Эрон вазири Би-би-сига: "Ядровий келишув учун муросаларни муҳокама қилишга тайёрмиз" (Видео)

- Author, Лиз Дюсет
- Role, Би-би-си мухбири
- Reporting from, Теҳронда
- Author, Жереми Калли
- Reporting from, Лондонда
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Эрон вазири Би-би-сига маълум қилишича, агар америкаликлар санкцияларни бекор қилишни муҳокама қилишга тайёр бўлса, Эрон АҚШ билан ядровий келишувга эришиш учун муросаларни кўриб чиқишга тайёр.
АҚШ расмийлари бир неча бор таъкидлаб келишича, бу чўзилиб кетган музокара жараёни ривожини тўхтатиб турган томон АҚШ эмас, балки Эрондир.
Шанба куни АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Президент Доналд Трамп келишувни афзал кўришини, бироқ Эрон билан келишувга эришиш "жуда қийин" эканини айтди.
Аммо Эрон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Мажид Тахт-Равончи Теҳронда Би-би-сига берган суҳбатида, "Тўп Американинг майдонида, улар келишувни истаётганини исботлаши керак", деди ва "Агар улар самимий бўлса, ишончим комил, биз келишув сари йўлга чиқамиз", дея қўшимча қилди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Трамп агар Эроннинг ядровий дастурини чеклаш бўйича келишувга эришилмаса, Эронга зарба бериш билан таҳдид қилди. АҚШ минтақада ҳарбий иштирокини кучайтирмоқда.
Бу ўтган ой Эронда бутун мамлакат бўйлаб ҳукуматга қарши намойишларнинг зўравонлик билан бостирилишидан кейин содир бўлди. Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари минглаб одамлар ҳалок бўлганини айтмоқда.
АҚШ ва Эрон феврал бошида Форс кўрфази давлати Уммонда билвосита музокаралар ўтказди ва Тахт-Равончи сешанба куни Женевада иккинчи босқич бўлиб ўтиши белгиланганини тасдиқлаб, улар "кўпроқ ёки камроқ ижобий йўналишда бўлди, бироқ баҳолаш учун ҳали эрта", деди. Трамп ҳам бу музокараларни ижобий деб таърифлаган.
Ташқи ишлар вазири ўринбосари Теҳроннинг 60% бойитилган уранини суюлтириш таклифини муросага тайёрлигининг далили сифатида кўрсатди.
Қурол яратиш даражасига яқин бўлган бу бойитиш Эрон Ислом Республикаси ядровий қурол ишлаб чиқишга яқинлашмоқда деган шубҳаларни кучайтирди. Эрон буни ҳар доим инкор этиб келган.
"Агар улар санкциялар ҳақида гаплашишга тайёр бўлса, биз дастуримиз билан боғлиқ бу ва бошқа масалаларни муҳокама қилишга тайёрмиз", деди Тахт-Равончи Би-би-сига. Бу барча ёки айрим санкцияларни бекор қилишни англатадими, деган саволга у аниқлик киритмади.
Эрон 2015-йилги ядровий келишувда қилганидек, 400 килограммдан ортиқ юқори даражада бойитилган уран захирасини Эрон ташқарисига чиқаришга рози бўладими, деган саволга Тахт-Равончи, "Музокаралар давомида нима бўлишини айтишга ҳали эрта", деди.
Трамп уч йил ўтиб келишувдан чиқиб кетган, 2015-йилги кўп томонлама келишув доирасида паст даражада бойитилган 11000 килограмм уранни қабул қилган Россия, бу материални яна қабул қилишни таклиф қилган.
ОАВда илгари хабар қилинган бошқа таклифлар орасида Теҳроннинг ядровий бойитишни вақтинча тўхтатиш таклифи ҳам бор.
Эроннинг асосий талабларидан бири музокаралар фақат ядровий масалага қаратилиши бўлиши кераклиги эди. Бу ҳақда Тахт-Равончи шундай деди: "Бизнинг тушунишимизча, агар келишувга эришмоқчи бўлсангиз, ядровий масалага эътибор қаратишингиз керак деган хулосага келишган".
Агар тасдиқланса, бу Эрон учун муҳим олдинга қадам бўлади. У Вашингтоннинг бойитишни нол даражага тушириш ҳақидаги талабларини ҳар қандай келишувга тўсқинлик сифатида кўрган.
Эрон буни қизил чизиқ, ядровий қуролларни тарқатмаслик шартномаси доирасидаги ҳуқуқларининг бузилиши деб ҳисоблайди.
Тахт-Равончи Би-би-сига, "Нол даражада бойитиш масаласи энди муҳокама масаласи эмас. Эрон нуқтаи назаридан у энди музокара столида муҳокама қилинмайди", деди. Бу Трампнинг жума куни журналистларга айтган, "Биз ҳеч қандай бойитишни хоҳламаймиз", деган сўзларига зид.
Эрон музокарачиси, шунингдек, Теҳроннинг баллистик ракета дастурини америкалик музокарачилар билан муҳокама қилишдан бош тортишини яна бир бор такрорлади. Бу ўз навбатида Исроилнинг асосий талабларидан бири бўлиб келган, чунки бу ракеталар айнан шу давлатни нишонга олган.
To‘p Amerikaning maydonida, ular kelishuvni istayotganini isbotlashi kerak. Agar ular samimiy bo‘lsa, ishonchim komil, biz kelishuv sari yo‘lga chiqamiz.
Ҳар қандай келишувга Эроннинг минтақадаги қуролли гуруҳларни қўллови масаласини киритиш ҳам, Рубио каби АҚШ расмийлари томонидан таъкидланган.
"Бизга исроилликлар ва америкаликлар ҳужум қилганида, ракеталаримиз бизни ҳимоя қилди, шундай экан қандай қилиб мудофаа имкониятларимиздан воз кечишга рози бўлишимиз мумкин?", деди Тахт-Равончи.
Ўн йилдан ортиқ аввалги музокараларда ҳам муҳим рол ўйнаган ва ҳозирги музокараларда ҳам асосий рол ўйнаётган юқори мартабали дипломат АҚШ президентининг қарама-қарши баёнотларидан хавотир билдирди.
"Улар музокараларга қизиқиш билдирмоқда, деган гапларни эшитяпмиз", деди у. "Буни очиқдан-очиқ айтишди. Уммон орқали шахсий суҳбатларда ҳам бу масалаларни тинч йўл билан ҳал қилишга қизиқиш борлигини айтишди".
Аммо сўнгги баёнотларида Трамп яна режим ўзгаришига эътибор қаратиб, "Эҳтимол, содир бўлиши мумкин бўлган энг яхши нарса шу бўларди", деди.
"Буни шахсий хабарларда эшитмаяпмиз," деди Таxт-Равончи, ҳозир асосий араб воситачиси бўлиб турган Уммон Султонлигининг ташқи ишлар вазири Сайид Бадр бин Ҳамад Ал-Бусаидий орқали узатилаётган хабарларга ишора қилиб. Бошқа минтақавий кучлар, жумладан Қатар ҳам муҳим рол ўйнамоқда.
Таxт-Равончи минтақадаги АҚШ ҳарбий кучларининг кўпайишини ҳам савол остига қўйиб, яна бир уруш "Изтиробли, ҳамма учун ёмон… ҳамма азият чекади, айниқса бу тажовузни бошлаганлар", дея огоҳлантирди.
У қўшимча қилиб: "Агар биз буни мавжудлигимизга таҳдид деб ҳис қилсак, шунга яраша жавоб берамиз", деди. Эрон америкалик кампанияни омон қолиш учун кураш деб ҳисоблайдими, деган саволга у: "Бундай жуда хавфли сценарий ҳақида ўйлашнинг ўзи оқилона эмас, чунки бутун минтақа тартибсизликка юз тутади," деб жавоб берди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Эрон бир неча бор минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларини қонуний нишон деб ҳисоблашини айтган.
Аввалги ҳужумларда, жумладан ўтган июн ойида АҚШ Эрон ядровий объектларига зарба бергач, Қатардаги Ал-Удейд ҳарбий базасига қилинган ҳужумда Теҳрон америкаликлар орасида қурбонлар бўлмаслигига ҳаракат қилган.
Минтақада ҳозир 40 мингдан ортиқ АҚШ аскари жойлаштирилгани ҳақидаги саволга Таxт-Равончи "бу бошқача ўйин бўлади," деб жавоб берди.
Юқори мартабали Эрон расмийлари минтақа бўйлаб ҳамкасблари билан жадал музокаралар олиб бормоқда, улар эса ўз навбатида кенг кўламли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган урушнинг олдини олиш зарурати ҳақида Президент Трамп билан телефон орқали гаплашмоқда.
"Биз минтақада урушга қарши деярли бир овоздан келишувни кўряпмиз", деди Таxт-Равончи.
Эрон бир неча бор Исроилни ушбу музокара йўлини саботаж қилишга уринаётганликда айблаган.
"Гарчи 100% ишончимиз комил бўлмаса ҳам, биз буни дипломатия орқали амалга ошира олишимизга умид қиламиз", деди у, ва "Эрон кутилмаган ҳодисалардан огоҳ бўлиши керак", дея қўшимча қилди.
Бу ўтган июн ойида Исроилнинг кутилмаган ҳужумига ишора бўлиб, ҳозир 12 кунлик уруш деб аталадиган можаронинг бошланишига сабаб бўлган. Бу Эрон Уммонда АҚШ махсус вакили Стив Виткоф билан билвосита музокараларнинг олтинчи босқичига тайёргарлик кўраётганидан бир неча кун олдин содир бўлган ва Теҳроннинг бу жараёнга бўлган ишончини камайтирган.
Маълумки, ўтган йилги музокараларда олдга силжиш йўқлигидан Эрон норози бўлган, Виткоф эса кўпинча юқори даражада техник масала бўлган бу жараёнга керакли мутахассисларсиз келган деб айтилади.
Эрон расмийлари, жумладан Президент Масуд Пезешкиан, бир босқичда эришилган келишувлар кейинги учрашувга келиб ўзгартирилаётганини танқид қилган.
Феврал бошидаги сўнгги музокараларда АҚШ президентининг куёви Жаред Кушнернинг иштироки Эрон томонидан АҚШнинг янада жиддийроқ жалб этилишининг ижобий белгиси сифатида кўрилган.
Бошқа томондан, Эроннинг ҳар қандай келишув учун зарур бўлган қийин муросаларга тайёрми-йўқми деган саволлар ҳам кўтарилган.
Кўплаб кузатувчилар янги келишув яқин эканига шубҳа билан қарамоқда, бироқ Таxт-Равончи Эрон Женевадаги навбатдаги босқичга келишувга эришиш умиди билан боришини айтди.
"Биз қўлимиздан келганини қиламиз, лекин бошқа томон ҳам самимий эканини исботлаши керак", деди у.
Би-би-сининг бош халқаро мухбири Лиз Дюсет унинг материаллари Би-би-сининг Форс хизмати томонидан ишлатилмаслиги шарти билан Теҳрондан хабар бермоқда. Бу чекловлар Эронда фаолият юритаётган барча халқаро ОАВ ташкилотларига татбиқ этилади.






























