Президент Мирзиёев Хитой нашрига ёзган мақоласида ШҲТнинг жаҳон янги тартибидаги ўрнини баҳолади

Сурат манбаси, president.uz
Хитой ташрифи сабаб Ўзбекистонда мустақиллик байрами расмий тадбирлари муддатидан олдин ўтмоқда. Шавкат Мирзиёев Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти дунёнинг янги тартиботида муҳим модел бўлишини эътироф этди.
Мустақилликнинг 34 йиллигини нишонлаётган Ўзбекистон тарихида анъанага зид равишда байрамнинг расмий тадбирлари муддатидан олдин ўтмоқда.
Президент Мирзиёев расмий санадан икки кун олдин Тошкентдаги Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида иштирок этди ҳамда "Янги Ўзбекистон" боғида Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.
Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишишга ҳам улгурган Мирзиёев, кечга бориб мамлакат мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбирида иштирок этди.
Шавкат Мирзиёевнинг одатда 31 август куни амалга ошадиган тартибининг 2 кун олдинга сурилишига сабаб Хитойда ўтадиган ШҲТ саммити.
Хитой бу саммитга ўзгача руҳда тайёргарлик кўрмоқда. Пандемиядан сўнг илк бор ШҲТ саммитида 21 нафар президент қатнашади. Саммит сўнггида Хитой ҳарбий парад ўтказиб, ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлат раҳбарлари кўз ўнгида ўзининг ҳарбий салоҳиятини намойиш қилиши кутилмоқда.
Хитой ҳарбий парадни Япония ишғолидан озод бўлиш ва Иккинчи жаҳон урушининг тугаши санаси билан боғламоқда.
31 август ва 1 сентябр куни Тянцзинга ташриф буюрадиган давлат раҳбарлари орасида Ўзбекистон республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бор.
Президент Мирзиёев Пекинда ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммитидан олдин Хитой нашрига катта мақола ёзди ва ташкилотни янги дунё тартиботидаги муқобил структура эканлигини таъкидлади.
Хитой ҳукуматининг йирик нашри China Daily га президент ёзган мақолага "Ўзбекистон ва ШҲТ: глобал тинчлик ва фаровонлик йўлидаги ҳамкорлик" деб сарлавҳа қўйилган.
Президент Мирзиёев аввал Хитой билан икки томонлама муносабатларга тўхталиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистон-Хитой муносабатлари сиёсат, хавфсизлик, савдо-иқтисодий алоқалар, маданий ва халқлар ўртасидаги мулоқот каби соҳаларни қамраб олган ҳолда жадал ривожланмоқда.
2024 йил январ ойидаги давлат ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари муносабатларни "барча ҳолатлардаги ҳар томонлама стратегик шериклик" даражасига кўтарган.
Мирзиёев ўзи ҳокимиятга келган йиллари икки томонлама савдо ҳажми кескин ошганини рақамларда келтирган.
Мақолада 2017 йилдан буён икки томонлама савдо ҳажми уч баробарга ошиб, 14 миллиард долларга етгани айтилган. Яқин келажакда бу рақам 20 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Шу йиллар давомида Ўзбекистонга Хитойдан 24,6 миллиард доллар инвестиция киритилган.
Виза режимининг бекор қилиниши

Сурат манбаси, president.uz
Жорий йил июн ойидан бошлаб Ўзбекистон ва Хитой ўртасида визасиз тартиб жорий қилинди. Президент фикрича, бу қадам халқлар ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштиради, туризм ва ишбилармонлик алоқаларига кенг йўл очади.
Хитой билан алоқалар яқинлашиши ортидан Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларида хитойлик тадбиркорлар ва ишчилар кўпайган.
Бироқ ўзбек тилли ижтимоий тармоқ фаоллари мамлакатда Хитой таъсири ортиб бораётганидан хавотир билдиришган.
Таъсирга эга блогерлар эса хитойликларнинг кўпайётганидан хавотир билдириб видеолар жойлашган.
Кузатувчилар минтақада Ўзбекистонга молиявий сармоя киритишда муқобил давлат йўқлиги ва Ўзбекистон ҳукумати Хитой билан алоқаларни мустаҳкамлашга кўпроқ эҳтиёжи борлигини айтишади.
Халқаро вазият ва ШҲТнинг ўрни
Шавкат Мирзиёев Хитой нашрига ёзган мақоласида ШҲТнинг дунёдаги ролига алоҳида тўхталган.
Мирзиёевнинг таъкидлашича, жаҳон сиёсий ва иқтисодий тизими кескин ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқда. Йирик давлатлар ўртасида рақобат кучаймоқда, иқтисодий хавфсизлик ва иқлим ўзгариши каби глобал муаммолар тобора долзарблашмоқда.
Шу шароитда ШҲТ тенглик ва ўзаро манфаатга асосланган ҳамкорлик моделини таклиф этмоқда. Ташкилот "Совуқ уруш" даврига хос қарашларни инкор этади ва цивилизациялар ўртасидаги тўқнашувларга қарши туради.
"ШҲТ мавжуд тузилмаларга чорлов эмас, балки кучга эмас, мулоқотга асосланган янги ва адолатли жаҳон тартиби эҳтиёжларига жавобдир. Ихтилофлар ва мафкуравий зиддиятлар ортиб бораётган дунёда у ҳақиқий муқобилни таклиф этади: ўзаро ҳурмат, мулоқот ва биргаликда тараққиёт", деган Шавкат Мирзиёев.
Мирзиёев мавжуд муаммоларни ҳисобга олиб, ШҲТнинг зиддиятли ташкилотга айланиб кетишидан қочиш муҳимлиги таъкидлаган.
"ШҲТни блокка йўналтирилган ва зиддиятли тузилмага айлантиришдан қочиш ўта муҳим. Асосий мақсадимиз халқаро вазиятни кескинлаштириш эмас, балки тинчликка қаратилган кун тартибини намоён этиш ва ШҲТ имкониятларидан бутун инсониятнинг умумий муаммоларини ҳал қилишда фойдаланишдир".
Бугун ШҲТ таркибида 10 та аъзо давлат, 2 та кузатувчи ва 14 та мулоқот шериги мавжуд бўлиб, уларнинг умумий аҳолиси дунё аҳолисининг 42 фоизини ташкил этади.
Таҳлилчиларга кўра, ШҲТ Ғарб бошчилигидаги глобал тартибга муқобил тартиб яратишга уриняпти, лекин унинг ички бирлик ёки ўзаро манфаатлар бирлашуви етарли эмас.
Reuters нашрининг таҳлилчиларга таяниб ёзишича, ШҲТнинг кенгайиши кўплаб аъзо давлатлар учун кун тартибида муҳим бўлса-да, шунча йиллар давомида блок ҳамкорлик борасида сезиларли натижага эриша олмади.
Хитой эса АҚШнинг беқарор сиёсат юритиши ва геосиёсий беқарорлик шароитида Глобал Жануб бирдамлигини кўз-кўз қилишни истамоқда.
"ШҲТ тақдим этаётган аниқ тасаввур ва унинг амалий ижроси масалалари анча ноаниқ. Унинг йиғилиш ташкил этиш салоҳияти ортаётгани ҳақиқат, бу эса ўз навбатида ғояни прогноз қилишда ёрдам беради", дейди Бангалордаги Takshashila Institution таҳлил маркази ҳузуридаги Ҳинд-Тинч океани тадқиқот дастури раҳбари Манож Кевалрамани Reuters га.
"Аммо ШҲТнинг жиддий хавфсизлик муаммоларини ҳал этишдаги самарадорлиги жуда чекланганлигича қолмоқда."
Муҳим аъзолардан бўлмиш Ҳиндистон ва Покистон ўртасида зиддиятлар ҳамон сақланиб қолмоқда.
Жорий йил июнида бўлиб ўтган ШҲТ мудофаа вазирлари йиғилиши Ҳиндистон эътирози сабабли қўшма баёнот қабул қила олмади.
Деҳли ҳужжатда Ҳиндистон Кашмирида 22 апрел куни ҳинд туристларига қилинган ҳалокатли ҳужум тилга олинмаганини айтиб чиқди. Бу воқеа Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги сўнгги ўн йилликлардаги энг қаттиқ тўқнашувларга сабаб бўлган эди.
Шунингдек, Ҳиндистон июн ойи бошларида ШҲТга аъзо давлат Эронга қилинган Исроил ҳужумларини қораловчи баёнотига қўшилишдан ҳам бош тортди.
Бироқ Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги беш йиллик чегара зиддиятларидан сўнгги яқинлашув, шунингдек, Трамп маъмуриятининг расмий Деҳлига нисбатан тариф босими кучайиши — Хитой раҳбари Ши Жинпинг ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди саммит доирасида учрашувидан ижобий натижа кутишларга олиб келмоқда.
"Эҳтимол, Деҳли ўз ғурурини бир четга қўйиб, жорий йилда ШҲТда юзага келган муаммоларни орқада қолдиришга уринади. Чунки Моди учун бу пайтдаги асосий устувор йўналиш – Хитой билан яқинлашув жараёнидаги суръатни йўқотмаслик," дейди "Хитой Глобал Жануб лойиҳаси" тадқиқот агентлиги бош муҳаррири Эрик Оландер.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Ҳиндистон ва Хитой чегарада қўшимча қадамларни эълон қилиши мумкин — жумладан, қўшинларни қисман олиб чиқиш, савдо ва виза чекловларини юмшатиш, иқлим соҳасида ҳамкорлик ва ҳукумат ҳамда халқлар ўртасида кенгроқ мулоқот йўлга қўйилиши.
Саммитда жиддий сиёсий баёнотлар кутилмаётганига қарамай, мутахассислар ШҲТнинг Глобал Жануб давлатлари учун жозибасини кам баҳолаш мумкин эмаслигини уқтирмоқда.
"Бу саммит – асосан ташқи кўриниш (имиж) ҳақида, жуда кучли ташқи кўриниш," — дейди Оландер.












