Янгиликлар. Ўзбекистон: Гўштдан қиммат қулупнай ёки баҳорги бозор нархлари нега қишникидек аёзли? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Бозорда
    • Author, Бахтиёр Турсунов
    • Role, Журналист, Сурхондарё

Баҳорда Ўзбекистон бозорларига янги чиққан мева ва сабзавот кириб келади. Лекин бу даврда айрим маҳсулотлар камайиб, қимматлаши ҳам мумкин.

Алоқадор мавзулар:

Бугунги нарх-наво

Термиз шаҳридаги "Яшил дунё" марказий бозорини айланар эканмиз, диққатимизни дастлаб айнан оддий кўкатлар савдосига қаратдик.

Харидорлар наздида, бу маҳсулотларнинг икки-уч йилдан бери ўзгармасдан, қимматлигича қолишининг сабаби - улар Россияга кенг миқдорда экспорт қилинади.

Бироқ кўкат сотувчи 40 ёшлар чамасидаги Абдуқодирнинг айтишича, айнан маҳаллий бозорларда чиқарилаётган кўкатлар экспортга мўлжалланмаган.

"Уни етиштириш билан боғлиқ мушкулотлар кўк пиёз, шивит, кашнич, петрушка каби маҳсулотларнинг нархини белгилайди. Улар очиқ далада мураккаб ҳаво шароитларида етиштирилади. Бу йилги табиат инжиқликлари ҳам уни қиммат нархда экани сабабдир. Хорижга кетаётгани иссиқхоналарда етиштирилади. Улар деярли тез вақтда сўлийди, уни халқимиз истеъмолга маъқул кўрмайди,"-дейди Абдуқодир.

Иқтибос

Турли хил кўкатларни етиштириб, уни ўзи бозор пештахтасида сотаётган Термиз туманилик 56 ёшли деҳқон Ҳанифа опа масалани аниқ ҳисоблаб, таҳлил этишга ўтади.

"Мен 8 сотих ерда кўкат етиштириш учун 500 минг сўмга ерни ҳайдатдим, 500 сўмга уруғ олдим, 400 минг сўмга полизни ўтоқ қилдирдим, 250 минг сўмга дориладим. Энди бир чамалаб кўринг-чи, 3 дона кўкатга 2 минг сўм қимматми ё арзон? Менимча, бу ҳеч қандай қиммат эмас, шунчаки бизда пулнинг қадри қолмаган. Бутун бир далада сабзи етиштирамиз, лекин унинг бир килосига 1,5 сўмдан маблағ топамиз. Даланинг ўзидан тадбиркорлар кўтарасига сотиб олиб бозорда 3 минг сўмдан сотишади. Аслида деҳқон сўзининг маъноси" деҳ"ва "қон", яъни бағри қон сўзларидан олинган. Бизнинг меҳнатимиз ўзи қиммат, унинг баҳоси ўзи учун доим арзимас бўлиб келган, "- дейди Ҳанифа опа.

"Ҳозир одамларни кредитни тўлаш саросимаси ташвишга солган. Улар шунга ҳам ҳар нимани ҳисобини ўзларига инжиқлик билан оғир олишади. Муҳими юртимизда пишиқчилик, шукур қилиб нолимасак меҳнатимизнинг баракаси берилади. Шахсан ўзим ҳеч қанақа кредит олмасликка уринаман. Шунга мажбур бўлмасликни Тангридан ўтинаман. "-дейди Ҳанифа опа.

Кеча, чоршанба куни эса, пойтахт Тошкентдан Ўзбекистонда пиёз нархининг рекорд даражада арзонлаганига оид хабарлар олинган.

Баҳор ва бозор

Сумалак сотувчи аёл
Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда баҳор пайти бозорларда энг кўп сотиладиган таомлардан бири - сумалак.

Гулкарам, янги сабзи ва пиёз сотаётган 30 ёшли Манзуранинг сўзларига кўра, бу мавсумда нарх-навонинг нисбатан ўсганини кузатиш мумкин.

"Ўтган йили шу пайт оқ турп- дайконнинг бир донаси 2 минг сўм эди, ҳозир у 8 минг сўм. Икки кундан буён гулкарамлар нархи ҳам кўтарилди, уни кўтарасига килосини 5 минг сўмдан Тошкент ва Россияга олиб кетишяпти,"- дейди Манзура.

Бозор расталарида тоғда ўсган ифор, чукури каби йилнинг айнан шу даврига хос ноз-неъматларни ҳам учратиш мумкин.

"Аслида шаҳарликман, буларни тоғликлар олиб келиб менга сотишади. Устига унча қўймайман. Баҳоси нисбатан арзон. Масалан уч донадан иборат чукури боғи 10 минг сўм,"-дейди исмини таништиришни ҳоҳламаган тоғ ўсимликлари тадбиркори, аммо у растасини суратга туширишимизга кўнади.

Бозорларда нима янги?

Бозор растаси

"Бозорда кўп нарса янги. Мана қулупнай, қўзиқорин. Улар иссиқхонада етиштирилган. Қулупнайнинг баҳоси катта кичиклигига қараб 80 минг сўмдан 150 минг сўмгача. Қўзиқориннинг бир килоси 80 минг сўм. У тоғдан, дашту даладан келтирилмаган. Плёнка ичида ундирилган. Қамалиб кетишни ҳоҳламайман. Заҳарли чиқса бошим балога қолади. Шунга ишончлисини, иссиқхонада пишганини сотаман. Довуччалар ҳам бор. Кичкина идишдагилар ўн-ўн беш минг сўм"- дейди Термиз шаҳар марказий деҳқон бозоридаги эллик ёшлар чамасидаги мевалар сотувчиси бўлган аёл.

" Бу йил ҳам унда зардоли, ўриклар бўлмас экан. Ўтган йили довучча ҳолида сотилганидан мева камёблашганди, "- дея луқма ташлайди қизиқувчан харидорлардан бири ўзаро суҳбатимизга.

Янги чиққан мева ёки полиз маҳсулоти доимо қиммат бўлиб келишини таъкидлашади тадбиркорлар.

Термиз бозорида

"Кеча янги картошкани килосини 25 минг сўмга сотгандик. Бугун 20 минг сўмдан беряпмиз. Майдалари 12 минг сўмга ҳам сотилди. Улар бугун йўқ. Сотиб тугаб бўлди. Бозорда арзони Покистондан келтирилган эски қишки картошкалардир. Мендаям бир неча қоп қолган. Бир-икки ҳафтадан сўнг ўзимизда чиққан картошкаларга кенгроқ ўтамиз. Янги чиққан пиёзлар килоси 5 минг сўмдан сотиляпти. Сабзиларнинг ҳам кўпи қишки, омбор ва музлатгичдаги маҳсулот," - дейди сотувчилардан бири 25 ёшлардаги қиз.

Ҳар бир маҳсулотнинг ўз харидори бор. Қартошканинг янгиси эскисидан деярли 4-5 баробар қиммат бўлганига қарамасдан, уни кам, айрим жойларда кўриш мумкин. Берилган саволга дастлабки маҳсулот тезда сотилиб адо бўлганини айтишди.

Балиқ - ҳамон тансиқ таом

Тирик балиқ

Биз айни баҳор вақтида балиқ маҳсулотлари хариди билан ҳам қизиқдик.

"Бу балиқ жудаям ёғли. Уни невараларимизга қовуриб бериш учун харид қиляпмиз," -дейди сазан балиғини сотиб олган кекса ёшдаги аёл.

Мазкур шoхобчада ҳовузда балиқлар озлигини кўриш мумкин бўлди.

Мазкур шoхобча тўғрисидаги яна балиқ маҳсулотлари сотиладиган жойда бўлганимизда сув ярмига тўлдирилган балиқдан ҳоли ҳовузни кўрдик.

Бунга изоҳ беришган икки тадбиркор ўз муаммоларига алоҳида диққат қаратишимизни ўтинишди.

"Мазкур жойда атиги уч ойга яқин балиқчилик тадбиркорлиги билан шуғуллана олдик. Солиқ идорасидан келиб" солиқ тўланглар " деб фаолиятимизни тўхтатишди. Рўза ойининг бир ҳафтасида балиқ сота олдик. У кунлари фақат кечда савдо бўлди, яъни харид чўғи камайди. Ҳозир кенг кўлларда етиштириладиган балиқлар корчалон тадбиркорлар томонидан кўтарасига сотиб олинган. Бизга ўхшаган ҳаваскор балиқчи тадбиркорларда улкан маблағ йўқ, шунинг учун фаолиятимизни ривожлантиришимиз учун жиллақурса ярим йил солиқ борасида безовта қилишмаса маъқул бўларди. Луқмаи ҳалол ҳисобланган балиқ маҳсулоти ўшанда кўпайиб, унинг нархи арзонлашиб, кўпчилик қурби етадиган неъматга айланарди"-дейди 30 ёшлар атрофидаги тадбиркор Ўрол. Маош, пенсия ва нарх-наво

Бозорда

Расталар оралаб юрарканмиз, бозорлар йўлкаси четидаги банкоматлар олдида турнақатор навбатга ҳам кўзимиз тушади. Нарх-навони сўраб ўрганган бозорлик тараддудидаги кекса аёллардан бирининг "Ҳали ойлик, пенсия ошмай нархларни нега кўтардинглар? " деган норози оҳангдаги луқмаси ҳам қулоғимизга чалинади.

"Илик узилди даврида шунга зарур харидларни амалга оширдим. Бугун оқшомга фарзандларим ва турмуш ўртоғимга булғор қалампиридан дўлма пиширмоқчиман. Ўн дона булғор қалампири олгандим, тарозига ўлчашганда мўлжалимдаги пулга баҳоси тўғри келмаганидан икки донасини қайтардим. Ҳозир кам нарса харид қилсангиз уятга қўйишмайди. Тежамкорлик қандайдир сиёсат, урф тусига ҳам кираётгандек. Ҳаминқадар бўлса ҳам ойлик маблағга ноз-неъматлардан баҳраманд бўлиш имконини топиш мумкин,"- дейди термизлик Ҳамида.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002