Янгиликлар: Мисрликларни рамазонда товуқ панжаларини ейишга нима мажбур қиляпти?

- Author, Йоланда Нелл
- Role, BBC News
"Эй худойим, кунимиз товуқ панжасига қолишидан ўзинг асра", дейди Гиза бозоридаги парранда сотувчилар растаси олдида тиланиб ўтирган бир эркак.
Мисрда иқтисодий инқироз чуқурлашиб борар экан, вазият оғирлигидан одамлар ўз оилаларини боқишга қийналмоқда.
Озиқ овқат бўйича давлат берган охирги маслаҳатда товуқ панжаси истеъмол қилиш тавсия қилинади. Товуқнинг оқсилга бой қисми одатда ит ва мушукларга берилади дейилади унда.
Бу тавсия одамларда ғазабга сабаб бўлди ва ҳукуматга қаратилган танқид анча ўткирлашди.
Алоқадор мавзулар:
Кўплаб давлатлар кўкка сапчиётган инфляцияга қарши курашишга мажбур. Атиги март ойининг ўзида 30 фоизлик инфляция қайд этилган Мисрда аҳвол анча оғир.
Ёғ ва пишлоқ каби кундалик асосий озиқ овқат маҳсулотлари кўплаб одамлар учун қўл етмас ҳашамга айланиб қоляпти. Айрим маҳсулотлар нархи бир ойдаёқ икки уч баробарга кўтарилган.
"Бир ойда бир марта гўшт ейман ёки уни умуман сотиб ололмайман. Товуқни бир ҳафтада битта оламан", дейди ёши олтмишларга борган, уч фарзанднинг онаси Ведод, бозор расталари аро юриб бораркан. Ҳозир битта тухум 5 жунайҳ [$0.16]."

Мисрнинг бундай аҳволга тушиб қолгани сабабларидан бири мамлакатнинг 100 миллиондан ортиқ аҳолини маҳаллий етиштирилган эмас, балки импорт озиқ овқат маҳсулотлари билан боқишга мажбурлигидир.
Ҳатто товуқларга бериладиган дон ҳам импорт қилинади.
Ўтган йили Миср валютасининг долларга нисбатан қиймати ярмига камайди. Январ ойида ҳукуматнинг мамлакат валютасини девалвация қилиши натижасида буғдой каби импорт маҳсулотлари нархи кескин ошиб кетди.

Бир йил олдин Ведод 5000 жунайҳ пенсиясига бемалол яшар эди. У ўзини бемалол ўрта қатлам вакили ҳисоблаши мумкин эди. Ҳозир эса у бошқа мисрликлар каби зўрға кун ўтказишга мажбур.
Бугун у товуқ сотиб олишга етарлича пул топди.
"Бир сотувчи менга бир килограмм товуқ филеси 160 жунайҳ эканлигини айтди. Бошқалар 175, 190 ва ҳатто 200 дейишади», дейди Ведод харид қилиш пайтида.
"Товуқ оёқлари 90 жунайҳ туради, лекин ҳозир ҳатто товуқ суяклари ҳам сотилмоқда - оёқлари 20 жунайҳ туради", деб қўшимча қилади у истеҳзоли кулиб.
Президент Абдул Фаттоҳ ас-Сисий кўпинча ҳозирги иқтисодий инқирозга 2011 йилги Миср қўзғолони ортидан юзага келган тартибсизликлар ва аҳолининг тез ўсиши сабаб бўлганини таъкидлайди. У, шунингдек, пандемия ва ундан кейинги Украинадаги урушга ҳам ишора қилади.
Ўтган йил март ойида Россиянинг Украинага бостириб кириши иқтисодиётга жиддий зарба берди. Миср дунёдаги иккинчи йирик буғдой импортчиси бўлиб, бу икки давлат - Украина ва Россия унинг асосий етказиб берувчиси эди. Уруш сабабли буғдой келиши тўхтаб қолганда, нон нархи кескин кўтарилди.
Илгари Россия ва украиналик дам олувчилар Мисрга гуруҳ гуруҳ бўлиб келишарди, ҳозир туризм сектори ҳам зарар кўрмоқда.
Ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) қарийб 5 фоизини ташкил этган туризм пандемия сабабли шундоқ ҳам катта зарбага учраган эди.

Таҳлилчилар ҳукуматнинг нотўғри қадамлари вазиятни янада оғирлаштирганини тахмин қилмоқда.
Яқин Шарқ сиёсати бўйича Таҳрир институти сиёсий иқтисодчиси Тимоти Калдасга кўра, президент Сисий даврида президент, ҳарбий, хавфсизлик ва разведка идораларининг кучи ва таъсири ошган.
Жаноб Калдаснинг айтишича, бу йирик инфратузилма лойиҳалари учун ҳукумат шартномаларини қўлга киритган режимга қарашли корхоналарнинг кенгайиши натижасида юзага келган.
Натижада хусусий секторнинг иштироки кескин камайди, чунки режимдан ташқари компаниялар рақобатлаша олмай қолди. Кўплаб хорижий инвесторлар Мисрни тарк этди.
Мисрдаги инқироз уни сўнгги олти йил ичида тўрт марта Халқаро Валюта Жамғармасига (ХВЖ) ёрдам сўраб мурожаат қилишга мажбур қилди. Ҳукумат даромадининг қарийб ярми ялпи ички маҳсулотнинг 90 фоизини ташкил этувчи ушбу қарзларни тўлашга йўналтирилади.

Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони каби Форс кўрфази давлатлари давлат активларини сотиб олди ва Мисрнинг оёқда туришига ёрдам берди, аммо кейинги сармоя учун ўз шартларини ҳам қаттиқлаштиришди.
Ғарб ва қўшни Форс кўрфази давлатлари, Яқин Шарқдаги энг кўп аҳолига эга мамлакат қулаши оқибатларидан қўрқишади.
Ўтган иқтисодий қийинчиликлар тартибсизликларга туртки берди ва бу ўз навбатида собиқ президентлар Ҳусни Муборак ва Муҳаммад Мурсийнинг қулашига ҳисса қўшди. Иқтисодий аҳволдан норозилик кучайиши яна нотинчликни келтириб чиқариши аломатлари аллақачон кўринмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода мисрлик уй бекаси президент Сисига: "Биз аёллар, сиз учун овоз берганимиз ўша қора кундан қанчалик афсусда эканимизни сўзда ифодалай олмайман. Сиз бизнинг ҳаётимизни дўзахга айлантирдингиз."
У ҳамёнидаги пулларни санаб, болаларимни қандай боқаман деб сўрайди.

Бу орада Ведод ўз квартирасида неваралари учун анъанавий таом бўлмиш - фасулия хадра қилиш учун яшил ловияни тозалаб, помидорларни тўғрамоқда.
Унинг ўй хаёли Рамазон ойини қандай ўтказишда. Бу ойда тонгдан шомгача рўза тутилади, лекин баъзида дабдабали зиёфатлар ҳам бўлади.
"Бу йил нима қиламан?" - сўрайди Ведод бош чайқаб. У ҳатто товуқ гўшти ҳам тез орада дастурхондан йўқолишидан хавотирда.
«Ясмиқ шўрвага зўрға пулим етади».
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













