Ўзбекистон, Мубашшир Аҳмад иши: қонун, сўз эркинлиги ва "қонунни оёқости қилиш"

Мубашшир Аҳмад

Сурат манбаси, Facebook/Mubashishir Ahmad

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Айрим ҳуқуқшуносларга кўра, Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний уламо Алишер Турсуновга қарши қўзғатилган жиноят ишини тергов қилаётган орган ходимларининг Ўзбекистон Конституцияси ва қонунчилик талабларини бузаётганлари аниқланди.

Ҳуқуқшунослар бундай кескин баёнот билан чиқишга Ўзбекистон Жиноят-Процессуал кодексининг 48-бандининг ўзи етарли дейдилар.

Алоқадор мавзулар:

Гап қандайдир жиноят содир этишда гумон қилиниб ўз ихтиёрига зид равишда тутқунликда ушлаб турилган шахснинг мамлакат бош қонуни ва бошқа қонунчиликда аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари ҳақида бўлиб, фуқаро Алишер Турсуновнинг Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Шайҳонтоҳур туман судининг қамоққа олиш ҳақидаги қароридан кейиноқ тергов органи унинг қариндошларини қаерда сақлаб турилганлигидан огоҳ этиши шарт эди.

Аммо Мубашшир Аҳмад Туркиядаги уйидан олиб кетилганидан кейинги 11 кун давомида на Туркиядаги адвокати, на Ўзбекистондаги қариндошлари ва "Gulyamov, Sadikov and Partners" адвокатлик фирмасининг адвокатлари "Мубашшир Аҳмад қаерда?" деган саволга жавоб бериша оляпти.

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасидагилар Мубашшир Аҳмаднинг қайси тергов ҳибсхонасида вақтинча сақланаётганидан бехабарликларини, эҳтимол Давлат Хавфсизлик хизматининг марказий тергов ҳибсхонаси (Гвардейский)да сақланаётган бўлиши мумкинлигини айтишди.

Адвокатлар 14 май куни Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизмати марказий тергов ҳибсхонасига боришганда дастлаб Мубашшир Аҳмаднинг шу ерда сақланаётганлигини маълум қилишган.

Бироқ орадан бироз вақт ўтиб, адвокатларга қўнғироқ бўлиб, Мубашшир Аҳмаднинг ДХХ тергов ҳибсхонасида йўқлиги, бошқа шахс билан адаштириб юборишганлиги айтилди.

Мубашшир Аҳмад бўйича сўралаётган саволлар:

Мубашшир Аҳмадни 1)жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этишда, 2)диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатишда айблаб, уни бугун сўроқ қилаётган ташкилот қайси ташкилот?

Нега Мубашшир Аҳмад шу кунгача яқинлари ва адвокатларига кўрсатилмаяпти?

Унинг мунтазам дори-дармон қабул қилиб туриши кераклиги хабар қилинган, ҳозир саломатлигининг аҳволи қандай?

Бу саволларга ҳозиргача ҳуқуқ-тартибот органлари жавоб берашаётгани йўқ.

Мубашшир Аҳмад иши бўйича ҳозирга қадар фақат ИИВ чиқарган расмий хабарнома бор, холос.

Бугун 19 май куни Тошкентдаги Muqsit Haq адвокатлик бюросининг яна бир адвокати кўнгилли бўлиб Алишер Турсунов ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ариза топширди, адвокат сифатида ўз талабларини ёзма равишда тақдим этди.

Мубашшир Аҳмад тергови Ўзбекистондаги адвокатларга нисбатан босимлар ортаётгани ҳақида мурожаат тарқалган кунларга тўғри келмоқда.

Ўзбекистонда таниқли адвокат Сергей Майоров Адвокатлар Палатаси раҳбариятига мурожаат қилган, судларда шахсларни виждонан ҳимоя қилган адвокатлар ўзларининг адвокатлик лицензиясидан маҳрум этилганини қоралаган.

Матбуот котиблари ва медиа билан мулоқот

Айни пайтда Демократия Индексида Ўзбекистон судлари ҳукуматни ноқонуний қарорлар қабул қилишдан тўхтатишга қодир эмаслиги айтилади, бу мамлакатнинг халқаро рейтинги учун салбий ҳолат деб кўрилади.

Ушбу индексда ҳамда яқинда эълон қилинган сўз эркинлиги рейтингида Ўзбекистондаги аҳвол яхши эмас, ёмон томонга кетаяпти деб таърифланади.

Би-би-си бу ва бошқа масалаларда ҳам ҳуқуқ-тартибот органларига бот-бот мурожаат қилиб келмоқда, аммо сўнгги ойлар расмийлардан муносабат олиш қийинлашиб қолган.

Муқаддам журналистлар билан нисбатан очиқ ва тез-тез мулоқотда бўлган Ўзбекистон Бош Прокуратасининг ўша йиллардаги матбуот котибаси Светлана Ортиқова, Миллий Хавфсизлик хизмати матбуот котиблари марҳума Наталя Кочубей, Олимжон Тўрақулов, Ички ишлар вазирлиги, Олий Суд матбуот котибларига телефон орқали қўнғироқлар қилиб, саволларга жавоб олинарди.

Аммо бугунга келиб Олий Суд матбуот котиби на қўнғироғингизга жавоб беради, на электрон мактубга, на мобил телефонидаги Телеграм сўровга, Бош Прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматларининг Телеграмдаги рақамлари эса афтидан баъзи журналистлар учун "ёпиб" қўйилган.

Давлат Хавфсизлик хизматининг матбуот вакиллари билан мулоқоти деярли имконсиз.

Би-би-си барча томонларнинг фикр ва мулоҳазалари учун очиқ эканини яна бир бор эслатиб ўтади.