Исроил Эронни нима қилмоқчи? (Видео)

Эрон кўчалари.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Эрон АҚШнинг ҳар қандай ҳужумига жавоби "дарҳол ва мисли кўрилмаган" бўлиши билан огоҳлантирган.
    • Author, Люси Уилямсон
    • Role, Яқин Шарқ бўйича мухбир
    • Reporting from, Тел-Авив
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳозирлиги кучаяётгани ҳақидаги тахминлар шовқини кўтарилар экан, Исроил раҳбарлари ноодатий тарзда сукут сақламоқда.

Эрондаги ҳукуматга қарши намойишларни қўллаб-қувватлаш бўйича айрим баёнотларни ҳисобга олмаганда, Исроил Бош вазири ўзининг энг катта душмани билан тўқнашаётган АҚШ ҳақида негадир оммага лом-мим демаяпти. Унинг ҳукумати ҳам худди шундай сукутда.

"Бу Нетаняҳунинг ушбу лаҳзага қанчалик аҳамият бераётганини кўрсатади", деди Исроил Мудофаа разведкасида 25 йил хизмат қилган ва ҳозирда Исроил Миллий хавфсизлик тадқиқотлари институтида Эрон бўйича катта тадқиқотчи Денни Ситринович.

"АҚШ Форс кўрфазида шунчалик куч тўплаган, Трамп Эронга ҳужум қилишга шу қадар яқин келган вазият – бу Нетаняҳу учун қўлдан бой бериб бўлмас олтин имкониятдир."

Исроил Бош вазири
gettyimages
Binyamin Netanyahu uzoq vaqtdan beri Eronni Isroil uchun asosiy tahdid va Yaqin Sharqdagi beqarorlikning bosh manbai sifatida ko‘rib kelgan.
Lyusi Uilyamson
Yaqin Sharq bo‘yicha muxbir, BBC. Suratda Isroil Bosh vaziri aks etgan. (Batafsil: bbc.com/uzbek da).

Исроилнинг сигналлар бўйича разведка бўлинмаси раҳбари собиқ ўринбосари Асаф Коэннинг айтишича, Исроилнинг сукутида ҳам стратегия бор.

"[Исроил] раҳбарияти бу сафар америкаликларга етакчиликни топширишимиз керак, деб ҳисоблайди, чунки улар кучлироқ, кўпроқ имкониятга, кўпроқ легитимликка эга."

Бинямин Нетаняҳу узоқ вақтдан бери Эронни Исроил учун асосий таҳдид ва Яқин Шарқдаги беқарорликнинг бош манбаи сифатида кўриб келган.

Унинг бундай сукути асосий иттифоқчиси билан мулоқот йўқлигини англатмайди.

Ўтган ой Исроил ҳарбий разведкаси раҳбари Шломи Биндер Вашингтонда АҚШ разведка идоралари билан учрашди.

Исроил ОАВ маълумотларига кўра, суҳбат Эрондаги эҳтимолий нишонлар ҳақида бўлган.

Исроил Бош вазири ва АҚШ президенти

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Шу ой бошида Нетаняҳу Трампдан Эронга жавоб беришга шошмасликни сўраган.

Ситриновичнинг фикрича, Нетаняҳу АҚШни Эрондаги тузумни ўзгартириш учун максимал зарба беришга ундамоқда ва Нетаняҳу шу ой бошида Трампни ўзини тийишга чақирганида, у АҚШнинг режаланган ҳужумини "жуда кичик" деб ҳисоблагани учун шундай қилганди.

Нетаняҳу ўтган йили Fox News телеканалига берган интервюсида эронликларни тузумга "қарши туришга" чақирган эди.

АҚШ президенти Доналд Трамп ҳозирда Эронга қарши бир қатор чораларни кўриб чиқмоқда – улар чекланган рамзий зарбалардан тортиб, тузумни тўла ўзгартиришгача бўлиши айтилмоқда. Оммавий чиқишларида у гоҳ ҳарбий таҳдидлар ҳақида, гоҳ янги музокаралар ҳақида гапиради.

АҚШнинг кўплаб иттифоқчилари Эрон раҳбариятини ағдаришга уриниш минтақа учун катта хавф туғдириши ҳақида огоҳлантираётган бўлса-да, Исроилда кўпчилик бунда ўз хавфсизлиги учун потенциал фойдани кўрмоқда.

Теҳрондаги тузумни ўзгартириш орқали Исроил баллистик ракеталар таҳдидини ва келажакда Эроннинг ядро қуролига эга бўлиш эҳтимолини йўқотишга умид қилмоқда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Шунингдек, бу ўзгариш Эроннинг минтақадаги прокси кучларини, жумладан, Исроилнинг Алма тадқиқот институти маълумотларига кўра, Ливандаги ҳали ҳам 25 000 гача ракета ва снарядларга эга "Ҳизбуллоҳ"ни заифлаштиради.

Бошқа томондан, баъзи Исроил қонун чиқарувчилари зарбанинг чекланган бўлиши ёки ҳатто Эрон билан янги келишув Исроил учун каттароқ хавф туғдириши мумкин, деб ҳисобламоқда.

"Тўлиқ ёвузликка дуч келганингизда, бор куч билан ҳаракат қиласиз", деди Исроил парламенти Мудофаа қўмитасида ўтирган "Йеш Атид" мухолифат партияси аъзоси Моше Тур-Паз.

"Исроил ва Ғарб дунёси кучлироқ ҳаракат қилиши кераклиги борасида якдиллик бор. Эрон каби ашаддий душманларимиз ҳақида гап кетганда, катта фарқлар йўқ. Таҳдидни ҳаммамиз тушунамиз."

Кўпчилик таъкидлашича, тўқнашувдан кейин тузум омон қолса, бундай тўқнашув Эроннинг қасос ҳаракатларидан кўрилган зарарга арзимайди.

Ўтган йилги 12 кунлик урушда Исроил ва АҚШ Эроннинг ядровий ва баллистик ракета объектларига ҳужум қилганида, Эрон Исроил шаҳарлари ва аҳолисига юзлаб баллистик ракеталар билан жавоб қайтарди. Баъзилари Исроилнинг мақталган ҳаво мудофаасидан ўтиб, Тел-Авивдаги кўп қаватли уйларга урилиб, камида 28 киши ўлимига сабаб бўлди.

Исроил полицияси вайрон бўлган бино ёнида.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Сўнгги 12 кунлик уруш пайтида Эроннинг айрим ракеталари Исроил мудофаасини ёриб ўтган.

Исроил ҳарбийлари яна кўпроқ қурбонларга тайёр эди, аммо Теҳроннинг ҳозирги танг аҳволи жавоб янада кескин бўлишига олиб келиши мумкин.

Таҳлилчилар таъкидлашича, Эрон ўша можарода сабоқ олган ва уруш давомида ўз тактикасини ўзгартирган. Ярим йил ўтиб, Эрон ўз ракета захираларини қайта тўлдирмоқда.

Шу ҳафта Эрон олий раҳбарининг катта маслаҳатчиси ижтимоий тармоқларда АҚШнинг ҳар қандай ҳужуми учун Тел-Авивга "зудлик билан ва мисли кўрилмаган" жавоб қайтарилиши ҳақида огоҳлантирди.

"Нетаняҳу Исроил [яна] тузумни ўзгартирмасдан ҳужум азобини бошдан кечиришидан қўрқади, – дейди Ситринович. – У ракеталар ясалишини тўхтатиш учун тузум ўзгариши керак, деган хулосага келган, аммо тузумни АҚШ ёрдамисиз ўзгартириб бўлмайди."

Коэннинг айтишича, Эрон тузуми ҳозир заифлашган – 12 кунлик урушдан кейин унинг ҳарбий мудофааси заифлашган, минтақавий прокси кучлар кучсизланган. Камига, мамлакат ичкарисида кенг кўламли норозиликлар бўлмоқда – бу ҳам Исроил учун имконият.

"Эрон ҳозир энг заиф ҳолатда – бу имконият бошқа келмаслиги мумкин, – деди Коэн. – Кўпчилик айни фурсати келди деб ҳисоблайди – ҳозир ёки ҳеч қачон."

Ўтган йил июнида Тел-Авивда Эроннинг ракета ҳужумларидан жабр кўрган аҳоли орасида яна бир тўқнашув ҳақида гап-сўзлар юрибди.

"Умид қиламанки, раҳбарларимиз бу имкониятни қўлдан чиқармайди", дейди 20 ёшлардаги Нерия исмли йигит.

Тел-Авив соҳили.

Сурат манбаси, Dave Bull/BBC

Сурат тагсўзи, Сўров шуни кўрсатдики, исроилликлар Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни қўллаб-қувватламоқда.

"Бу ҳужум орқали бўладими ёки бошқа йўл билан, билмайман, лекин вазиятдан фойдаланиб, режимни ўзгартиришимиз керак. Бомбалар билан олдин ҳам курашганмиз, ёқмайди одамга, аммо бу келажакда ўзимизни хавфсизроқ ҳис қилишимизга ёрдам берса, бунга сабр қилишимиз керак".

Яқин атрофда турган Шани исмли қиз эса аралаш ҳис-туйғулари ҳақида гапирди.

"Биламан, Эрон халқининг кўпчилиги АҚШ ёрдам беришини хоҳлайди. Умид қиламанки, ҳамма омон қолади, – дейди у. – Сиёсатчилар халқ ҳақида ўйлашлари керак. Ҳар бир ҳаракатнинг оқибати бор."

Исроил сўровномалари яҳудий аҳолининг аксарияти Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини қайта-қайта кўрсатмоқда, ҳатто ўтган йилги 12 кунлик урушдан кейин ҳам.

Бироқ, режим ўзгариши ортидан келадиган хавф сақланиб қолмоқда. Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий атрофидаги ҳарбий ва руҳоний иттифоқ анча жипс, мамлакатдаги мухолифат эса тарқоқ, ҳукумат ағдарилса, Эронни ким бошқариши ноаниқ.

Худди шу ҳукмрон элитанинг ёшроқ вориси Исроилга нисбатан мослашувчанроқ бўлиши аниқ эмас, фуқаролар уруши эса нафақат эронликлар, балки бутун минтақа учун чуқур беқарорликка олиб келиши мумкин.

Бир қанча мудофаа соҳаси мутахассислари режимларни одатда фақат ҳаво ҳужумлари билан ағдариб бўлмаслигини таъкидлайди.

Бу йил сайловлардан ўтиши керак бўлган Исроил Бош вазири Ҳамас ҳужумларидан кейин "Жаноб хавфсизлик" сифатидаги обрўсини тиклаш учун қаттиқ ҳаракат қилди. Эрондаги тузумни ўзгартириш ёки Хоманаийни йўқ қилиш сиёсий ютуқ бўлиши мумкин, аммо бу хавф ҳам туғдиради.

"Бу таваккал, лекин пухта ўйланган таваккал", дейди Ситринович.

"Нетаняҳунинг Хоманаийдан кейин нима бўлиши билан иши йўқ. У Трамп билан биргаликда Эрон режимини йўқ қилганини кўрсатмоқчи. Агар америкаликлар охиригача боришини билса, у бу хавфни қабул қилишга тайёр. Муаммо Трампда."

Эрон Олий руҳоний раҳбари.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Эрондаги намойишлар Оятуллоҳ Хоманаий режимини ағдара олмади.

АҚШ ҳам, Эрон ҳам музокараларга тайёрлигини билдирган, аммо Трамп Эроннинг уранни бойитишни ва минтақадаги прокси кучларини қўллаб-қувватлашни тўхтатиши ва баллистик ракеталарни чеклаши шарти билан музокараларга рози – буларнинг бари режим учун қизил чизиқ ҳисобланади.

Исроил раҳбарияти келишувга қатъиян қарши ва исроиллик таҳлилчилар келишувга эришиш мумкинлиги ёки йўқлиги борасида икки хил фикрда.

Коэннинг фикрича, Вашингтон ҳам, Теҳрон ҳам келишувни хоҳлайди, бироқ тез орада келишувга эришилмаса, АҚШ зарба беради.

"Эрон Олий раҳбари ва Трампда умумийлик бор. Аслида қизил чизиқлар йўқ. 2013 йилги музокаралар пайтида биз уларни "пушти чизиқлар" деб атардик, чунки улар ўзгариб турарди", дейди Коэн.

"Биз доим Эронни ёвуз деб атаймиз, лекин улар жуда оқил, – дейди у. – Ўйлашимча, улар вазиятни ўзгартириш учун ҳозирга қадар қилинмаган ишни қилиш кераклигини тушунишади."

"Ҳа, муроса қилиш имконияти бор, улар Шимолий Корея эмас, аммо бу режимнинг қизил чизиқлари бор, – дея эътироз билдирди Ситринович ва бошланган урушни тўхтатиш қийин бўлишидан огоҳлантирди, "чунки эронликлар буни ўзларининг омон қолиши учун уруш деб билишади."

Трампнинг музокаралар учун ўз шартларини юмшатиб, Эроннинг фақат ядро дастурига эътибор қаратиши мумкинлигига ишоралар бор. Агар Теҳроннинг музокараларни бошлаши учун талаблар етарлича пасайтирилса, минтақанинг кўп қисми енгил нафас олади. Исроилда эса кўпчилик юрак ютиб турибди.

Коэннинг айтишича, уранни бойитиш каби масалалар бўйича муросага келиш йўллари мавжуд бўлиб, бу Эронга муқаррар тақиқдан қутулиш имконини беради ва амалда ҳар қандай янги фаолиятни вақтинча тўхтатиши мумкин.

"Биз ва эронликлар ўртасидаги асосий фарқ шундаки, биз тез натижаларни истаймиз, эронликлар эса жуда сабрли, – дейди у. – Улар: "Биз бу ўлкада 2000 йилдан бери бормиз, агар ядро қуролига эга бўлиш учун яна 30 йил керак бўлса, муаммо эмас", дейишади."