Толибон қураётган канал Ўзбекистонга таъсир этишни бошладими?

Сурат манбаси, Official/ndc.gov.af
- Author, Бахтиёр Турсунов
- Role, Сурхондарё вилояти
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
"Бу йил фермер хўжалигидан ижарага ер олиб, тариқ, кўкат экдик. Сувдан қийналяпмиз. Бу маҳаллий муаммога ўхшаб кўринади. Чунки азалдан шу борада ташвиш мавжуд" - дейди Ангор тумани" Қадимий Ангор" маҳалласи ҳудудидаги далаларда деҳқончилик юритаётган 43 ёшли аёл.
Айни далаларда ҳам буғдой ўриб бўлиниб, унинг сомони пресс қилиб тахланиб, ер тозаланмоқда. Даланинг бир четида эса қанор қоплардан соя қилиниб, унинг остига маккажўхори бошоқлари- думбуллар тонналаб, уюм қилиб йиғилмоқда.
Алоқадор мавзулар:
"Мени ёшим 43 да. Умрим давомида бу ерда кузатганим сув муаммоси бўлиб келди. Ўртада томорқадорлар ва фермерлар ўртасида турли тортишувлар, ҳатто ёқалашишларнинг ҳам гувоҳи бўлганман. Ўзим суғориш машмашаси туфайли қанча қисташмасин кенгроқ майдонда деҳқончилик қилишдан ўзимни тияман"-дейди мазкур фермер хўжалигида ёлланма меҳнат билан машғул Абдунаби.
Унинг фикрига кўра, бу жиҳатдан сув тақсимотининг тўғри юритилмаслиги масаланинг асосий ўзагини ташкил қилади.

"Қанчалар ёмонламайлик, Шўро Иттифоқи даврида мелиорация соҳаси мукаммал олиб борилган. Кейин эса бу ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Сўнг эса бундан таъма пайдо бўлиб, у пулга, таниш билишчиликка тақала бошланди" - дейди деҳқончилик борасидаги кузатувлари борасида Абдунаби.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Энди эса у глобал сиёсат мақомига ҳам эга бўлиб, ўта танқислик уйғотаётган эҳтиёж кўринишини эгалламоқда. Айрим давлатларда сув ҳатто ёқилғидан ҳам қимматроқ неъмат ҳисобланади. Мен сувнинг атрофидаги баҳс бир кун келиб уни шундай бебаҳо суюқликка айлантиради деган ташвишдаман. Яна бу ерда Қўштепа каналидан ташвишлар ҳам қўшимча масала бўлиб кирмоқда".

Сурат манбаси, Official/ndc.gov.af

Сурат манбаси, Official/ndc.gov.af

Яна бир шу ерлик деҳқоннинг сўзларига кўра, айнан сув билан боғлиқ масала уни собиқ "Ангор" совхозининг узоқ далаларидан бу ерда ер ижара олиб алоҳида деҳқончилик қилишга ундаган.
"Бу борада ҳам табақаланиш мавжуд. Сувли, лалмикор ерларнинг эгаси ўзига тўқ кишилар бўлиб чиқмоқда. Асосий муаммо элга, оддий одамларга эътиборсизликдек деб кўрингани билан аслида масала илмий қарашнинг, вазифаларга малакасиз ёндашув натижаси деб қарайман. Масъул лавозимдагилар ўз ишларини даврга ҳамоҳанг тарзда олиб бормоқликлари лозим. Қўштепа канали манзарасида юмушлар янада кўпаяди" - дейди у.
Дарё тажриба жойими?

Журналист Аннақул Жабборов етмиш йилга яқин умри мобайнида Ўзбекистоннинг Амударё ёқасидаги Паттакесар қишлоғида яшайди. Бундан ташқари 1990-йиллар бошида Афғонистонда ҳам тўрт йилга яқин вақт давомида яшаб, меҳнат фаолиятини кўрсатган.
"Амударё - ўзининг борлиғи сифатида мудом бир хил кўриниш касб этмаган. У тез мавжланиб оқадиган дарё. Шунинг учун гоҳида у тошиб тўлиб турган туюлгани билан аксарият ҳолда саёз кўринади. Аммо унинг атрофида, дарё сатҳида деярли юз йилдан буён каналлар ташкил этиш мазмунида шунчалар тажрибалар ўтказиладики, унинг яна ҳам табиий ҳолида сувли туриб мавжуд бўлиб қолганига ҳайрон ҳам қоласан"- дейди журналист Аннақул Жабборов.
Бундан ўн беш йилча муқаддам Амударё ўзанида Тожикистон тарафидан Роғун ГЭСи қурилиши лойиҳаси бўйича турли мунозаралар кўтарилиб, ҳатто унинг жиддий оқибатлари ўзаро урушга олиб келадиган хатар дея таснифланди. Бироқ президент Ислом Каримов ўлимидан сўнг мамлакатлар ўртасидаги илиқ муносабатлар туфайли мазкур лойиҳа ҳам ишга туширилиб, ҳозирда унинг натижалари ўз маромида кечмоқда ва фавқулодда унинг таҳлили кун тартибига чиқмаган.


"Аслини олиб қараганда Афғонистонга Амударёдан фойдаланиш масаласи нега керак бўлиб қолди. Чунки дарёга яқин ерларга Амударёдан фойдаланишга эҳтиёж сезилмай, унинг сувини буриш хавотирли бўлган, чунки доим тошқинлар юз бериб, дала ва жойларни сув ювиб кетади" - дейди Аннақул Жабборов - "Ҳатто Қўштепа каналини қуришда ҳам шундай ҳодисалар юз бериб, мушкуллик уйғотмоқда. Шунинг учун азалдан Афғонистонда лалми майдонлар қишлоқ хўжалигида фойдаланиб келинган. Айнан Амударё орқали канал бунёд этиш масаласи четдан тавсия этилган, чуқур ўйланмасдан қилинган маслаҳат деб ҳисоблайман".
"Бу Амударёга қўлланилаётган яна бир тажриба бўлиб, унинг ёқасида кўтарилаётган баҳсни қичимаётган жойни қашишдек - шунчаки қизғин полемика, сафсата деб санайман".
Шу ўринда у афғон халқининг ҳар қандай ҳолда Амударёдан фойдаланишда қолганлар қатори маънан ҳаққи бор, деган мулоҳазани урғулади.
Барча суҳбатдошларимиз кун тартибига чиққан Қўштепа канали қурилиши батамом тугатилгандан сўнг, ундан фойдаланиш мароми тадрижий кузатилгандан кейингина оқибатлари борасида таҳлилий мулоҳазалар айтиш мумкинлигини билдиришди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













