Асаддан кейинги Сурия Россиясиз яшай оладими?

- Author, Григор Атанесян
- Role, BBC News, Сурия
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Кўп йиллар давомида Россия ва Сурия асосий ҳамкорлар эди – Москва Ўрта ер денгизидаги ҳаво ва денгиз базаларига кириш имкониятини қўлга киритган, Дамашқ эса исёнчи кучларга қарши курашда ҳарбий ёрдам олган эди.
Башар Асад режими қулаганидан кейин кўплаб сурияликлар Россия кучлари кетишини истайди, аммо уларнинг муваққат ҳукумати келгуси ҳамкорликка очиқлигини билдирмоқда.
"Россиянинг бу ердаги жиноятларини тасвирлаб бўлмайди," дейди пойтахт Дамашқдан 10 километрча шимоли-шарқда жойлашган Думадаги исёнчилар қўмондони Аҳмад Тоҳа.
Бир пайтлар бу шаҳарни Дамашқнинг "нон савати" деб аташарди. Аҳмад Тоҳа эса бир вақтлар оддий фуқаро бўлиб, 2011 йилда намойишлар шафқатсизларча бостирилгандан сўнг Асад режимига қарши қурол кўтаришидан олдин савдогарлик қилган.
Суриянинг деярли 14 йиллик фуқаролар урушидаги энг шиддатли жанглардан кейин Дума шаҳрининг бутун турар-жой туманлари вайронага айланган.
Москва бу можарога 2015 йилда режимни қўллаб-қувватлаш учун аралашди. Кейинроқ Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров таъкидлашича, бу пайтда исёнчилар Дамашқни босиб олишига бир баҳя қолганди.
Сурия операцияси Россия Президенти Владимир Путиннинг Қримни аннексия қилиши халқаро миқёсда кенг қораланганидан сўнг, унинг ўзига жиддийроқ эътибор тортиш истагини кўрсатди.

Москва Сурияда 320 хил қуролни синовдан ўтказганини даъво қилди.
Шунингдек, у Ўрта ер денгизи қирғоғидаги иккита ҳарбий база – Тартус денгиз базаси ва Ҳмеймим ҳаво базасини 49 йилга ижарага олди.
Бу Кремлга Африкадаги таъсирини тезда кенгайтиришга имкон берди ва Россиянинг Ливия, Марказий Африка Республикаси, Мали ва Буркина-Фасодаги фаолияти учун таянчи бўлиб хизмат қилди.
Россия ва Эроннинг қўллаб-қувватлашига қарамай, Асад ўз режимини сақлаб қола олмади. Аммо Москва унга ва оиласига бошпана берди.
Эндиликда кўплаб суриялик фуқаролар ва исёнчи жангчилар Россияни Асад режимининг ўз ватанларини вайрон қилишга ёрдам берган ҳамкори сифатида кўради.
"Руслар бу мамлакатга келиб, золимлар ва босқинчиларга ёрдам берди," дейди Абу Ҳишом Дамашқда режим қулаганини нишонлар экан.

Кремл буни ҳар доим инкор этиб, фақат ИШИД ёки "Ал-Қоида" каби жиҳодчи гуруҳларни нишонга олганини таъкидлайди.
Аммо БМТ ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари режим ва Россияни уруш жиноятларини содир этишда айблади.
БМТ ҳисоботига кўра, 2016 йилда аҳоли зич жойлашган Шарқий Ҳалабга ҳужум пайтида Сурия ва Россия кучлари шафқатсиз ҳаво ҳужумларини амалга ошириб, "юзлаб одамлар ҳаётига зомин бўлди ҳамда шифохоналар, мактаблар ва бозорларни вайронага айлантирди."
Ҳалаб, Дума ва бошқа жойларда режим кучлари исёнчилар назорати остидаги ҳудудларни қамал қилиб, озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб беришни тўхтатди ва қуролли мухолифат гуруҳлари таслим бўлмагунча уларни бомбалашни давом эттирди.
Россия, шунингдек, 2018 йилда Дума каби исёнчилар қўлидаги шаҳар ва қишлоқларнинг таслим бўлиши бўйича музокаралар олиб борди ва ўт очишни тўхтатиш келишувларини имзолади.

Аҳмад Тоҳа Сурия армияси томонидан беш йиллик қамалдан сўнг шаҳар ташқарисига хавфсиз ўтиш эвазига таслим бўлишга рози бўлган исёнчилар орасида эди.
У декабрь ойида Ҳайъат Таҳрир аш-Шам (ҲТШ) исломий гуруҳи ва унинг раҳбари Аҳмад аш-Шараа бошчилигидаги исёнчилар билан Думага қайтиб келди.
"Россияга қарамасдан, режим ва уни қўллаб-қувватлаганларга қарамасдан, биз уйга қайтдик," дейди Тоҳа.
У руслар кетиши кераклигига шубҳа қилмайди: "Биз учун Россия душман."
Бу биз суҳбатлашган кўплаб одамлар такрорлаган фикр.
Ҳатто Россия ҳимоя қилишга ваъда берган Суриядаги христиан жамоалари раҳбарлари ҳам Москвадан деярли ёрдам олмаганларини айтадилар.
Дамашқнинг қадимий насроний маҳалласи Боб Тумада Сурия православ черкови патриархи шундай дейди: "Россия ёки бошқа ташқи кучлар бизни ҳимоя қилгани йўқ."
"Руслар бу ерда ўз манфаатлари ва мақсадлари учун келган," дейди Игнатий Афрем II Би-би-сига.
Бошқа суриялик насронийлар бундай дипломатик эмас эди.
"Улар дастлаб келганларида: "Сизларга ёрдам бериш учун келдик", дейишган эди, – дейди Асад исмли киши. – Аммо ёрдам бериш ўрнига, улар Сурияни янада кўпроқ вайрон қилишди."

Сурат манбаси, AFP
Суриянинг муваққат президенти Шараа Би-би-сига берган интервюсида русларнинг қолишига рухсат беришни истисно қилмаслигини айтди ва икки давлат ўртасидаги муносабатларни "стратегик" деб таърифлади.
Россия Ташқи ишлар вазири Лавров эса Россия "суриялик дўстларимиз билан кўп умумий жиҳатларга эга" эканлигини тасдиқлади.
Бироқ Асаддан кейинги даврда алоқаларни узиш осон бўлмаслиги мумкин.
Мудофаа таҳлилчиси ва нафақадаги Сурия армияси генерали Турки ал-Ҳасан айтишича, Сурия ҳарбий кучларини қайта тиклаш ё бутунлай янги бошлашни, ёки Россия таъминотига таянишни талаб қилади. Бу эса икки давлат ўртасида ҳеч бўлмаганда қандайдир муносабатларни сақлаб қолишни англатади.
Ҳасан айтишича, Суриянинг Москва билан ҳарбий ҳамкорлиги Асад режимидан олдин бошланган. Унинг тушунтиришича, деярли барча қурол-аслаҳалар Совет Иттифоқи ёки Россияда ишлаб чиқарилган.
"Сурия армияси ташкил этилганидан бери Шарқий блок қуроллари билан қуролланиб келган."

Сурат манбаси, .
Россия ҳисоб-китобларига кўра, 1956-1991 йиллар оралиғида Сурия Москвадан қиймати 26 миллиард доллардан ортиқ бўлган 5000 га яқин танк, 1200 қирувчи самолёт, 70 та кема ва бошқа кўплаб тизимлар ҳамда қуролларни олган.
Буларнинг аксарияти Суриянинг Исроил билан урушларини қўллаб-қувватлаш учун бўлиб, бу урушлар 1946 йилда Франциядан мустақилликка эришганидан бери мамлакатнинг ташқи сиёсатини белгилаб келган.
Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин бу маблағнинг ярмидан кўпи тўланмай қолди, аммо 2005 йилда президент Путин қарзнинг 73 фоизини бекор қилди.
Ҳозирча Россия расмийлари Россиянинг узоқ йиллик иттифоқчисини ағдарган муваққат ҳукмдорларга нисбатан муросасоз, аммо эҳтиёткор ёндашув қўлламоқда.
БМТдаги Россия элчиси Василий Небензянинг айтишича, сўнгги воқеалар у "қардош Сурия халқи" деб атаган мамлакат тарихида янги босқични бошлаб берди.
Унинг сўзларига кўра, Россия суриялик қочқинларнинг ватанига қайтишига имкон бериш учун ҳам гуманитар ёрдам, ҳам қайта қуришни қўллаб-қувватлайди.












