Интерпол қидирувида бўлган "Салимбой" озодликка чиқарилдими?

salimboy

Сурат манбаси, National Olympic Committee

Сурат тагсўзи, 14 январь куни Салим Абдувалиев (ўртада) спорт курашлари ассоциацияси раҳбарлигидан кетгани ҳам хабар қилинган.
Ўқилиш вақти: 5 дақ

6 йилга озодликдан маҳрум этилган "Салимбой" (Салим Абдувалиев) ҳукм ўқилганига 1 йил тўлмасдан озодликка чиқарилди. Айтилишича, бунга унинг соғлиги билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистондаги қатор маҳаллий матбуот нашрлари ўз манбаларига таянган ҳолда ёзишмоқда.

"Салимбой"нинг қўлга олиниши 2023 йил ноябрь ойида бошланган "Долзарб 40 кунлик" тадбирлари доирасида юз берган эди. Унинг озод қилиниши эса айни шу тадбир давомида қўлга олинган бошқалар ҳам озодликка чиқариладими, деган саволларни пайдо қилмоқда. Қамалганлар орасида "Бахти Ташкентский", "Саидазиз Медгородок" кабилар ҳам бор.

Халқ орасида "Салимбой" номи билан танилган тадбиркор Салим Абдувалиев 2023 йилнинг декабрь ойида ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлашда гумонланиб процессуал тартибда қўлга олинган.

2024 йил март ойида эса Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди тадбиркорни Жиноят кодексининг 248-моддаси (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 2-қисми билан айбдор деб топган. Унга 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.

Алоқадор мавзулар:
salimboy

Сурат манбаси, Toshkent shahar IIBB

Сурат тагсўзи, "Салимбой" 2023 йил декабрида қўлга олинган эди.

Орадан кўп ўтмай, августга келиб, қўшни Қирғизистонда ҳам унга нисбатан жиноий иш очилган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси уни Интерпол қидирувига берган. 24.kg нашрининг ёзишича, С. Абдувалиев "Братский круг" халқаро жиноий гуруҳи таркибига кирган Қамчибек Асанбек уюшган жиноий гуруҳи фаолиятини молиялаштиришда гумонланган.

С. Абдувалиев Ўзбекистонда аллақачон қамоқда бўлгани сабабидан ушбу қидирув амалиёти кейинчалик қандай кечгани номаълум. У Интерпол қидирувидан чиқарилган ёки чиқарилмаганлиги ҳақида ҳам очиқ манбаларда маълумот йўқ.

Бироқ, ўзбек маҳаллий матбуот нашрларининг хабар беришича, С. Абдувалиев жорий йилнинг 12 январь куни озодликка чиқарилган. У белгиланган 6 йиллик қамоқ жазосининг учдан бир қисмини ҳам ўташга улгурмаган эди.

Айтилишича, узоқ вақтдан бери унинг соғлиги билан боғлиқ муаммолар бўлган. Шу сабабли, Жиноят Кодексининг 75-моддаси (Касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида жазодан озод қилиш) асос қилиб олиниб, ҳукмга ўзгартириш киритилган.

Бу ҳақдаги хабарлар расмий матбуот томонидан ҳалича тасдиқланмаган.

Шунингдек, С. Абдувалиевнинг қизи Нилуфар Абдувалиева ҳам Instagram саҳифасида отасининг суратини жойлаган. Суратга эса "Аллоҳим, сенга хамду санолар бўлсин…" дея бошланувчи изоҳ илова қилинган. Пост тармоққа 12 январь куни жойлангани сабабидан, маҳаллий нашрлардан бири буни Салим Абдувалиев озодликка чиқарилганига бир ишора сифатида талқин қилмоқда.

salimboy

Сурат манбаси, Instagram/Nilufar Abduvalieva

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Долзарб 40 кунлик

salimboy

Сурат манбаси, Qashqadaryo viloyati IIB

Сурат тагсўзи, Салим Абдувалиевнинг қамоққа олиниши, 2023 йилнинг ноябрь ойида бошланган "Долзарб 40 кунлик" тадбирлари доирасида юз берган. Тадбир мамлакат миқёсида катта акс-садо бериб, нафақат Тошкентда, балки бутун Республика бўйлаб ҳам юзлаб одамларнинг қамоққа олиниши билан якунланган эди.

Салим Абдувалиевнинг қамоққа олиниши, 2023 йилнинг ноябрь ойида бошланган "Долзарб 40 кунлик" тадбирлари доирасида юз берган. Тадбир мамлакат миқёсида катта акс-садо бериб, нафақат Тошкентда, балки бутун Республика бўйлаб ҳам юзлаб одамларнинг қамоққа олиниши билан якунланган эди.

Мамлакатдаги "криминоген вазиятни яхшилаш ва жиноятчиликка қарши курашиш учун" ташкиллаштирилган ушбу тадбир давомида "Салимбой" билан бир қаторда яна кўплаб фуқаролар ҳибсга олинган эди.

Хусусан, "Бахти Ташкентский" номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ҳам айни тадбир давомида ҳибсга олинган. Унга 20 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

"Бахти Ташкентский" билан шерикчиликда айбланган яна 36 нафар айбланувчи учун ҳам суд ҳукми ўқилган. Шунингдек, унинг ўғилларига мос равишда, 11 йил ва 12 йил қамоқ жазоси билан ҳукм чиқарилган эди.

Шу билан бирга, "Саидазиз Медгородок" номи билан машҳур Саидазиз Саидалиев ҳам айни шу пайтда, 2023 йилнинг декабрида ҳибсга олиниб, 20 йил озодликдан маҳрум этилган. У билан бирга яна 28 кишига нисбатан суд ҳукми ўқилган.

Судланувчиларнинг баъзилари 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилинган бўлса, айримларига ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш жазоси берилганди.

Кейинчалик суд ҳукми юзасидан киритилган апелляция шикояти ҳам қониқтирилмаган. Суд қарори ўзгартиришсиз қолган эди.

"Бахти Ташкентский", "Саидазиз Медгородок" ҳам озодликка чиқариладими?

baxti tashkentskiy

Сурат манбаси, Toshkent shahar IIB

Сурат тагсўзи, "Долзарб 40 кунлик" доирасида яна бир таниқли шахс — Бахтиёр Қудратуллаев ("Бахти Ташкентский") ҳам қўлга олинган эди. Эндиликда, Салим Абдувалиевнинг озод этилгани ҳақидаги хабар ортидан жамоатчиликда "Бахти Ташкентский", "Саидазиз Медгородок" кабилар ҳам озод қилинадими, деган саволлар янграмоқда.

"Долзарб 40 кунлик" тадбирлари ўтказилганига бир йилдан ошди. Аммо қамоққа олинганлардан бирон кишининг муддатидан аввал озодликка чиқарилгани ҳақида хабар тарқалмаган эди. "Салимбой" улар орасида биринчиси бўлиши мумкин.

Айни шу воқелик ҳам жамоатчилик орасида қатор фикрларни уйғотмоқда. Энди "Бахти Ташкентский", "Саидазиз Медгородок" ҳам озод қилинадими, деган саволлар янграмоқда.

Журналист Илёс Сафаров эса ўз Telegram саҳифасида шундай деб ёзади:

"Долзарб 40 кунлик"да ушланиб, суд қарори билан қамалганлар озодликка чиқарила бошланибди. Баъзиларининг иши қайта кўрилиши мумкин. Камига иш бошида турганлардан баъзиларнинг ўзи бугун ичкарида сўроқ қилинмоқда."

Журналист постдаги фикрлари юзасидан батафсил тўхталиб ўтмаган. Бироқ, қамалганларнинг озодликка чиқарила бошлангани ва баъзиларининг иши қайта кўриб чиқилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларнинг манбаси жамоатчилик учун ҳозирча маълум эмас.

"Нормал давлат, нормал жамият учун албатта адолатли суд йўлидан ўтилади. Ва, насиб, биз ҳам бир куни албатта дуруст жамиятга айланамиз ҳамда унинг асоси адолатли, мустақил суд орқали қўйилади," дея фикрини якунлаган Сафаров.

Аксарият мустақил кузатувчиларга кўра, Ўзбекистондаги маҳкамалар шаффоф эмас, турфа баҳсталаб ёки каттароқ ишларда улар ҳамон ҳукуматнинг йўриқномасига биноан иш тутади.

Би-би-си Салим Абдувалиевнинг озод этилганига доир хабарларни тасдиқлаш учун Ўзбекистондаги тегишли идораларга боғланди.

Ҳозирга қадар, бу борада расман жавоб берилгани йўқ.