Қуръонда келтирилган жойда йирик сайёҳлик маркази қуришмоқчи

6-асрдаги Авлиё Кетрин дунёдаги энг қадимги доимий равишда фойдаланиладиган христиан монастиридир.

Сурат манбаси, Universal Images Group via Getty Images

Сурат тагсўзи, 6-асрдаги Авлиё Кетрин дунёдаги энг қадимги доимий равишда фойдаланиладиган христиан монастиридир.
    • Author, Yolande Knell
    • Role, BBC News, Jerusalem
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Бир неча йиллар давомида сайёҳлар бадавий йўлбошчилари ҳамроҳлигида Синай тоғига чиқиб, тонг отишини томоша қилар ёки бошқа бадавийлар бошчилигидаги саёҳатларда қатнашар эди.

Яҳудийлар, насронийлар ва мусулмонлар учун муқаддас ҳисобланадиган Мисрнинг энг азиз жойларидан бирини янги йирик туризм мега-лойиҳасига айлантириш режаси баҳс-мунозаралар марказига айланди.

Маҳаллий аҳоли Жабал Мусо деб атайдиган Синай тоғида Мусога ўн илоҳий буйруқ берилгани айтилади. Шунингдек, кўпчилик Инжил ва Қуръонга кўра, Худо пайғамбар билан айнан шу ерда «ёнаётган бута» орқали сўзлашганига ишонади.

Бу ерда VI асрда қурилган ва Юнон православ черкови бошқарадиган Авлиё Катерина монастири ҳам жойлашган. Греция босими остида Миср расмийлари уни ёпиш нияти йўқлигини маълум қилгач, монахлар ҳозирча бу ерда қолиши кутилмоқда.

Бироқ узоқ йиллар давомида изоляцияда бўлган саҳро ҳудуди – ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган монастир, шаҳарча ва тоғдан иборат бу мажмуа қандай ўзгартирилаётгани борасида чуқур хавотир мавжуд. Бу ерда ҳашаматли меҳмонхоналар, виллалар ва бозорлар қурилмоқда.

Синай тоғининг осмондан кўриниши трансформациядан олдин узоқ вақтдан бери изоляция қилинган чўл жойи сифатида тасвирланган ва қурилаётган меҳмонхоналар, виллалар ва бошқалар билан ўртадаги ўзгаришлар тасвирланган.

Шунингдек, бу ҳудуд анъанавий бадавий жамоаси – Жабалия қабиласининг ватани ҳисобланади. «Авлий Катерина муҳофизлари» деб аталувчи бу қабиланинг уйлари ва туристик эко-лагерлари етарли бўлмаган ёки умуман компенсациясиз бузиб ташланган. Улар маҳаллий қабристондаги жасадларни ҳам янги автотураргоҳ учун кўчиришга мажбур бўлган.

Британиялик саёҳ муаллиф Бен Ҳофлернинг таъкидлашича, лойиҳа «туризмни ривожлантириш учун зарур барқарор тараққиёт» сифатида тақдим этилса-да, бадавийлар билан ҳисоблашилмаяпти.

«Бу Жабалия кўз ўнгидаги тараққиёт эмас, улар сўраган йўл ҳам эмас. Бу – маҳаллий аҳоли манфаатидан кўра, чет элликлар манфаатига хизмат қиладиган юқоридан тиқиштирилган ислоҳотлар», деди у Би-би-сига.

Алоқадор мавзулар:

«Бир бадавий қабиласи атрофида янги шаҳар дунёси қурилмоқда. Улар тарихан шаҳардан четда қолишни танлаб келган. Улар бунёд этилаётган бу тузилмаларга розилик бермаган ва бу лойиҳа ўз ватанларидаги мавқеларини абадий ўзгартириб юборади», деб қўшимча қилди Ҳофлер.

Маҳаллий аҳоли (тахминан 4 минг киши) бу ўзгаришлар ҳақида очиқ гапиришга тайёр эмас.

Ҳозирча Миср режаларига энг қаттиқ эътироз билдирган хорижий давлат – Греция. Бунинг сабаби унинг монастир билан боғлиқлигидир.

2024 йилда Ар-Роҳа текислигида қурилиш

Сурат манбаси, Ben Hoffler

Сурат тагсўзи, 2024 йилда Ар-Роҳа текислигида қурилиш

Афина ва Қоҳира ўртасидаги таранглик май ойида мисрлик судьялар Авлиё Катерина – дунёда энг қадимдан узлуксиз ишлаб келаётган насроний монастир давлат ерларида жойлашган, деб қарор чиқарганидан кейин кучайди.

Кўп йиллик тортишувдан сўнг, судьялар монастир фақат ўзи жойлашган ердан ва атрофдаги диний-тарихий иншоотлардан «фойдаланиш ҳуқуқига эга» деган хулосага келганди.

Афина архиепископи, Юнон черкови раҳбари Иеронимос II бу қарорни кескин қоралаб чиқди.

«Монастир мулки тортиб олинмоқда ва мусодара қилинмоқда. Бу православ ва эллин маданиятининг маънавий рамзи мавжудлигига таҳдид остида», деди у баёнотда.

Авлиё Катерина архиепископи Дамианос эса грек нашрига берган интервьюсида бу қарорни «биз учун қаттиқ зарба… ва шармандалик» деб атади. Унинг масалани олиб бориш услуби монахлар орасида чуқур бўлинишларга сабаб бўлгач, яқинда у лавозимидан кетишга қарор қилди.

Қуддус юнон православ патриархати ўз навбатида, унинг черков юрисдикциясида бўлган мазкур муқаддас жой ўз вақтида Муҳаммад пайғамбарнинг шахсан ҳимоя хатини олганини эслатди.

Патриархат таъкидлашича, Фотимийлар даврида қурилган кичик масжид ҳам жойлашган бу Византия монастири «насронийлар ва мусулмонлар ўртасида тинчлик рамзи ҳамда низолар гирдобида қолган дунё учун умид маскани»дир.

Жанжалли суд қарори кучда қолса-да, дипломатик ҳаракатлар натижасида Греция ва Миср Авлиё Катеринанинг грек православ мақомини ва маданий меросини ҳимоя қилиш ҳақида қўшма баёнот эълон қилишди.

Синай тоғини маҳалий аҳоли Жабал Мусо сифатида билади ва бу ерда Мусога 10 амир берилган

Сурат манбаси, Ben Hoffler

Сурат тагсўзи, Синай тоғини маҳалий аҳоли Жабал Мусо сифатида билади ва бу ерда Мусога 10 амир берилган

«Махсус совға» ёки ҳаддан ташқари аралашув?

Миср 2021 йилда туристлар учун давлат томонидан қўллаб-қувватланган «Катта Трансфигурация лойиҳаси»ни бошлади. Режага кўра, меҳмонхоналар, эко-меҳмон уйлари ва йирик ташриф буюрувчилар маркази қурилади, шунингдек, яқиндаги кичик аэропорт кенгайтирилади ва Мусо тоғига чиқадиган осма лифт қурилади.

Ҳукумат бу ривожланишни «Мисрнинг бутун дунё ва барча динларга совғаси» сифатида тарғиб қилмоқда.

«Лойиҳа ташриф буюрувчилар учун барча туризм ва дам олиш хизматларини тақдим этади, Авлиё Катерина шаҳарчаси ва унинг атрофидаги ҳудудларни ривожлантиради, айни пайтда табиий муҳит, манзара ва мерос қиёфасини асраб қолади, шунингдек, Авлиё Катерина лойиҳаларида ишлайдиганлар учун турар-жой берилади», деган эди ўтган йили уй-жой вазири Шариф аш-Шарбини.

Қурилиш ишлари молиявий муаммолар сабаб ҳозирча, камида вақтинча, тўхтаб қолгандек кўринса-да, Авлиё Катерина монастири олдидаги Ар-Раҳо майдони аллақачон тубдан ўзгарди. Бу ерда янги йўллар қурилиши ҳамон давом этмоқда.

Ривоятларга кўра, Мусо Синай тоғига чиққан пайтда унинг издошлари – исроилликлар айнан шу ерда уни кутган. Танқидчилар таъкидлашича, ҳудуднинг ўзига хос табиий қиёфаси йўқолиб бормоқда.

ЮНЕСКО бу масканнинг жаҳоний аҳамиятини қайд этар экан, «атрофни ўраб турган тоғлар монастир учун ажойиб манзара яратади», дейди.

Ҳудуд ўзининг табиий гўзаллиги ва дағал тоғли ландшафти билан машҳур

Сурат манбаси, Ben Hoffler

Сурат тагсўзи, Ҳудуд ўзининг табиий гўзаллиги ва дағал тоғли ландшафти билан машҳур

2023 йилда ЮНЕСКО хавотир билдириб, Мисрдан қурилишларни тўхтатишни, таъсирларни баҳолашни ва муҳофаза режасини ишлаб чиқишни талаб қилган, аммо бу амалга оширилмади.

Июль ойида «Жаҳон меросини кузатиш» ташкилоти очиқ хат йўллаб, ЮНЕСКО Жаҳон мероси қўмитасини Авлиё Катерина ҳудудини «Хавф остидаги жаҳон мероси» рўйхатига киритишга чақирди.

Фаоллар, шунингдек, қадимий насроний қўлёзмалар тўпламини асраб қолиш ва ўрганиш учун маблағ йиғувчи Авлиё Катерина фонди васийи – Британия қироли Чарльзга ҳам мурожаат қилишди. Қирол бу масканни «келажак авлодлар учун асраб қолиниши зарур бўлган буюк руҳий хазина» деб таърифлаган.

Бу мега-лойиҳа Мисрда тарихга ҳурматсизлик сабабли танқидга учраган илк ҳолат эмас. Бироқ ҳукумат бундай улкан дастурларни иқтисодий инқироздан чиқишнинг асосий йўли сифатида кўрмоқда.

Мисрнинг бир вақтлар гуллаб-яшнаган туризм соҳаси Ковид-19 пандемиясидан сўнг тикланишга улгурмай, Ғазодаги шафқатсиз уруш ва янги минтақавий беқарорлик тўлқини билан яна зарбага учраган. Ҳукумат 2028 йилгача мамлакатга 30 миллион сайёҳ жалб қилишни кўзламоқда.

Бир неча авлодлар давомида Миср ҳукуматлари Синайдаги тижорий қурилишларни маҳаллий бадавий жамоалар билан маслаҳатлашмасдан амалга ошириб келган.

Яриморол 1967 йилдаги Яқин Шарқ урушида Исроил томонидан босиб олинган ва икки давлат тинчлик шартномаси имзолагандан сўнг 1979 йилда Мисрга қайтарилган. Шу пайтдан бери бадавийлар ўзларини иккинчи даражали фуқаро сифатида кўрилаётганидан шикоят қилиб келишади.

Мисрнинг машҳур Қизил денгиз курортлари, жумладан, Шарм-аш-Шайх қурилиши 1980-йилларда Жанубий Синайда бошланган эди. Кўпчилик ҳозир Авлиё Катеринада содир бўлаётган ҳолатларни ўша пайтдагиларга ўхшатади.

«Бадавийлар бу минтақанинг эгалари эди: улар йўлбошчи, ишчи ва уй ижарага берувчилар эди», дейди мисрлик журналист Муханнад Сабрий.

«Сўнг саноат туризми кириб келди ва улар четга сурилди – фақат бизнесдан эмас, балки жисмонан ҳам денгиз яқинидан орқага итқитилди».

Ар-Роҳадаги меҳмонхона қурилиши

Сурат манбаси, Ben Hoffler

Сурат тагсўзи, Ар-Роҳадаги меҳмонхона қурилиши

Қизил денгиздаги курортларда бўлгани каби, Авлиё Катеринадаги янги қурилишларда ҳам мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан ишчилар олиб келиниши кутилмоқда. Бироқ ҳукумат бадавий ҳудудларини ҳам «яхшилаш» ишлари олиб борилаётганини таъкидламоқда.

Авлиё Катерина монастири бир ярим минг йил давомида кўплаб синов ва тўфонларни бошидан кечирган, аммо бу ердаги илк монахлар бу масканга кўчиб келган пайтда у ҳали ҳам олисдаги тинч паноҳгоҳ эди.

Қизил денгиз курортлари кенгайиши билан минглаб зиёратчилар кунлик саёҳатлар билан бу ерга кела бошлади.

Сўнгги йилларда оломон кўпинча «ёнаётган бута» қолдиқлари дейилган жой ёнидан ўтиб, ёки дунёдаги энг қадимдан сақланиб қолган, деярли тўлиқ янги аҳд қўлёзмаси – "Кодекс Синайтикус"нинг саҳифалари намойиш этиладиган музейга боради.

Ҳозир эса монастирнинг ўзи ва унинг диний аҳамияти сақланиб қолса-да, атрофи ва асрлар давомида шаклланган турмуш тарзи қайтмас даражада ўзгариб кетаётган кўринади.