"Шайтанат"нинг охири: Мафия ушалиб ушалмаган миллий ғоя эдими? Ўзбекистон ва дунё

Тоҳир Малик

Сурат манбаси, Screenshot

    • Author, Бахтиёр Турсунов
    • Role, Журналист, Ўзбекистон

Бундан 20 йилча муқаддам ёзувчи Тоҳир Малик хонадонида адбий билан унинг ижоди ва, хусусан, Ўзбекистонда ўта оммабоп "Шайтанат" асари ҳақида суҳбатлашишга муяссар бўлгандим. Ўшанда гап орасида адибга бир саволни берганим эсимда:

"Сиз "Шайтанат" романини ёзганда, унинг оммага алал-оқибат таъсири ҳақида ҳам ўйлаганмисиз? Режиссёр Андрей Тарковский Фрэнсис Форд Копполанинг кўп қисмли "Бузруквор ота" фильми ҳақида фикр айтиб, "Коппола мафияни қонунлаштирди" дея афсус билдирганди. Сизда ўзингизнинг бу жиҳат ижодингиз ҳақида хулосаларингиз қанақа?"

Саволда романнинг турткиси билан асар сюжети давомида қўлини совуқ сувга ҳам урмайдиган, деярли фаолиятсиз Асадбек одамлар учун қандайдир илоҳга айланиши ва айримлар ҳатто фарзандларига Асадбек, деб исм бераётганларини, дўконларини шундай исм билан кўз-кўз қилишларини эслатгандим.

"Агар асарни тўлиқ ўқишганда, болаларини Асадбек деб аташмаган бўлишарди" - деб жавоб берганди ўшанда ёзувчи.

Менинг хаёлимда эса "китобнинг давоми ёки охирини ўқишгунча, қанчадан қанча Асадбеклар авлоди туғилиб, улар ҳатто оёққа туриб катта бўлишди" деган жумлалар айланар, аммо уни тилимга чиқаришга истиҳола қилардим.

Алоқадор мавзулар:

Мафия - холис ниятми?

Қариндошлар йиғинининг бирида, ўн яшарлар чамасидаги Асадбек исмли жиянимизнинг туғилган кунини яхши хотирлайман.

Ўшанда диққат марказидаги болакай шаънига илиқ мақтовлар ёғиларкан, унинг 40 ёшлардаги онаси, яъни келинойимиз "Дуо қилинглар, ўғлим мафия бўлсин," дея йиғламсираб нола қилганди.

Бу мен дуч келган ягона ҳолат эмас эди.

Уч йилдан буён олий ўқув юртига ҳужжат топшириб, кира олмаган ёш танишим йўли очилишини сўраб, фолбинлик ва кушночлик билан машғул аёлнинг ҳузурига отланган.

Унинг ҳикоя қилиб беришича, у билан бирга навбат кутган йигит фолбиндан унга мафия гуруҳлари сафига кириши учун кўмак беришини сўраб келган экан.

Дарвоқе, Асадбек исмли болакай бугунда ўттиз ёшлар атрофидаги бақувват йигит, заводда чилангарлик қилмоқда. У ҳозир ота-онасини Умра сафарига юборишни орзу қилади, бироқ мафия қанчалар унинг ният ва истаклари орасида борлиги менга қоронғу.

"Шайтанат" филмидан

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, "Шайтанат" филмидан

Фолбиндан мафияга кириш учун кўмак сўраган йигит эса кейинроқ меҳнат муҳожирлигигига йўл олибди ва бугун Россияда ишламоқда.

ЗеҳниятСовет Иттифоқи тарқаши арафасидаги йиллари телевизорда Италия маҳсулоти саналган "Спрут" фильми намойиш этилганди.

Ўзбекистонликларда ҳам улкан қизиқиш уйғотган мазкур киноасар гўё бадиий тўқимадан кўра ўткир реаллик деб қабул этилгандек эди.

Қулоққа ғалати эшитиладиган жиҳати - унинг қаҳрамонлари ўша пайтда кенг тарғиб ва ташвиқ этилган социалистик реализм намояндалари, комсомол ва пионерлардан ҳам кўра кўпроқ одамларда симпатия уйғотганди.

Бу балким шўро давлати парчаланиш жараёнида юзага келган руҳий бўшлиқни тўлдирган ғоя сифатида очиқроқ кириб келган бўлиши мумкиндир. Аммо айримлар ақл-заковатида бундай қараш, яъни аслида умуминсоний жиҳатдан "ёмонлик" ё "қонунбузарлик" алоҳида меҳр билан, севилган.

Бироқ мафиябозликни жамиятнинг чуқур руҳий қусури санаб, унга интилиш замирида жиддий қўрқув ва хавотирни кўрадиганлар ҳам анчагина.

"Эътибор берсангиз, мафия бадиий ҳақиқатдан кўра, ҳаётий ҳақиқат сифатида бўй кўрсатган даврларда яшадик. Ўшанда бозорда бирон маҳсулотни эркин нархда сотиш мутлақо мумкин эмас эди. Ҳатто картошканинг нархи қандайдир четдаги кўринмас куч, бошчиларнинг ундов-фармойиши билан белгиланарди" - мулоҳаза қилади маҳаллий журналистлардан бири.

"Яна мен фарзандларим тақдиридан ташвишга тушардим. Қизингнинг пулга сотилиши, ўғлингнинг эса безорисифат гиёҳванд бўлиши эҳтимоли қўрқувни оширарди. Ҳатто амалда бунинг яққол тасвирини кўрганда, хавотиринг ростмана ваҳимага айланарди. Ҳа, ҳушёр, ақлли одамга бундай муҳитда яшаш чинакам дўзахдир".

BBC

Миллий муҳаббат касри... Ижтимоий тармоқда жаҳоннинг турли бурчакларидаги кишилар билан яқиндан диллашиш имкони мавжуд.

Беш-олти йил муқаддам Рим шаҳрида истиқомат қиладиган, армани миллатига мансуб, собиқ шўро давлатидан бориб қолган, ҳозирда 60 ёшга яқинлашган киши билан суҳбатлашиб қолдим.

"Италия Европанинг муҳожирлик учун омадсиз давлати. Бошқа жойга ўтиб яшаш иложим йўқлиги боис ўн йилдан буён шу ерда қолишга мажбурман. Бу ерликлар дўстликка ё яқинликка руйхуш беравермайди, ҳеч қачон уйи остонасидан ҳатлаиб, сени меҳмон қилмайди. Улар вақтинчалик, бевафо муносабатга ўрганишган" - деб ёзғирганди бу суҳбатдошим.

Европада муқим яшаб қолишга иқтисодий тўкислик, ижтимоий имкониятлари кенгроқ бундан бошқа ўлкани танламоқ маъқул экан"- дея куйинчаклик билдирганди ўшанда бу танишим.

Виртуал суҳбатдошимнинг айтишича, мамлакатнинг бошқа вилоятларидаги ҳаёт яна ҳам совуққон манзара касб этган, жиноий муҳит кишининг юрагини ҳадикка тўлдиради, кинофильмлардаги мафия билан боғлиқ ҳодисалар ўткир унсурларда турмушда зоҳир этган.

"Ҳа, нима ҳам дейиш мумкин, бизда ҳам негадир оқибатиаён эса-да, айни иллатга сажда қилинади".

"Айнан шу ҳолатнинг тузалиши асрлар оша қийинлашмоқда. Ахир, мозийга қарасак, итальянлар Рим империяси даврида Исо Масиҳ чормих этилишига сабабчи бўлишган. Улар яна фашизмни ўйлаб топишди, мафия тушунчаси муаллифи ҳам улардир"-дея унинг афсусли мулоҳазаларига жавоб қайтараман.

"Буни ўзгартириш амримаҳол. Ҳатто диннинг, санъатнинг, сиёсатнинг кучи бунга етмаяпти" - деб давом этади у.

"Лекин бир нимани сира ҳам истисно этмаслик лозим: инсоният тарихидаги буюк жиҳатлар ҳам уларга тааллуқли. Яъни гўзаллик ва ҳаққонийликни улуғлаб, ёритганлар айнан итальянлар- булар мусаввир Леонардо да Винчи ва кинорежиссёр Федерико Феллинидир"- деб римлик армани танишимга яна луқма ташлайман.

"Ростдан ҳам бор ваҳимаси билан улар ташқи жиҳатдан ўта нуқсонсиз гўзал одамлардир"- дея суҳбатдошим ҳайратини яширмайди.

Ўшандан буён мафия, кўча ақидаларига сиғинишнинг сабабларини излаш онгимнинг бир четида ётадиган вазифа бўлиб қолди,

Аммо дунёқарашни ўзгартириб, кишиларни батамом тарбиялаш мумкинми, деган саволлар чигал масала бўлиб қолаверди.

Коронавирус пандемияси юз берган 2020 йили касалликдан Италия мамлакати машъумроқ зарар чекди.

Ўшанда унинг аҳолиси етарли инсоний кўмакни кўрсатмагани учун Европа Иттифоқи давлатларидан ранжиди.

Мазкур ҳолни эса Германия канцлери Ангела Меркель "Сизларга ёрдам, пул беришдан наф йўқ, барибир буни мафиянгиз еб ютворади" дея жиддий рад жавоби билан изоҳлаганди. Ҳаммаси тамомила тугаганда... "Кўча одамларини тозалаш" амали узоқ йиллик мавзуга ёки масалага сўнгги нуқтани қўя оладими деган савол атрофида бош қотирилганда, аксарият махфия кучларининг "Мафия ўлмасдир" деган шиорларини эслатадилар.

Маҳаллий кузатувчининг фикрига кўра эса, улар ўзлари ҳам кутган, аммо одатда писанд этилмайдиган хотима мавжуд.

Айнан шу маънода гўёки мардоналикни ва боқийликни, доимий мангуликни ўзларига таъминлагандек бўладилар.

Ўтган йил охирида бошланган 40 кунлик чоралар жараёни эса айнан шунча вақт уни мафияни онгдан, кўчадан тозалашга қисқа фурсатдек туюлади.

Аслида барчаси моҳиятан пулга, моддий бойлик тўплашга боғлиқ.

Мафиянинг обрўсизланиши уларнинг айни амалиёт чоғида ҳибсга олиниб, маҳкамага тортилишигача содир бўлган секин жараён меваси ҳамдир.

Эсингизда бўлса, мустақиллик йилларида нақд пул тақчиллиги кучли эди, аммо шу ҳолатда бозорларда пул солинган қопларни кўтариб юрган тадбиркорларни учратиш мумкин эди.

Қоп-қоп пулни ортқилаган кимлар ўзи деб сўрасангиз, "улар мафия"деган жавобни эшитардингиз.

Айнан молиявий муносабатлар кескинроқ тарзда рақамли пластик карталарга ўтказилиши соядаги қора кучларга тепки бўлиб тушди.

Балким улар яна ҳам замонавий шарт-шароитларга мослашиш усулларини қидиришлари мумкин, аммо бунинг учун алоҳида илмий салоҳият, билим талаб этилади.

Адиб Тоҳир Малик ўша суҳбатимизда бундай кучлар ҳаётда доимо бўлишини, инсон табиати ва турмуши истар истамасак, шундай шартли таркибдан иборат, дея тушкун кайфиятини изҳор этганди.

Нима бўлмасин, ҳар доим ёвузликка қарши яхшиликнинг кураши кишига умид, тоза ҳаво бахш этади.

Курашда қайси бири ғалаба қозонишига ишонч ҳам қандай ҳақиқатни кўпроқ тан оладиган кишилар иродасига боғлиқ бўлиб қолади.

Эслатма: Муаллиф фикрлари Би-би-си мавқеини англатмайди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002