АҚШ Эронга зарба берса нима бўлади? Етти эҳтимолий сценарий

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Эроннинг олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий коллаж қилинган расми

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, АҚШ президенти Доналд Трамп ва Эроннинг олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий
    • Author, Фрэнк Гарднер
    • Role, Хавфсизлик масалалари бўйича мухбир
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

АҚШ бир неча кун ичида Эронга зарба беришга тайёр турган кўринади. Нишонлар тахминан маълум бўлса-да, натижа қандай бўлиши ноаниқ. Шундай қилиб, агар Теҳрон билан сўнгги дақиқада бирор келишувга эришилмаса ва Президент Доналд Трамп АҚШ кучларига буйруқ берса, бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

1. Аниқ нуқтали зарбалар, тинч аҳоли орасида минимал йўқотишлар ва демократияга ўтиш

АҚШ ҳаво ва денгиз кучлари Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) ва унинг назоратидаги "Басиж" бўлинмасининг ҳарбий базаларига, баллистик ракеталар сақланадиган жойларга ҳамда ядровий дастур объектларига аниқ нуқтали зарбалар беради.

Натижада, аллақачон заифлашган тузум ағдарилади ва Эрон дунё ҳамжамиятига қайта қўшила оладиган ҳақиқий демократияга ўтади.

Бироқ, бу ўта оптимистик сценарий. Ғарбнинг Ироқ ва Ливиядаги ҳарбий аралашуви демократияга силлиқ ўтишни таъминламади. Тўғри, ҳар икки ҳолатда ҳам шафқатсиз диктатура тугатилди, бироқ бу йиллар давом этган тартибсизлик ва қон тўкилишларига сабаб бўлди.

2024 йилда Ғарб ҳарбий ёрдамисиз ўз инқилобини амалга ошириб, Президент Башар ал-Асадни ағдариб ташлаган Сурияда эса ҳозирча вазият нисбатан яхшироқ.

2. Тузум сақланиб қолади, бироқ ўз сиёсатини мўтадиллаштиради

Буни кенг маънода "Венесуэла модели" деб аташ мумкин. Бунда АҚШнинг тезкор ва кучли ҳаракатлари режимни бутунлай йўқ қилмайди, бироқ уни ўз сиёсатини юмшатишга мажбур қилади.

Эрон мисолида бу Ислом Республикасининг сақланиб қолишини англатади. Гарчи бу кўплаб эронликларни қониқтирмаса-да, режим Яқин Шарқдаги жангари гуруҳларни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга, ядровий ва баллистик ракета дастурларини чеклашга ҳамда ички норозилик намойишларини бостиришни сиёсатини ўзгартиришга мажбур бўлади.

Бироқ, бу сценарий ҳам амалга ошиши қийин бўлган эҳтимоллар қаторига киради. Ислом Республикаси раҳбарияти 47 йилдан бери ҳар қандай ўзгаришларга қаршилик кўрсатиб келмоқда. Ҳозирги босқичда ҳам улар ўз йўналишини ўзгартиришга қодир эмасдек кўринади.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

3. Тузум қулайди ва унинг ўрнини ҳарбий бошқарув эгаллайди

Кўпчилик воқеалар айнан мана шу сценарий бўйича ривожланишига ишонади.

Гарчи халқнинг кўп қисми амалдаги ҳукуматни ёқтирмаса ва тинимсиз норозилик намойишлари уни заифлаштирган бўлса-да, ҳокимиятни ҳар қандай йўл билан сақлаб қолишга уринаётган жуда қудратли ва тармоқланган "махфий хавфсизлик тизими" ҳали ҳам мавжуд.

Норозилик намойишларининг шу вақтгача режимни ағдаришга кучи етмаганининг асосий сабаби - хавфсизлик кучлари орасида намойишчилар томонига ўтиш ҳолатлари деярли кузатилмади. Шу билан бирга, ҳокимиятдагилар ўз курсиларини сақлаб қолиш учун чексиз куч ва шафқатсизлик ишлатишга тайёр.

АҚШ зарбаларидан кейин юзага келадиган бетартиблик шароитида, Эронни асосан Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) арбобларидан ташкил топган қатъий ҳарбий ҳукумат бошқариб қолиши эҳтимолдан холи эмас.

Қора кийимдаги ва қурол кўтарган полиция ходимлари Эрон байроқларини кўтариб олган оломонни назорат қилиб юрибди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Эрон полициясининг махсус кучлари шу ой бошида Теҳронда бўлиб ўтган ҳукуматни қўллаб-қувватлаш намойишини кузатмоқда

4. Эрон АҚШ ҳарбийларига ва қўшниларига зарба бериш билан ўч олади

Эрон ҳар қандай АҚШ ҳужумига жавоб қайтаришга ваъда бериб, "бармоғи тепкида" эканлигини маълум қилди.

Эрон АҚШ Ҳарбий-денгиз ва Ҳаво кучларининг қудратига тенг кела олмаслиги аниқ, бироқ у ғорлар, ер ости бункералари ёки олис тоғ ёнбағирларида яширилган баллистик ракеталар ва дронлар арсенали билан зарба бериши мумкин.

Форс кўрфазининг Араб томонида, айниқса Баҳрайн ва Қатарда АҚШ базалари ва объектлари жойлашган. Шунингдек, Эрон агар истаса, АҚШ ҳужумига шерик деб ҳисоблаган ҳар қандай давлатнинг (масалан, Иордания) муҳим инфратузилмаларини нишонга олиши мумкин.

2019 йилда Saudi Aramco нефт-кимё объектларига ва Ироқдаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳларга нисбат берилган талофатли ракета ва дрон ҳужумлари саудияликларга Эрон ракеталари қаршисида қанчалик заиф эканликларини кўрсатиб қўйди.

Эроннинг Форс кўрфазидаги араб қўшнилари - АҚШнинг барча иттифоқчилари - ҳозирда АҚШнинг ҳар қандай ҳарбий ҳаракати пировардида уларга зарар етказишидан қаттиқ хавотирда.

Хира тасвирланган видеолавҳада намойишчилар ва оловдан чиққан тутун, шунингдек, воқеаларни камерага муҳрлаш учун телефонини баланд кўтарган киши акс этган; тасвир январь ойи бошида Машҳад шаҳрида олинган.

Сурат манбаси, UGC

Сурат тагсўзи, Январ ойи бошида интернет ўчириб қўйилганига қарамай, ҳукуматга қарши намойишлар акс этган кадрлар ижтимоий тармоқларга сизиб чиқди

5. Эрон Форс кўрфазига миналар ётқизиш орқали жавоб қайтаради

Бу ҳолат 1980-88 йиллардаги Эрон-Ироқ урушидан бери жаҳон кемачилиги ва нефть таъминоти учун доимий хавф бўлиб келмоқда. Ўшанда Эрон ҳақиқатан ҳам кема йўлларини миналаштирган, Қироллик ҳарбий-денгиз флотининг миналардан тозалаш кемалари эса уларни тозалашга ёрдам берган эди.

Эрон ва Уммон ўртасидаги тор Ҳормуз бўғози ўта муҳим стратегик нуқта ҳисобланади. Ҳар йили дунёдаги суюлтирилган табиий газ (ЛНГ) экспортининг қарийб 20 фоизи ҳамда нефт ва нефт маҳсулотларининг 20-25 фоизи айнан шу бўғоз орқали ўтади.

Эрон денгиз миналарини тезкорлик билан жойлаштириш бўйича машғулотлар ўтказиб келади. Агар у буни амалга оширса, бу муқаррар равишда жаҳон савдосига ва нефт нархига ўз таъсирини кўрсатади.

6. Эрон жавоб зарбаси сифатида Америка ҳарбий кемасини ғарқ қилади

Форс кўрфазидаги ҳарбий кемада бўлган АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари капитани бир сафар менга Эрон томонидан энг кўп хавотирга соладиган таҳдидлардан бири "гала ҳужуми" эканлигини айтган эди.

Бунда Эрон бир ёки бир нечта нишонга шунчалик кўп портловчи дронлар ва тезюрар торпеда катерларини учирадики, ҳатто АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг энг кучли яқин масофали мудофаа тизимлари ҳам уларнинг ҳаммасини ўз вақтида йўқ қилишга улгурмай қолиши мумкин.

Форс кўрфазида Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳарбий-денгиз кучлари аллақачон Эроннинг анъанавий денгиз флотини сиқиб чиқарган; ҳолбуки, анъанавий флотнинг баъзи қўмондонлари ҳатто Шоҳ даврида Дартмутда таҳсил олган эдилар.

Эрон денгиз экипажлари ўз машғулотларини асосан ноанъанавий ёки "асимметрик" уруш усулларига қаратган бўлиб, улар ўзларининг асосий рақиби АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг Бешинчи флоти эга бўлган техник устунликни енгиш ёки четлаб ўтиш йўлларини қидирмоқдалар.

АҚШ ҳарбий кемасининг чўктирилиши ва унинг экипажидан омон қолганларнинг асирга олиниши АҚШ учун улкан шармандалик бўлар эди.

Гарчи бу сценарий эҳтимолдан йироқ деб ҳисобланса-да, 2000-йилда Аден бандаргоҳида "Ал-Қоида"нинг худкушлик ҳужуми натижасида миллиард долларлик "USS Cole" минаташувчиси ишдан чиқарилган ва 17 нафар америкалик денгизчи ҳалок бўлган эди.

Ундан аввалроқ, 1987-йилда ироқлик учувчи хатолик туфайли АҚШнинг "USS Stark" кемасига иккита "Exocet" ракетасини отган, натижада 37 нафар денгизчи ҳалок бўлган эди.

28 январ куни Теҳронда олинган суратда тўқ рангли ҳижоб ва қора кўйлак кийган аёлнинг девордаги Америка ва Эрон сиёсатчилари бир-бирига рўбарў ўтирган ҳолатда тасвирланган сурат (мурал) ёнидан ўтиб кетаётгани акс этган.

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ ҳарбий аралашуви хавфи ортиб бораётган бир пайтда, Теҳроннинг жамоат жойларида Америкага қарши чизилган муралларни кўриш мумкин

7. Тузум қулайди ва унинг ўрнини тартибсизликлар эгаллайди

Бу жуда жиддий хавф бўлиб, Қатар ва Саудия Арабистони каби қўшни давлатларни энг кўп ташвишга солаётган масалалардан биридир.

Сурия, Яман ва Ливияда кузатилганидек, фуқаролар уруши эҳтимоли билан бир қаторда, тартибсизлик ва бошбошдоқлик шароитида этник зиддиятлар қуролли тўқнашувга айланиб кетиш хавфи ҳам мавжуд. Зеро, бутун мамлакат бўйлаб юзага келган ҳокимият бўшлиғи шароитида курдлар, балучлар ва бошқа кам сонли миллатлар ўз халқини ҳимоя қилиш йўлларини қидира бошлайди.

Яқин Шарқнинг катта қисми Ислом Республикасининг кетишидан шубҳасиз мамнун бўлади. Айниқса, Эроннинг минтақадаги прокси гуруҳларига қақшатқич зарбалар берган ва Эроннинг гумон қилинаётган ядровий дастурини ўзи учун ҳаёт-мамот хавфи деб биладиган Исроил буни ҳаммадан кўпроқ истайди.

Бироқ, ҳеч ким аҳолиси 93 миллионга яқин бўлган Яқин Шарқдаги энг йирик давлатнинг тартибсизликлар гирдобига ғарқ бўлишини, гуманитар офат ва қочқинлар инқирозини келтириб чиқаришини хоҳламайди.

Ҳозирги вақтдаги энг катта хавф шуки, Эрон чегаралари яқинида улкан ҳарбий куч тўплаган Президент Трамп "юзимни ерга қаратмаслик учун ҳаракат қилишим шарт" деган қарорга келиши ва оқибати ноаниқ бўлган, кутилмаган ҳамда ҳалокатли асоратларни келтириб чиқарувчи урушни бошлаб юбориши мумкин.