Россия Украина билан чегараси яқинида йирик манёврларини бошламоқда Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, GAVRIIL GRIGOROV/TASS
Украина яқинидаги йирик ҳарбий машқлар ҳам ерда ва ҳам сувда олиб борилади. Бунга АҚШ ҳозирча жим. Аммо куни-кеча Россия ишғолга деярли тайёр эканини айтган. Уларнинг Украинага қўққисдан бостириб кириши билан огоҳлантирган. Расмий Москва эса, бундай ниятим йўқ, дейди.
Украина: Хитой Россия тараф. 'Жасадли видео'?.. ёки Россия уруш учун баҳона ахтараяптими?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Таҳлил:
Алоқадор мавзулар:
Сўнгги манёврлар
Россия Қуролли кучлари Жанубий ҳарбий округ ва Беларусда аллақачон йирик ҳарбий машғулотларини бошлаб юборган.
Энди Ўрта ер ва Қора денгизда ҳам бунга киришмоқчи.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи Украина юзасидан Россия ва Ғарб ўртасидаги танглик ўзининг қиёмига етиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда.
Машқлар Россиянинг саккиз минтақасидаги жами 15 та ҳарбий полигонда ўтказилади.
Бундан ташқари халқаро миқёсда расман тан олинмаган Абхазия ва Жанубий Осетияда уюштирилади.
Денгиз пиёда қўшинлари ўз кучларини Қримда ҳам яна бир бор синовдан ўтказишади.
2014 йилдан буён Қрим Украина эмас, Россиянинг таркибий қисми ҳисобланади.
Маълум бўлишича, бу ерда Қрим соҳилини десант кучларидан ҳимоя қилиш машқ қилинади.
Устма-уст машқлар

Сурат манбаси, VITALY NEVAR/TASS
Бу охирги пайтда Жанубий ҳарбий округда уюштирилаётган биринчи йирик ҳарбий машғулотлар эмас.
Жанубий ҳарбий округда бундан бир неча ҳафта олдин ҳам манёврлар ўтказилган.
Уларга олти мингга яқин ҳарбий ва қирувчи самолётлар ташланган.
20 январдан буён Россия Ҳарбий-денгиз флотининг барча тўртта флоти ва Каспий флотилиясида ҳам йирик ҳарбий машғулотлар ўтказиб келинмоқда.
Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, бу ердаги машқларга 140 та кема ва 10 мингдан ошиқ ҳарбий жалб қилинган.
Айрим манёврлар эса, аллақачон якунланган.
Ўтган ой охирида Шимолий ва Болтиқ флотларидан ҳам бўлган 20 га яқин ҳарбий кема Қора денгизга чиқишган, у ерда ростмана ўт очиб, машқ қилишган.
Шу кунларда Ўрта ер ва Қора денгизда сўнгги пайтларда кўрилмаган миқёсдаги йирик ва янгиҳарбий машғулотлар ҳам бошланади.
Шимолий ва Болтиқ флотларидан биргина Қора денгизнинг ўзига олтита йирик десант кемасининг ташланиши айтилмоқда.
"Атлант"-"Варяг" ва "Маршал Устинов" русумидаги иккита оғир ракета крейсери аллақачон Ўрта ер денгизида.
У ерга яна "Москва"си ҳам ташланиши мумкин.
Бу крейсерларнинг ҳар бирига ҳарбий кемаларга қарши 16 та "Вулкан" ракетаси ўрнатилган.
"Иттифоқ қарори-2022"

Сурат манбаси, Getty Images
Россия ва Беларуснинг "Иттифоқ қарори-2022" номи остида ўтказаётган машқларига ҳар икки томондан жами қанча ҳарбийнинг жалб қилингани маълум эмас.
Аммо ўтган ой охирида Беларусь Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи, генерал-майор Виктор Гулевич уларнинг сони "хабар бериш чегараси"дан ошмаслигини расман маълум қилган.
Бу меъёр эса, 2011 йилги Вена келишувига мувофиқ, 9 мингта этиб белгиланган.
Агар ҳарбийлар сони 13 мингдан ортса, у ҳолда машқларни халқаро кузатувчилар кузатиши шарт бўлади.
Қўшма ҳарбий машғулотлар Беларуснинг бешта полигонида бўлиб ўтмоқда.
Уларга ташланган ҳарбий техника орасида Су-35 ва Су-25СМ русумидаги қирувчи самолётлар, узоқ, ўрта ва қисқа масофага мўлжалланган С-400 ва "Панцирь" зенит-ракета комплекслари бор.
Беларусга ўқчи бўлинма ҳам сафарбар этилганига оид хабарлар олинган.
Машқлар давомида Россиянинг узоқ масофага мўлжалланган Ту-22М3 русумидаги бомбардимончи самолётлари қўриқчилик учун ҳам ташланган.
Россия ва Беларусь бу машқларнинг мутлақ ҳимоя мақсадини кўзда тутишини таъкидлайди.
Аммо Ғарб улар Украина ишғолига тайёргарликнинг бир қисми, деган гумонда.
Уруш гумони...

Сурат манбаси, TASS/GETTY IMAGES
Матбуот эса, қўшинлар тўпланишини кузатишда давом этмоқда.
Сўнгги ҳафталарда бирваракайига бир нечта нашр Россия Украинага бостириб кириш учун ўз ҳарбийлари сонини ошираётгани ҳақида ёзиб чиқишди.
АҚШ томони эса, куни-кеча янги баёнот билан чиққан.
Россия яқин ҳафталарда Украинага бостириб киришга деярли тайёрлигини баён қилган.
Аммо бу гал ҳам айтган сўзларига бирор бир исбот-далил келтирмаган.
Расмийлар фақат ўз тахминларининг жосуслик маълумотларига таянганини айтишган.
Ҳассос экани боис, уларни ошкор эта олмасликларини таъкидлашган.
Америка томонига кўра, Россия бунинг учун лозим бўлган ҳарбий салоҳиятининг 70 фоизини тўплаб бўлган.
Расмий Москва эса, ҳали-ҳануз жим. Бунга ўзининг бирор бир расмий муносабатини ҳалича билдирмаган.
Россия, ойларки, Украина билан чегараси яқинида 100 мингдан ошиқ ҳарбийсини ушлаб турибди.
Аммо расмий Москва Украинага бостириб кириш режаси ва мақсади борлигини изчил равишда рад этиб келади.
Америка томони Владимир Путин Украина ишғолига қарор қилган-қилмаганини ҳозирча билмаслигини айтади.
Уларнинг таъкидлашларича, ҳали ҳам муаммога тинч йўл билан ечим топиш танлови мавжуд.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













