Ўзбекистон: Қанча фарзанд кўриш кимнинг ихтиёрида бўлиши керак? Бугун ва ўтмиш ҳақида мулоҳазалар Янгиликлар

болалар

Сурат манбаси, bbc.com/uzbek

    • Author, Бахтиёр Турсунов
    • Role, Журналист

Биз бир иш юзасидан кўп қаватли уйлар жойлашган даҳа бўйлаб юрарканмиз, шу манзилда анча йиллардан буён яшаётган танишимиз йўлда учраган шовқин солиб ўйнаётган 3-7 яшар болакайларни гўёки ҳайдаб солади.

Бу ҳолни кузатаётган бизга ва атрофдаги маҳалладошларига ҳазиломуз шундай тушунтирган бўлади. "Болаларни шундай туғиб ташлашдики, саноғига етолмай бошинг оғрийдиган бўлган. Аввал бундай ғалағовур йўқ эди."

Бола ризқи билан...

Сўнгги беш олти йилларда хонадонларда ўрта ҳисобда уч ёки тўрт нафар фарзанднинг бўлиши одатий воқеа бўлиб бормоқда.

Бу эса узоқ йигирма йиллар ичида ҳукм сурган оилани режалаштириш, аёлларнинг аксарият ҳолда иккитадан бошқа бола туғмаслиги шартлиги ҳақидаги сиёсатга кескин соя ташлайди.

Термизлик касби ҳамшира Маҳлиёнинг ёши 34 да. Тўққиз ой олдин у тўртинчи ўғил фарзандини дунёга келтирди. Унинг айтишича, эндиликда у кўп болали оналар қаторидан жой олган, аммо бир неча йиллар аввал бундай бўлиши ҳақида хаёлига ҳам келмаган.

"Тўртинчи фарзандимга бошқоронғи эканлигимни билганимда оила аъзоларим билан уни дунёга келтириш борасида маслаҳатлашдим." Болани олдириб ташла" деган қатъий уқтиришлар ҳам билдирилди. Бироқ абортдан сўнг танаси мажруҳланиб турли касалликларга чалинган аёлларни шахсан танийман. Шунинг учун ҳам туғишга аҳд қилдим. Шифокорлар кўригида ҳам яна ўйлаб кўришни тавсия этишди, аммо фикримни ўзгартиришга босим кўрсатишмади",-дейди Маҳлиё.

иқтибос

Маҳлиё биринчи фарзандини бундан тўққиз йил аввал кўрган. Ўшанда аёллар ҳомиладорлигига нисбатан давлат назорати ўта кучли бўлиб, уларнинг бола кўриши алоҳида тиббий воситалар орқали тўхтатилган.

"Биринчи ўғлим туғилгандан сўнг ўзимга билдирмай, розилик ҳам сўрамай, спираль қўйишган. Ўшанда ҳам ўзим ҳамшира бўлиб ишлаганим учун аёлларни ҳомиладан тўхтатиш кампаниялари ва алоҳида жараёнларини яқиндан кузатишга тўғри келган. Худога шукур, бундай сиёсат ортда қолди. Ҳозирда шифокорлар туғсангиз туғаверинг, фақат фарзандларингиз ҳар томонлама баркамол, тўкис бўлишига кўзингиз етсин дейишмоқда."-дейди ёш она Маҳлиё.

Шафқатсиз тузум асоратлари

Ҳозирда 47 ёшни қаршилаган такси ҳайдовчиси Нурмат ўзини оилани режалаштириш ниқоби остида қилинган машъум чораларнинг қурбони деб санайди.

"Мени бор йўғи бир нафар қиз фарзандим бор. Унинг ёши ҳозир 19 да. Турмуш ўртоғимни алоҳида тиббий кўрик вақти фарзанд кўрмасликка стериллашган. Буни унинг ўзи пайқамаган. Орадан бир неча йил ўтгач бу ҳақда билдик. Шу тариқа ақалли иккита болали бўлиш бахтидан мосуво бўлдик,"-дейди Нурмат ва у фуқароларнинг шахсий ҳаёт ва ниятларига бундай аралашувни сурбетлик санашини билдиради.

2000 йилларда Ўзбекистонда оилани режалаштириш сиёсати авж олганди

Сурат манбаси, bbc.com/uzbek

Ҳозирда нафақадаги 56 ёшли тиббиёт ходими Солия опа ҳам демография борасидаги режавий сиёсатни эсларкан, бугунга таққосан бу оғир жараён бўлганини айтади.

"2000 йиллар биринчи ўн йиллигида бу фавқулодла кучайтирилганди. Эсимда бизга биттадан стериллашга тайёр аёл топишни мажбурият қилиб юклашди. Ёки бунга ўзимиз рози бўлишимиз керак эди. Ўшанда 30 ёшлардаги санитарка жувонни туғруқхонага етаклаб олиб борганман. Орадан 5-6 йил ўтгач у кўкрак саратонига чалинди, шифокорлар бунга ихтиёрий жарроҳлик контрацепция амалиёти боис бўлганини айтишган. Ҳаётимда бунга ўхшаш ҳолларни яна учратганман,"- дейди Солия опа.

Ислом Каримов президентлиги даврида ҳукумат фарзандлар туғилишига кенг кўламли назоратни иқтисодий нуқтаи назар билан асослаган. Яъни, кўп болали оилалар нотўкис ва носоғлом турмуш кечиришлари мумкинлигидан гўёки "қайғурилган."

Ўша кезларда ҳам 3-4 боласи борларнинг айримлари моддий таъминоти етук кишилар сифатида ҳам кўринган ва айни ҳолатда кўп боласи бўла туриб қийинчиликлар қуршовида яшаётган эр-хотинлар эса жинсий ҳаётини тартибга қўя олмайдиган илмсизлар сифатида баҳоланиб, уларга ижирғаниш, камситиш назарида муносабат қилинган.

Серфарзанд бўлиш урфга кирмоқдами?

Жарқўрғонлик маҳалла фаоли Моҳира Ҳамдамованинг фикрига кўра, ҳозирда кенг тақиқдан сўнг оилаларда фарзандлар туғилишининг ортиши урфга ўхшаш ҳолатдир, яъни аёллар ўзаро бу борада беллашувга ҳам киришишганга ўхшашади, дугоналари ёки овсинларидан бола сонида ортда қолмасликка уринишади. Унга кўра, аслида туғиш эркинлашгани билан бунга ижтимоий ҳимоя чоралари азалдагидек қолган.

"30-40 ёш оралиғидаги аёллар оналарига нисбатан фарзандларини кўпайтиришгани билан бола пулига эришиш тартиби ҳамон эски шаклда турибди. Оилада эр ёки хотиндан бири ишламаса пул берилмайди. Аслида унинг миқдори ҳам ҳаминқадар . Уч нафар болага жами 580 минг сўм тўланади. Мазкур маблағ эса болалар еб-ичишига етмайди. Айниқса бу пулни олишга ҳужжат тўплашга улкан машаққатли йўлни босиб ўтиш лозим. Яна бир фикрим шундан иборатки, бу тариқа чора ва тадбирлардан бу дунёга ўз ҳоҳиши билан келмаган гўдаклар азият чекмоқда. Бу борада ноинсоний, шафқатсиз муносабат ҳалиям ўз кучида, "- дейди М. Ҳамдамова.

" Бола пули тайинлашда боқимандалик кайфияти урчимасин деган хавотир ҳамон мавжуд. Масалан, ҳозирда мен бу пулни ололмаяпман. Эрингизни номида машина бор экан деган важ билан болаларга пул беришдан бош тортишяпти. Аслида машинани қайнотам минади. Турмуш ўртоғим Россияда меҳнат қилиб пул тўплаб келди. Ҳозир шуни ишлатяпмиз. "-дейди Маҳлиё.

У ёш она сифатида барибир маълум имтиёзлар, ижтимоий ҳимоя чоралари зарурлигини айтади. Масалан болаларни боғчага олиш ёши ҳозиргидек уч ёш эмас , ҳеч бўлмаса икки ёшни ташкил қилса, оналарнинг ўзи декрет таътилидан ишларига қайтиб, болаларини оёққа турғазиши мумкинлигини таъкидлайди бу аёл.

"11 нафар неварам бор. Уч келинимнинг ҳар бирида 3 ва 4 нафардан фарзанди бор. Катта келиним тикувчи, шунга ҳунарманд экансиз, маблағиз етарли деб бу ойдан бола пулини узишяпти. Мени фикримча, оилани режалаштириш барибир керак. Чунки иқтисодий вазият ўзгарувчан, яхши ва барқарор келажакни кафолатлаш мушкул. Фарзандларини барваста вояга етказишга ота-оналар масъул, бу енгил елпи масала эмас," -дейди Солия опа.

Бир нафар фарзанди бор Нурматнинг айтишича эса, туғиладиган ҳар бир бола ўз насибаси билан дунёга келади. Бунга четдан қандайдир аниқ шартларни тақаш ўринсиз ва бу ҳар доим хунук жаранглайдиган ҳолатдир.

"Нечта фарзанд кўриш ёки кўрмаслик нияти ҳар бир инсоннинг шахсий дахлсизлик девори бўлиши даркор. Уни бузишга ҳеч қандай тузум ва сиёсатнинг ҳаққи йўқ.Акс ҳолда бу Яратган Парвадигорнинг раъйига ҳам қарши бориш бўлади", дейди Нурмат.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002