Минтақага сув тақчиллиги таҳдид солмоқда – Ўзбекистон қандай омон қолади?

Президент Шавкат Мирзиёев минтақадаги дарёларнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш учун БМТ аралашувини сўради. Мутахассислар, бундан сўнг сув тақчиллиги янада жиддийлашадиган Марказий Осиёда давлатлар ўртасидаги ўзаро келишув муҳимлигини таъкидлашади.
“Диққат, Би-би-си” дастуримизнинг бу галги сони Ўзбекистондаги сув муаммосига бағишланди.
Ўзбекистондаги сув муаммосига советлар қуритган Орол денгизи ва глобал иқлим ўзгариши асосий сабабчилардан эканлиги айтилади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Марказий Осиёда аҳолиси энг кўп бўлган мамлакат сув муаммоси йилдан йилга кучайиб бораётган минтақалар қаторида. Ўзбекистон 2030 йилга қадар жиддий сув тақчиллиги билан юзлашувчи 33 давлатдан бирига айланиши эҳтимоли борлиги айтилади.
Жаҳон Банкининг прогноз қилишича, яна 25 йилдан сўнг, бугун Ўзбекистон эҳтиёжини қондираётган асосий дарёлар суви 20 фоизга камаяди. Шу вақтга бориб, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида сувга бўлган эҳтиёж эса 25 фоизга ошиши кутилмоқда.

Экспертлар бундай умидсиз келажак бугун шундоқ ҳам сув муаммосидан азият чекаётган Ўзбекистон қишлоқлари аҳолиси аҳволини янада қийинлаштириши ва ўз-ўзидан мамлакат иқтисодий ўсишига сезиларли салбий таъсир кўрсатишидан огоҳлантиради.
Ўзбекистон аҳли бошига келаётган ушбу жиддий сув тақчиллиги муаммоси сабаблари фақат мамлакатга боғлиқ эмас. Фойдаланиладиган сув манбаларининг бешдан тўрт қисми Ўзбекистондан ташқарида - қўшни давлатлар ҳудудида шаклланади. Улардаги абадий музликлар эса шиддат билан эриб бормоқда.
12 ноябр куни Озарбайжон пойтахти Бакуда БМТнинг иқлим ўзгариши масаласига бағишланган анъанавий йиллик конференцияси – COP29 иш бошлади.
Ушбу нуфузли халқаро йиғинда чиқиш қилган президент Шавкат Мирзиёев иқлим ўзгариши бугунги куннинг асосий таҳдидига айланиб қолгани ҳамда бу таҳдид геосиёсий тангликнинг кучайишига бевосита таъсир қилаётганини таъкидлади.
Марҳум Ислом Каримов ҳали 2012-йилдаёқ келажакда Марказий Осиёда сув боис ҳатто урушлар юзага келиши эҳтимолидан огоҳлантирган эди.

Биринчи ҳукуматдан фарқли ўлароқ Мирзиёев маъмурияти сув масаласида қўшнилар билан муроса қилиш йўлини танлагани кўринади. Умуман олганда, ўзбек ҳукумати иқлим ўзгариши, айниқса, сув тақчиллиги муаммосини чуқур ҳис қилаётгани, янги воқеликка мослашиш йўлида имкон қадар чоралар излаётгани кўзга ташланади.
Бир вақтнинг ўзида ўзбек ҳукумати советлардан қолган оғир мерос – Орол қуриши оқибатларини бартараф этишда ёлғиз қолганини ҳам таъкидлайди.
Оролда вазият қандай?

Қуриган денгиз тубидаги бугунги вазиятни яқинда кўриб қайтган Би-би-си мухбири Шодиёр Сайф, бир вақтлар минглаб гектар жойларни эгаллаган Мўйноқдаги пахтазор ва бошқа экин ерларнинг ўрнини бугун чексиз тўқайзор эгаллагани ҳайратланарли эканлиги айтади.
“Сув йўқлиги натижасида воз кечилган экин майдонларини табиат яна ўз домига қайтариб олаётганига гувоҳ бўлдим. Дарё суви каналлар орқали Орол тубидаги овул ва туманларга етиб бориши учун ҳукумат шолипояларни қисқартиришга мажбур бўлди. Бу шоли билан шуғулланадиган деҳқон ва тадбиркорларнинг илдизига зарба берган бўлса-да, расмийлар қайсидир маънода ўз олдига қўйган мақсадига эришибди”, дейди у.
Канал ва ариқлар орқали бир неча йилдан бери сувсиз қолаётган овул ва туманларга бу йил сув етиб борган. У ердаги аҳоли яна боғдорчилик, деҳқончилик ва чорва билан кенгроқ шуғуллана бошлаганини айтишмоқда.
oqibatlariga moslashish uchun O‘zbekistonga 2060-yilga qadar
46 milliarddollardan
60 milliard dollargacha mablag‘ kerak bo‘ladi.
Яъни ҳукумат катта-катта майдонларга шоли экиш орқали даромад кўриш ва маҳаллий одамларнинг фаровонлиги каби қийин танлов қаршисида қолган.
“Лекин бу йил ёғингарчилик одатдагидан кўп бўлгани ҳисобга олиш керак. Толибон Қўштепа каналини тўлиқ ишга туширса ва йил серёғин келмаса Орол бўйидаги сув билан боғлиқ муаммо яна-да кескинлашиши мумкин”, дейди Шодиёр Сайф.
Мирзиёев нега БМТ аралашувини истаяпти?

Сурат манбаси, President.uz
Бокудаги йиғилишда Шавкат Мирзиёев айнан сув масаласига эътибор қаратди.
“Минтақамиз мисолида айтиб ўтмоқчиманки, бир авлод кўз ўнгида Орол денгизининг бутунлай йўқолиши сайёрамиз миқёсидаги фожиага айланди. Шу ўринда биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Дарё экотизимларининг бутунлиги ва экологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбуриятлар тўғрисидаги декларацияни ишлаб чиқиш тарафдоримиз”, деган Мирзиёев.
Кузатувчилар Ўзбекистон президенти бежизга дарёлар экологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбуриятлар ҳақида гапирмаганини айтишади.
Аму ва Сирдарёдан сув ичадиган Марказий Осиё давлатларида сувни қандай тақсимлаш, қишда йирик сув омборларида ушлаб туриб ёзда бериш борасида ўзаро тортишувлари бундан олдин ҳам бўлган.
Бироқ шундай бўлса-да, томонлар ўзаро ва халқаро келишувлар асосида бу дарёлардан фойдаланиб келаётганди.
Аммо Афғонистонда ҳукумат алмашинуви ортидан бу майдонга янги истеъмолчи қўшилди.
Толибон Қўштепа канали қурилишини ўзининг прироритет лойиҳаларига айлантирди ва уни жадал қазий бошлади.
Қўштепанинг бетонлаштирилмасдан қурилиши ва Толибоннинг қўшнилар истакларини инобатга олмасдан давом этаётгани қўшниларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Чунки ўзбек мулозимлари баъзан очиқ, баъзан эса маълумот сиздириш орқали канал борасида Афғонистон билан бир тўхтамга келинмаганини билдириб келмоқда.
Бу борада Толибон кескин фикр билдирмаётган бўлса-да, томонлар бирор келишувга эришаётганлиги борасида ҳам бирор белги кўринмаяпти. Мирзиёев айнан шунинг учун БМТ аралашувини истаётган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади.
Исроф бўлаётган сув
Ўзбекистонда сувнинг 90 фоизи қишлоқ хўжалиги эҳтиёжига кетади.Ҳукумат сув муаммосидан яхши хабардор, вазиятни юмшатиш йўлида аллақачон чоралар ҳам кўра бошлагани айтилади.
Масалан, ўтган йили ноябрда президент 2024-йилни каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил деб эълон қилган эди.
Расмий ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда 36 фоиз сув исроф бўлмоқда. Мутахассислар, сув танқис бўлган давлат учун бу катта рақамлигини айтишади.
Сув йўқотилиши натижасида Ўзбекистон иқтисоди ҳар йили 5 миллиард доллар бой бераётгани айтилади.
Ҳукумат минглаб чақирим каналларни бетонлашни ўз олдига мақсад қилган ва бу йил бу борада сезиларли ишлар қилинганини таъкидламоқда.
Лекин кузатувчилар, Ўзбекистон бу ишларни аллақачон бошлаши кераклигини айтишади. Бундан ташқари минтақага хос бўлган сув заҳираларидан фойдаланишда самарасиз бошқарув сув исрофидаги энг жиддий омиллардан бири саналади.
Бундан ташқари тоғлардаги музларнинг жадал эриши ва қисқа вақтда кўп миқдорда ёмғир ёғиши натижасида минтақада эрта баҳорда сел келиши ҳолатлари кўпайган. Бу селлар олдинги йилларга қараганда янада вайронкор ва янада кўпроқ келмоқда.
Ўзбекистон ўз олдига ушбу сел сувларидан ҳам самарали фойдаланиш учун 10 сув омбори қуришни режа қилган. Эрта баҳорда йиғилган сувлар ёз давомида зироатчиликда ишлатилиши ва шу билан сувга бўлган эҳтиёжнинг бир қисми қондирилиши мумкин.
Шу ўринда сув омборларидан борасидаги хавотирларни ҳам инобатга олиш керак бўлади.
Бундан 4 йил олдин сув тўплаш мақсадида қурилган Сардоба сув омборининг ёрилиб кетиши оқибатида техноген офат келиб чиққан. Ундан Ўзбекистон ва қўшни Қозоғистон ҳам зарар кўрганди. Кузатувчилар сув омборлари қуришида унинг сифатли қурилиши ва эксплутация борасида жиддий чоралар кўрилиши лозимлигини айтишади.
Умуман, бу каби кўрилиши керак бўлган чораларнинг барчасига катта пул керак. Жаҳон Банкининг тахминий ҳисоб-китобига кўра, иқлим ўзгаришининг бундай кескин оқибатларига мослашиш учун Ўзбекистонга 2060 йилга қадар 46 миллиарддан 60 миллиард долларга қадар маблағ зарур бўлади.
Бу ривожланаётган мамлакатлар қаторида бўлган Ўзбекистон учун жуда катта сумма. Лекин бунга дунё ёрдам берадими, деган масала турибди.
Бой давлатлар тўласинми?

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/Shutterstock
Мутахассислар ҳозирда кучайиб бораётган иқлим ўзгаришининг асосий сабабчилари бой давлатлар, дейди.
Уларнинг шиддат билан ўсаётган иқтисодиёти атмосферага мисли кўрилмаган даражада иссиқхона газларини чиқармоқда, глобал исиш оқибатларидан азиятни эса камбағал давлатлар чекмоқда.
Шу жиҳатдан ҳозир Ўзбекистон юзлашиб турган бу жиддий иқлим муаммосига мамлакат айбдор эмаслиги айтилади.
12 ноябрда Бокуда бошланган COP29 нинг кун тартибидаги асосий масала ҳам жабрдийда давлатларга янги иқлим шароитларига мослашишига ёрдам бериш йўлида кўпроқ маблағ топишдир.
БМТ бош котиби Антонио Гуттериш иқлим учун пулни аямаслик кераклигини таъкидлади.
“Йўқотадиган вақт қолмади. Иқлим борасида бир нарса дейиш мумкин - дунё тўлов тўлаши керак, акс ҳолда, бу қарз инсоният гарданига тушади. Ҳурматли меҳмонлар, бундай мураккаб вазиятда сиз ва сизнинг ҳукуматларингиз фақат ҳақиқат изидан бориши лозим. иқлим га пул ажратиш - бу хайрия эмас, балки инвестиция. Иқлим борасида чора кўриш - бу ихтиёрий эмас, балки ҳаёт-мамот масаласи. Иккаласи ҳам инсоният яшай оладиган дунёни сақлаб қолиш ва Ер юзидаги ҳар бир халқнинг фаровон келажаги учун мутлақо муҳим. Вақт ўтиб бормоқда. Мен сизга ишонаман”, деган у.
Олимлар нима дейди?

Мутахассислар янги иқлим шароитига мослашиш чоралари фақат сув тежашдан иборат бўлиб қолмаслиги зарурлигини таъкидлайди. Масалан, шўр ва қурғоқчиликка чидамли янги экин навларини яратиш, уларни қишлоқ хўжалигида кенг жорий этиш деҳқончилик ҳам иқтисодиётда, ҳам аҳоли ҳаётида муҳим рол ўйновчи Ўзбекистон учун жуда аҳамиятли. Биология фанлари доктори Бахтиёр Расулов айнан шу масала юзасида йиллардан буён иш олиб боради.
Расулов иқлим ўзгариши нафақат қурғоқчилик, шўрланиш, саҳролашиш каби асоратларни келтириб чиқараётгани, балки ўсимликларни касаллантираётганини ҳам айтар экан, Ўзбекистонда тилга олинган бу муаммоларнинг илмий ечимлари мавжуд эканини тилга олади.
“Илмий тадқиқотларимизда, биринчи ўринда, сув ресурсларини тежаш, улардан оқилона фойдаланиш масаласи қўйилган. Биз тадбиқ этаётган биополимерларнинг хусусияти сувни сақлаш, сувни бириктириш ва муайян бир жойда, тупроқда узоқ муддат сақлашга имкон берадиган технологияни яратиш устида иш олиб бораяпмиз”, дейди у.
Олим агар бу илмий ечимлар ўз вақтида ҳаётга татбиқ этилмаса, иқлим ўзгариши аввало озиқ-овқат муаммосини келтириб чиқаришидан огоҳлантиради. У Ўзбекистон ёмғир ва қор сувларидан оқилона фойдаланиш технологияларини жорий қилиш зарурлигини урғулайди.
“Ҳозир ҳар қачонгидан-да Ўзбекистон сув ресурсини оқилона фойдаланиш, бундан ташқари минтақага ёғадиган қор, ёмғирдан фойдаланиш технологияларига жуда катта эҳтиёжи бор. Сабаби иқлим ўзгаришлари натижасида ер ости сувларининг камайиши ёки сатҳнинг ўзгариши ва интенсив буғланиш. Бу интенсив буғланиш ортидан тупроқ шўрланиши юзага келаётгани ва шўрланиш – ўсимликларнинг ўсиши ва ҳосилдорлигига салбий таъсир этаётгани Бу комплекс масалалар”.
Бахтиёр Расулов ҳозир Ўзбекистонда илмий лойиҳалар етарлича молиялаштирилаётгани, ёшлар ҳам илм-фанга қизиқаётгани, зарурий илмий ечимлар ишлаб чиқилаётгани, фақатгина уларни амалиётга жорий этиш масаласи оқсаётгани ҳақида гапиради. Унинг таъкидлашича, ҳозир Ўзбекистон шароитида айнан маҳаллий шароитларга мос янги навлар жорий этиш оғир келажакни юмшатувчи асосий ечимлардан бўлиши мумкин.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












