Сув — Ўзбекистон учун оғриқли мавзу

Suv

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан Боку шаҳрига етиб бораркан, ташриф дастурида Ўзбекистон етакчисининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси (COP29) тадбирларида иштирок этиши кўзда тутилган.

COP29 доирасида делегация томонидан ерларнинг таназзулга учраши, экологик таълимни ривожлантириш ҳамда иқлим кун тартибини илгари суришда ёшларнинг ўрнига бағишланган юқори даражадаги тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Хусусан, қурғоқчилик ва чўллашишга қарши курашиш ҳам муҳокамалардаги устувор мавзулар даражасига чиқиши мумкин. Сабаби, атиги бир неча кун олдин, жорий йилнинг 7 ноябрь санасида қишлоқ хўжалигида сув ва энергия ресурсларидан унумли фойдаланиш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев ушбу мавзуларга алоҳида тўхталиб ўтганди.

Мавжуд муаммолар ва эҳтимолий ечимлар ҳақида сўз юритар экан, у сув хўжалигида келгуси 2025 йилни “Насослар самарадорлигини ошириш йили” дея эълон қилди.

Гарчи йилларга турли соҳалар кесимида бу каби номлар бериш Ўзбекистонда биринчи марта кузатилмаётган бўлсада, глобал иқлим ўзгариши кескинлашган, сув билан боғлиқ трансчегаравий масалалар кўпайган ва аллақачон сув манбалари билан боғлиқ муаммолар аҳолига ноқулайликлар келтириб чиқарётган пайтда Ўзбекистон сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳақида бош қотирётгани табиий жараёндек туйилади, албатта.

kun.uz
O‘zbekistondagi jami uzunligi

  • 170 000 kilometrdan ortiq kanallarning taxminan

  • 40-50 foizi qishloq xo‘jaligida foydalanish uchun yaroqsiz hisoblanadi.

  • 13 milliard kub metrsuv yo‘qotiladi.

Manba: Rasmiy

Ҳудуднинг асосий сув манбалари ҳисобланувчи Амударё ва Сирдарёдан ўн йилликлар давомида нотўғри фойдаланиб келингани бугунги кунда ўз оқибатларини намоён қиларкан, бу мамлакат қишлоқ хўжалиги ва иқтисодида жиддий инқироз кузатилишига сабаб бўлиши мумкин.

Шунингдек, бир томондан, таъмирталаб ирригация тизимлари миллионлаб доллар инвестицияларни талаб қилса, бошқа томондан, минтақавий сув талашувлари мамлакатдаги сув билан боғлиқ хавотирларни янада оширади.

Эскирган ирригация тизимлари

Ўзбекистондаги асосий ирригация тизимлари 1960-1980 йилларда Совет даврида қурилган. Ўтган вақт давомида уларнинг баъзилари яхши таъмирланмаган, баъзилари эса умуман эътиборсиз ташлаб қўйилган. Мамалакатдаги кўпчилик ирригация тизимларининг охирги маротаба таъмирдан чиққанига 30-40 йилдан ошган.

Ҳудуддаги жами узунлиги 170 000 километрдан ортиқ каналларнинг тахминан 40-50 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун яроқсиз ҳисобланади. Баъзи сув йўллари тўғри йўналишга эга бўлмаса, бошқалари экин майдонларига ҳайдалётган сув миқдорини назорат қилиш учун етарли жиҳозлар билан таъминланмаган.

Хусусан, мавжуд каналларнинг атиги 30 фоизи бетон билан қопланган, холос. Бу эса ўз-ўзидан катта миқдордаги сувнинг исроф бўлишига ва ҳеч бир самарасиз ер жинсларига сингиб кетишига олиб келади.

Маълумотларга кўра, ушбу сув йўлларида йилига 13 миллиард куб метр сув йўқотилади. Ачинарлиси эса бу Ўзбекистондаги беш вилоят — Андижон, Навоий, Сирдарё, Самарқанд ва Наманган — бир йилда ишлатадиган сув миқдорига тенг.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Гарчи Президент Мирзиёев келгуси йилда бетонлаш ишларининг маълум бир қисми амалга оширилиши учун 800 миллиард сўм ажратилишини эълон қилган бўлсада, ҳукумат лойиҳалари одатда кечикадиган ёки маҳаллий сабаблар билан баъзида буткул унутиладиган ва фермерларда сувдан қандай фойдаланиш бўйича зарур кўникмалар етишмайдиган Ўзбекистонда ҳаддан ортиқ сув исрофи яқин ўн йилликда кескин масалалигича қолаверадигандек.

Маҳаллий фермерлар ўсимликларни суғориш жараёнида томчилатиб суғориш каби замонавий методлардагидан кўра 3-4 баравар кўп сув ишлатишади. Ваҳоланки, бу тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлик учун буткул тескари йўсинда таъсир қилиб, ҳосилнинг кескин камайиши билан бирга йилдан-йилга тупроқ унумдорлигининг пасайишига ҳам сабаб бўлади.

Ўрганишларга кўра, ҳаддан ортиқ миқдорда кўп сув билан ерни бўктириш Ўзбекистонда тахминан 50 фоиз қишлоқ хўжалиги майдонларининг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, бу тренд Ўзбекистонда 50 минг гектардан ортиқ майдоннинг тузланишига сабаб бўлган.

Айрим ҳудудларда тупроқнинг шўрлашуви аллақачон ҳосилдорликка ўз таъсирини кўрсата бошлаган. Мисол учун, Сурхондарёнинг айрим ҳудудларида тарвуз ва маккажўхори каби экинлар аллақачон ер шўрлик даражасининг ошиши сабабидан аввалги йиллардаги ҳосилдорликни бермай бошлаган.

Жумладан, ҳисоботларга кўра, сувдан нотўғри фойдаланиш мамалакат иқтисодида муҳим аҳамият касб этувчи пахта ҳосилининг 15-20 фоизга пастлашига ҳам олиб келган. Буғдой ҳосили эса сўнгги ўн йил ичида сув танқислиги ва тупроқ унумдорлигининг ёмонлашуви сабабидан 15 фоизга пасайган. Ваҳоланки, пахта ва буғдой далалари Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган сувнинг қарийб 40 фоизини ташкил қилади.

Ҳосилдорликнинг камайиши билан бир вақтда юз берётган аҳоли сонининг юқори кўламда ўсиши бугунги кунда Ўзбекистон нега озиқ-овқат маҳсулотларининг 20 фоизини импорт қилиб олётганлиги ҳақидаги маълумотларни асосли сабаблар билан дастаклайди.

Бироқ, қишлоқ хўжалигидаги атиги 2 фоиз ҳолатлардагина сувни тежовчи технологиялардан фойдаланиш ва бу тренднинг ижобий томонга жуда секинлик билан ўзгариб бориши яқин келажакда мамлакат учун янги муаммоларми келтириб чиқариши мумкин.

Трансчегаравий сув талашувлари

Афғонистон Қўштепа каналини жадаллик билан қурмоқда
Сурат тагсўзи, Афғонистон Қўштепа каналини жадаллик билан қурмоқда

Сирдарё ва Амударё Ўзбекистон сув таъминотининг қарийб 90 фоизини ташкил қилади. Мамалакат қишлоқ хўжалигидан тортиб то мавсумий захираларгача ушбу икки дарё оқимига таянади. Ваҳоланки, улар ҳеч бирининг бош ўзани Ўзбекистон ҳудудида эмас. Сирдарё Қирғизистон тоғларидан бошланса, Амударёнинг юқори оқими Тожикистонга бориб тақалади.

Айни шу сабаблар ҳудудда энг кўп аҳолига эга Ўзбекистон йилларр давомида сув билан боғлиқ турли муаммолар билан юзлашиб келади. Қурғоқчиликнинг тобора кўпроқ кузатилиши ва ёғингарчиликнинг йилдан-йилга камайиши натижасида Ўзбекистон шу вақтга қадар ҳудудга кириб келувчи сув миқдорида 40 фоизга яқин пасайишни бошдан кечирган.

Шунга қарамай, Ўзбекистон ҳудудий сув масалаларида ҳануз энг фаол иштирокчи бўлиб қолмоқда. Қўшни мамлакатлар билан бу борада тез-тез йиғилишлар ўтказиб туриш Ўзбекистон учун мавсумий анъанага ҳам айланиб улгургандек.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Ўзбекистон бошчилигида 2018 йилда айни шу можаролар юзасидан ўтказилган Марказий Осиё мамлакатлари вакилларининг учрашуви қайсидир маънода мавжуд келишмовчиликларни тузатишда катта қадамдек кўринган эди. Бироқ, ушбу саъй-ҳаракатлар доим ҳам муваффақиятли якунланавермаслигини ҳануз сақланиб қолётган муаммоли вазиятлардан пайқаш мумкин.

Қирғизистон сув омборлари ва гидроэлектрик тўғонлар орқали Сирдарё сувининг 70 фоизини назорат қилади. Қирғизистонда жойлашган Тўқтағул сув омбори Ўзбекистон ҳудудига ўтувчи Сирдарё сувини белгилаб туради.

Қиш мавсумида бу сув миқдори жуда қуйи даражада пастлатилиши ҳам мумкин. Мисол учун, 2021 йилда Қирғизистон Ўзбекистонга ўтувчи сув миқдорини 15 фоизга туширгани оқибатида Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги етарлича муаммоларга дуч келган эди.

Тожикистондаги 335 метрлик Роғун тўғони эса дунёдаги энг баланд сув тўғони ҳисобланади. Ушбу тўғоннинг 13.3 миллиард куб метрлик сув захираси Ўзбекистонни доимий хавотирга солиб келади. Сабаби, ушбу тўғон ҳам Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига етиб келувчи Амударё сувларини катта миқдорда чеклайди.

2012 йилда айни шу тўғон масаласида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида келишмовчиликлар юзага келган ва бунга жавобан Ўзбекистон Тожикистонга поезд қатновларини блоклаган эди.

Кейинчалик вазият ижобий томонга ўзгарганига қарамай, ушбу тўғон Ўзбекистон учун ҳануз йирик муаммолигича қолмоқда.

Марказий Осиё мамлакатлари орасида сув билан боғлиқ бу каби келишмовчиликларни тез-тез учратиш мумкин.

Гарчи 1992 йилда ҳудудлараро сув тақсимоти бўйича бир келишувга эришилган бўлсада, ушбу келишув шартлари у ёки бу давлат томонидан турли сабаблар билан бузиб келинаркан, ҳудудга доир сув муаммоси ҳам долзарблигича қолаверадиган кўринади.

Орол муаммоси

Орол фожеаси Ўзбекистонга советлар мерос

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат тагсўзи, Орол фожеаси Ўзбекистонга советлар мерос

Амударё ва Сирдарё оқими Оролга қадар етиб келмас экан, 1960 йилларда бошланган чўллашув натижасида Оролнинг 90 фоизидан ортиғи аллақачон қуриган ва кимсасиз биёбонга айланиб улгурган.

2000 йилга қадар денгизнинг жанубий қисми тўлалигича чўлга эврилган эди. Қозоғистон ҳудудида жойлашган шимолий қисми маълум миқдорда сақлаб қолинган бўлса-да, Ўзбекистонга тегишли жанубда денгизни қайта тўлдириш учун хатто имкон нишоналари ҳам қолмаган.

2021 йилда олинган сунъий йўлдош тасвирларига кўра, Орол — туздан иборат саҳро.

Бироқ, Орол муаммоси фақатгина сувнинг тугаши билан баҳоланмайди. Шунингдек, шамол ташиётган туз маҳаллий одамларда турли касалликларни кучайтирётган бўлса, қўшни ҳудудларда чўллашишнинг тобора кенгайишига замин яратмоқда.

Ўзбекистонда йилига 2000-3000 гектар майдон айнан Орол “чўли” таъсиридан чўллашиб бормоқда. Қорақалпоғистон ва Хоразмда ҳосилдорлик аллақачон 30 фоизга пастлаган.

Ҳудудни қутқариш учун амалга оширилган лойиҳалар эса зарарланган майдонларнинг атиги 10 фоизида иш берган, холос.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Орол ҳудудини аллақачон яшаш учун хавфли бўлган зона дея эълон қилган.

Орол эҳтимолий экологик ҳалокатлардан сақланиш кераклигини яққол намоён қилади.

Модомики, аҳоли сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни бошламас экан, қишлоқ хўжалигида ва яроқсиз каналларда сув исрофининг олди олинмас экан ва қўшни мамлакатлар билан трансчегаравий масалалар ҳал қилинмас экан, тупроқ сифати ва ҳосилдорликнинг ёмонлашуви билан бошланувчи муаммолар ички миграциянинг кескин ошиши ва экологик хилма-хилликнинг ҳалокатга юз тутиши билан якунланиши мумкин.

Телеграм каналимиз: