Шишириладиган танклар, йиғма тўплар – Украинанинг урушдаги ҳийлалари

Сурат манбаси, Na Chasi
2023 йил июн ойида урушни қўллаб-қувватлайдиган Россия ижтимоий тармоқларида дрон украин танкини улкан портлаш билан йўқ қилгани акс этган видео тарқалди.
Бироқ Россия-Украина урушида кўринган ҳамма нарса ҳам кўринганичалик эмас.
Орадан кўп ўтмай, украиналиклар ўз видеоларини чиқаришди: кулиб турган бир аскар ёниб ётган вайронага ишора қилиб, «Менинг ёғоч танкимни уришди-ку!» деб қичқиради.
Маълум бўлишича, бу Украина армияси русларни алдаш учун қўллаган фанердан ясалган сохта танк экан.
Ҳар икки томон минглаб шундай тўлиқ ўлчамдаги қурол макетларидан фойдаланиб, душманни қимматбаҳо снаряд, вақт ва кучини зое кетгазишга мажбур қилаяпти.
Фронт чизиғида кўрилаётган ҳар қандай нарса – кичик радар ва гранатомётлардан тортиб, жип, юк машинаси, танк ва ҳатто "аскар"ларгача сохта бўлиши мумкин.
Бундай макетлар йиғма ҳолда, шишириладиган, 2D кўринишда ёки радио тўлқинларни махсус қайтариб, танк иллюзиясини яратадиган тарзда ясалади.
Айрим турдаги қуроллардан Украинада жойлаштирилганларининг камида ярми сохта нусхалардан иборатлиги айтилади.

Сурат манбаси, .
Ёғочдан артиллерия
Украина армияси энг кўп фойдаланаётган сохта қуроллардан бири – Британияда ишлаб чиқилган M777 гаубицалар макетидир.
Ғарб Киевга 150 дан ортиқ юқори манёврли ва аниқ урадиган артиллерия қуролини етказиб берган. Украин аскарлари уларни "Уч болта" деб аташади.
Бошқа қурол-аслаҳалар каби, сохта макетлар тайёрлашда ҳам кўнгиллилар катта рол ўйнамоқда.
Руслан Клименконинг айтишича, унинг «На Часи» гуруҳи Украина кучларига 160 дан ортиқ M777 макетини етказган. Уларни фронтда икки киши уч дақиқада ҳеч қандай асбобсиз йиғиб қўя олади. «Қанчалик кўп етказиб берилмасин, барчаси ишга ярайди», дейди у Би-би-сига.
Яна бир кўнгиллилар гуруҳи – «Реактивна Пошта» вакили Павло Нарожнийнинг айтишича, улар бир вақтнинг ўзида 10–15 та сохта M777 тайёрлашади.
Бу фанердан ясалган, йиғма ҳолдаги макетлар тахминан 500–600 доллар туради.

Сурат манбаси, Apate
Россия эса уларни 35 минг долларлик «Ланцет» камикадзе дронлари билан йўқотади. «Ўзингиз ҳисоблаб кўринг», дейди Нарожний.
Унинг айтишича, «Толя» деб номланган битта макет фронтда бир йилдан ортиқ туриб, камида 14 та «Ланцет» зарбасидан омон қолган. «Аскарлар уни скотч ва шуруплар билан йиғиб, яна фронтга қайтаришади», дейди у.
Ғилдирак излари ва ҳожатхоналар
Сохталарнинг самарадорлиги улар қандай жойлаштирилишига боғлиқ.
Душманни чалғитиш учун ҳақиқий позиция каби кўриниш – ғилдирак излари, снаряд қутилари ва ҳатто ҳожатхоналар билан тўлиқ қайта ясалиши керак. Бундай ҳолда нафақат душман, балки текширувга келган қўмондон ҳам алданиши мумкин.
Украинанинг 33-механизациялашган бригадаси офицери «Каризма»нинг айтишича:
«Бизга келган қўмондон сохта макетни ҳақиқий деб ўйлаб, "Бу артиллерияни ким жойлаштирди? M777 қаердан келди?" деб сўраган эди».
Унинг айтишича, яна бир усул – ҳақиқий миномёт каби қуролларни ишлатгандан кейин олиб кетиб, ўрнига сохталарини қўйиш.
«Улар душманни алдаш ва унинг қиммат ресурсларини совуриш учун роса боп. Улар иш беради, бизга улардан кўпроқ керак», дейди у.

Сурат манбаси, Back and Alive
Россиянинг сохта арсенали
Украина армиясига кўра, Россиянинг сўнгги ҳаво ҳужумларидаги дронларнинг тахминан ярми арзон сохта нусхалар.
«Ҳозир ярим-ярим: 50% ҳақиқий "Шаҳед" дронлари, 50% сохта дронлар. Улар ҳаво ҳимоямизга юк тушириш ва, яхшиси, арзон дронга қиммат ракета ишлатишга мажбур қилиш учун қўлланади», дейди Украина ҳаво кучлари вакили Юрий Ихнат. «Баъзан мактаб болалари фанердан йиққан нарсадек кўринади».
Аммо ҳавода улар Украина радарлари учун ҳақиқий «Шаҳед»дан фарқ қилмайди, дейди полковник Ихнат.
"Русбал" компанияси сохта 2D қурилмалар, мотор иссиғини тақлид қилувчи макетлар, радиоалоқани кўрсатувчи қурилмалар ва душман радарини алдаш учун қайтаргичлар ишлаб чиқаради.
Ҳатто одамлар ҳам тақлид қилинади. Новосибирскдаги «Халқ фронти» ҳаракати кўнгиллилари ҳарбий форма кийдирилган қўғирчоқлар ясадилар.
Украин термокамераларини чалғитиш учун уларга кийим остида иссиқлик чиқарадиган симлар ўралган.

Сурат манбаси, People's Front Novosibirsk
Урушда янги эмас
Албатта, сохта қуроллар урушда янги ғоя эмас.
D-Day арафасида Буюк Британияда қўғирчоқ танклар ва сохта самолётлар билан тўлиқ сохта армия гуруҳи тузилган эди. Бу иллюзия душманни чалғитиш ва кутилмаган зарба бериш имконини берган.
Иккинчи жаҳон урушидан бери ҳарбий технология жуда ривожланди. Бугун дронлар ва автоматик тизимлар майдонда улкан янгиликка айланган.
Бироқ қандай қуроллар пайдо бўлмасин, алдов ва ҳийла – ҳатто оддий пуфланадиган қўғирчоқ каби воситалар ҳам ҳар қандай урушнинг ажралмас қисми бўлиб қолмоқда.












