Ўзбек атлас-адраслари келажагини нима кутмоқда ё ҳаммаси ипак қуртига бориб тақаладими?

Президент Мирзиёев

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Президент Мирзиёев пиллачиликка таянган миллий тўқимачиликка эътибор қаратиб келади.
    • Author, Бахтиёр Турсунов
    • Role, Журналист, Сурхондарё

Ўзбекистонда ҳозир пилла қурти тутиш мавсуми. Аммо азалдан пилла тутиб келган қишлоқ жойларга чиқсангиз, мавсум бошланганини сезмаймиз. Тут баргини йиғаётган одамларни, каллакланган тутларни ва ёки тут шохларини ташиб кетаётган уловларни деярли кўрмайсиз.

Пиллачиликка қизиқиш камаймоқдами? Ипакдан тўқиладиган миллий матолар ва ҳунармандчиликка эътибор кучайганига қараганда, улар учун энг муҳим хомашё - пилла қурти етиштиришга ҳам аҳамият ортиши табиий эмасми?

Ушбу саволларга жавоб излаб, Термиз шаҳри атрофидаги қишлоқларга йўл олдик.

Алоқадор мавзулар:

Пилла етиштириш Ўзбекистон ҳудудларида қадимдан мавжуд ва Ипак Йўли орқали пилла қандай келиб қолгани ҳақида афсоналар ҳам йўқ эмас.

Тўқимачилик дастгоҳи

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Ипак - Ўзбекистон шоҳи-атласлари ва миллий тўқимачилиги ҳамда каштачилигининг асосий хомашёларидан бири.

Совет даврида қатор миллий ва кичик ҳунармандчилик турлари йўқолиб кетиш ёқасига келган ёки тақиқланган бўлса-да, пиллакашлик яшаб қолди. Фақат советча бошқарув асосида ишлади.

Режалаштириш даври ҳисобланган колхоз тизимидан сўнг узоқ йиллар мобайнида ипак қурти боқиш қайсидир жиҳатдан шунчаки қолипда ушлаб турилиб, бутунлай йўқотиш исталмаган соҳа бўлди.

Сўнгги йилларда эса Президент Мирзиёев пиллачиликка алоҳида эътибор бера бошлаган ва 2018 йили Сурхондарёдаги инновацион пиллахоналардан бирига борганди.

Шундай манзарада пиллачилик қанчалик ривожланди ёки пиллакорлар ҳақиқий даромад кўрадиган соҳага айланмоқда? Биз бу саволларга хам жавоб топишга интилдик.

Яқин ўн йиллар ичида тор жиҳатда буни бизнес деб биладиган корхоналар бўй кўрсатди.

Айнан шу корхоналар кечаги пиллачилик борасидаги деҳқончиликни жиловлаб, қандайдир тартиб кўринишида идора этишга уринишмоқда.

Умуман, бугунги ипак қурти боқиш мавсуми қандай ўтяпти, бу борада қандай замонавий ўзгаришлар мавжуд каби саволлар атрофида мазкур мавзуга қизиққанимизда маълумотлар бир қадар саёздек чиқди.

"Ҳозирги вақтда фермернинг зиммасига шартномага кўра ипак қурти боқиш масъулияти юкланган бўлса, ўша фермер кимларнидир ёллаб мавсумий ишларга жалб этади. Бизнинг ҳудудимизда бу йил бундай одамларни топишингиз амримаҳол. Афтидан пилла мажбуриятини олган фермерлар оз. Бирорта хонадонда ипак қурти етиштирилаётганини кўрмадим ҳам, эшитмадим ҳам. Сиз яхшиси кенг тутзор плантациялари ёнидаги қишлоқлардан уларни изланг"- дея маслаҳат беради велосипедида иссиқхонасидаги ўсимликлар учун кимёвий ўғит ортган деҳқон киши Термиз туманидаги кенг далалар четида тўхтаб.

Улкан тутзорлар

Тутзор
Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда ипак қурти тутиш учун йўл четларида тутлар экилган.

Биз борган қишлоқларда ҳар йили бир ой давоми этадиган ипак қурти боқиш мавсуми учун кенг майдонлардаги тутзорлар ҳали каллакланмаган ҳолда эди

Бу эса мавсум ҳали авжига чиқмаганини, ҳатто у бошланмаганини англатаётгандек эди.

Термиз туманидаги "Намуна" маҳалласи атрофидаги улкан тутзорлар яқинидаги хонадонлардан айнан пилла мавсумига алоқадор кишиларни излаймиз.

Ўтган қайтганлар эса елка қисишиб, пилла қурти тутувчилар ҳақида маълумотлари йўқлигини айтишади.

"Уч-тўрт йилдан буён бундай деҳқонлар сони камайиб кетди. Сабаби - меҳнатга тўланадиган ҳақ ўзини оқламайди. Машаққати оғирлигидан ҳамда аввалгидай мажбурлаш йўқлигидан кучли иштиёқ мутлақо йўқолган. Бу билан шуғулланаётган оз сондаги одамлар эса бундан алоҳида салмоқли манфаат кўрувчилар деб ўйлайман, "-дейди маҳаллий мактаб ўқитувчиларидан бири.

pilla

Тутзор четидаги курсида ҳассасига таяниб ўтириб, сигирини ўтлатаётган қарияни суҳбатга тортамиз.

"Мана шу тутзорни ўстиришга бошидан ўзим иштирок этганман. Бунга 1956 йилда киришилган. Ўшанда 8 гектар майдондаги далада илк кўчатларни экиб, пақирлаб сув ташиб суғорганмиз. Колхоз даврида пилла етиштириш узоқ вақт барча кенг шуғулланадиган юмуш, ҳатто анъана эди. Энди эса уларнинг сони бармоқ билан санарли. Меҳнатга муносабат ҳаққоний, инсофли бўлмагани учун бундан юз ўгираётганлар кўпайиб боряпти" - дейди 77 ёшли Қобил бобо.

Бобонинг айтишича, шу вақтда қурт ғумбак тугиб, пиллага айланувчи тўртинчи уйқуда бўлиши керак эди. Мавсумнинг нисбатан кеч бошланаётгани ҳам унингча фикрича, айеи соҳага бир қадар совуққонлик белгисидек туюлади.

Бугунги пиллачилар

Ҳовли
Сурат тагсўзи, Аксар одамлар пилла қуртини уйда боқишади.

Сўраб-суриштириб, бу йил ипак қурти тутаётган хонадонларга келдик.

"Мен бу йил илк марта ипак қурти боқишга киришдим. 100 граммча қурт беришди. Шуни 300 килограмм пилла шаклида топширишни мўлжал қиляпмиз. Аслида, қўшниларим, қариндошларим азалдан бу юмуш билан машғуллар. Масалан, бир қўшнимиз 48 йилдан бери қурт боқади, аммо бу йили оиласидагиларнинг бандлиги туфайли улар бундан воз кечишди. Мен эса бир жиҳатдан бунга мажбурман. Чунки экин-тикинга ер олганман, эвазига ипак қурти боқиб беришим керак"- дейди 27 ёшли Зайниддин.

"Пилла инжиқ меҳнат. Унинг натижаси қандай бўлиши, умуман, жараён қандай ўтишини белгилаш қийин"- дейди Зайниддин.

Унинг хонадонидан бир уй нарида узоқ вақт - 40 йилга яқин пиллачилик билан машғул Зумрад опа яшаркан.

"Бу йил ҳам ипак қурти олдик. Негадир бу йил кеч олиб келишди. Ҳозир биринчи уйқуда, яъни бир ёшда. Ҳаммаси бўлиб, ипак қуртини тўрт ёшга кирдириш керак. Бизга юз граммдан бешта қутида қурт уруғи келтиришлари лозим эди, аммо олганимиз учта қутига кўп, саккиз қутида жами 150 граммдан юқори миқдордан иборат. Нима ҳам қилардик, буёғини баҳоли-қудрат эплаб, ишни охиригача олиб борамиз"- дейди узоқ йиллик тажрибага эга пиллакор 61 ёшли Зумрад опа.

Ҳар йили баҳорда ипак қурти боқиш мавсуми бошланаркан, уни сидқидилдан қандайдир орзиқиш билан қабул қиласизларми ёки бу ишдан безиб қолгансизларми, деб сўрайман аёлдан.

"Чин гапни айтганда, бу жуда машаққатли машғулот. Ипак қурти - жисмоний қувватингни ҳаддан ташқари сўриб олувчи, нозик диққат-эътибор талаб этувчи жонзот. Шунинг учун яшаб турган уйингнинг тўридан унга жой бериб парваришлайсан. Бизга уруғни шундақ беришди ва дом дараксиз кетишди. Маълум маънода бизга мутахассис йўл-йўриғи, тавсия ҳамда маслаҳатлар зарур. Ўтган йили айни пилла ўраш жараёнида қуртнинг тенг ярми касалланиб нобуд бўлди. Қанча меҳнатимиз, ҳаловатсиз кун-тунлар зое кетди. Бу йил ҳам шунинг хавотирида ўз билганимизча жойларни олтингугурт билан дориладик" - дейди Зумрад опа.

Пиллакор аёл назарда тутган касалликка чалинганда, қуртлар пилла тугиш арафасида қатқалоқлашиб, оҳакдек уваланиб тушади.

Биз қурт боқилишини кузатиш учун хонадоннинг яшаш қисмига кирамиз. Бу ерда уй ичидаги сўрига қуртларнинг тут баргларини майдалаб еб битирган қуртлар ёйиб қўйилган.

Пилла қурти
Сурат тагсўзи, Пилла тутиш учун алоҳида хоналар ажратиш лозим.

" Бу қуртлар 15-20 кун деганда яна очофатлашиб, кўпайиб, бу ерга сиғмай қолади. Шунда маълум қисмини қўшнимизнинг ҳали қурилиши тугалланмаган уйига ҳам кўчирамиз. Қуртларни бир хил иссиқ ҳароратда ушлаб туриш лозим. Бутун жараёнга келиним, ўғлим, набираларимдан ташқаридан ёлланган 5-6 нафар ишчи ҳам масъул. Улар тут шохларини саранжомлашга ёрдам беришади. Биз уларга иш ҳақи ҳам берамиз" - дейди пиллакор Зумрад опа.

Қуртлар навбатдаги уйқуга боргач, уларнинг иштаҳаси очилади ва кейин ҳали каллакланмаган тут барглари кесилади.

Ўтган йили тут барглари етмай қолган ва пиллкаор оила четдан тут шохлари кесиб келтиришга мажбур бўлишган.

"Бунинг эвазига уч қоп азот ўғити билан тут эгасига ҳақ тўладик" - дейди пиллакор суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, пилла мавсумида тут кесилганидан қолган шах-шабба ўтин сифатида ишлатилади.

Президент Мирзиёев пиллахонада

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Президент Мирзиёев бир неча йил аввал Cурхондарёдаги инновацион пиллахонага борганди.

Пилла ҳақи йил охирида навига ажратилиб берилади.

Бу эса кўпинча кетказилган меҳнатни оқламаслиги айтилади.

Ўтган йили биз гаплашган пиллачилар оиласи 1,5 миллион сўм пул олишган, аммо улар мўлжалида эса иш ҳақи 5 миллион сўм бўлиши керак эди.

"Ўғлим ҳовлимиз тўғрисидаги тутзорнинг маълум қисмини шартнома асосида олган. Унинг орасида экинларимиз бор. Бунинг эвазига пилла боқиб беришга мажбурмиз. Ўғлимнинг юраги бетоб, уни даволатиш учун моддий маблағ керак. Келиним ҳам " "ортиқча дахмаза нима керак" деб ипак қурти боқишга руйхушлик билдирмаяпти. Балки келгуси йилдан бу юмушни тўхтатармиз" - дейди Зумрад опа.

Пиллакор барибир ушбу соҳада замонавий ўзгаришлар бўлишига умид қилади, унинг наздида, асосийси, пиллакорларга илмли мутахассис биркитилиши лозим, ипакчилик бутунлай барҳам топадиган соҳага айланиши мумкин.

Пилла манзиллари

Пиллачилик маркази ва музейи

Биз ҳудудлар миқёсида ипак қурти боқиш вазиятини мувофиқлаштирадиган "Сурхон ипаги" масъулияти чекланган жамият корхонасида ҳам бўлдик.

Термиз шаҳрида жойлашган мазкур корхона ҳовлисида фақат тут экилган.

Унда ипакчилик музейи ҳам ташкил этилиб, асосан, ипакдан тайёрланган матолар кўргазмага қўйилган.

Айни иншоотда вилоятда етиштирилган тайёр пиллани сотиб олиш билан бирга ипак ҳам йигириладиган тўқимачилик фабрикаси мавжуд.

Раҳбар ва ходимлар ўтирадиган идорада икки нафар қоровул корхонада бирор мутахассис йўқлигини, улар мавсум пайти жойларга хизмат сафарига кетганлигини айтишди. Тақдим этилган мутахассислардан бирининг телефон рақами эса сўроғимизга жавоб бермади.

Биз яна пилла етиштириш билан боғлиқ жараён қизғин кечади дейилган яна бир манзил томон йўл оламиз.

Термиз туманининг "Янгиариқ" фермер хўжалиги Қорахон қишлоғидаги пиллахона замонавий кўринишда, аммо кимсасиз эди.

Шу боис йўлнинг нариги томонидаги ҳовлилардан бирига бориб, пилла билан кимлар машғуллиги билан қизиқамиз.

"Ҳозир пиллахона, тутзорлар яқин бўлгани билан бизда бирор хотин-халаж ипак қурти боқмайди. Бунгаям уч-тўрт йил бўлиб қолди. Ҳақини беришмади. Яна пилла тугиш пайти қуртлар касалланиб, қирилиб кетди. Мен шўро даврида қурт боқардим. Рағбати ҳам яхши эди. Ҳозир алоҳида машғулот сифатида пилла етиштириш деярли ҳеч кимни қизиқтирмай қўйган" - дея изоҳ берди ҳолат ҳақида 72 ёшли Майсара хола.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002