Ўзбекистон: Каримов чўлга бадарға қилган минглаб ўзбекистонликка нима бўлди? O‘zbekiston Yangiliklar

- Author, Бахтиёр Турсунов
- Role, Сурхондарё вилояти
2000 йилнинг ёзида Ўзбекистон жанубидаги Тожикистон билан чегарадош тоғли ҳудудда рўй берган қонли ҳодисалар у ердаги ўнлаб қишлоқлар аҳолисини пастки ҳудудга бутунлай кўчириб юборишга олиб келди.
Ўша даврда мазкур қишлоқлар фуқароларининг айримлари терроризмда алоқадорликда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳам ҳукм этилгандилар.
Алоқадор мавзулар:

Сариосиё туманига тегишли тўққизта қишлоқ аҳолиси 2001 йили Шеробод туманининг собиқ "Зарбдор" жамоа хўжалиги ерларига олиб келинади.
Уларга алоҳида уй-жойлар қурилиб, тоғликлар ўзлари учун мутлақо янги шароитга мослашиш мажбур бўлишган. Улар чўл ҳудуддаги деҳқончилик ишларига, жумладан, пахтачиликка жалб қилинади.

Орадан чорак асрга яқин вақт ўтиб, тоғликлар ўзлаштирилган чўл шароитига қанчалар мослаша олишди?
Умуман, бугун улар қандай яшашмоқда, деган саволларга жавоб излаб, Шерободда улар истиқомат қиладиган "Истиқбол" маҳалласига келдим.
Даштда тоғликлар кўпкариси

Сариосиё тоғларидан кўчирилган аҳоли яшайдиган Шеробод даштига сўнгги бор бундан йигирма йил аввал келгандим.
Катта йўл ёқасидан "Истиқбол" маҳалласига элтадиган йўлда енгил машинани тўхтатганимизда ҳайдовчи "Кўпкарига бораётган бўлсангиз, биз ҳам ўша ерга йўл олганмиз", деди.
Тоғликлар жойлашган манзилга етиб келганимизда, унинг ёнидаги дашт майдонида юзлаб отлиқ ва томошабин йиғилганган экан.
"Декабрь ойидан буён ўн мартадан ортиқ кўпкари ўтказилди. Бугунгисини қишлоғимиздаги ўзига тўқ киши ўғлининг суннат тўйи шарафига ўтказяпти",- деди биз илк учратган шу қишлоқлик эркаклардан бири.

Тўй ва юзлаб одам тўпланган улоқ ўйинига қараб, тоғликлар чўл ҳудудда яшашга мослашиб кетишдими, деган савол туғилди.
Бунга 60 ёшларга яқинлашиб қолган Сафарали ака елка қисиб жавоб беради.
"Бугунги кўпкари бу шунчаки таомил, яъни бурч, мажбурият. Агар тўйда буни қилмасангиз, гапга қоласиз. Бу тўйнинг эгаси ҳам мол олиб-сотиш билан шуғулланадиган оддий йигит. Уям кўпнинг тўйини кўрган, Шу учун хоҳласа, ҳоҳламаса, маблағ йиғиб, юртдошлари кўз ўнгида бурчини адо этяпти"- дейди Сафарали ака.
Унинг айтишича, ўртага қўйиладиган совринлар - камтарона.
Шу баробарда ўртакашнинг овоз кучайтиргичда эълони эшитилади:
"Бош соврин битта қўй ва юз минг сўм пул", "бир қолин гилам ва 300 минг сўм пул совринга тикилди!"
Шу топда ўйин бошланиб, одамлар отларнинг оёғи остида қолиб кетмаслик учун ўзларига четга отишади.
Биз ҳам хавфсиз жойга чиқамиз ва Сафарали ака билан яқиндан танишамиз.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, улар аслида Сариосиёнинг Хамидарча қишлоғидан.
Сафарали ака кейин бизни ўз маҳалласига таклиф қилди.
Мослашиш

"Бундан 24 йил олдин ҳарбийлар эшигимизни тақиллатиб, уч кунга туман марказида туриб турасизлар, сўнг қайтасизлар деганди. Ўшанда устимиздаги эгни-бош билан қишлоғимизни тарк этгандик. Кейин бу ерга олиб келишди. Нималар юз берганини ҳозиргача ҳам тузук таҳлил қила олмаймиз" - дейди Сафарали ака.
Суҳбатдошимизнинг гапларидан шунча йилдан бери унинг чўлда яшашга кўника олмагани кўринарди.
"Яна шу бир кийим, эндиги уст-бошимда ҳам она қишлоғимга олиб бориб ташлашса, йўқ демасдим. Вақт даволамади, аксинча юртга соғинчни кучайтирди".
Махсус маҳалла

Орадан ўтган вақт жараёнида чўлдаги маҳалла кўчириб келтирилган одамларнинг муқим яшайдиган гўшасига айланди.
Айримлар ҳукумат қуриб берган бир хил лойиҳадаги уйларга ўзгартиришлар киритишган. Одамлар буни биноларнинг сифатсизлиги билан изоҳлашади.
"Уйимни таъмирлашга қурбим етмайди. Ўша пайтда уйлар шошилинч қурилган, дастлабки йиллардаёқ зах босиб, деворлари ўпирилиб тушганди. Ҳозир ҳам салгина зилзилада ҳам уй устимизга уй ағдарилмасмикан, деган хавотирда юрагим ёрилади"- дейди Сафарали ака.
Айни пайтда мазкур маҳаллада уч ярим минг нафардан ортиқ фуқаро истиқомат қилиши айтилади.
Улар 2000-йиллардаги қуролли ҳодисалар вақти Сариосиёнинг Киштут, Тамархут, Хамидарча, Кункўрмас, Анориходи, Саринаво, Регистон каби жами тўққизта қишлоғидан кўчирилган қишлоқлар фуқароларидир.
47 ёшли Холмирзанинг айтишича, кимдир деҳқончилик, фермерлик билан шуғулланди, кимдир эл қатори насибасини Россиядан излади.
Лекин у ўзлари тушган ҳозирги ҳолатни адолатсизлик, деб атайди.
Ҳукумат тарафидан аниқ ва қатъий тўхтамга келиниб, ўз тоғли ҳудудларига яна қайтаришларини орзу қилишини айтади.
"Ўшанда қишлоқларимизнинг бир қанча эркаклари террорчилар билан ҳамкорликда айбланиб, узоқ йиллик қамоққа ҳукм этилдилар. Уч-тўрт йил олдин улар қайтишди. 18-19 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазосини тўлиқ ўташди. Айримлари кўп яшамади, орттирилган касалликлар туфайли вафот этишди"-дейди Холмирза.
Мирзиёев даври ва тоғликлар
Шавкат Мирзиёев президент бўлгач, уларнинг вазияти бироз ўзгарди.
Тоғликларнинг кўплаб мурожаатларига жавобан ҳукумат уларнинг ўз қишлоқларига маълум муддатга бориб келишларига рухсат берди.
Яъни чорваси бор чўпонлар бир неча ой мобайнида қўй-қўзиларини тоғли ҳудудда боқишлари мумкин, қолганлар эса бир неча кун қолиб, аввалги ўз хўжаликларига тегишли боғ-роғларидан хабар олишлари имкони бор.
"Бундан икки йил олдин Тамархут қишлоғимизга бордим. Биз яшаган уйлар ер билан битта қилиб, текислаб ташланган. Ёнғоқ, бодом каби дарахтлар ҳам чопиб ташланган. Қандайдир ҳарбий постлар қурилган. У ерда чайлалар қуриб, йигирма кунча яшаб, қадрдон қишлоғимиз дийдорига тўйдик. Шунгаям шукур қилиб, ҳукуматимизга ҳамду санолар айтаяпмиз"- дейди 42 ёшли Нурали.
Муаммолар

"Биз Шерободда дуч келган асосий муаммо сувдир. Бу ерда сувнинг таркибида туз миқдори кучли. Тўғри, қувур тортилиб, мунтазам сув етказиб бериш йўлга қўйилган, лекин унинг таъми шўр. Шунга Хўжаипок тоғларидан келтириладиган сувни сотиб олишга мажбур бўляпмиз" - дейди Нурали.
Кўпчилик бу ердаги шўр сув ва чўл шароити уларнинг соғлиғига салбий таъсир қилган, деб айтади.
Ҳали 60 ёшга етмаган Сафарали ака қалин таёққа ҳасса каби суяниб олган.
"Бутун танам, суякларим қақшаб оғрийди. Ақалли ўн кунгина ўз қишлоғим Хамидарчада яшаганимда, балким бутун дардлардан фориғ бўлардим" - дея ёзғиради у.
Унинг турмуш ўртоғи Шаҳрибонунинг ёши 47 да, унинг тишлари битта қолмай тўкилиб битган.

"Ошқозонимда икки марта жарроҳлик амалиёти ўтказишди. Иккинчи гуруҳ ногирониман. Шифокорлар касалмандлигимга бу ернинг табиий иқлимини рўкач қилиб кўрсатишяпти. Наилож, барчасига бардош беряпмиз. Ҳар қандай кўмакка умидвормиз" - дейди Шаҳрибону Гулмуродова.
Йўлимизда бузоқ етаклаб кетаётган аёлни учратдик. У ҳам тоғдан бу ерларга кўчирилган.

"Кўчиб келганимизга 20 йилдан ошаётган бўлса, ҳаётимдан мамнун жиҳатларни санашим қийин. Бу йилларда икки ўғлимни уйлантирдим. Бир нави турмуш кечиряпмиз. 500 минг сўм нафақа оламан. Ҳеч нимага етмайди. Она юрт соғинчи ўртайди"- дейди Омонжон опа Бадалова тоғдаги қишлоғини қўмсаб.
Тоққа қайтиш умиди
"Кўпчилик қатори 2001 йили ўша пайтда 75 ёшни қоралаган бир отахон кўчирилганди. Ҳозирда у киши 99 ёшни қаршилаяптилар. Яъни унинг аксар умри тоғда кечганидан ҳамон бардам ва бақувват. Биз эса бу ерда қирққа кирар кирмай дармондан қолиб, бетобликка чалиняпмиз" - дейди 41 яшар Маъди Мардонов.
У тоғдан чўлга кўчирилган пайти 17 яшар ўспирин бўлган. Лекин ўзи ҳам, фарзандлари ҳам бу ерларда яшашини истамаслигини, тоғ қишлоғига қайтишни исташини айтади.

Шерободга кўчирилган тоғликлар ўз қишлоқларига бориб-келишларига имкон берилганидан хурсандлар.
Аммо асосий орзулари бутунлай қайтиш эканини айтишади.

"Бизни бўлмағур айблар, туҳмату бўҳтонлар билан чўлга олиб келиб ташлашган. Қишлоқларимизни бориб кўрдик. Улар ер билан битта қилиб текисланиб, пайҳон қилинган. Ҳатто тожикистонлик қочқинларнинг у жойларда қўним топганини пайқадик. Қимматли боғ-роғларимиз, кўп йиллик дарахтлар йўқолиб кетяпти. Ватанимиз қаровга муҳтож. Бу ерда, яъни чўлда топганимиз бетоблик ва қашшоқлик бўлмоқда. Ўз жойимизга қайтишни тақиқлашдан ҳеч қандай маъни йўқ деб ҳисоблайман"- дейди Маъди Мардонов.

Мен шавқ билан кўпкари кўраётган томошабинлар орасидан шу ерда туғилган ва ҳозирда йигирма ёшлардаги йигитларни суҳбатга тортдим. Улар чўлда туғилганлар ва ҳеч қачон ота-боболарининг тоғ қишлоғида яшашмаган.
"Ота-онамиз бу ҳақда кўп сўзлашган. Шунчаки, бир бориб кўриш нияти бор менда, аммо бу ерда кўникқанман. Бутунлай кетиш ҳақида қатъий қарорим йўқ. Шу ер бўлади менга"- дейди ёшлардан бири.
Унинг тенгқури эса атрофда таралаётган шовқин, қий-чувда унинг гапини бўлиб, ўз фикрини билдиради.
"Биздан катталар, ота-онамиз кўп азият чекишди. Қайтишга тайёрмиз. Бориб, ўз қишлоқларимизни обод қилиб, тарихимизни давом эттиришимиз керак" - дейди ота-онаси асли Сариосиё тоғларидан келтирилган, ўзи эса Шеробод чўлида туғилган бу йигит.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














