Янгиликлар: Полша илк бор Россия дронларини урди, бунақаси сўнгги Украина уруши тарихида бўлмаган – Россия Полша ҳаво ҳудудини буздими? Видео

Полша Бош вазири

Сурат манбаси, Reuters

Ўқилиш вақти: 10 дақ

Полшалик ҳарбийлар баён қилишича, Украинага ҳаво ҳужуми оқибатида Россия "Полшанинг ҳаво ҳудудини мисли кўрилмаган тарзда бузган". Улар буни "тажовузкорлик амали", деб аташган. Полша Бош вазири ҳукуматнинг фавқулодда йиғинини чақирган ва бундан НАТОни ҳам хабардор қилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Алоқадор мавзулар
Харита

Украина президенти ва Қуролли кучларига кўра, Полшанинг чегарасини Россиянинг камида саккиз дрони бузган.

Полша Бош вазири эса уларнинг "катта сонда" эканини айтган.

Доналд Тускнинг парламентга баён қилишича, ўтган тун Полша ҳаво ҳудудини 19 та дрон бузиб ўтган.

Унинг сўзларига кўра, Россиянинг хавф туғдирган уч-тўртта дрони уриб туширилган.

Полша сўнгги Украина уруши фонида илк бор Россия дронларини уриб туширган, бунда НАТО қирувчи учоқларини ишга солган.

НАТОнинг Европадаги иттифоқчи кучлар қўмондони Алексус Гринкевичнинг айтишича, бу ҳарбий альянс қирувчи учоқларининг иттифоқдош давлат ҳаво ҳудудида потенциал таҳдидларга илк бор тўқнаш келишидир.

Кремл бу хусусда изоҳ беришдан бош тортган.

ТАССнинг ёзишича, Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков мазкур саволларга Мудофаа вазирлиги жавоб бериши кераклигини айтган.

Агентликка кўра, Песков, "Кремлга Полша раҳбариятидан дронлар билан боғлиқ вазият юзасидан мулоқот бўйича ҳеч қандай сўров келиб тушмаган"лигини ҳам билдирган.

Юз берган ҳодиса сабаб, пойтахт Варшава ва яна Полшанинг икки аэропортида фуқаровий самолётлар парвозлари тўхтатилган, аэропортлар бир неча соатга ёпилган.

Россиянинг Украинага босқини манзарасида бунақаси ҳам Европада илк бор кузатилаётгани айтилмоқда.

НАТО буни ҳозирча ҳужум, деб кўрмаяпти.

Полша Бош вазири эса, бу Россия томонидан "кенг кўламли провокация" бўлиши мумкин, деган тахминда.

Сўнгги хабарларга кўра, Доналд Туск НАТО низомининг 4-бандидан фойдаланишни сўраган.

Бу банд иттифоқ аъзоларига масалани муҳокама қилиш учун НАТОнинг асосий сиёсий органи бўлган Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти Кенгашига олиб чиқиш имконини беради.

Кейин НАТОга аъзо давлатнинг ҳудудий яхлитлиги, сиёсий мустақиллиги ёки хавфсизлигига таҳдид бор-йўқлигини аниқлаш учун маслаҳатлашувлар ўтказилади.

Туск бу маслаҳатлашувлар чоғида Полша кўпроқ дастакка умид қилаётганлигини айтган.

Франция президенти
EPA
Rossiya dronlarining Polsha havo hududini buzib kirishiga shunchaki toqat qilib bo‘lmaydi. Men buni qat’iy qoralayman. Rossiyani bu xavfli eskalatsiyani bas qilishga chaqiraman.
Emmanuel Makron
Fransiya prezidenti (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Полша Бош вазирининг баён қилишича, "Бу уруш шунчаки украиналиклар учун эмас, балки Россия бутун эркин дунёга эълон қилган қарама-қаршиликдир".

Хабарларга кўра, Полшанинг Россиянинг дронларини уриб туширишга қаратилган ўтган тунги амалиёти маҳаллий вақт билан 7:30 атрофида якунланган, аэропортлар қайта очилган.

Аммо, айтилишича, уриб туширилган дронларни қидириш ишлари ҳануз давом этмоқда.

"Бу фуқароларимиз хавфсизлигига ростмана таҳдид солган тажовузкорлик ҳаракатидир", - дея баён қилган Полша Қуролли кучлари қўмондонлиги ўзининг расмий саҳифасида.

Россия Мудофаа вазирлиги эса шу соатларда юз берган воқеага илк бор ўзининг расмий муносабатини билдирган.

Вазирлик, "Полша ҳудудида ҳеч қандай нишонни йўқ қилиш режалаштирилмаган. Россия берган ҳужумда фойдаланилган ва гўёки Полша чегарасини кесиб ўтганлиги айтилаётган дронларнинг максимал парвоз масофаси 700 км дан ошмайди", — дея баён қилган.

"Полша Мудофаа вазирлиги билан бу борада маслаҳатлашувлар ўтказишга тайёр"ликларини ҳам билдирган.

Россиянинг Полшадаги муваққат ишлар вакили Андрей Ордаш эса, "Полша мамлакат ҳудуди узра уриб туширилган дронларнинг Россияники эканлиги ҳақида далиллар келтирмади", деб айтган РИА Новости агентлигига.

Дипломат, шу боис, мазкур айбловларни "асоссиз", деб ҳисоблашларини билдирган.

Бу Полша томонининг даъволарига Россия тарафининг илк муносабатидир.

Полша Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Каролина Галецканинг маълум қилишича эса, "етти дрон ва келиб чиқиши номаълум бўлган битта ракетанинг қолдиқлари топилган".

Унинг сўзларидан бу иқтибосни "Немис тўлқини" келтирган.

Аввалроқ Полша оммавий ахборот воситалари дронлардан бирининг Беларус ва Украина билан чегарага яқин Вирики қишлоғидаги уйга келиб урилгани ҳақида хабар беришган.

Хабарларда бунинг оқибатида ҳеч ким жабр кўрмагани, уйнинг томи ва машинага шикаст етгани, аммо ёнғин кузатилмагани айтилган.

Россия 10 сентябрга ўтар кечаси Украина ғарбига навбатдаги йирик дрон ҳужумини амалга оширган.

Украина томонига кўра, Россия бу ҳужумида юзлаб дрон, ўнлаб қанотли ва битта баллистик ракетасини ишга солган.

Полша Украинага бевосита чегарадош НАТОга аъзо Европа давлатларидан биттаси бўлади.

Украина президенти Владимир Зеленский сўнгги воқеани "Европа учун ўта хавфли прецедент", деб атаган.

Франция президенти эса Россияни "хавфли эскалацияни бас қилиш"га чақирган.

"Украинага ҳужуми чоғида Россия дронларининг Полша ҳаво ҳудудини бузиб киришига шунчаки тоқат қилиб бўлмайди. Мен буни қатъий қоралайман. Мен Россияни бу хавфли эскалацияни бас қилишга чақираман", - деб ёзган у ўзининг Х тармоғидаги акаунтида.

Бош вазири Доналд Тускнинг айтишича, Полша Иккинчи жаҳон урушидан бери очиқ можарога энг яқин мамлакатдир.

НАТО Бош котиби бунинг "мутлақо оқибатини ўйланмай қилинган ва хавфли иш" эканини баён қиларкан, ҳали ҳодисага тўлиқ баҳо берилмаганини ҳам таъкидлаб ўтган.

Германия эса, бунинг жуда жиддий воқеа эканлиги ва у Россия Европанинг қатъиятини қандай синовдан ўтказаётганини кўрсатганини айтган.

5 сентябр. Трамп Путин билан муносабатини бузмоқчи эмас, Путин эса Украинадаги НАТО қўшинлари Россия нишонига айланиши мумкин деди
Россия Президенти Владимир Путин Владивостокдаги Шарқ иқтисодий форумидаги чиқишида

Сурат манбаси, VLADIMIR SMIRNOV/TASS/HANDOUT

Париждаги Украинага бағишланган саммитдан кейин 26 мамлакат Украинага ўз қўшинларини жойлаштиришга розилик берганлари ортидан АҚШ Президенти Доналд Трамп билан телефон сўзлашуви бўлди.

Ушбу мулоқот ортидан мухбирларга маълум бўлишича, Россия Америка президентининг ўт очишни тўхтатиш ёки тинчлик битимини тузиш ҳақидаги бир неча марталик талабларини бажармаётганига қарамасдан, Президент Трамп Путин билан муносабатлари ёмонлашишини истамаяпти.

4 сентябрдаги Париж саммитидан кейин Европа раҳбарлари Трампнинг Россияга нисбатан мавқеъсини қаттиқлаштиришига умид қилганлар, бундай бўлмагани уларни ҳайрон қолдирган.

АҚШнинг NBC телеканали Оқ Уйдаги икки мулозимга таяниб хабар қилишича, Зеленский ва Путиннинг яккама-якка учрашувини ташкил қилиш ёки Украина урушини тез орада тугатишга бўлган Трампнинг умидлари сўниб бораяпти.

Бир кун олдин Европа раҳбарлари ва Зеленский билан телефон мулоқотида Трамп, "Европа урушни молиялаб келаётган Россия нефтини сотиб олишни тўхтатиши керак", деб айтди.

Бунга жавобан ўз исми-шарифи ошкор этилишини истамаган европалик расмий мулозим Оқ Уйнинг ўзи Россияни урушни тўхтатишга мажбурлаш учун кўзга кўринадиган янги санкция киритмаганидан ҳафсаласи пир бўлганини айтган.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Бунинг сабабларидан бири Трампнинг "Путин билан муносабатларни бузмаслик қарорида қатъий" экани бўлиши мумкин.

У ўзининг маслаҳатчиларига шундай деб айтган.

Таҳлилчиларга кўра, санкциялар Путинни ён беришга мажбурлайдиган восита бўлгани билан улар Трампни ўртадаги "адолатли воситачи" ролидан маҳрум қилиши мумкин.

Ўзини маҳоратли келишувлар устаси деб биладиган Трамп ушбу ролдан айрилишни истамайди.

Россиянинг Узоқ Шарқидаги Владивостокда ҳар йили ташкил қилинадиган Шарқ иқтисодий форумида гапирган Президент Путин Париж саммити иштирокчиларининг таклифини рад этди.

Путин айтишича, Украина Президенти Зеленский билан яккама-якка мулоқотдан маъни йўқ.

"Мен маъни кўрмайман, деб айтдим. Нима учун? Чунки Украина тарафи билан асосий масалалар бўйича келишиш имконсиз", деди Президент Путин.

Президент Путин сўзларига кўра, агар Украина билан тинчлик келишувига эришиладиган бўлса, Украина ҳудудида Ғарб ҳарбийларига эҳтиёж бўлмайди.

"Агар Украинада қандайдир хорижий қўшинлар пайдо бўлса, айниқса ҳозир, жанговар амалиётлар пайти, биз уларни йўқ қилиш лозим бўлган қонуний нишон деб иш кўрамиз", деди Владимир Путин.

4 сентябр. Путиннинг урушни тўхтатиш нияти йўқ, Россиянинг музлатилган пулларига Украинага қурол-яроғ жўнатилди - видео

Париждаги Украинага ёрдамни истовчилар коалицияси учрашуви иштирокчилари. Марказда Украина Президенти Зеленский ва Франция Президенти Эммануэл Макрон

Сурат манбаси, t.me/V_Zelenskiy_official

Украина урушини 24 соат ичида тўхтатишни ваъда берган АҚШ Президенти Доналд Трампнинг "Россия урушни тўхтатмоқчи" деган баёноти ҳақиқатга тўғри келмаслиги аёнлашди.

Хитойдаги тантанали тадбирлар якунида Россия Президенти Владимир Путиндан, яқин орада Украина уруши тугаши мумкинми, деб сўрашди.

"Агар соғлом ақл устун келса, ушбу низони тўхтатишнинг мақбул варианти борасида келишиб олиш мумкин", деган Президент Путин, агар ўзига маъқул келадиган ечим топилмаса, "Россиянинг ўз олдига қўйган барча вазифаларни ҳарбий йўл билан ҳал қилишига тўғри келишини" айтди.

Оқ Уй, Путин Зеленский билан учрашмоқчи, деди.

Аммо Кремл бу баёнотга аниқ бир гап айтгани йўқ.

Пекинда Президент Путин Россиянинг бундан олдинги таклифини такрорлади: агар Зеленский Москвага келишга тайёр бўлса, учрашиш мумкин.

Аммо бу учрашувдан наф бўлишига шубҳа билдирди.

Президент Путин Украина Президенти Володимир Зеленскийнинг беш йиллик президентлик муҳлати битган, шунинг учун Украинанинг ҳозирги ҳукумати ноқонуний, нолегитим ҳокимият билан музокарадан маъни йўқ деди.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Аммо Кремлдан бошқа дунёдаги кўпчилик мамлакатлар сиёсатчилари уруш туфайли Украинадаги президентлик сайловини қолдиришга қарор қилинди, мамлакатнинг жорий раҳбариятини қонуний раҳбарият деб ҳисоблайди.

Украина Ташқи ишлар вазири Андрий Сибиҳа Путин баёнотига жавобан ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай деб ёзди:

"Ҳозирнинг ўзида урушга якун ясаш учун камида етти мамлакат Украина ва Россия раҳбарларини қабул қилишга тайёр. Австрия, Муқаддас Тахт(Рим Папаси), Швейцария, Туркия ва Форс Кўрфазидаги уч давлат. Булар жиддий таклифлар ва президент Зеленский бундай учрашувга ҳар қайси лаҳзада тайёр. Бироқ Путин қабул қилиб бўлмаслиги аён таклифлар билан ҳаммани аҳмоқ қилаяпти. Фақат Россияга босимни ошириш тинчлик жараёнига жиддий ёндашишга мажбур қилиши мумкин".

Пекиндаги хавфсизлик саммитида шунингдек, Россия ва Хитой президентлари "ўлимсиз ҳаёт" истиқболларини муҳокама қилишган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

4 сентябр куни Париждаги Елисей саройида Украинага ёрдам "Истовчилар коалицияси"нинг учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда 30 тача давлат раҳбари иштирок этган, Президент Зеленскийнинг ўзи Парижга борди, раҳбарлардан айримлари бевосита, айримлари онлайн қатнашдилар.

Парижда АҚШ президентининг Украина бўйича махсус элчиси Стив Уиткофф билан Украина расмийлари учрашдилар.

Учрашувдан кейин Президент Зеленскийнинг Телеграмдаги каналида ёзишича, коалиция аъзолари Россиянинг музокара жараёнини орқага сураяпти деган фикрда якдиллар.

Париж учрашувидан олдин Франция Президенти Эммануэл Макрон Украина хавфсизлигининг кафолати бўйича тайёргарлик ишлари якунига етди, дея хабар қилди.

Шу куни Британия Мудофаа вазири Жон Ҳили маълум қилишича, Россиянинг Украина босқинидан кейин музлатилган маблағларидан тушган пулларга юзлаб артиллерия ўқ-дорилари, юзлаб зенит ракеталари, эҳтиёт қисмлар сотиб олинган ва Украинага юборилган.

Бу пуллар 1 миллион фунт стерлинг ёки АҚШ долларида 1,2 млн доллардан зиёд экани айтилди.

Париж учрашувидан кейин Европа раҳбарлари АҚШ Президенти Доналд Трамп билан телефонда сўзлашдилар.

Президент Макрон айтишича, агар ўт очишни тўхтатилса, коалициядаги 26 мамлакат Украинага ўз қўшинларини жойлаштиришга розилик берганлар.

Оқ Уйдаги манбанинг сўзларига кўра, суҳбат пайти Президент Трамп, Украина урушини молиялашга ёрдам бераётган Россия нефтини Европа харид қилишни тўхтатиши лозим, деб айтган.

"Президент Россия ҳарбий машинасини молиялаштираётган Хитойга Европа раҳбарлари иқтисодий босим қилмоқлари лозимлигини таъкидлади", деб айтган ўз исми-шарифи очиқланишини истамаган Оқ Уй расмийси.

3 август. Йирик Хитой ҳарбий паради қандай мужда берди?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Хитой раҳбари Си Цзинпин, Қозоғистон Президенти Қосим- Жўмарт Тоқаев, Россия Президенти Владимир Путин

Сурат манбаси, Reuters

Хитой пойтахти Пекинда мамлакат тарихидаги энг йирик ҳарбий парад бўлиб ўтди.

У Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллигига бағишланди.

1945 йил августида АҚШ Японияга атом бомба ташлаган, орадан кўп вақт ўтмай, Хитой Япон босқинчилари устидан ғалаба қилганини эълон қилган эди.

АҚШ Президенти Доналд Трамп ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Хитой раҳбари ўз нутқида Америкага миннатдорлик билдиришига умид қилишини айтди, лекин Си Цзинпин бундай қилмади.

Алоқадор мавзулар

Параддан олдинги базмда сўзлаган Хитой Президенти Си Цзинпин, дунё "ҳеч қачон кучли кучсизни ейдиган жунглига уйланмаслиги керак", деди.

Мухбирларга кўра, Хитой раҳбари бирор мамлакат номини тилга олгани йўқ, аммо бундан олдин Хитой расмийлари дунёдаги мамлакатларга бож тарифларини ошириш амаллари учун АҚШни "ўдағайлаш ёки тазйиқ қилиш"да айблаган эдилар.

"Биз барча мамлакатлар тарихдан сабоқ чиқаришлари, тинчликни қадрлашлари ва инсоният учун ёрқин келажак барпо этиш йўлида бирга ишлашларига самимий ишонамиз", деди Хитой раҳбари.

Пойтахт Пекиннинг Тянанмен майдонидаги ҳарбий парадни бутун дунё томоша қилди, ҳарбий ва сиёсий таҳлилчилар дунёнинг 26 мамлакати раҳбари, улар орасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашган намойишдан Хитой йўллаётган муждани англашга интилдилар.

Аксар таҳлилчилар фикрича, ҳарбий парад Хитой, Россия ва Шимолий Корея ягона фронтда бирлашганларини намойиш этди.

Шимолий Корея анчадан буён, Россия эса Украина босқинидан кейин Ғарб томонидан иҳоталанди.

Ким Чен Ин билан учрашувда Президент Путин Украина урушида ёрдам бераётгани учун Шимолий Корея халқига миннатдорлик билдирди.

Минглаб ҳарбийлар, 50 минг томошабин қатнашган парадда Хитой ўзининг ҳарбий қудратини намойиш этди.

Ҳарбий экспертларни ҳайратга солгани - қандай қилиб Хитой қисқа вақт ичида ишлаб чиқариши мураккаб бўлган турли қуролларни ўзлаштиришнинг уддасидан чиққани бўлди.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

"Хитой мудофаа саноати томонидан ишлаб чиқарилган ракета тизимлари, танклар, авиация техникаси ва учувчисиз учиш аппаратларининг энг сўнгги намуналари намойиш этилди", дея юқори баҳо берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

"Парадда Хитой Қуролли Кучларининг янги тизими, шунингдек, қуруқлик, денгиз ва ҳаводаги стратегик қуролларнинг айрим турлари, гипертовушли ва юқори аниқликдаги зарба қуроллари, учувчисиз ва дронга қарши аппаратлар намойиш этилди", деб ёзди Қозоғистондаги Kazinform ахборот агентлиги.

Хитой ҳарбий парадида ракета намойиши

Сурат манбаси, Getty Images

"Парадда Хитой Халқ озодлик армиясининг энг янги қуроллари намойиш этилди. Улар орасида зенит ва кемага қарши мажмуалар, шу жумладан, янги лазер зенит комплекси LY-1 ВМС ҳам бор. Дронларга қарши курашдаги замонавий воситалар ҳам алоҳида кўрсатилди: дронларга қарши ракеталар, артиллерия мосламалари ва радиоэлектрон кураш мажмуалари.

Майдонда, шунингдек, жанговар ва истиҳборот мақсадидаги учувчисиз учиш аппаратлари, ўрта масофага мўлжалланган Dongfeng-17 баллистик ракеталари ва энг янги қитъалараро Dongfeng 5C баллистик ракеталари ҳам намойиш этилди", деб ёзди Қирғизистондаги 24.kg веб-сайти.

"Бу ҳафта Хитойда барча дипломатия ва кўзлар Трамп маъмуриятига аниқ мужда юборишга қаратилган: Сиз Американи Яна Буюк қилишни истайсизми? Америка биринчи ўринда шундайми? Яхши, унда биз Америка етакчилигидаги тартибга муқобилни таклиф этамиз", деб ёзди Би-би-сининг Россия муҳаррири Стив Розенберг.

"Шунинг учун биз Хитой, Россия ва Ҳиндистон раҳбарларининг Шанхай Ҳамкорлик ташкилотида биргаликда кулиб турганларини кўрдик. Шунинг учун ҳам Владимир Путин Си Цзинпинни "ҳақиқий дўст" деди ва Хитой раҳбари россиялик ҳамкасбини "эски дўст" деб атади. Ва шунинг учун ҳам Си Цзинпин, Владимир Путин ва Ким Чен Ин чоршанбадаги ҳарбий парадда бирга кўриниш бердилар.

Қисқа қилиб айтганда геосиёсий маконда турли қудратлар Америка ҳукмронлиги тарозисига ўз посангиларини қўйдилар. Бу дегани ушбу ҳамма мамлакатлар ва раҳбарлари 100 фоиз бир тўлқин узунлигидалар дегани эмас. Тафовутлар ҳамон бор.

Бироқ сафар йўналиши аниқ. Шу ҳафта "Комсомолская Правда" газетаси сарлавҳасида айтилганидек, Россия, Хитой ва Ҳиндистон "Биз янги дунё барпо этамиз", демоқчилар", деб ёзди мухбиримиз.

Хитой ҳарбий парадида иштирок этган қуролланган аёллар

Сурат манбаси, Getty Images

Хитой парадига АҚШ Президенти Доналд Трамп таклиф этилмагани хабар қилинди.

Европа мамлакатларидан фақат Словакия Бош вазири Роберт Фицо, Сербия Президенти Александр Вучич қатнашдилар.

Жанубий Корея президенти таклиф этилгани, бироқ у бормасликка қарор қилгани хабар қилинди.

Би-би-си таҳлилчиси Жеймс Лэндейл ёзишича, Хитой етакчилигида Америка муқобил дунё тартибини қуриш баёноти Ғарб дипломатларини жунжиктиради, чунки Американинг халқаро нормалардан чиқиш қароридан кейин юзага келган бўшлиқни Хитой тўлдириши мумкин.