Танклар, туризм ва фотосессия: Ким Чен Ин ва Путин Пекинга нега йўл олди?

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Чоршанба куни Пекиннинг Тянанмэн майдонида ядровий ракеталар ва танклар намойиш этилади, бешинчи авлод ҳарбий учоқлари осмонда парвоз қилади. Бу тадбир Хитойнинг улкан ҳарбий қудратини намоён этиши кутилмоқда.
Бироқ "Ғалаба куни" парадида кўпчиликнинг диққати қурол-аслаҳаларга эмас, балки Хитой раҳбари Си Цзинпин таклиф этган икки махсус меҳмон – Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ва Россия президенти Владимир Путинга қаратилган.
Сўнгги йилларда бу икки давлат раҳбари хорижга жуда кам чиққан. Шу боис уларнинг Иккинчи жаҳон уруши якунланишининг 80 йиллигига бағишланган тадбирда бирга иштирок этиши – мазкур уч муҳим давлатнинг ўзаро муносабатлари ва келажакдаги йўналишлари ҳақида муҳим ишора сифатида қабул қилинмоқда. Би-би-сининг Корея, Россия ва Хитой хизматлари мутахассислари бу ҳақда ўз таҳлилларини баён қилди.
Корея нуфузи ва туризм

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
«Ким ва Сининг учрашуви деярли олти йил ичида илк маротаба бўлади», дейди Би-би-си Корейс хизмати мухбири Жуна Мун.
«Ким охирги бор 2019 йилда Ханой саммитида Доналд Трамп билан кўришишдан олдин Хитойга ташриф буюрган эди. Шу йили Си ҳам Пхенянга борган эди».
Бу галги маросимда бир нечта тарихий «илк» воқеалар қайд этилади. Масалан, Шимолий Корея, Хитой ва Россия етакчилари илк бор биргаликда саҳнада намоён бўлади. Бу – ноодатий ҳол, чунки ҳам Ким Чен Ин, ҳам унинг отаси Ким Чен Ир асосан икки томонлама учрашувлар билан чекланиб келган. Шунингдек, 1959 йилдан бери биринчи марта Шимолий Корея раҳбари Хитой ҳарбий парадида қатнашмоқда.
«Шимолий Корея иқтисодий қийинчиликларга дуч келаётган ва муҳим сиёсий саналарга тайёрланаётган бир паллада, Хитой ёрдами ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда», дейди Мун. Унинг айтишича, мамлакатда шоли нархлари кескин ошиб бормоқда.
Xitoydagi harbiy namoyish dunyoga muhim xabar yetkazadi: Global Janub davlatlari Si va Putin atrofida birlashgan va ular bepisand qarab bo‘lmaydigan kuchga aylanmoqda.
Ким Чен Ин Хитой кўмаги билан октябр ойида Ишчилар партиясининг 80 йиллигини ҳамда келаси йили бўлиб ўтиши кутилаётган тўққизинчи партия қурултойини камбағаллик ичида эмас, балки катта дабдаба билан нишонлашни кўзламоқда.
Шу билан бирга, яна бир иқтисодий омил ҳам бор: Пхенян яқинда очилган Вонсан-Калма соҳил курорт ҳудудига кўп сонли хитойлик сайёҳларни жалб қилишни истайди. Бу эса Хитой Коммунистик партиясининг тўғридан-тўғри қўлловисиз амалга ошмайди.

Сурат манбаси, Gamma-Rapho via Getty Images
Бироқ Кимнинг Пекинга ташрифи фақат иқтисодий манфаатлар билан чегараланмайди. У одатдагидек Москва ва Пекин билан муносабатларни мувозанатда ушлашга интилмоқда. Бу маросим унга икки етакчи билан бир вақтда бир саҳнада туриш имкониятини бермоқда.
«Си ва Путин билан бир қаторда чиқиш орқали Ким ўзини йирик давлатлар етакчилари билан тенг кўрсатиш, шунингдек, эҳтимолий Хитой-Россия-Шимолий Корея меҳварида марказий ўрин эгаллаш истагини намоён қилмоқда», дейди Мун.
Ким, шунингдек, Си Цзинпинни октябр ойида Пхенянда бўлиб ўтадиган тантаналарга таклиф қилишга ҳам умид қилмоқда. Агар бу амалга ошса, унинг нуфузи ҳам мамлакат ичида, ҳам халқаро майдонда сезиларли ошиши мумкин.
«Кимнинг ташрифи АҚШ, Жанубий Корея ва Япония ўртасида кучайиб бораётган ҳамкорликка қарши стратегик жавоб сифатида кўрилмоқда», дейди Мун.
Агар бу ташриф Шимолий Корея-Хитой-Россия муносабатларини мустаҳкамласа, бу Жанубий Корея хавфсизлик муҳити учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
«Қурол тизимлари, ҳарбий технология, разведка ва логистика соҳаларида Пхенян, Пекин ва Москва ўртасида расмий бўлмаса-да, чуқур ҳамкорлик эҳтимоли ортиб бормоқда», дея огоҳлантиради Мун.
Россиянинг яна саҳнага чиқиши

Сурат манбаси, Getty Images
Би-би-си Рус хизматидан Алексей Калмиковга кўра, яқинда Аляскада Доналд Трамп билан бўлган саммитдан сўнг Пекинга таклиф «Путин учун ёқимли хабар».
«Украинага босқин сабабли йиллар давомида Россия дунёдан тобора ажралиб қолди», дейди у.
«Бир пайтлар G7 саммитида тенг иштирок этган Путин ҳозир Халқаро жиноят суди ордери билан қидирувдаги шахсга айланди».
Бироқ энди кетма-кет икки йирик давлат уни қизил йўлакча билан қарши олмоқда.
«Яқингача Россия раҳбарияти халқаро саҳнада бундай муваффақият ҳақида орзу ҳам қилолмас эди. Энди бу – ҳақиқат», дейди Калмиков.
Пекиндаги парадда қатнашиш Путиннинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлайди ва россияликларни мамлакатнинг нуфузига ишонтириши мумкин.
«Кўплаб қўл бериб кўришишлар, самимий қучоқлашишлар ва қизил йўлаклар – буларнинг барчаси Россия жамоатчилигига Москва Пекиннинг кичик шериги эмас, балки тенг мақомдаги ҳамкор эканини кўрсатиш учун хизмат қилади», дейди Калмиков.
Шахсий муносабатлардан ташқари, Хитойнинг «Ғалаба куни» паради яна бир муҳим маъно касб этади. У Япониянинг Иккинчи жаҳон урушида таслим бўлгани ва уруш якун топганининг 80 йиллигига бағишланган.
«Хитойдаги ҳарбий намойиш дунёга муҳим хабар етказади: Глобал Жануб давлатлари Си ва Путин атрофида бирлашган ва улар беписанд қараб бўлмайдиган кучга айланмоқда», дейди Калмиков.
Яна бир муҳим сигнал Оқ уйга йўналтирилади: Москва ва Пекин ўртасида низо солиш уринишлари беҳудадир.
«Россия ва Хитой ўртасидаги "чегарасиз дўстлик" ҳануз кучли ва барқарор», дейди Калмиков.
Хитой ҳарбий қудрати намойиши

Сурат манбаси, Getty Images
Парад орқали Хитой ўзини замонавий ва глобал ҳарбий давлат сифатида намоён этмоқчи.
«Расмийлар 70 дақиқа давом этадиган парадда Халқ озодлик армиясининг янги авлод қуроллари – илғор гипертовушли тизимлар, ҳаво ва ракета мудофаа воситалари, стратегик ракеталар намойиш этилишини маълум қилди. Улар Хитойнинг асосий жанговор арсеналидаги энг муҳим қуроллардан танлаб олинган», дейди Би-би-си Хитой хизмати.
Тадбир олдидан ҳукумат вакили катта миқдорда янги ҳарбий техника биринчи марта намойиш этилишини таъкидлади.
Бу дунё ҳамжамияти диққатини албатта ўзига жалб қилади. Чунки "Bulletin of the Atomic Scientists"га кўра, ҳозирда Хитой ядровий қуролларини дунёдаги барча давлатлардан тезроқ суръатда кенгайтираётган ва янгилаётган мамлакат ҳисобланади.
Бу сафар Хитой меҳмонлар рўйхатида аввалгидек қийинчиликка дуч келмайди. Халқаро жиноят суди (ХЖС) президенти Путинга қарши ҳибсга олиш ордерини чиқарган, Пекин эса олдин ҳам қидирувдаги шахсларни маросимларга таклиф қилгани учун танқидга учраган.
Бироқ, бир неча ҳафта олдин Доналд Трамп Путинни Аляскага таклиф этгани ва америкалик ҳарбийлар уни қизил йўлак билан кутиб олгани – Хитойни бу сафар танқид қилишни қийинлаштиради, дейди Би-би-си Хитой хизмати.
Фақат кимлар қатнашиши эмас, кимлар қатнашмаслиги ҳам аҳамиятли.
Худди шу парадда 10 йил олдин Тайвандаги ўша пайтда ҳукмрон бўлган Гоминдан партияси раиси асосий меҳмонлардан бири бўлган.
«Бу қитъа ва орол муносабатларининг асал ойи эди», дейди Би-би-си Хитой хизмати.
Аммо 2016 йилдан бери Тайванни Демократик прогрессив партия бошқармоқда, уларнинг Пекин билан муносабати анча совуқ.
Хитойнинг Ҳонконгда мухолифатга қарши босимига жавобан, «Тайван расмий шахсларни Пекинга ҳарбий парадда иштирок этиш учун боришини тақиқлади», дейди Би-би-си Хитой хизмати.
Шу боис, бу йилги маросимда кутилган 26 давлат раҳбаридан фарқли ўлароқ, Тайвандан ҳеч қандай вакил қатнашмайди.












