Янгиликлар: Ейишга ҳеч вақо, уйланишга пул йўқ, Қиёматгача тўлайдиган ташқи қарзимиз бор… – $25 миллион долларлик янги масжид ғазабларни тоширмоқда

Сурат манбаси, ALAMY/REUTERS
- Author, Иможен Жеймс
- Role, BBC News
Одамлар норози...
Президентга писанд эмасми?
Алоқадор мавзулар:
Оламшумул режалар
Мисрнинг янги маъмурий пойтахтида рекордларни урган янги масжид очилди.
Аммо халқи унга кетган харажатдан ғазабда.
Миср ҳукумати тирбанд пойтахт Қоҳирани енгиллатмоқчи.
Худди шу мақсадда саҳрода янги шаҳар барпо этиш ҳаракатида.
Аммо у ерда очилган ҳашаматли янги масжид ва Исломий Маданият маркази танқидлар тиғига учради, ижтимоий тармоқларни қизитди.
Миср аҳолиси ҳозир қимматчиликка юз тутиб турибди, нарх-наволар осмонга сапчиган, ўтган ой мамлакатда инфляция даражаси 30 фоиздан ҳам ошиб кетган.
Мисрнинг янги пойтахти Қоҳирадан 45 км шарқда қад ростлаётир.
Рекордларни урган масжид

Сурат манбаси, .
Янги Исломий Маданият маркази улкан Жомеъ масжидини ҳам ўз ичига олади.
Масжид 19000 квадрат метр майдонни эгаллайди, 107000 намозхонга мўлжалланган.
У Африкадаги иккинчи йирик масжидга айланган, қурилиш харажатлари эса, $25.9 миллион долларга тушган.
Давлат оммавий ахборот воситаларининг мадҳ этишича, янги Жомеъ масжиди учта жаҳон рекордини урган.
Минбарининг қанчалик баландлиги (16.6 метр) ва энг яхши ёғочлардан қўлда ишлангани билан дунёдаги қолган ҳар қандай масжидни ортда қолдирган.
Қолган икки рекордни эса, янги Жомеъ масжидининг қандили янгилаган.
Тўрт қаватли қандилнинг оғирлиги 24.300 кг бўлса, диаметри 22 метрга етади.
Мисрнинг "улуғворлиги"ни намойиш этиши айтилаётган бу масжиднинг очилиш маросимида Миср президентининг ўзи шахсан иштирок этган.
Акс-садолар

Сурат манбаси, Reuters
Аммо бу янгилик ижтимоий тармоқларда қаттиқ танқидлар билан қарши олинган.
Миср жорий пайтда чуқур иқтисодий инқирозга юз тутиб турибди.
Ўтган бир йил ичида миллий пул бирлиги долларга нисбатан ўз қийматининг ярмини йўқотган, бунинг натижасида мамлакатда инфляция ўтган беш йил ичида кузатилмаган бир даражага етган.
Миср кучайиб бораётган бюджет тақчиллигини тўлдириш учун давлат активларини Форс кўрфазилик инвесторларга сотишгача борган.
Аксарият ўзининг қаҳру-ғазабини Twitter ва Facebook да тўкиб солган.
Улар миллионлаб мисрлик кундалик тирикчилигини зўрға ўтказаётган бир пайтда диний масканлар учун бунча катта пул сарфланганини танқидларга тутишган.
"Ортиқча сарф-харажат ақлсизлик ва исрофгарчилик. Энг баланд минбар, энг оғир қандил ва ейишга ҳеч вақоси йўқ одамлар. Агар муаммони ҳал қилишга ёрдам берса, бу минбар, қандилга қўшиб, масжидни ҳам сотинг", - деб ёзган мисрлик Facebook фойдаланувчиларидан бири.
Бошқа бир фойдаланувчи эса, янги масжиднинг қанчалик фойдалилигини савол остига олган.
"Масжид йил давомида ёпиқ туради, ҳар уч ойда бир очилганида ҳам ундан юзтача одам фойдаланади ва яна қайтиб ёпилади", - дея фикр қолдирган.
Улкан лойиҳаларга сарфланаётган жарақ-жарақ пуллардан хавотирда бўлган яна бири эса, "яхши, аммо ейишга овқат тополмаётганлар ёки уйланишга қурби етмаётган ёш йигитлар нима бўлади? Бунинг аҳамияти йўқ, шундайми? Бизнинг энг катта масжидимиз, энг оғир қандилимиз ва Қиёматгача тўлайдиган ташқи қарзимиз бор", - дея киноя қилган.
2013 йилги ҳарбий тўнтариш ортидан қудратга келган президенти Сиси ўзидан ташқари Бош вазири ҳам ҳозир бўлган очилиш маросими иштирокчилари, қурувчилар ва қўшиқчиларга шахсан миннатдорчилик билдирган.
Миср президентининг матбуот котиби эса, ижтимоий тармоқларга унинг тадбирдан завқланаётгани акс этган суратларни жойлаштирган, маҳаллий оммавий ахборот воситалари бу "янги республика" даврини бошлаб беришини айтиб, хабар беришган.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













