COP29: Толибон Боку саммити умидлари рўёбга чиқадими?

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Кўнул Халилова, Саодат Акифқизи ва Фарид Ҳасанов
- Role, BBC News Озарбайжон
- Reporting from, Боку
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Толибон 2021 йили Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан кейин илк бор БМТнинг иқлим ўзгаришига бағишланган саммитида қатнашди. Бокуга борган Толибон ҳайъати Афғонистон сўнгги йилларда дуч келган иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этишда халқаро ҳамжамиятдан ёрдамга умид қилган.
Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТ Иқлим конференцияси (COP29) пайти Би-би-сининг Озарбайжон хизматига гапирган Афғонистон ҳайъати аъзоси Руҳуллоҳ Амин, биз "халқаро ҳамжамият билан бирга ишлашни хоҳлаймиз", деб айтди.
"Биз ҳамма томонлар биргалашишини кутаяпмиз, чунки иқлим ўзгариши глобал масала", деб айтди жаноб Амин.
"Биз ривожланган мамлакатлар ва глобал молия ташкилотларидан иқлим ўзгаришидан энг кўп жабр кўрган мамлакатларга мослашиш ва таъсирларни юмшатишда молиявий ёрдам беришларини кутаяпмиз", деди Толибон ҳайъати вакили.
Иқлим ўзгаришидан энг жабр кўрган мамлакат

Сурат манбаси, EPA
БМТ таҳлилларига кўра, Афғонистон дунёдаги иқлим ўзгариши олдида энг кучсиз, энг ожиз мамлакатлардан биридир.
Аммо анъанадор исломий гуруҳ 2021 йилда ҳокимиятни қўлга олганидан буён Толибон ҳайъати иқлим ўзгаришига бағишланган анжуманда илк бор қатнашди.
СОР29 мезбони Озарбайжон Толибонни иқлим конференциясига таклиф этди.
Толибон ҳукуматини БМТга аъзо мамлакатлар расман тан олганлари йўқ, бунинг энг асосий сабабларидан бири Толибоннинг аёллар ҳуқуқларига нисбатан жорий этган чекловидир.
Толибонга БМТ Бош Ассамблеясидаги Афғонистон жойига ўтиришга ҳам изн берилмади.
Бу нарса Афғонистон охирги йилларда жуда қаттиқ тошқинлар ва қурғоқчиликларга дуч келаётганига қарамасдан, бошқа мамлакатлар билан иқлим ўзгаришига тааллуқли масалаларни муҳокама этиш имкониятидан маърум этди.
COP29 Толибон ҳокимиятга келганидан буён иштирок этган энг олиймақом тадбир бўлди.
Толибон вакиллари бундан олдин БМТнинг Қатарда ўтказган Афғонистонга бағишланган учрашувлари, Хитой, Россия ва Марказий Осиё мамлакатларида ташкиллаштирилган форумларда қатнашишди.
Шу йил 11 ноябрда "Франс Пресс" ахборот агентлигига берган интервюсида Афғонистон Миллий Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги раиси Матиул Ҳақ Холис, биз ўз "муждамизни халқаро ҳамдамиятга етказишни истаймиз", деб айтди.
"Иқлим ўзгариши глобал масала ва у чегараларни тан олмайди", деди Бокудаги Афғонистон ҳайъати раҳбари Матиул Ҳақ Холис.
"Франс Пресс" мухбири жаноб Холисдан гендер масаласи ҳақида савол берди.
Иқлим ўзгариши бўйича лойиҳалар аёлларни ҳам "кучайтиради", деб жавоб берди жаноб Холис.
Иқлим ўзгариши оқибатлари Афғонистон аҳолиси яшаш шароитига катта таъсир йкўрсатаяпти.
Жорий йилда рўй берган тошқинлар юзлаб инсонларнинг умрига зомин бўлди.
Шунингдек, деҳқончиликка қаттиқ боғланган Афғонистон шу йил охирги ўнлаб йиллардаги энг оғир қурғоқчиликка ҳам дуч келди.
Аҳолининг аксари ерда деҳқончилик қилиб ўзларини боқадилар, бу йилги қурғоқчилик оқибатида оилаларнинг кун ўтказиши янада оғир бўлиб қолди.
БМТга кўра, ўтган йили Афғонистонда 29,2 миллион, яъни мамлакат аҳолисининг учдан икки қисми очдан ўлмаслик учун инсонпарварлик кўмакларига муҳтож бўлганлар.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















