Беларусда янги ҳарбий машқлар: Путин бу сафар нимани режаламоқда?

Лукашенко ва Путин кулиб бир-бирларининг қўлларини сиқишмоқда. Орқада Беларус харитаси ва танк коллажи

Сурат манбаси, BBC/Getty Images/Belarus MOD

    • Author, Сергей Морфинов
    • Role, Би-би-си Украин хизмати учун, Киев
  • Ўқилиш вақти: 10 дақ

Ушбу мақоланинг Украин тилидаги оригинал матнини мана бу ерда ўқиш мумкин.

Сентябр ойида Беларусда Россия билан бирга "Ғарб-2025" қўшма ҳарбий машғулотлари ўтказилади – бу "Ғарб-2021" манёврларининг айни ўзи бўлиб, ўша машқлар ортидан Украинага кенг кўламли босқин бошланган эди.

Август бошида биринчи эшелонлар Россия дивизияларини Беларус полигонларига олиб кела бошлади.

Катта уруш шароитида бу машғулотлар ҳам Украина, ҳам Болтиқбўйи мамлакатлари ва НАТОнинг бутун "шарқий қаноти" учун бевосита ёки келажакдаги таҳдид сифатида баҳоланмоқда.

Алоқадор мавзулар

Шу аснода Украина раҳбарияти, Аляскадаги тинчлик музокараларига қарамай, Россия яқин ойларда Украинада янги ҳужум ҳаракатларини тайёрлаётганини таъкидламоқда.

"Ғарб-2025" ҳарбий машқлари ортида қандай сценарийлар бўлиши мумкин ва улардан Россия бугун ва келажакда қандай мақсадларда фойдаланиши мумкин?

Навбати билан машғулотлар

Россия ҳар йили турли ҳудудларда эҳтимолий "жанг майдонлари"даги ҳаракатларни машқ қилиш учун стратегик қўмондонлик-штаб машғулотларини ўтказади.

"Бир йили бу "Ғарб", кейин "Шарқ", сўнг "Марказ" ва "Кавказ". Тўрт йил ичида эҳтимолий жанг майдонларидаги вазият ўзгаради ва улар яна бу машғулотларни навбати билан ўтказади," дейди Би-би-сининг Украина хизматига Киевдаги "XXI аср стратегияси" глобалистика маркази хавфсизлик дастурлари раҳбари Павел Лакийчук.

"Ғарб-2021" ҳарбий машқлари пайти "Град" тизимидан ўт очиш

Сурат манбаси, Rossiya Mudofaa vazirligi

Сурат тагсўзи, "Ғарб-2021" ҳарбий машқлари пайти "Град" тизимидан ўт очиш

Хусусан, "Кавказ-2008" ҳарбий машқлари доирасида Россия Бош Кавказ тизмаси остидаги Рок туннели — автомобил йўлида ҳарбийлар ва техникани тўплаган эди. Россияликлар машғулотлар расман тугаганидан олти кун ўтиб, айнан шу туннел орқали Грузияга бостириб кирган эдилар.

200 мингдан ортиқ Россия ва Беларус ҳарбийлари иштирок этган "Ғарб-2021"да эса "Марказий Федерация" (Ўша машқларда РФ ва Беларус бирлашган кучлари шундай аталган эди) ҳаво десантлари, рейдлар ва шартли душман – "Қутб Республикаси"га қарши бошқа бир манёвр ҳаракатларини машқ қилди.

Орадан беш ой ўтиб сўнг россияликлар ҳақиқий босқинчилик доирасида худди шундай "блицкриг" билан Киев, Гостомел, Харков, Николаев ва Украинанинг бошқа шаҳарларини эгаллашга уриниб кўрдилар.

Россия танклари далада

Сурат манбаси, Russia MOD

Сурат тагсўзи, "Ғарб-2021" машқлари пайти зирҳли техника ҳужуми. Орадан ярим йил ўтиб, ҳойнаҳой, айни шу техника Украинага босқинда иштирок этди

Шу билан бирга, бундай машғулотларнинг барчаси ҳақиқий жанговар ҳаракатлар билан якунланмайди.

"Ғарб-2017" пайтида хаёлий "Вейшнория" кўринишидаги Болтиқбўйи мамлакатларига ҳужум ва Сувалки йўлагини "ёриб ўтиш" машқ қилинган эди. Аммо ўша машғулотлар, "Кавказ-2008"дан фарқли ўлароқ, реал куч ишлатишга айланмади," деб эслайди Павел Лакийчук.

"Машғулотлар доирасида кучлар жойлаштирилади ва жанговар шай ҳолатда туради. Буйруқ бўлса, ҳаракатни бошлашади. 2022 йилда ҳам шундай бўлди – босқинчилик машқ қилинди, кейин эса кучлар амалда қўлланди. Шунинг учун машғулотлар ҳақиқатан ҳам ҳарбий операцияга ўтиш хавфини туғдиради. Аммо бу барча машғулотлар шундай якунланади дегани эмас," дейди ҳарбий таҳлилчи.

Ҳозир Беларусдаги "Ғарб" машғулотлари тўрт йиллик циклдан сўнг қайтмоқда, бу давр мобайнида кенг кўламли Россия-Украина уруши давом этди.

"Ғарб-2025" ҳақида нималар маълум?

Россия ва Беларус байроқлари олдида икки ҳарбий бир бирига чест бераяпти, орқада эса ҳарбий эшелон

Сурат манбаси, Belarus Mudofaa vazirligi

Сурат тагсўзи, Россия ҳарбийларининг "Ғарб-2025" машқлари учун Беларусга етиб келишлари

Москва ва Минск жорий машғулотларга тайёргарликни йил бошидан бошлаган.

Ўшанда Беларус мудофаа вазирининг халқаро ҳарбий ҳамкорлик бўйича ёрдамчиси генерал-майор Валерий Ревенко жалб қилинган қўшинлар сони "13 минг кишидан ошишини" айтганди.

Аммо кейинроқ Беларус мудофаа вазири Виктор Хренин "кескинликни камайтириш учун" "Ғарб-2025" қисқартирилиши ва ҳатто мамлакат ичкарисига, чегаралардан узоқроққа кўчирилишини маълум қилди.

Александр Лукашенко ҳам бўлажак машғулотлар Украина учун ҳам, Болтиқбўйи давлатлари ва Полша учун ҳам ҳеч қандай хавф туғдирмаслигини бир неча бор таъкидлаган.

Айтганча, 2022 йилда ҳам у "Ғарб-2021"дан кейин Беларусдан Украинага бостириб кириш иложи йўқлиги ҳақида гапирган ва Ғарб разведкасининг огоҳлантиришларини масхара қилган эди. Россия колонналари Чернобил зонаси орқали Беларус ҳудудини тарк этиб, Киевга йўл олгач, Лукашенко гўёки Украинадан "Беларусга ҳужум тайёрланаётгани" ҳақида инсайдер маълумотларни ошкор қила бошлади.

Ҳарбий кийимдаги Александр Лукашенко чет эллик журналистлар қаршисида туриб уларга нимадир деяпти

Сурат манбаси, «Пул первого»

Сурат тагсўзи, 2022 йил 18 феврал: Александр Лукашенко чет эллик журналистларга, Беларус ҳудудидан Украинага ҳужум бошланмади, деяпти. Ҳужум 24 февралда бошланди

Шу билан бирга, ўша Ревенко яқинда "Ғарб-2025" ҳақида яна бир нечта тафсилотларни ошкор қилди – машғулотлар 12-16 сентябрь кунлари Россия ва Беларус иттифоқига қарши "эҳтимолий тажовузни қайтаришга тайёрлик" учун ўтказилади.

Манёврлар режаларида ҳаво ҳужумларига (шубҳасиз, дронларга ҳам) қарши туриш, мудофаа жанги ва мудофаага ўтган душманни мағлуб этиш, қўшинларни авиация билан қўллаб-қувватлаш ва диверсантларга қарши курашиш кўзда тутилган.

Умуман олганда, бу ҳақиқатан ҳам мудофаа машғулотларига ўхшайди, масалан, ҳозирги уруш шароитида Россиянинг чегарадош Курск вилояти учун.

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Бироқ, 13 август куни вазир Виктор Хренин эълон қилган режалар "мудофаа дастури"дан ташқарига чиқади: "Ғарб-2025"да ядро қуроли ва ўрта масофали "Орешник" ракеталарини қўллашни режалаштириш масаласи бор.

Яна бир масала аслида қўшинлар нимани машқ қилиши ва уларнинг ҳақиқий сони қанча бўлишидир.

"Ғарб-2025" машғулотлари учун Россия қўшинлари бўлган биринчи эшелонлар 6 август куни Беларусга расман кела бошлади.

Бошида гулчамбарлари бор Белорус қизлари нон ва туз билан Россия ҳарбийсини қарши олмоқдалар

Сурат манбаси, Belarus Miudofaa vazirligi

Мухолифатдаги "Беларус темир йўлчилари ҳамжамияти" таъкидлашича, шу вақт ичида мамлакатга Россиянинг 2-Таман мотоўқчи дивизияси, 4-Кантемиров танк дивизияси, шунингдек, 71-мотоўқчи дивизияси бўлинмалари келтирилган.

Дастлабки икки дивизия Россия 1-танк армияси таркибига киради ва 2022 йил февралидан бери Украинага бостириб киришда фаол қатнашмоқда – ўшанда уларнинг бўлинмалари Чернигов ва Харковга ҳужум қилган. 71-дивизия эса Печенгадаги (Мурманск вилояти) 200-мотоўқчи бригада негизида тузилган бўлиб, у ҳам Харков вилоятида жанг қилган.

Бироқ, "Ғарб-2025" машғулотларида қатнашадиган бўлинмаларнинг Украинага бостириб кириш тажрибаси алоҳида эътиборли эмас, чунки ҳозир Украинага қарши урушда Россиянинг деярли барча ҳарбий тузилмалари иштирок этмоқда.

Машқларни баҳолашнинг асосий омили шахсий таркибнинг ҳақиқий сони бўлади.

"Улар 10-12 минг аскар бўлишини айтишмоқда. Аммо улар доим миқдорни камайтириб кўрсатади ва аслида беш-олти баравар кўпроқ келади. Тўлиқ миқёсли босқин бошланган 2022 йилда шундай бўлган эди," дея эътибор қаратади Беларус мухолифати етакчиси Светлана Тихановскаянинг маслаҳатчиси Франак Вячорка.

"Беларусга қанча қўшин ўтказилиши, бу қандай қўшинлар экани, улар Украина ёки Литва ва Полша билан чегарада бўлиши муҳим. Энг муҳими эса, сентябрь ойида Беларусдаги машғулотлардан кейин қанчаси қолади ва қанчаси Россияга қайтади," дея қўшимча қилади у.

"Ғарб-2025" машғулотлари пайтида ёки ундан кейин воқеалар қандай сценарий асосида ривожланиши мумкин?

Болтиқбўйи давлатлари ва Полшага қарши ҳаракатлар

Йўлни чангитиб бораётган уч танк, тепасида ҳарбийларнинг бошлари кўринади

Сурат манбаси, Belarus Mudofaa vazirligi

Ҳозирда ҳарбий экспертлар "Ғарб-2025" машғулотлари доирасида энг кўп муҳокама қилаётган сценарийлардан бири – россияликлар ва беларусларнинг учта Болтиқбўйи давлати ва Полшага нисбатан тажовузкор ҳаракатлари.

"НАТО зобитлари фикрича, "Ғарб-2025" машғулотлари ҳақиқатан ҳам НАТОнинг шарқий қанотидаги давлатларга қарши провокацияларга тайёргарлик бўлиши мумкин," дея тахмин қилади Павел Лакийчук.

"Агар машғулотларнинг "оператив фони"ни (яъни эҳтимолий жанг майдонидаги вазият ва эҳтимолий душман ким эканлигини) ёки Россия томонидан операциялар режалаштирилишини кўриб чиқсак, россияликлар ҳозирда НАТО 5-модда бўйича мажбуриятларни қанчалик бажаришини синаб кўришга қаратилган," дея қўшимча қилади Лакийчук.

НАТО шартномасининг энг машҳур 5-моддасига кўра, альянснинг бир ёки бир нечта мамлакатига қилинган ҳужум ҳаммага қилинган ҳужум деб ҳисобланади ва шунга кўра, альянснинг барча аъзолари тажовузкорга қарши чиқиши керак.

НАТОнинг сўнгги саммитида Доналд Трамп шартноманинг ушбу моддаси тўғрилигини тасдиқлади.

Шу билан бирга, НАТО низомининг 5-моддаси тарихда фақат бир марта – 2001 йил 11 сентябрда АҚШга уюштирилган терактлардан кейин қўлланган. Иттифоқчилар, масалан, Эстонияга қарши ҳарбий тажовуз пайтида аслида қандай ҳаракат қилиши ҳақидаги савол очиқ қолмоқда.

Беларус-Россия армияси машғулотлари фонида Болтиқбўйи мамлакатларида Россия тажовузи учун потенциал заиф бўлган бир нечта жойлар ҳақида гапириш мумкин.

Биринчиси – Сувалка йўлаги. Бу Полша ва Литва ўртасидаги тахминан 60 км кенгликдаги тор ҳудуд бўлиб, Болтиқбўйи давлатларининг НАТОнинг қолган аъзолари билан қуруқликдаги ягона алоқа йўли ҳисобланади. У альянснинг потенциал "энг заиф жойи" сифатида қаралмоқда, чунки у Россиянинг Калининград вилояти ва Беларус ўртасида жойлашган, бу эса стратегик заифликни келтириб чиқаради.

Харитада алоҳида кўрсатилган Сувалка йўлаги

Россиянинг Болтиқбўйи мамлакатларига тахминий ҳужуми сценарийларида тез-тез учрайдиган бошқа жойлар Латвиядаги Даугавпилс ва Эстониядаги Нарва бўлиб, бу этник руслар кўп яшайдиган чегара шаҳарларидир. Шунингдек, Литванинг Вилнюс округидаги Шалчинин тумани ҳам бор бўлиб, унинг бир қисми Беларусни уч томондан ўраб туради.

Литва пойтахти Вилнюснинг ўзи ҳам Беларус чегарасидан атиги 25 км узоқликда жойлашган.

"Давлатларимиз эҳтимолий ҳужумни ҳисобга олишлари керак. Лекин бу йил, менимча, қандайдир жиддий кескинлашув хавфи йўқ. Мутахассислар гибрид ҳужумлар эҳтимолини кўриб чиқмоқда," дейди Лодз университети ходими, полшалик халқаро тадқиқотчи Барбара Юндо-Калишевска.

Унинг айтишича, бундай гибрид ҳужумлар Беларусдан "ноқонуний" шахслар оқимини худди ўша Сувалка йўлаги ҳудудига йўналтириш бўлиши мумкин. Ёки мазкур ҳудудларда ёхуд Болтиқ денгизида турли хил диверсиялар уюштириш.

"2025-йилги машғулотлар НАТО иттифоқчиларининг жавоб реакцияси тезлигини синаш, унинг доктринасидаги "кулранг зоналар"ни ўрганиш, шунингдек, дронлар ва робототехникадан фойдаланган ҳолда турли кучларни қўллашни синаб кўриш бўлиши мумкин," дея гибрид таҳдидларни таърифлайди Европа сиёсати таҳлили маркази (CЕПА).

Уриб туширилган дрон

Сурат манбаси, Lithuanian Defence

Бунга мисол сифатида яқинда Беларусдан Литвага портловчи модда ортилган "гербера" (Россиядаги "шаҳед"нинг муқобилларидан бири) учиб келганини келтириш мумкин.

Гарчи ҳозир Россиянинг "Ғарб-2025" доирасида кенг кўламли ҳужуми сценарийси реал деб ҳисобланмаса-да, НАТО бу даврда ўз машғулотларини ўтказмоқда – Полшада Iron Defender ва Литвада Fierce Wolf.

Беларус Мудофаа вазирлиги эса "Ғарб-2025" машғулотларида "алоҳида бўлинмалар"ни ўзининг ғарбий чегараларига кўчириши мумкинлигини истисно қилмади.

Украинага ҳужум?

Танк

Сурат манбаси, Belarus Mudofaa vazirligi

2022 йилдан кейин россияликларнинг Беларусдаги ҳарбий машғулотлари ортидан бўлиши мумкин бўлган яна бир сценарий – Украинанинг шимолий вилоятларига янги ҳужумир.

Бу ерда ҳам ҳамма нарса машғулотларга жалб қилинган россиялик ҳарбийларнинг ҳақиқий сонига боғлиқ бўлади.

"Киев вилоятида тўғридан-тўғри жанговар ҳаракатларни бошлаш ҳамда Ровно, Волин ва Чернигов вилоятларига ракета зарбалари бериш учун атай эътибор чалғитиш мақсадида Болтиқбўйи мамлакатларига қарши қандайдир провокациялар бўлиши мумкин," деб тахмин қилмоқда беларуслик журналист, "Хартия'97" сайти бош муҳаррири Наталя Радина.

"2022 йилда россияликлар Беларусдан Пинск ботқоқликлари ва Чернобил зонаси орқали чиқиб кетишига ишониб бўлмасди. Лекин улар чиқишди. Шунинг учун кучлар жойлашувини, улар қандай ҳаракатларни машқ қилаётганини, штабларнинг қандай ҳаракат қилаётганини кузатиш керак. Душман куларининг таркиби қандай – бу ерда разведканинг пухта иши бўлиши керак," дея таъкидлайди Павел Лакийчук.

Унинг айтишича, 2021 йилда бўлгани каби ботқоқликларни кечиб ўтиш ва кўприклар қуриш бўйича муҳандислик ҳаракатларини машқ қилиш айниқса эътиборли бўлиши мумкин.

"Машғулотларнинг расмий якунланишига эътибор бермаслик керак. Бостириб кириш операцияси бир неча ойга ҳам кечикиши мумкин. Балки улар кейинчалик ғарбдан шарққа зарба беришни ёки яна қандайдир ҳаракатларни амалга оширишни хоҳлашар," дея истисно қилмайди Лакийчук.

Шу билан бирга, у қўшимча қилишича, ҳозирча шимолдан ҳужумга тайёргарлик ҳақида ҳеч қандай сигнал йўқ.

2022 йилдан бери потенциал таҳдид Беларус армиясини тўғридан-тўғри урушга жалб қилиш бўлиб қолмоқда, аммо бунинг учун Москвада Беларус қуролли кучларини назорат қилиш бўйича сиёсий қарор қабул қилиниши керак, дейди эксперт.

Қўлида автомат қуроли билан ердаги ёғоч тўшак устида ётган Белорус ҳарбийси

Сурат манбаси, Belarus Mudofaa vazirligi

11 август куни Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко шундай деб ёзган эди: "Россиянинг Беларусдаги "Ғарб-2025" машғулотлари билан боғлиқ вазият назорат остида. У ерда қанча рус аскари борлигини кўриб турибмиз, нима бўлаётганини тушуниб турибмиз. Бугунги кунда у ердан Украинага ҳеч қандай ҳарбий таҳдид йўқ."

Бундай таҳдид бир неча ўн минг россиялик ҳарбийдан иборат гуруҳ бўлиши мумкин эди.

"Агар улар у ерда 50 минг аскар йиғишса ҳам, етарлича жиддий муаммо келтириб чиқаради, чунки одамларни кўчиришга тўғри келади," дейди Житомир вилоятида жойлашган ССО бўлинмаларидан бирининг жангчиси Би-би-си Украина хизмати билан суҳбатда.

"Майли, келаверишсин. Етиб бормайди," дея қўшимча қилади у.

Шуниси эътиборга лойиқки, 2022 йил баҳорида россияликлар чекинганидан кейин ҳам Украинанинг Россия билан чегарадош бўлган сўнгги ҳудуди – Чернигов вилояти фронтга айланмади. У ҳам Беларус, ҳам Россия билан чегарадош.

12 август куни журналистлар билан мулоқот чоғида Володимир Зеленский ҳозир Россия Украина шарқи ва жанубида учта йўналишда ҳужумга тайёрланаётганини айтди.

Ҳужум имитацияси

Танк колоннаси ўрмон четидаги қум йўл бўйлаб ҳаракатланмоқда

Сурат манбаси, Rossiya Mudofaa vazirligi

Аслида, чекланган миқдордаги Украина мудофаа кучларини кўчириш зарурати билан боғлиқ бошқа сценарий – русларнинг шимолдан ҳужумини имитация қилишдир.

"Эътиборни чалғитиш учун шантаж ва таҳдидлар орқали Украина шарқидаги фронтдан кучларнинг бир қисмини Беларус чегарасига тортишга уриниш бўлиши мумкин," дейди Наталя Радина.

Россияликлар аллақачон Беларусдаги машқлардан Украинага ахборот таъсирини ўтказишга уриниш учун фойдаланган.

"2023 йил бошида Беларусда қўшма тактик машқлар ўтказилди, мамлакатга "Искандер-М" оператив-тактик ракеталар комплекси олиб келинди ва манёврларнинг йўналиши мудофаадан ҳужумга ўзгартирилди. Бироқ, кейинчалик Пентагоннинг ошкор этилган махфий ҳужжатларидан маълум бўлишича, бу ҳаракатларнинг барчаси Украина разведкасини Беларус ҳудудидан такрорий ҳужумнинг ҳақиқий хавфи мавжудлигига ишонтиришга қаратилган эди," деб ёзади "Украинская призма" Ташқи сиёсат кенгаши таҳлилчилари Ярослав Черногор ва Павел Рад.

Шунинг учун бундай сценарийда россияликлар ҳам Украинанинг шимолий чегараларига таҳдид солиши мумкин бўлган даражада куч тўплаши керак бўлади.

Украина разведкасининг вазифаси эса унинг ҳақиқий нияти ва жанговар тайёргарлигини тўғри баҳолашдан иборат.

Ҳеч нарса содир бўлмайди

Беларус ва Россия байроқларини кўтариб ўтаётган ҳарбийлар колоннаси

Сурат манбаси, Belarus Mudofaa vazirligi

Сурат тагсўзи, "Ғарб-2021" ҳарбий машқларининг тантанали очилиш маросими

Ниҳоят, эҳтимол энг ҳақиқатга яқин сценарий – "Ғарб-2025" машқлари тугайди ва ундан сўнг ҳеч нарса бўлмайди.

Бунинг асосий сабаби шундаки, Украина билан уруш пайтида Россиянинг "Беларус плацдарм"идан бирор сезиларли ҳаракат қилишга кучи етмайди.

Бу ерда Доналд Трамп иштирокидаги эҳтимолий тинчлик музокаралари ҳам натижага, ҳам жараённинг ўзига таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу билан бирга, ҳарбий таҳлилчилар ҳозирги "Ғарб-2025" маневрлари кичик миқёсда бўлса ҳам, бу машқлар келажак учун хавф туғдириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирадилар.

Ҳарбий автомобиллар устидаги ракета тизимларидан ўт очиш

Сурат манбаси, Rossiya Mudofaa vazirligi

Сурат тагсўзи, Россия ва Беларус иштирокидаги ҳарбий машқлар ҳар қандай ҳолатда ҳам НАТОнинг шарқий қаноти учун хавф ҳисобланади дейишади ҳарбий таҳлилчилар

"Ғарб-2025" нафақат рамзий тадбир сифатида, балки НАТОнинг Украинадан ташқари шарқий қанотидаги эҳтимолий эскалацияга тайёргарлик бўйича тобора фаолроқ стратегиянинг бир қисми сифатида ҳам кўриб чиқилиши керак," дея огоҳлантиради CЕПА.

"Бу Европа ва Евроатлантика ҳамжамияти учун мураккаб кўп қиррали муаммо. Ғарб етакчилари нафақат бундай кенг кўламли ҳарбий машқларнинг оқибатларини ҳисобга олиши, балки уларнинг демократик бирлигига путур етказишга қаратилган гибрид босим кампанияларига қарши туришга ҳам тайёр бўлишлари керак," дея қўшимча қилади улар.

Павел Лакийчук эса Украина турли сценарийларга тайёр бўлиши кераклигини таъкидлайди: "Украина бу машқларга эҳтиёткор муносабатда бўлиши керак. Машғулотлар давомида у ёки бу кўринишда кейинчалик Украина шимолий чегарасида бошланиши мумкин бўлган ҳаракатларга тайёр туриши лозим."