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича президент администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб бориши вазифаси юклатилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek